loader

001. Фотиҳа сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 7.
Тартиб рақами: 1.
Сура маъноси: очувчи.
Суранинг бошқа номлари: Фотиҳатул Китоб, Уммул Қуръон, Суратул ҳамд, Сабъул масоний, ал-Қуръонул ъазийм, Шифо, Руқя, Суратус солат, Асос, Вофия, Кофия, Воқия, Канз.
Сура фазилати: Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ Тавротда ҳам, Инжилда ҳам Уммул Қуръон (Фотиҳа сураси) каби сурани нозил қилмаган. У етти такрорланувчи (оятлардан иборат)дир. (Аллоҳ:) “У Мен ва бандам ўртасида иккига тақсимланган. Бандам учун сўрагани (бўлади)” (деб айтади)”, деганлар” (Термизий, Насоий, Аҳмад, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1. Раҳмон (Меҳрибон) ва Раҳийм (ўта марҳаматли Зот бўлмиш) Аллоҳ исми билан (бошлайман).
Яъни, Ўз зоти ва сифатида Ягона, ибодат қилиш учун энг муносиб Зот – Аллоҳ номи билан бошлайман. У ўта Меҳрибон ва ўта Раҳмлидир.
Аллоҳ таоло Каломидаги илк сурани “бисмиллоҳ” калимаси билан бошлаши беҳикмат эмас. Зеро, мўмин банда Аллоҳни доимо ёдида сақлаши, ҳар бир ҳалол ёки мубоҳ ишни (хусусан, емоқ-ичмоқ, кийиниш, масжидга кириш, у ердан чиқиш, уловга миниш, касб-кор қилиш ва ҳ.к) У Зотнинг исми билан бошлаши лозим.
 
2-4. Ҳамд оламлар Парвардигори, Раҳмон ва Раҳийм, ҳисоб кунининг Подшоҳи Аллоҳ учун (хос)дир!
Таржима чиройли чиқиши ва асл маъносига яқин бўлиши учун биз бу ерда учта оятни жамлаб таржима қилдик.
“Ҳамд оламлар Парвардигори... Аллоҳ учун (хос)дир!”
Дунё ва охиратдаги ҳамду сано ва мақтовларнинг ҳаммаси Аллоҳга хос. У Зот барча айбу нуқсон ва камчиликдан холи. Аллоҳ бутун оламлар Яратувчиси, уларни Тарбияткунандасидир. Хоҳ жонли, хоҳ жонсиз, хоҳ ақлли, хоҳ ақлсиз бўлсин, Аллоҳдан ўзга бирон махлуқот ҳамд айтилишга муносиб эмас.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар Аллоҳ бир бандасига неъмат берганида, у: “Алҳамду лиллаҳ”, деса, айтган нарсаси олганидан афзалроқ бўлади”, деганлар” (Ибн Можа ва  Байҳақий ҳасан санад билан ривоят қилган).
“Раҳмон ва Раҳийм...”
Аллоҳ таолонинг “Раҳмон” сифати У Зотнинг барча махлуқотларига, хусусан мўминга ҳам, кофирга ҳам ризқ берувчи, улардан яхшиликларини аямайдиган, ўта карамли Зот эканини англатади. “Раҳмон” сифати фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хос. Ундан ўзгаси бу сифат билан аталиши мумкин эмас.
“Раҳим” сифати “Раҳмон”дан хосроқ бўлиб, “охиратда фақат мўминларга шафқат қилувчи” маъносини билдиради. Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 43-оятида: “У мўминларга Раҳимлидир”, деган.
“Ҳисоб кунининг Подшоҳи...”
Аллоҳ қиёмат кунининг мутлоқ Подшоҳидир. У Кунда бандалар ҳисоб қилиниб, яхши амаллари учун мукофот, ёмон амаллари учун жазо оладилар. Охиратда Аллоҳдан ўзга подшоҳ ва ҳукм қилувчи бўлмайди. Қиёматда У Зотнинг ҳукмигина устун бўлади, Унинг ҳукмига қарши чиқадиган ёки ҳукмини бекор қилувчи бўлмайди.
Юқоридаги оятларда Аллоҳ таолога муносиб тарзда ҳамду сано ва мақтовлар айтилгач, энди мўминлар тилидан шундай ваъда берилади:

5. Биз Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз!
Аллоҳ таоло бандалар ўзларининг ожиз эканларини бир зум ҳам унутмасликлари учун намозга турганларида уларга ушбу оятларни такрор-такрор ўқишни амр қилган. Бандалар ожизликларини эътироф этиб, Аллоҳга хушуъ билан ибодат қилсалар, Аллоҳ уларнинг илтижо ва ибодатларини қабул қилади.
Оятнинг маъноси қуйидагича: эй Раббимиз, Сен бутун оламлар Парвардигори, ўта Меҳрибон ва Раҳмли, ҳисоб кунининг мутлоқ Подшоҳи экансан, бас, биз фақат Сенгагина ибодат қиламиз, Сендангина яхшилик ва мадад сўраймиз. Биз Сенинг раҳматингдан умидвормиз. Ҳожатларимизни ёлғиз Сенгагина ошкор қиламиз, ибодатларимизни ихлос билан тўлиқ адо этишда мададингга муҳтожмиз!
Фақат Аллоҳгагина ибодат қилиш ва Ундан мадад сўрашга ваъда қилингач, энди дуо қилишга ўтилади:

6-7. Бизларни Тўғри Йўлга – ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас, балки Ўзинг инъом этган зотларнинг йўлига ҳидоят қилгин!
Ушбу ва аввалги оятларда кўпликда келган “ибодат қиламиз”, “ёрдам сўраймиз”, “бизларни ҳидоятга бошлагин” каби жумлалар Исломда жамоатнинг аҳамияти катта экани, мўмин банда бошқа биродарлари ҳаққига ҳам дуо қилиши лозимлигига далолат қилади.
Яъни: эй Раббимиз, бизларни Ҳақ Йўлга, яхшилик ва саодат йўлига, Сенинг розилигинг – жаннатга олиб борувчи йўлга бошла, бизларга тавфиқ бер. Ўзинг бизларни ҳидоятда бардавом қил, имонларимизни зиёда қил!
“Ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас, балки Ўзинг инъом этган зотларнинг йўлига...”
Адий ибн Ҳотим розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ғазабга учраганлар” яҳудийлар, “адашганлар” насронийлардир” дедилар” (Термизий, Аҳмад, Ибн Жарир ва Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).
Яъни, бу йўл Сенинг ҳидоятинг ва розилигингга эришган, кўп неъматларингга сазовор бўлган зотлар – пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар, солиҳлар, Аллоҳнинг имон неъмати ва маърифатига эришганлар йўлидир. Бизларни мана шу йўлга бошла. Нонкўрлик қилиб ғазабингга гирифтор бўлган яҳудийлар ва тўғри йўлдан адашган насронийлар йўлидан бизларни асра!

Олдинга