Бугун шундай даврда яшаяпмизки, кўпчилик ўз тарихини билмайди, билса ҳам унинг оз қисмидан хабардор холос. Ўз жонлари ва молларини ушбу пок ва гўзал дин даъвати йўлида фидо қилган одамларнинг жасоратлари, шонли тарихлари вақт чанги қоплаган китобларда қолиб кетмоқда. Бироқ биз, яъни келажакка умид билан боқаётган авлод ўз тарихимизни яхши билишларимиз керак. Тарихида не-не буюк давлатлар, қанчадан-қанча жасур подшоҳлар ва лашкарбошилар ўтгани ҳақида қарийб ҳеч нарса билмаймиз. Андалус ҳам ана шундай давлатлардан бири бўлиб, мусулмонлар ушбу мамлакатда саккиз юз йилдан зиёд давр мобайнида ҳукмдорлик қилган.
Умавий амирларидан Валид ибн Абдулмалик ҳукмдорлиги (705-715) даврида Испания ва Португалия Мусо Нусайя ва унинг мавлоси Ториқ ибн Зиёд томонидан ҳижрий 92 (милодий 711) йилда фатҳ этилди ва бу икки давлат фатҳдан сўнг араб тилида битта ном билан «Андалусия» деб атала бошланди. Андалусия Ислом халифалиги даврида ниҳоятда гуллаб-яшнаган, Қуртуба (Кордова), Ишбилия (Севиля), Ғарнота (Ғарнота) каби ўлкалар илм-фан, маданият, савдо-сотиқ соҳасида фақат Бағдод ва Қустантаниядангина орқада бўлган.
Андалусияда гўзал шаҳарлар, муҳташам масжид ва қасрлар барпо этилган, ҳунармандчилик ривожланган. Андалусиядан донғи дунёга кетган Имом Қуртубий, Ибн Арабий, Ибн Ҳазм, Ибн Рушд, Абу Ҳаййон, Ибн Атиййа каби олимлар етишиб чиққан. Андалусияда исломий китобларнинг улкан хазиналари жамланган, исломий билимлар юксак даражада ривожланган эди. Бу ерда барпо этилган ва Ислом меъморлигининг шоҳ асарлари саналган Аз-Заҳро, Ал-Ҳамро каби муҳташам ва фусункор қасрларни ҳалигача бирор миллат ёки давлат қура олгани йўқ.
Насронийлар ҳижрий 635 (милодий 1236) йили Қуртубани, 646 (милодий 1248) йили Ишбилияни босиб олиб, барча мусулмонларни қиличдан ўтказди, Ислом маданияти обидаларини яксон қилиб, китобларни ёқди. Фақат Ғарнотада мусулмонлар ҳукмронлиги милодий 1492 йилгача давом этди ва шундан кейин Андалусия батамом таназзулга юз тутди
Хуллас, мазкур китоб ҳақида “Бағдоднинг қулаши” деб номланган китобчамиз сўнгида хабар бериб ўткандим. Мана “Андалус” ҳақидаги китобчамиз ҳам нашрга тайёр бўлди. Ушбу китоб ўқувчилари эътиборига қачонлардир ҳозирги Испания ва Португалия ҳудудида мусулмонлар ҳукмронлиги остида бўлган мазкур мамлакатда содир бўлган барча муҳим воқеаларнинг кенг қамровли шарҳи тақдим этилади. Ўқувчимиз ҳам ўз олдига ўта муҳим: саккиз асрдан зиёд муддатга эга бўлган тарихдан хулоса чиқариб олиш мақсадини қўйиб олишлари мақсадга мувофиқ. Бу ҳақда тарихчи боболаримиз айтганидек, “Сиздан олдин яшаганларнинг тажрибасидан хулоса чиқарингки, токи кейинги авлодга дарс бўлмаслигингиздан аввал...” .
Шунингдек, ўқувчиларга Ислом тарихидан кўплаб янги маълумотларни олиб, ўз билимларини бойитиш имконияти тақдим этилади.
Ушбу китоб тайёр бўлишига ўз хиссаларини қўшган Аббос Асад, Санжар Саид ва бошқа азизларимизга алоҳида миннатдорчилигимни билдираман...
Абу Муслим
Аудио китобни моҳир суҳондон Бахтиёр Мўминов ўқиди
Кириш
АНДАЛУСГА ЙЎЛ
АНДАЛУСНИНГ ФАТҲ ЭТИЛИШИ (23 – 92)
ВОЛИЙЛАР ДАВРИ (92 – 114)
АБДУРРАҲМОН ДОХИЛИЙ – ҚУРАЙШЛАР ШУНҚОРИ (114-146)
УММАВИЙЛАР АМИРЛИГИ (146 – 300)
УММАВИЙЛАР БОШҚАРУВИ ДАВРИ (300 – 366)
АМИРЛАР БОШҚАРУВИ ДАВРИ ВА ДАВЛАТДАГИ ҒАЛАЁНЛАР (366-412)
ПОДШОҲЛАР ГУРУҲИ ДАВРИ (422 – 478)
МУРОБИЙЛАР ДАВЛАТИ
МУРОБИЙЛАР ВА МУВАҲҲИДЛАР ДАВЛАТИ ЎРТАСИДАГИ ФАРҚ (500 – 541)
МУВАҲҲИДЛАР ДАВЛАТИ (542 – 643)
АНДАЛУСНИНГ ҚУЛАШИ (643-906)