loader

087. Аъло сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 19.
Тартиб рақами: 87.
Сура маъноси: энг олий, ниҳоятда улуғ.
Сура фазилати: Али розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “саббиҳисма роббикал-аълаа” сурасини яхши кўрар эдилар” (Аҳмад, Баззор ва Ибн Мардавайҳ ривояти. Ривоят санади заиф).
Нўъмон ибн Башир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ийд ва жума (намозлари)да “Аъло” ва “Ғошия” сураларини ўқир эдилар. Агар (ийд) жума кунига тўғри келиб қолса, иккисини жамлаб ўқирдилар” (Муслим, Сунан соҳиблари ва Аҳмад ривояти).

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1. (Эй Муҳаммад,) энг улуғ Парвардигорингиз исми билан тасбеҳ айтинг!
Эй Муҳаммад, Сиз энг олий Парвардигорингиз улуғлиги, зоти, сифати ва исмларига лойиқ бўлмаган камчиликлардан пок эканини эътироф этиб, Аллоҳни зикр қилинг!
Уқба ибн Омир розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “”Қачонки “фасаббиҳ бисми роббикал ъазийм” (Воқеа, 74) ояти нозил бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга: “Уни рукуъларингизда айтинглар”, дедилар. “Саббиҳисма роббикал аълаа” ояти нозил бўлганида, у зот: “Уни саждаларингизда айтинглар”, дедилар” (Абу Довуд, Ибн Можа. Аҳмад ва Доримий ривояти. Имом Заҳабий ривоят санадини саҳиҳ, деган).

2. У яратиб, мукаммал қилди.
Аллоҳ бутун коинот ва мавжудотни мукаммал қилиб яратди. Унинг яратишида бирон камчилик йўқ. Яратганлари ичида инсонни эса энг мукаммал ва чиройли қилди, унга ақл-фаросат берди.

3. У белгилаб қўйди ва ҳидоят қилди.
Аллоҳ таоло мавжудотлар тури, сифати, ҳаракати, ризқлари ва ажалларини белгилаб қўйган. Ҳар бир нарса Аллоҳ даргоҳида ўлчовлидир. Шунингдек, Аллоҳ мавжудотларни ўзлари учун зарур ва фойдали бўлган нарсаларга илҳомлантирди, инсонларни тўғри ҳаёт кечиришга бошлади, ҳайвонларни ўтлашга, боласига ғамхўрлик қилишга илҳомлантирди.
Аллоҳ таолонинг бу илҳомлантиришини илмий тилда “туғма инстинкт” дейишади. Ана ўша нарсани махлуқотларга Аллоҳ таоло сингдирган.

4. У ўтлоқни (ундириб) чиқарди.
Аллоҳ таоло ҳайвон ва ҳашоратларга емиш бўлиши учун ям-яшил майсазор ва ўтлоқларни ундириб чиқарди.

5. Сўнг уни қорамтир хазон қилиб қўйди.
У Зот баҳор ва ёз фасалларида кўзни қувнатувчи яшил ўт-ўланларни кузда жигарранг-қорамтир тусдаги хазонга айлантиради.
        
6. (Эй Муҳаммад,) Биз Сизга Қуръонни ўқитамиз, кейин уни унутмайсиз.
Ушбу оятда Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръондан бирон нарсани унутмасликларини ваъда қилмоқда.
Яъни: Биз Сизга қироатни илҳом қиламиз ва ўқиган нарсангизни унутмайсиз.
Мазкур оят нозил қилинишидан аввал Жаброил алайҳис салом Қуръон оятларини олиб тушса, охирги оятни ўқиб бўлмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унутиб қўйишдан қўрқиб, аввалидан бошлаб такрорлар эдилар. Бу оят тушганидан сўнг у зот бошқа бундай қилмадилар.

7. Фақат Аллоҳ хоҳлаганини (унутасиз). Албатта У ошкора ва махфий нарсаларни билади.
Қачон Аллоҳ хоҳласагина, Сиз Қуръондан бирон нарсани унутасиз. Зеро, У Зот Сизнинг қалбингиз ва ақлингизга эга, сир-асрорларингиздан хабардордир. У Зот очиқ ва махфий ишларни кўради, сўзларни эшитиб туради.

8. Биз Сизни осон (йўл)га йўллаб қўямиз.
Эй Муҳаммад, Парвардигорингиз Сизни энг енгил йўлга, қалблар қабул қилиши ва ақллар фаҳмлаши осон бўлган динга, машаққатдан холи бир шариатга йўллаб қўямиз. Шунингдек, Сизга жаннатга олиб борувчи амалларни осон қиламиз. Ёд олиб, амал қилишингиз учун Сизга ваҳийни осон қиламиз.

