Хотиб ибн Абу Балтонинг имони қувватли бўлиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббати ва самимияти чексиз эди. Бадр, Уҳуд, Ҳандақ ғазотларида, шунингдек, Байъати Ридвон ва Ҳудайбияда иштирок этган.
Бадр мўминлар ва мушриклар ўртасидаги илк жанг эди. Унда қатнашган саҳобаи киромларнинг кўрсатган жасорати, сабру фидокорликлари ва Расули акрам (алайҳиссалом)га бўлган садоқатлари учун Аллоҳ таоло ушбу 313 саҳобага жаннат башоратини берди.
Ҳотиб ибн Абу Балто ҳам ана шу муждага эришганлар қаторида бор эди.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) билан ҳаж қилиш ниятида йўлга чиққан 1400 саҳоба орасида Хотиб ибн Абу Балто (розияллоҳу анҳу) ҳам бўлган. Маккаликлар уларни Каъбага киритмайдилар.
Шунда Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) элчи сифатида жўнатилди. У зотдан анча вақт хабар келавермаганидан кейин уруш бошланади, деган хавф туғилди. Барча мусулмонлар Расули акрам (алайҳиссалом)ни ўз жонларини бериб бўлса ҳам ҳимоя қилишга онт ичишди. Байъати Ридвон номи берилган бу ҳодиса Қуръони каримнинг Фатҳ сураси 18-оятида бундай баён қилинади: “(Эй Муҳаммад!) Дарҳақиқат, Аллоҳ мўминлардан – улар дарахт остида Сизга байъат (қасамёд) қилаётган вақтларида – рози бўлди. Бас, У уларнинг дилларидаги нарса (садоқат)ни билиб, уларга хотиржамлик туширди ва уларни (Ҳайбар жангидаги) яқин ғалаба билан мукофотлади”.
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Дарахт ости (Байтур-ризвон)да мен билан ваъдалашганларнинг ҳеч бири жаҳаннамга кирмайди”.
Хотиб ибн Абу Балто (розияллоҳу анҳу) ҳижратнинг 7-санасида Ҳайбар ғазотида жасорат билан жанг қилган, қалъаларни эгаллаган суворийлардан бири эди.
Хотиб ибн Абу Балто (розияллоҳу анҳу) сўзлари таъсирли, уни тинглаган инсонни маҳлиё қила оладиган кучли нотиқдик қобилиятига эга. Ораста юзидан доимо мулойим табассум балқиб турарди.
Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳижратнинг олтинчи йилида маккаликлар билан аҳдлашганларидан сўнг 6 нафар ҳукмдорга мактуб йўллаб, уларни Ислом динига чақирдилар. Муборак мактублардан бири Миср подшоҳи Муқавқисга аталган эди. Унда бундай сўзлар битилганди: «Бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм. Аллоҳнинг бандаси ва Расули Муҳаммаддан Қибтнинг улуғи Муқавқисга. Ҳидоятга эргашганга саломлар бўлсин. Аммо баъд: Мен сени Ислом чақириғига даъват қилурман. Мусулмон бўл, саломат бўласан. Аллоҳ сенинг ажрингни икки марта берур. Агар юз ўгириб кетсанг, аҳли қибтнинг гуноҳи сенга бўлур. “Эй аҳли китоблар! Биз билан сизнинг ўртамизда баробар сўзга келинг: Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, бир-биримизни Рабб қилиб олмайлик”, дегин. Бас, агар юз ўгирсалар: “Гувоҳ бўлинглар, биз, албатта, мусулмонлармиз”, – деб айтинглар».
Ҳар бир мактубни олиб бориш учун саҳобаларнинг ташқи кўриниши гўзал, сўзи мазмунли бўлганлари танланди. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хотиб ибн Абу Балто (розияллоҳу анҳу)ни Миср подшоҳи Муқавқис ҳузурига жўнатдилар.
