Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 42.
Тартиб рақами: 80.
Сура маъноси: юзини буриштирди.
Сабаби нузул: Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш бошлиқларидан бирини даъват қилаётган эдилар. Унинг Исломга киришидан умидлари бор эди. Шу орада кўзи ожиз Абдуллоҳ ибн Умму Мактум исмли киши келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга тинмай савол бера бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиги киши билан бўлаётган суҳбат узилиб қолмаслиги учун кўзи ожиз киши савол беришни бас қилса яхши бўларди, деб ўйладилар ва Ибн Умму Мактумга хўмрайиб, муборак юзларини буриштирдилар. Шунда Аллоҳ таоло севимки пайғамбарига танбеҳ бериб, қуйида келадиган оятларни нозил қилди. Бу ҳақида саҳиҳ ривоятлар кўп. Биз уни қисқа суратда баён қилдик.
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
1-2. Олдига кўзи ожиз (киши) келганида афтини буриштирди ва юз ўгирди.
Кўзи ожиз Абдуллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига дин ҳақида саволи билан келганди. У бехосдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини бўлиб қўйди. Аммо унинг кўзи кўр. Эй Муҳаммад, шу сабаб унга мулойим ва бағрикенглик билан муомала қилиш лозим.
3. Сиз қаердан биласиз, балки у покланар.
Эй Муҳаммад, Сиз қаердан биласиз, у Сиздан эшитган насиҳатлар сабаб бўлиб, солиҳ амаллар қилар, гуноҳ-маъсият ва жаҳолатдан покланар. Сиз унинг ҳолини билмайсиз.
4. Ёки эслатма олар ва (бу) эслатма унга манфаат берар.
Ёки сўзларингиздан ўзи учун эслатма, панд-насиҳат олар ва бу унга фойда берар.
5-6. Аммо (бойлиги билан) ўзини беҳожат санаган кимсага Сиз эътибор бермоқдасиз.
Бироқ, бойлик соҳиби бўлиб, имон ва илмдан юз ўгирган кимсага Сиз кўпроқ эътибор қаратмоқдасиз. Шояд ҳидоят топса, деб унга даъват қиляпсиз.
Ҳакам ривоят қилади: “Мана шу оятлар нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бой кишига алоҳида эътибор бериб, камбағалдан юз ўгирганларини ҳеч ким кўрмаган” (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
7. Ваҳоланки, унинг покланмаслиги Сизга зарар келтирмайди.
У кимса залолатда қолиб кетса, ширк ва жаҳолатдан покланмаса, Сизга зарари йўқ. Зеро, Сиз фақат етказувчисиз, холос.
8-9-10. Аммо олдингизга шошиб келиб, Аллоҳдан қўрққан кишига Сиз бепарво бўлмоқдасиз!
Парвардигоридан қўрқиб, илм талабида олдингизга келган кишининг саволига жавоб беришдан юз ўгирмоқдасиз, унга беэътибор бўлмоқдасиз!
11. Йўқ! У эслатмадир.
Эй Пайғамбар, Сиз қилган иш тўғри эмас. Бундан сўнг илм талабидан бўлганлардан юз ўгирманг, панд-насиҳат кор қилмайдиган кимсаларга мулозамат қилманг. Зеро, бу оятлар мавъиза ва насиҳатдир.
12. Ким хоҳласа, уни эслайди.
Кимнинг рағбати бўлса, ундан эслатма олади ва амал қилади.
13-14. (Бу эслатма) мукаррам, (қадри) баланд ва покиза саҳифалардадир.
Бу эслатма Аллоҳ даргоҳида қадрли ва ҳурматли, камчилик ва нуқсонлардан холи бўлган покиза саҳифалардадир.
15-16. (У саҳифалар) ҳурматли ва итоатли элчилар қўлларидадир.
Аллоҳ ҳузурида обрўъ-эътиборли ва У Зотга итоат этувчи фаришталар ушбу саҳифаларни олиб тушадилар.
17. Инсон ҳалок бўлсин (ёки лаънатсин)! Унинг куфри қандоқ ҳам қаттиқ (бўлмаса)?!
Аллоҳ таоло ушбу оятда қиёмат куни қайта тирилишни инкор қилиб, неъматларига нонкўрлик қиладиган кофир кимсаларни маломат қилмоқда.
18. (Аллоҳ) уни нимадан яратган эди?
Инсон Парвардигори уни нимадан яратганини биладими?!
19. Уни нутфадан яратди ва белгилаб қўйди.
Аллоҳ таоло бандасини нутфадан – отилиб чиқувчи сувдан яратганки, бандага кибр ва манманлик қилиш, Эгасига кофир бўлиш жоиз эмас. Аллоҳ инсонни мукаммал яратди, ўзига фойдали бўлган нарсаларга нисбатан рағбат ва интилиш хусусиятини берди.
20. Сўнг унга йўлни осон қилди.
Аллоҳ инсонни мукаммал яратиб. Уни яхшилик ва ёмонлик, саодат ва бахтсизлик йўлига илҳом қилди. Инсонга бу икки йўлдан бирини танлаш имконини берди.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ушбу оятни “она қорнидан чиқишини осон қилди”, деб тафсир қилган (Ибн Жарир ривояти).
Оятда иккала маъно ирода қилинган бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам!
21. Сўнг уни ўлдирди ва қабрга киргизди.
Аллоҳ ажали етган бандалари жонини олади ва уларнинг ҳурматидан инсонларга ўликларни қабрга қўйишни илҳом қилади. Чунки инсоннинг асли мукаррам. Аллоҳ шу мукаррам бандаси ўлгандан сўнг ер юзида қолиб, қуш ва ваҳший ҳайвонларга ем бўлишини хоҳламайди, балки уларни ер остига қўйдиради.
