Маккада нозил бўлган. 8 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг биринчи оятдаги «такасур» сўзидан олинган. «Такасур» сўзи молу дунё, мансаб-мартаба ва бола-чақанинг кўплиги билан фархланиш деганидир. Ушбу сурада кишилар дунёнинг ўткинчи матоҳини кўпайтиришга ўзларини уришлари, ана шу иш билан машғул бўлишни жонлари чиққунча давом эттиришлари ҳақида кетади.
«Такасур» сураси одамларни мазкур ишни қилмасликка зажр ила ундайди.
Ва ниҳоят охиратда кўриладиган даҳшатларни эслатиш ила сурага хотима ясалади.
Бу сураи карима туғёнга кетган моддапарастлик муаммосини муолажа қилади. Ҳозирги ҳаёт инсонга турли сарфларни талаб қиладиган маданиятни тақдим этди. Ҳойи ҳавасга эришаман деб инсон бу нарсаларнинг қули бўлиб қолади. Шу сабабдан ҳаёт роҳат ўрнига чарчашга айланди. Инсон иложи борича кўпроқ бойлик тўплайдиган ва бу йўлда ҳар қандай пасткашликлардан қайтмайдиган бўлиб қолди. Ҳавойи нафс йўлида юриш, мол-дунёга ўчлик инсонни инсоний фазилатларидан жудо қилди, инсонийлигини унуттирди ва ниҳоят яратган Холиқини ҳам эсдан чиқарди. Оқибатда инсон Аллоҳга эмас, молу дунёга сажда қиладиган бўлиб қолди.
Такасур сураси бунинг оқибати нима бўлишини баён қилади.
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
1. Кимники кўп сизни машғул қилди.
Эй одамлар, кўп молу дунё тўплашга, мансаб кетидан қувишга, бола-чақа, ёру-дўст кўпайтиришга тинмай уриниш сизни Аллоҳнинг итоат ва ибодатидан машғул қилди. Бошқалардан кўра молу-дунём кўп бўлсин, деб тинмай уриндингиз, Аллоҳнинг тоатидан машғул бўлдингиз. Бошқалардан каттароқ мансабга эришай, деб тинмай уриндингиз, Аллоҳнинг тоатидан машғул бўлдингиз. Бошқалардан кўра кўпроқ бола-чақа, ёру-дўстим бўлсин, деб тинмай уриндингиз, Аллоҳнинг тоатидан машғул бўлдингиз.
2. То қабрларни зиёрат қилгунингизча.
Яъни, ўлиб қабрга киргунингизча кимўзарга бойлик тўплаш билан овора бўлиб, Аллоҳнинг тоат-ибодатини эсдан чиқардингиз.
3. Йўқ! Сизлар тезда биласиз.
Яъни, Йўқ! Бу қилмишингиз нотўғри! Молу-дунё кўпайтиришга берилиб, Аллоҳнинг тоати ибодатидан машғул бўлманг! Мансаб орқасидан югуриб, Аллоҳнинг тоат-ибодатидан машғул бўлманг! Бола-чақа, ёру-дўстим деб, Аллоҳнинг тоат ибодатидан машғул бўлманг!
Тезда биласизлар ҳали, бунинг оқибатини.
4. Яна йўқ! Сизлар тезда биласиз.
Ҳа, тезда–ўлишингиз билан, молу-дунё кўпайтиришга, мансабга ўч бўлишга ва бола-чақа, ёру дўстга ружуъ қўйишга берилиб, Аллоҳнинг тоат ибодатидан машғул бўлишнинг оқибатини кўрасизлар. Шунинг учун ҳам вақти борида бу машғулликни йиғиштириб Аллоҳга қайтинг.
5. Йўқ! Агар Сиз аниқ илм ила билсанингиз эди.
Йўқ! Сиз бу қилмишингиздан қайтинг! Ҳаёти дунё матоҳи учун кимўзарга берилиб Аллоҳнинг ибодатидан қолишни йиғиштиринг! Агар сизлар бунинг оқибати нима бўлишини очиқ-ойдин билганингизда эди, бу ишни қилмас эдингиз. Молу-дунё кўпайтиришга машғул бўлиб Аллоҳнинг ибодатини унутмас эдингиз. Мансаб кетидан қувишга машғул бўлиб, ўлгунингизча уриниб, Аллоҳнинг ибодатини унутмас эдингиз. Бола-чақа, ёру дўст билан машғул бўлиб, Аллоҳни эсдан чиқармас эдингиз.
Афсуски, молу дунё, мансаб, бола-чақа ёру дўст масаласида кимўзар ила ўлиб, қабрни зиёрат қилгунингизгача машғул бўлдингиз. Энди...
6. Албатта, жаҳаннамни кўрасиз.
