Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 11.
Тартиб рақами: 100.
Сура маъноси: пишқириб чопувчи отлар.
Сабаби нузул: Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жойга отлиқ аскарларни юборгандилар. Улардан бир ойгача дарака бўлмади. Шунда “вал-ъадийаат...” сураси нозил бўлди” (Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ва Баззор ривояти).
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
1. Пишқириб чопувчи (от)лар билан қасам...
Ушбу оятларда Аллоҳ йўлида жанг қилувчи чопағон отлар билан қасам ичилиб, мўмин-мусулмонлар жиҳодга тарғиб қилинмоқда.
2. Ўт чақнатиб чопувчи (от)лар билан қасам...
Одатда, от шиддат билан чопса ёки бирон нарсага кучли талпинса, унинг тезлиги ошади ва гўё туёқларидан учқун чақнагандек бўлади.
3. Тонг пайтида бостириб борувчи (от)лар билан қасам...
Исломда тонг чоғи қилинган амаллар хайрли ва баракали бўлиши таъкидланган. Бу оятда тонг чоғида душман устига бостириб борувчи отлар билан қасам ичилмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатлари шундай бўлган. У зот тонг отишини кутиб, сўнгра ҳужумни бошлардилар. Агар душман томондан азон овози эшитилса, бу қавм мусулмонлар эканини билиб, ҳужумни тўхтатардилар.
4-5. (Ортидан) чанг қолдирувчи ва жамоанинг ўртасига (ёриб) кирувчи (от)лар билан қасамки...
Бу оятда отлар аҳамиятли ҳайвон экани айтилиб, улар билан қасам ичилмоқда. Айни пайтда мусулмонлар ғайратли бўлишга тарғиб қилинмоқда.
6. Албатта инсон Парвардигорига ўта ношукрдир!
Банда Аллоҳ томонидан беҳисоб неъматлар билан таъминлаб қўйилган бўлса ҳам, ношукр банда У Зотни, берган неъматларини эсламайди, балки кўрнамаклик қилади. Бу ҳар бир инсонга хос хусусиятдир.
7. Албатта унинг ўзи бунга гувоҳдир.
Ушбу оят икки хил таъвил қилинади:
– инсон Аллоҳ берган неъматларга ношукр эканини ўз билади;
– инсон (унинг аъзолари) қиёмат куни ўзига қарши гувоҳлик беради.
8. Албатта унинг бойликка бўлган муҳаббати жуда кучлидир.
Инсон мол-дунёни жуда яхши кўради, бойликка эришиш учун қаттиқ ҳаракат қилади. Унинг бойликка ҳирси кучли бўлганидан Аллоҳнинг неъматларига ношукрлик қилади, бахил бўлиб, бойлик ҳаққини адо қилмайди.
9-10-11. Ахир у қабрлардаги нарсалар чиқарилганида, қалблардаги нарсалар ошкор бўлганида, ўша куни Парвардигорилари улардан, албатта ўта Хабардор бўлишини билмайдими?
Аллоҳга шукр қилмасдан бойлик йиғишга муккадан кетиш нима деган гап?! Ахир у қиёмат куни бандалар қабрларидан тирилтирилганларида, қалблардаги яхши-ёмон нарсалар ошкор бўлганида Аллоҳ таоло уларнинг ҳар бир сирларидан Хабардор бўлишини билмайдиларми?! Йўқ! Қиёмат ҳақ! Ҳисоб ҳақ! Бас, мол-дунё ҳаракати сизларни Аллоҳга ибодат қилиш, шукр қилиш ва солиҳ амаллардан тўсиб қўймасин!
Орқага Олдинга