22. Кейин қачон хоҳласа, уни қайта тирилтиради.
Аллоҳ хоҳлаган вақтида бандаларини қайта тирилтиради ва ҳисоб қилади.
23. Йўқ! У (Парвардигори) амр қилган (амаллар)ни бажармади!
Инсоннинг табиати қизиқ. Унинг ўзи, ҳар бир тана аъзоси Аллоҳнинг қудратига далолат қилиб турса ҳам, банда тўғри йўлга юрмайди, тафаккур қилиб неъматлар қадрига етмайди, Аллоҳ буюрган амалларни бажармайди. Фақат жуда оз бандаларгина бажарадиган У Зотнинг амрини.
24. Инсон таомига назар солсин!
Энди инсон тирик туришига асосий омиллардан бўлган, ҳар куни истеъмол қиладиган таомига ибрат назари билан қарасин! Уни ким яратди, таом ва ичимликка тўйимлилик хусусиятини ким берди, шу ҳақида ўйлаб кўрсин!
25. Биз (осмондан) кўп миқдорда сув ёғдирдик.
Бандалар ризқига бош омил бўлган сув Аллоҳ томонидан осмондан ёғдирилади.
26. Сўнгра ерни ёрдик.
“Ўлик” ерга сув тушганидан сўнг яна бир мўъжиза юз беради – турли ўсимликлар униб чиқади. Буларни ким ундиришини эсдан чиқармаслигимиз лозим.
27-31. (Шундан сўнг) унда донни, узум ва кўкатни, зайтун ва хурмони, қалин боғларни, мева ва гиёҳларни ундириб чиқардик.
Ҳа, инсонга таом бўладиган ердан чиқувчи дон, кўкат, зайтун, хурмо ва турли меваларни Аллоҳ яратади. “Буларни табиат яратади”, “бу табиат инъомлари”, деб ўзимизни алдаш ва ўзгаларни чалғитиш ақлли инсонга тўғри келмайди. Балки бу неъматларни берган Аллоҳга шукр қилишимиз лозим бўлади.
32. (Булар) сизлар ва чорваларингизга манфаат бўлиши учун (ато қилинди).
Юқорида санаб ўтилган неъматлар инсон ва унинг чорвалари учун озуқа қилиб берилди. Чорвалар эса инсон манфаати учун хизмат қилади. Демак, барча неъматлар инсон учун яратилган. Ундан талаб қилинадиган ягона нарса, бу Аллоҳга ибодат қилиш, холос.
33. Бас, қачон кар қилувчи келса...
Инсон ҳаёти фақат онадан туғилиш, неъматлардан баҳраманд бўлиш ва ўлиб, тупроқ остига кўмилишдангина иборат эмас. Ҳали қиёмат бор, ҳисоб қилиниш бор. Бандалар кўпроқ мана шу жиҳатни эътибордан четда қолдирмасликлари керак.
Яъни: вақти соати етиб, қулоқларни кар қилувчи кучли овоз эшитилганида, яъни қиёмат қоим бўлганида...
34-36. Ўша кунда киши ўз оға-инисидан, она ва отасидан, хотини ва ўғилларидан қочади.
Қиёматнинг даҳшати ва ташвишлари кўплигидан ўша куни киши дунёдалик чоғида қалин муносабат билан борди-келди қилиб юрган яқин дўсту биродари, меҳрибон ота-онаси, суюкли ёри ва жигаргўшаси бўлмиш фарзандларидан ҳам юз ўгириб қочади. Ваҳоланки, улар дунёда унга энг яқин эдилар, бошига бир юмуш тушганда биргалашиб, кўмак бериб юрардилар.
37. (Сабаби) ўша кунда ҳар бир кишининг етарли иши (ташвиши) бўлади.
Киши яқинларидан қочишига сабаб ҳам шу. У куни ҳамма ўзи билан овора бўлиб, бошқалар ҳақида қайғуришга, бировнинг муаммосини ҳал қилишга имкон топа олмайди, ўзининг ташвиши ўзига етиб ортади.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар ялангоёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда ҳашр қилинасизлар”, деганларида, у зотнинг хотинлари (яъни, Оиша): “Биз бир-бирларимизнинг авратларимизга қарайверамизми?!” деб сўради. Шунда у зот: “Эй фалончи, “ўша кунда ҳар бир кишининг етарли иши (ташвиши) бўлади”, дедилар” (Бухорий, Термизий, Насоий, Ҳоким ва Байҳақий ривояти).
38-39. Ўша куни (баъзи) юзлар чароғон, кулувчи ва хурсанд бўлади.
Бандалар қиёмат куни икки тоифа бўладилар: саодат топганлар ва бахтсизлар. Тақводор мўминлар ўзларига берилган улкан мукофот ва жаннат неъматларини кўриб, хурсанд бўладилар, юзларида шодон кулгу намоён бўлади.
40. (Баъзи) юзлар эса ғубор ичида бўлади.
Иккинчи тоифанинг хафалиги уларнинг юзида акс этади. Чунки улар оқибатлари қандай бўлишини биладилар ва қаттиқ қайғурадилар.
41. Уни зулмат қоплаб олади.
Улар юзини зулмат ва маъюслик қоплаб олади.
42. Улар кофир ва фожирлардир!
Юзини зулмат қоплаб, ғам-андуҳ ичида қолган кимсалар, бу Аллоҳни тан олмаган бузғунчи кимсалардир.
Орқага Олдинга