Яъни, кўрмай қолмайсиз. Чунки, бу дунёда молу дунё кўпайтириш ила овора бўлиб, мансаб кетидан қувиш билан овора бўлиб, Аллоҳнинг ибодатини унутганларнинг жойи албатта жаҳаннам бўлиши аниқ. Ҳа, эй ғофил бандалар! Сизлар албатта жаҳаннамни кўрсизлар!
7. Ва яна, албатта, уни ишонч кўзи билан кўрасиз.
Ҳа, ишонаверинг, жаҳаннамни ўз кўзингиз билан кўрасиз. Бу аниқ!
8. Сўнгра ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласиз.
Яъни, қиёматда ҳар бир неъматни нимага, қандоқ сарф қилганингиз ҳақида сўралади. Ҳа, каттаю кичик ҳар бир неъмат ҳақида сўраласиз. Ҳар бир неъматга шукр қилдингизми, йўқми-сўраласиз. Аллоҳ таоло сизга берган молу дунё неъматини нимага сарфладингиз, ҳалолгами ҳаромга, Аллоҳни рози қиладиган йўлгами, ғазабини қўзғатадиган йўлгами ҳамма-ҳаммаси ҳақида сўраласиз.
Мансабдан қандай фойдаланганингиз ҳақида ҳам албатта сўраласиз. Мансабингиздан тўғри, Исломий йўлда истифода қилдингизми ёки нотўғри, ёмонлик ишлар йўлида истифода қилдингизми-сўраласиз! Шунингдек, бола-чақа, ёру дўст ҳақида ҳам сўраласиз!
Ушбу ҳис-қиёмат куни каттами-кичикми ҳар бир неъмат ҳақида сўроқ-савол бўлиши муқаррарлиги ҳисси-ҳар бир мусулмонни доимий равишда қамраб турмоғи лозим. Ана шундагина жамият аъзоларидаги масъулият ҳисси ортади, ҳушёрлик зиёда бўлади ва улкан натижалар ҳосил бўлади. Худди шу ҳис мусулмонларнинг биринчи авлодида олий даражада бўлган, шунинг учун ҳам улар улкан ютуқларга эришганлар.
Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Шиххийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсам, «Алҳакумуттакасуру»ини қироат қилаётган эканлар. Сўнгра У зот: «Одам боласи, молим, молим дейди. Сенинг еб тугатганингдан, кийиб чиритганингдан ва садақа қилиб ўтказганингдан ўзга молинг бормиди?!-дедилар»,-дейилган. Яъни, мазкурлардан бошқа молу-дунё бевафо нарсадир.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кун ёки кечаси ташқарига чиқиб Абу Бакр ва Умарга дуч келдилар. Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икковингизни бу соатда уйингиздан нима чиқарди?», -дедилар. Икковлари:
«Очлик, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. У зот:
«Мени ҳам, жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, икковингизни чиқарган нарса чиқарди, туринглар!» дедилар. У зот билан бирга туриб ансорийлардан бирининг ҳузурига боришди. У киши уйида йўқ экан. Аёли у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан:
«Хуш келибсиз!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлдан:
«Фалончи қаерда?» деб сўрадилар. Аёл:
«Сув олиб келгани кетди» деди. Тезда ансорий саҳоба ҳам етиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг икки саҳобаларига назари тушиши билан:
«Алҳумду лиллоҳ! Бугун менчалик ҳурматли меҳмонлари бор ҳеч ким йўқ!» деди. Бориб бир тизим хурмо келтириб, енглар деди ва қўлига пичоқни олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Зинҳор ва зинҳор соғин ҳайвонга тегма!» дедилар. Ансорий саҳоба уларга бир қўй сўйди. Улар қўйдан ва ҳалиги хурмодан тановул қилишди, ичишди. Тўйиб, сероб бўлганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр билан Умарга:
«Менинг жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, қиёмат куни албатта ушбу неъматдан сўраласизлар. Сизни уйингиздан очлик чиқарди. Энди эса, сизга ушбу неъмат етганидан кейин қайтасизлар» дедилар.
Ҳа, «Такасур» сураси ўзи қисқа, оятлари оз бўлса ҳам ана шундоқ улкан маъноларни ўз ичига олгандир. Унинг маъносини тушуниб, тадаббур ила тез-тез ўқиб туриш кишининг кўзини очиб, эсини жойига келтириб, масъулиятини ҳис эттириб туради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу қисқа сурани ўқиган одамга минг оят ўқиганнинг савобини ваъда қилганлар.
Имом Байҳақий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтиладики: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан кимингиз ҳар куни минг оят ўқий олади?» деб сўрадилар. Саҳобалар томонидан:
«Ким ҳам ҳар куни минг оят ўқий оларди» дейилди. Шунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз ҳам «Алҳакумут такасуру»ни ўқишга қодир эмасмисиз?» деган эканлар.
Демак, шундан маълум бўладики, бу сураи карима минг оятга баробар экан.