Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 36.
Тартиб рақами: 83.
Сура маъноси: торозидан уриб қолувчилар.
Суранинг бошқа номи: Татфиф.
Сабаби нузул: Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага бориб, у ердагилар тарозидан уриб қолишига гувоҳ бўлдилар. Шундан сўнг Аллоҳ “вайлул-лил мутоффифийн” сурасини нозил қилди. Кейин улар тарозиларини тўғрилаб олдилар” (Насоий, Ибн Можа, Ибн Жарир, Табароний ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
1. Уриб қолувчиларга вайл бўлсин!
Аллоҳ таоло ушбу оятда кишилар ҳаққини уриб қолувчи, торозида ўлчашда қасддан нотўғри иш тутувчи кимсаларга дунёда ҳалокат ва охиратда азоб бўлишини маълум қилмоқда.
2. Улар одамлардан ўлчаб олсалар, кўпайтириб оладилар.
Торозидан уриб қолувчилар ўзгалардан нарса тортиб олсалар, ўз ҳақларини тўғри ёки кўпайтириб оғири билан оладилар.
3. Уларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, уриб қоладилар.
Агар ўзлари бошқаларга нарса ўлчаб ёки тортиб берсалар, одамлар ҳаққидан уриб қоладилар.
4-5. Улар улуғ кунда қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми?!
Ахир, улар шаъни улуғ қиёмат куни Аллоҳ олдида тик туриб ҳисоб беришлари ҳақида ўйламайдиларми?! Агар шу хусусда фикр қилганларида, улардан бу қинғир иш чиқмас, ўзгалар ҳаққини поймол қилмаган бўлардилар.
6. Ўша куни одамлар оламлар Парвардигори (ҳузури)да тик турадилар.
Қиёмат куни бандалар қабрларидан чиқиб, ҳисоб бериш учун оламлар Парвардигори Аллоҳ ҳузурида тик оёқда турадилар.
Каъб раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят ҳақида шундай деган: “Бандалар уч юз йил тик оёқда турадилар. Уларга ўтириш учун рухсат берилмайди. Мўмин бандага эса бу фурсат худди бир маҳал фарз намози вақти каби енгил қилинади” (Ибн Мунзир ривояти).
7. Йўқ! Албатта фожирларнинг китоби “сижжийн”дадир.
Эй торозидан уриб қолувчилар, бу ишингизни бас қилинг! Зеро, торозидан уриб қолувчи фожир кимсалар руҳи ёки саҳифалари жуда тор ва пастдаги “сижжийн”га равона бўладилар.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: “Сижжийн Ернинг энг пастидадир”, деган (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
8. (Эй Муҳаммад,) “сижжийн” нима эканини Сиз қаердан билар эдингиз?
Эй Муҳаммад, Сиз ва қавмингиз “сижжийн” нима эканини билмайсизлар.
9. У битилган китобдир.
“Сижжийн”да кофирлар руҳи ва содир этган ёмон амаллари ёзилган саҳифа сақланади.
10-11. Ёлғонга чиқарувчиларга – ҳисоб кунини ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!
Ҳисоб кунига ишонмайдиган кофир кимсаларга ҳалокат бўлсин!
12. У (ҳисоб куни)ни фақат тажовузкор ва ўта гуноҳкор кимсагина ёлғонга чиқаради.
Ҳалолдан ҳаромга, ҳақдан ботилга тажовуз қилувчи золим, нафси гуноҳ содир этишга мойил бўлган кимсагина ҳисоб кунини ёлғонга чиқаради.
Мана шу оятда қиёматга кимлар ишонмаслиги, нима сабабдан бандалар охиратга беэътибор бўлишларининг асл сабаби келтирилмоқда.
13. Қачонки унга Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, “Бу аввалгиларнинг афсонаси-ку?” дейди.
Қиёматни ёлғонга чиқарадиган тажовузкор кимсага Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинса, “Булар аввалги қавмлардан қолган афсона ва асотирлар. Муҳаммад уни ўшалардан ўрганиб олган”, деб даъво қилади.
14. Йўқ! Балки уларнинг қалбларини ўзлари содир этган қилмишлари қоплаб олган.
