loader

092. Лайл сураси

 

 

 

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 21.
Тартиб рақами: 92.
Сура маъноси: тун, кеча.
Жобир ибн Самура розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин ва аср намозларида “вал-лайли изаа йағшаа” ва шунга ўхшаш сураларни тиловат қилар эдилар” (Байҳақий “Сунан”да ривоят қилган).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен ишонч билан айта оламанки, “вал-лайли изаа йағшаа” сураси саховат ва бахиллик ҳақида нозил бўлган” (Ибн Мардавайҳ ривояти).

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
       
1. Ўраб келувчи тунга қасам...
Ушбу оятда Аллоҳ таоло кундузги ёруғликни ўз зулмати билан ўраб келадиган, махлуқотлар тирикчиликдан бўшаб, тин оладиган осуда пайт – тун билан қасам ичмоқда.
      
2. Ёришувчи кундузга қасам...
Бу ерда Қуёш чиқиши билан ёришиб, ўзгача чирой касб этувчи кундуз куни билан қасам ичилмоқда.

3. Эркак ва аёлни яратган (Зот)га қасамки...
Аллоҳ таоло барча махлуқотларни жуфт – эркак ва урғочи қилиб яратган. Бу беҳикмат эмас. Ақл эгалари учун бунда кўп ибратлар бор.
 
4. Албатта сизларнинг амалларингиз турфа хилдир.
Аллоҳ таоло юқоридаги оятларда уч хил нарса билан қасам ичиб, сўнгра: “Бандалар қиладиган амаллари турфа хилдир. Баъзиларининг қиладиган ишлари залолат, яна баъзилариники эса ҳидоят ва нурдир”, демоқда.

5-6-7. Энди кимки берса ва тақво қилса ҳамда гўзал (нарса)ни тасдиқласа, Биз уни енгил (йўл)га йўллаб қўямиз.
Бу оят Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган. У киши Макка мушриклари қўлида жабр тортаётган етти нафар мўминларни сотиб олиб озод қилган.
Ким ҳалолдан топган бойлигини яхшилик йўлида сарфласа, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тақво қилса, риё ва сумъадан сақланса, яхшилик ёмонликдан, имон эса куфрдан устун эканини, Аллоҳ садақа қилган бандаларига ўрнини тўлдириши ҳақидаги ваъдаси ҳақ эканини тасдиқласа, Аллоҳ уни саодатга элтувчи енгил йўлга – яхшилик йўлида инфоқ қилиш ва Аллоҳ учун солиҳ амаллар қилиш йўлига йўллаб қўяди.
Оятдаги “гўзал (нарса)”дан мурод нима экани борасида бир неча қавллар келтирилган:
– Аллоҳнинг инфоқ қилган бандаларга унинг ўрнини тўлдириш ҳақидаги ваъдаси;
–  “лаа илаҳа иллаллоҳ” калимаси (Абдураҳмон Суламий қавли);
– жаннат (Мужоҳид қавли).

8-9-10. Аммо ким бағиллик қилса ва (ўзини) беҳожат санаса ҳамда гўзал (нарса)ни ёлғонга чиқарса, Биз уни қийин (йўл)га йўллаб қўямиз.
Энди ким бахиллик қилиб, бойлигини яхшилик йўлида сарфламаса, ўзини Парвардигори, Унинг розилиги, жаннати ва мукофотларидан беҳожат санаса, охиратнинг боқий неъматларини ўткинчи дунё шаҳватларига алмаштирса, инфоқ қилган молининг ўрни тўлдирилишини инкор қилса, Аллоҳ уни қийин ва машаққатли йўлга – яхшиликка эришиш мушкул бўлган залолат йўлига бошлайди. Бу йўлнинг сўнгги манзили жаҳаннамдир!
Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан жанозада бирга эдик. У зот: “Сизлардан ҳар бир кишининг жаннат ёки жаҳаннамдан жойи ёзиб қўйилади”, дедилар. Шунда одамлар: “Эй Расулуллоҳ, бунга суяниб қолмайликми?” деб сўрашди. У зот: “Амал қилинглар. Ким нима учун яратилган бўлса, ўшанга муяссар (муваффақ) қилинади. Ким саодат аҳлидан бўлган, саодат аҳлининг амалига йўллаб қўйилади. Ким шақоват (бахтсизлик) аҳлидан бўлса, шақоват аҳлининг амалига йўллаб қўйилади”, дедилар ва “энди ким берса ва тақво қилса...”дан “Биз уни қийин (йўл)га йўллаб қўямиз”гача тиловат қилдилар” (Муттафақун алайҳ).