Хотиб (розияллоҳу анҳу) муборак омонатни олиб йўлга тушди. Мактубни Муқавқисга топширди. Подшоҳ бу буюк омонатни ҳурмат-ла олди. Элчига иззат-икром кўрсатди. Ҳузурига насоро попларини ҳам йиғиб, уларнинг олдида Хотиб (розияллоҳу анҳу)га мурожаат қилди:
– Менга биродаринг ҳақида маълумот бер, ҳақиқатдан пайғамбарми? – деб сўради.
– Ҳа, у зот (алайҳиссалом) Аллоҳнинг расулидир.
– Хўп. Қавми унга кўп азиятлар етказди, ҳатто ўз юртидан чиқариб юборди. Нега у қавмини дуои бад қилмади?
– Марям ўғли Исо (алайҳиссалом) ҳам пайғамбар эмасмиди, эй малик?
– Ҳа, пайғамбар эди.
– Унда айтинг-чи, қавми уни ушлаб, осмоқчи бўлганида, Аллоҳ таоло қутқариб осмонга олиб чиқиб кетаркан, нега у “Аллоҳ уларни йўқ қилсин!..” деб дуоибад қилмади?!
– Тушундим, эй Хотиб. Сен ҳикматли бир инсоннинг ҳузуридан келган ҳикмат соҳиби экансан, – деди Муқавқис уни тақдирлаб.
Хотиб (розияллоҳу анҳу) Фиръавнни назарда тутиб деди:
– Сендан аввал бу ерларда бир ҳукмдор ўтганди. У халқига: “Энг буюк илоҳ менман” деб Худолик даъвосини қилди. Аллоҳ таоло уни энг ёмон азоблар билан жазолади. Сен бошқалардан ибрат ол, бошқаларга ибрат бўлиб қолма!
– Бир динимиз бор. Аълороғи келмагунча ундан воз кечолмаймиз.
– Сен қаттиқ боғланган диндан аълороғи Исломдир. Биз сени Аллоҳ таолонинг энг сўнгги дини Исломга чорламоқдамиз.
Хотиб (розияллоҳу анҳу)нинг янги динга даъват қилганига жавобан Муқавқис:
– Мен бу Пайғамбар билан танишдим. Унинг амрлари ва қайтариқларида ақлга уйғун бўлмаган бирор нарса кўрмадим. Бу киши сеҳргар эмаслигини тушуниб етдим. Коҳин ёки ёлғончи ҳам эмас. Баъзи пайғамбарлик аломатларини ҳам у зотдан топдим. Яширин сирларнинг ошкор этилиши ҳам ана шу аломатлардан бири. Инсониятга маълум бўлмаган баъзи нарсалар бу киши томонидан билдирилди. Бир оз ўйлаб кўрай…
Хотиб (розияллоҳу анҳу)ни Муқавқис беш кеча меҳмон қилди, ҳурмат, эътибор кўрсатди. Бир куни тунда Хотиб (розияллоҳу анҳу)га хабар юбориб, ҳузурига чорлади. Яна Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳақларида бир қанча саволлар берди. Уларнинг ёнида таржимондан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ораларида шундай суҳбат бўлиб ўтди:
– Саволларимга тўғри жавоб берасанми? Сендан учта нарсани сўрамоқчиман.
– Истаган нарсангизни сўранг, сизга фақат тўғри гапни айтаман.
– Муҳаммад инсонларни нимага даъват қиляпти?
– Ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга, бир кеча-кундузда беш вақт намоз ўқишга, Рамазон рўзасини тутишга, Ҳаж қилишга, ваъдага вафо қилишга амр этмоқдалар. Шунингдек, қон ва ўлимтикни ҳаром, деб эълон қилдилар.
– У зотнинг ташқи кўринишини таърифлаб бера оласанми?