Йўқ! У айтаётганидек, Қуръон аввалгилардан қолган афсона эмас, балки у Аллоҳ тарафидан Расули Муҳаммадга туширилган ҳақ каломдир. Лекин бундай кимса ҳаром ишларларни кетма-кет содир этаверганидан гуноҳлари қалбини моғор каби қоплаб олган, унинг қалби ҳис қилишдан буткул тўхтаган. Мана шу сабаб у Қуръон илоҳий таълимот эканини англолмайди.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар банда гуноҳ содир этса, қалбига бир қора доғ тушади. Агар тавба қилиб, ўша гуноҳдан четланса ва истиғфор айтса, қалби жилоланади. Агар у ўша гуноҳни қайтиб қилса, у кўпайиб қалбини эгаллаб олади. Мана шу моғор босишни Аллоҳ Қуръонда зикр қилган “Йўқ! Балки уларнинг қалбларини ўзлари содир этган қилмишлари қоплаб олган”, дедилар” (Термизий, Насоий, Ибн Можа, Аҳмад, Ҳоким ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
15. Йўқ! Улар ўша кунда Парвардигориларидан аниқ тўсиладилар.
Аллоҳ таоло ушбу оятда ҳисоб кунига ишонмайдиган, Қуръонни аввалгилар афсонаси дейдиган кимсалар Аллоҳ таоло раҳматидан бенасиб қолишлари ва У Зотни кўришдан тўсилишларини маълум қилмоқда.
16. Сўнгра улар жаҳаннамга, аниқ кирадилар.
Улар Парвардигорларини кўриш бахтидан мосуво бўлганларидан кейин абадий қоладиган бўлиб жаҳаннамга улоқтириладилар.
17. Сўнгра: “Сизлар ёлғонга чиқариб келган нарса мана шу!” дейилади.
Сўнгра жаҳаннам қўриқчилари уларга: “Сизлар дунёда ёлғон, деб юрган нарса мана шу. Энди уни ўз кўзингиз билан кўринг ва азобини тотинглар!” деб хитоб қиладилар.
18. Йўқ! Шубҳасиз аброрларнинг китоби “иллиййин”дадир.
Аллоҳнинг амрига бўйин эгувчи солиҳ мўминларнинг борар жойи жаннат ва уларнинг номаъи аъмоллари “иллиййин”дадир.
Муҳаммад айтади: “Иллиййин еттинчи осмондадир” (Абд ибн Ҳумайд ривояти).
19. (Эй Муҳаммад,) “иллиййин” нима эканини Сиз қаердан билар эдингиз?
Аллоҳ таоло “иллиййин”нинг улуғлигини билдириш учун ушбу саволни бермоқда.
20. У битилган китобдир.
“Иллиййин” солиҳ бандалар амаллари ёзилган саҳифа бўлиб, у жаннатда сақланади.
21. Унга яқин (фаришта)лар гувоҳлик берадилар.
Аллоҳнинг муқарраб – яқин фаришталари аброрлар саҳифаларини кўришар ёки қиёмат куни унда нима борлиги ҳақида гувоҳлик беришар эканлар.
22. Албатта аброрлар жаннатдадирлар.
Аллоҳнинг амридан чиқмай, У Зотга итоат этган зотларнинг борар жойлари, албатта жаннат бўлади.
23. Улар сўриларда назар соладилар.
Мўминлар жаннатда сўриларда ўтирган ҳолларида Аллоҳ уларга тайёрлаб қўйган нарсаларга ёки Парвардигорларига назар соладилар.
24. Сен уларнинг юзларида неъматлар севинчини кўрасан.
Агар уларнинг юзларига қаралса, улар аҳли жаннат, аҳли саодат эканлари, роҳат-фароғатда ҳаёт кечираётганларини билиб олса бўлади. Чунки юзларида нур, чирой ва қувонч балқиб туради.
25. Улар муҳрланган шаробдан суғориладилар.
Жаннатийларга ёпиқ идишларда ичимлик тортиладилар. Уни фақат аброрлар очадилар. Улардан олдин бу ичимликка ҳеч ким тегмаган бўлади.
26. Унинг охири мушкдир. Энди мана шунда мусобақалашувчилар мусобақа қилсинлар!
Бу дунёда маст қилувчи ичимликлар солинадиган идишлар лой, ёғоч ва темирдан бўлса, охират жаннат шароби солинадиган идишлар мушку анбардан бўлар экан. Бу ўша ичимликнинг нақадар сифатли эканидан дарак беради.
Оятнинг иккинчи таъвили қуйидагича: агар ўша ичимлик ичиб бўлинса, ҳамма ёқни мушку анбар ҳиди тутиб кетади. Бу нарса жаннатийларга янада лаззат бахш этади.
Бу оятда жаннат шароби таъриф қилингач, энди унга эришиш йўлида ўзаро мусобақа қилишга тарғиб қилиниб, солиҳ амаллар орқали Аллоҳ розилигини топиш билан шу неъматларга етишишга бандалар қизиқтирилмоқда.
27. Унинг аралашмаси “тасним”дандир.
Жаннатийлар ичадиган олий навли шаробнинг аралашмаси “таснийм”дандир.
