Ҳар қандай жангда ҳар қандай кишининг энг юксак хислатлари ёрқин намоён бўлади – бу қўрқмаслик, мардлик, жасоратдир. Қатъий ишонч билан таъкидлаш мумкинки, бу ва бошқа хислатларга ўша жанг қаҳрамонларидан бири – душман билан жангга киришишдан қўрқмаган ва бу жангда ғолиба чиққан саҳоба Умм Ҳаким эга бўлган.
Марж-ал-Суффар шаҳарчаси Дамашқдан узоқ бўлмаган Ғута воҳаси ҳудудида жойлашган. Етарли миқдорда сув борлиги ва рельеф хусусиятлари қадимда бу ҳудудни тез-тез жанг майдонига айлантирарди. Якус яқинидаги мағлубиятдан сўнг византияликлар Дамашқ узра ҳақиқий хавф пайдо бўлганлигини тушуниб етди. Мусулмонлар қўшинига очиқ майдонда зарба беришга қарор қилинади. Византиялик саркардалар бу ҳолатда улар мусулмон қўшинлари олдида устунликка эга бўлади деб ҳисоблаган.
Қўшинлар жангга фаол тайёргарлик кўрдилар. Мусулмонлар қўшини илғор отрядлари византияликлар қўшинларидан икки чақирим масофада лагерь қуриб, асосий кучлар келишини кута бошладилар. Отряд таркибида Умм Ҳаким бинт ал-Харис ҳам бор эди. Ўша даврларда мусулмонлар қўшини учун жангчиларга кўпинча уларнинг хотин ва бола-чақаси ҳамроҳлик қилиши хос эди.
Умм Ҳаким Макка фатҳидан кейин исломни қабул қилганди. У Икрима ибн Абу Жаҳл исмли турмуш ўртоғи билан Византияга қарши жанг қилган қўшин таркибида бўлган. Икрима жанглардан бирида шаҳид бўлганди.
Орадан маълум вақт ўтгач, Умм Ҳакимга мусулмонлар қўшини саркардаларидан бири, Холид ибн Саид совчи қўйди. У таклифни қабул қилади. Ҳаётда шундай бўлади: жанг олдидан, эр жанг майдонидан қайтиб келиши ёки қайтмаслигини билмасдан, ҳамма нарсани Аллоҳнинг ихтиёрига қўйиб, никоҳдан ўтиларди.
Шундай бўлиб чиқадики, Холид ибн Саид никоҳ муносабати билан ёзган дастурхондан сўнг ўн минг кишидан иборат византияликлар қўшини ҳужумга ўтади. Насронийлар сон жиҳатидан устунликка эга эди, бироқ мусулмонлар нафақат самарали ҳимояландилар, балки ҳужумга ўтишга ҳам ҳаракат қилдилар.
Икки нафар қўмондан ҳалок бўлганидан кейин византиялик аскарлар тушкунликка тушиб қолди ва Дамашққа қараб чекина бошлади. Иккала томон катта йўқотишларга учради, бу жангда Умм Ҳакимнинг иккинчи эри – Холид ибн Саид ҳам ҳалок бўлди.
Жанг авжига чиққан пайт Умм Ҳаким ўтирган чодирга душман аскар кириб қолади, бироқ қўрқмас аёл саросимага тушиб қолмасдан, чодир маҳкамлаб қўйилган ходани суғуриб олиб, у билан душманни ўлдиради. Эри жангда ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни у матонат билан қабул қилади. Умм Ҳаким эркаклар билан бир қаторда жангга киришади. Гувоҳларнинг айтишларича, у чодирдан суғуриб олган ходани эри учун қасос олиш қуроли қилиб олган. Умм Ҳаким кейинчалик унинг номи билан аталган кўприк яқинида еттита византияликни ўлдирган.