loader

106. Қурайш сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 4.
Тартиб рақами: 106.
Сура маъноси: Қурайш қабиласи.
Суранинг бошқа номи: ийлоф сураси.
Бу сура Фил сурасининг узвий давоми бўлиб, иккисида Қурайш қабиласига берилган неъматлар, хусусан, уларнинг душманлар тажовузидан омонда қилингани зикр қилиниб, имонга ва ибодат қилишга чақирилади.
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1-2. Қурайшга осон қилингани, қишки ва ёзги сафар уларга осон қилингани учун...
Қурайш Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабилалари бўлиб, Арабистон ярим оролидаги энг машҳур қабила эди. Улар асосан савдо билан тирикчилик қилардилар. Қишда Яманга сафар уюштирардилар. Сабаби бу ер иссиқ эди. Ёзда эса салқин юрт бўлмиш Шомга тижорат карвони билан борардилар. Энг аҳамиятлиси шундаки, теварак атрофда ўғри ва қароқчилар кўп бўлиб, тижорат карвонлари улардан соғ ўтолмасдилар. Қурайш қабиласига эса ҳеч ким тажовуз қила олмас, балки “Булар Байтуллоҳ аҳли” дея иззат-икром қилинардилар. Мана шу нарса оятда айтилганидек, уларга берилган улуғ неъматлардандир.

3. Бас, улар мана шу Байтнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар!
Бас, энди улар мана шу Байт – Каъба Эгаси бўлмиш Аллоҳга ибодат қилсинлар, ширк ва куфрдан сақлансинлар!

4. У Зот уларни очликдан (қутқариб,) таомлантирди ва хавфдан хотиржам қилди.
Аввал улар оч эдилар. Аллоҳ тижорат сафарлари билан уларни ҳожатини раво қилди ва душманларидан хотиржам қилди. Фил эгалари каби улкан қўшинларни ҳам тор-мор қилиб, Қурайш қабиласига омонлик ато этди. Буларнинг ҳаммаси учун Аллоҳга шукр қилсинлар!

 

 

 

Орқага Олдинга