Ибн Аббос айтади: “Тасним жаннат аҳлининг энг сифатли ичимлигидир. У муқарраб бандаларга аралаштирмасдан соф ҳолича, ўнг томон соҳибларига аралаштириб берилади” (Байҳақий, Ибн Мунзир ва Абдураззоқ ривояти).
28. У муқарраблар ичадиган булоқдир.
Қиёматда бандалар уч тоифага бўлинадилар: муқарраблар (олий мартаба соҳиблари), ўнг томон соҳиблари (жаннатийлар) ва чап томон соҳиблари (дўзахийлар). Муқарраб бандалар “таснийм” деб аталувчи олий навли ичимликдан ичар эканлар. Бундан келиб чиқадики, жаннатда дунёдалик чоғида қилган амалларига қараб даража берлгиланар экан.
29. Албатта гуноҳкорлар имон келтирганлар устидан кулар эдилар.
Қурайш кофирлари ва уларнинг йўриғига юрган кимсалар бу дунёда Аллоҳга имон келтирган мўминлар устидан кулар эдилар.
30. Агар улар олдиларидан ўтиб қолсалар, кўз қис(иб истеҳзо қил)ар эдилар.
Мўминлар фақат Аллоҳга имон келтирганлари учунгина кофирлар томонидан масхара қилинардилар. Аллоҳ мукаррам қилиб яратган инсон устидан кулиш нақадар оғир гуноҳ эканини қуйидаги ҳадис мисолида кўриб ўтамиз. Ҳасан розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Бу дунёда одамлар устидан кулган кимса учун қиёмат куни жаннат эшикларидан бири очилади ва: “Бу ерга кел, бу ерга кел”, дейилади. У ғам-ташвиши билан эшик олдига етиб келганида, эшик ёпилиб қолади. Сўнгра бошқа эшик очилади ва: “Бу ерга кел, бу ерга кел”, дейилади. У ғам-ташвиши билан эшик олдига етиб келганида, у эшик ҳам ёпиб қўйилади. У шу ҳолда турганида бошқа эшик очилади ва: “Бу ерга кел, бу ерга кел”, дейилади. Аммо энди ноумид бўлганидан эшик олдига яқинлашмайди” (Аҳмад, Байҳақий ва Ибн Абу Дунё ривояти).
31. Агар оилалари олдига қайтсалар, хурсанд ҳолда қайтар эдилар.
Кофирлар оилалари ёки ҳамтовоқлари олдига борсалар, мўминлар устидан кулиб, уларни беҳурмат қилганларидан қалблари севиниб, хурсандчиликлари ичларига сиғмай қайтардилар.
32. Агар уларни кўрсалар: “Албатта манавилар йўлдан озганлардир!” дердилар.
Агар улар мўминларни учратиб қолсалар: “Булар ўз динларини ўзгартирдилар, ота-боболари сиғиниб келган илоҳлардан воз кечиб, Муҳаммадга эргашдилар ва айни пайтда дунёдаги лаззату ҳузур-ҳаловатдан воз кечмоқдалар. Булар аниқ адашганлар, улар танлаган йўқ нотўғри!” деб айтардилар.
33. Ваҳоланки улар (мўминлар) устига қўриқчи қилиб юборилмаганлар.
Аллоҳ таоло бу кимсаларни мўминлар устига назоратчи қилиб юборган эмас. Улар мўминлар қилаётган ишларни таҳлил қилишга ҳам буюрилмаганлар, балки Аллоҳга имон келтириб, солиҳ амаллар қилишга амр қилинганлар. Бас, шундай экан, улар мўминлар кетидан пойлоқчилик қилишга ҳақлари йўқ.
34. Энди бу кун имон келтирганлар кофирлар устидан куладилар.
Кофирлар дунёда мўминлар устидан кулган эдилар. Қиёмат кунида эса Аллоҳнинг марҳаматига эришган саодатманд мўминлар энди кофирлар хору зор бўлиб, азоб тортаётганларини кўриб, улар устидан куладилар.
35. Улар сўриларда назар соладилар.
Мўминлар сўриларга суяниб олган ҳолда дўзахдаги кофирлар азобланишини томоша қиладилар.
Каъб айтади: “Жаннат билан жаҳаннам ўртасида туйнук бор. Жаннат аҳлидан бўлган киши хоҳласа, жаҳаннамдаги кимсани кўра олади” (Ибн Мунзир, Абдураззоқ ва Абд ибн Ҳумайд ривояти).
36. Кофирлар қилиб юрган қилмишларининг “мукофоти”ни олдиларми?!
Ҳа, кофирлар дунёда қилган гуноҳларининг муносиб жазосини, албатта оладилар.
Орқага Олдинга