9. Агар эслатма манфаат берса, бас эслатинг!
Бас, энди Сиз, агар эслатма фойда берса, кишиларни яхшилик йўлига чақиринг, уларга дин аҳкомларини таълим беринг.

10. Қўрқадиган (банда) эслатма олади.
Сиз айтадиган ваъз-насиҳатларан Аллоҳдан қўрқувчи бандагина эслатма олади.

11. Бадбахт кимса эса ўзини ундан четга олади.
Ҳою ҳавосига эргашган, куфр ва ширкда оёқ тираб олган бадбахт эса бу эслатмалардан ўзини олиб қочади.
Қатода раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги икки оят ҳақида шундай деган: “Аллоҳга қасамки, қайси бир банда Аллоҳдан қўрқса, У Зотни эслайди. Агар Аллоҳ зикридан “беҳожат” эканини изҳор қилиб, зикр ва унинг аҳлини ёмон кўрса, унда бахтсизлардан бирига айланади” (Ибн Жарир ривояти).

12. У катта оловга киради.
Насиҳатлардан бўйин товловчи саркаш банда жаҳаннамдаги катта оловга киради.
“Кичик олов” дунёдаги оловдир. Дунёдаги олов жаҳаннам оловининг етмишдан бирига тенг.

13. Сўнгра у ерда на ўлади ва на яшай олади.
Бундай кимса жаҳаннамда абадул-абад азобланади – на ўлиб, қутула олади ва на бахтли ҳаёт кечира олади.

14-15. Ўзини поклаган  ва Парвардигори номини зикр қилиб, намоз ўқиган банда, албатта нажот топибди!
Нафсини ширк, куфр ва маъсиятлардан сақлаб, Аллоҳга имон келтирган, У Зотни доимо зикр қилиб юрадиган ва беш вақт намозни хушуъ билан адо этадиган банданинг муваффақият қозонишига шубҳа йўқ.

16. Лекин сизлар дунё ҳаётини устун қўясизлар.
Одамларнинг аксари дунёни охиратдан устун қўяди. Лекин соғлом ақл охират дунёдан афзал эканига далолат қилади.
Абу Мусо ал-Ашъарий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким дунёсини яхши кўрса, охиратига зарар етказибди! Ким охиратини яхши кўрса, дунёсига зиён келтирибди. Бас, ўткинчи (дунё)дан боқий (охират)ни устун қўйинглар!” (Аҳмад ривояти. Имом Заҳабий ҳадис санади саҳиҳ эканини айтган).

17. Ваҳоланки охират яхшироқ ва боқийроқдир.
Ибн Касир айтади: “Аллоҳ охират диёрида берадиган савоби дунёдан яхшироқ ва боқийроқдир. Зеро, дунё ўткинчи ва паст даражада, охират эса боқий ва мартабаси улуғдир. Шундай экан, ақлли киши қандай қилиб ўткинчи нарсани абадийсидан устун қўяди, яқин орада қўлидан кетувчи нарсага қаттиқ эътибор бериб, боқийлик диёри бўлган охиратга аҳамиятсиз назар билан қарайди?!” (“Тафсийру ибни касийр”).
Молик ибн Дийнор шундай деган: “Агар дунё ўткинчи олтин, охират эса боқий сополдан иборат бўлса, боқий сополни ўткинчи олтиндан афзал билиш керак. Лекин аслида охират боқий олтин, дунё бўлса, ўткинчи сополдир” (Имом Шавконий, “Фатҳул қодийр”).

18-19. Албатта бу аввалги саҳифаларда – Иброҳим ва Мусонинг саҳифаларида ҳам бордир.
Аллоҳнинг дини битта. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга туширилган амр, қайтариқ, ваъда ва огоҳлантиришлар аввалги пайғамбарлар, хусусан Иброҳим ва Мусо алайҳис саломларнинг саҳифаларида ҳам бор эди.
Аксарият тафсир китобларида: “Қуръондан олдин нозил қилинган китоб ва саҳифаларда нафсини поклаб, намоз ўқиган банда нажот топиши, одамлар охиратдан дунёни устун қўйишлари, аслида охират яхшироқ ва давомийлиги ёзилгандир”, деб келтирилган.
Оятнинг маъноси қуйидагича: анавилар Иброҳим ва Мусога имон келтирганларини даъво қилаётган эканлар, демак улар Муҳаммадга ҳам имон келтиришлари лозим. Чунки у Иброҳим ва Мусо олиб келган нарсаларни олиб келди.

 

 

 

Орқага Олдинга