11. У ҳалок бўлганида, энди унга бойлиги фойда бермайди.
Аллоҳ томонидан қийин йўлга бошлаб қўйилган ва охир-оқибат жаҳаннамга кирган кимсани ҳеч нарса, ҳатто йиғиб қўйган уюм-уюм тилло-кумушлари ҳам азобдан қутқариб қололмайди. Бойликка эга бўла туриб бахиллик қилгани ва уни муносиб ўринларга ишлатмагани боис у жаҳаннамга қулади, ҳалок бўлди. Ваҳоланки, у бойлик билан ҳамма нарсага эриша оламан, деб ўйларди. Йўқ. Ундай эмас. Агар у яхши ишлар қилганида, бойлигини Аллоҳ йўлида сарфлаганида, молу давлати унга ас қотиб қолиши мумкин эди!

12. Албатта ҳидоят (қилиш) Бизнинг зиммамиздадир.
Аллоҳ инсонни яратиб, унга яхши билан ёмоннинг орасини фарқлаш қобилиятини берди. Одамлар орасига огоҳлантирадиган, башорат берадиган ҳидоят йўлбошчилари бўлмиш пайғамбарларни юборди. Улар ёрдамида шариат таълимотларини бандаларига билдирди.
Қатода айтади: “Ҳалол ва ҳаром, тоат ва маъсиятни баён қилиш Аллоҳ зиммасидадир” (Ибн Жарир, Ибн Мунзир ва Ибн Абу Ҳотим  ривояти).

13. Ва албатта охират ҳам, дунё ҳам Бизга тегишлидир.
Аллоҳ дунё ва охиратнинг мутлоқ Эгасидир. Икки дунёга тааллуқли барча нарсалар Аллоҳга тегишли ва У Зот хоҳлаганича тасарруф қилади.

14. Мен сизларни ёниб турган дўзахдан огоҳлантирдим.
Аллоҳ кофирларни ловуллаб ёнаётган жаҳаннам азобидан огоҳлантирди. Аслида бу улар учун раҳмат, вақтида ақлларини йиғиб олиб, имон йўлига тушишлари учун қулай фурсатдир.

15-16. Унга фақат ёлғонга чиқариб, юз ўгирувчи бадбахт кимсагина киради.
Ўша ловуллаб ёнаётган жаҳаннам оловига Аллоҳ, Унинг пайғамбарлари ва оятларини ёлғонга чиқарувчи, имон ва тоатдан юз ўгирадиган саркаш кимсагина киради. Мана шу ҳақиқий бахтсиз одамдир.
Абу Умома розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаҳаннамга фақат бадбахт киради”, дедилар. Шунда: “Бадбахт ким”, деб сўралди. У зот: “(Бадбахт) Аллоҳга итоат этиш учун амал қилмайдиган ва Аллоҳдан қўрқиб гуноҳни тарк этмайдиган кимсадир”, дедилар” (Ибн Можа, Аҳмад ва Ибн Мардавайҳ ривояти. Ривоят санади заиф).

17-18. Бойлигини инфоқ қилиб, покланган тақводор (киши) ундан узоқлаштирилади.
Молу давлатини эзгу ишларга сарфловчи, бу билан нафсининг поклиги ва Парвардигори розилигини талаб қилувчи тақводор, солиҳ мўмин банда жаҳаннам азобидан узоқ қилинади.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бу оятлар Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган (Ибн Мардавайҳ ривояти).
Урвадан ривоят қилинишича, Абу Бакр Сиддиқ Аллоҳ йўлида азобланаётган етти нафар мўминни озод қилган. Улар: Билол, Омир ибн Фуҳайра, Наҳдий ва унинг қизи, Зунайра, Умму Убайс ва бани Муаммалнинг қули (Ибн Абу Ҳотим  ривояти).

19. Унинг зиммасида бирон кишига қайтариладиган неъмат (яхшилик) йўқдир.
У қилаётган яхшилигини кимнингдир яхшилигига жавоб қайтариш, зиммасидаги “қарзи”ни узиш мақсадида қилаётгани йўқ. Балки...
    
20. У фақат Улуғ Парвардигорининг розилигини истаб (инфоқ қилмоқда).
У Буюк Аллоҳ розилиги, У Зотнинг мукофоти талабида қилмоқда бу яхшиликларни.
              
21. У яқинда рози бўлади.
У яқинда Парвардигори томонидан бериладиган улуғ мукофот ва юқори даражадалардан рози бўлади.
Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр отасидан ривоят қилади: “Абу Қуҳофа (ўғли) Абу Бакрга: “Сен заиф қулларни озод қилаяпсан. Агар қуллар орасидан кучли ва бақувватларини озод қилганингда, улар сени ҳимоя қилар ва ишларингга кўмаклашган бўлардилар”, деганида, Абу Бакр: “Эй ота, мен бу билан Аллоҳ розилигини кўзлаяпман”, деган. Шунда “энди ким берса ва тақво қилса...” ояти сура охиригача нозил бўлган” (Ҳоким ривоят қилган ва санадини саҳиҳ, деган).

 

 

 

Орқага Олдинга