Хотиб ибн Абу Балто Расулуллоҳ (алайҳиссалом)ни қисқача таърифлади. Бир қанча сифатларини айтмаганди. Шунда Муқавқис деди:
– Баъзи бир нарсаларни айтмадинг: кўзларида бир оз қизиллик, елкаларида пайғамбарлик муҳри бор. Уловига ўзи минади, ридо кийиб юради. Хурмо ёки оз гўштли таомлар билан кун кечиради. Амакилари, амакиваччалари томонидан қўриқланади.
Сўнгра Муқавқис арабча ёза оладиган котибига бундай мактуб биттирди: “Абдуллоҳнинг ўғли Муҳаммадга, Қибтийларнинг буюги Муқавқисдан. Сенга саломлар бўлсин! Жўнатган мактубингизни ўқидим. У ерда зикр этган нарсангизни, қилаётган даъватларингизни тушундим. Бир пайғамбар келишини билардим. Бироқ уни Шомдан чиқади, деб ўйлагандим. Элчингизни иззат-икром билан кутиб олдим. Қибтийлар наздида қимматли бўлган икки жория ва кийим-кечаклар ҳамда миниб юришингиз учун икки ҳайвон ҳадя қилдим”.
Элчи йўлда хатарга йўлиқмасин, дея одамларини унга ҳамроҳ қилди. Миср подшоҳи Ислом динини қабул қилмади. Бироқ, назокатини ҳам қўлдан бой бермади.
Хотиб (розияллоҳу анҳу) бирон кор-ҳолсиз, эсон-омон Мадинага етиб келди. Ниҳоятда ҳолдан тойганди. Аммо кўнгли ҳузурли эди. Чунки вазифасини аъло даражада бажариб, Муқавқиснинг саволларига ҳикмат билан жавоблар бера олганди.
Келтирилган совға-саломлар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га тақдим этилди. Ҳадялар орасида икки опа-сингил чўри бор эди. Набий (алайҳиссалом) улардан Мория исмлисини ўзларига олдилар, Сирин исмлисини Хассон ибн Собитга бердилар. Келажакда Мория Пайғамбар жанобимизнинг охирги фарзандлари бўлмиш Иброҳимнинг онаси бўлади. Тобеинлар даврининг машҳур олимларидан, хоссатан, туш таъбири масаласида фавқулодда бир қобилиятли Муҳаммад ибн Сирин эса, иккинчи чўрининг фарзанди сифатида дунёга келди.
Муқавқис юборган “Дулдул” лақабли оқ ҳачир Али ибн Толиб (розияллоҳу анҳу)га берилди. Охирида бир жуфт сахтиён махси қолган эди. Уни Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ўзларига кийишга айирдилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муқавқис ҳақида:
– Қандай ёмон одам?! Тожу тахтдан воз кеча олмади. Ҳолбуки, имон келтиришига монелик қилган салтанати унга вафо қилмайди!
Муқавқис Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мактубини кўз қорачиғидек асради. Уни фил суягидан ясалган бир қутига солиб, бир жориясига берди. Ушбу мактуб 1850 йили Мисрнинг Аҳмин деган еридаги эски ибодатхонадаги Қибт китоблари орасидан топилди. Усмонли подшоҳ Султон Абдулмажидхон ушбу муборак мактубни сотиб олиб, Истамбулга Тўпқоқи саройидаги Муқаддас омонатлар бўлимига қўйди. Мактуб ҳали ҳамон ўша ерда сақланади.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) вафотларидан сўнг Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) халифалиги даврида Хотиб ибн Абу Балто (розияллоҳу анҳу) яна элчи сифатида Мисрга юборилди. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) даврларида ҳам Мисрга элчиликни аъло даражада бажариб, Муқавқис билан бир шартнома имзолади. Шартнома Мисрни Амр Ибнул Ос фатҳ этгунича ўз кучини йўқотмади.
Хотиб ибн Абу Балто (розияллоҳу анҳу) 650 йили Мадинада вафот этди. Унинг жанозасини Усмон Зиннурайн (розияллоҳу анҳу) ўқиди ва Бақи қабристонига дафн этилди.
Нигора МИРЗАЕВА
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 6-сонидан