Амр Исломга кирмасидан олдин Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ашаддий душман бўлган. Бироқ Ҳандақ ғазотидан кейин бу кишида кескин ўзгариш содир бўлди. Макка фатҳидан ярим йил аввал Холид ибн Валид, Усмон ибн Талҳа билан Мадинага кўчиб бордилар. Расули акрам ҳузурларида шаҳодат калимасини айтиб, аввалги гуноҳлари авфини сўрадилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга бир неча вазифаларни ишониб топширдилар. Макка фатҳидан сўнг Ўрдун ҳукмдори олдигага элчи қилиб жўнатдилар. У киши Пайғамбаримиз вафотларигача ўша ерда волий (ҳоким) бўлдилар. Миср эгаллангач, унга волий этиб тайинландилар. Расули акрамдан 39 та ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 43 (милодий 664) йили Мисрда вафот этганлар, қабрлари Жабали Муқаттамда.
Амрнинг отаси Осс ибн Воил Саҳмий Қурайш қабиласи ичидаги энг обрўли Бани Саҳм уруғининг кўзга кўринган арбобларидан эди. "Фил ҳодисаси"дан тўрт йил ўтганда унинг хотини Набиға бинти Хармала ўғил туғди. Унга Амр деб исм қўйишди. Амр Қурайш зодагонларидан бири фарзанди сифатида яхши тарбия топди. Осс ибн Воил қабиласининг юқори мартабали кишиларидан бўлишига қарамай, унда жоҳилият жамиятининг турли ёмонликлари керагича бор эди.
Аллоҳ таоло Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Пайғамбар этиб юборганида Осс ибн Воилнинг барча разилликлари юзага чиқди. У Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва Исломга тиш-тирноғи билан қарши турди. Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўғил фарзандлари турмаганини рўкач қилиб, Осс ибн Воил ва унинг шериклари мусулмонлар раҳбарига туҳмат қилишди, бу билан Ислом обрўсини тўкишга уринишди. «Муҳаммаднинг орти кесик, ишини давом эттирадиган ўғил фарзанди йўқ. У вафот этганидан сўнг ҳамманинг ёдидан чиқиб кетади», дейишгача боришди. Ана шунда Аллоҳ таоло Ўз ҳабибига тасалли бериб, душманларга раддия сифатида Кавсар сурасини нозил қилди: "Албатта, Биз сизга Кавсарни ато этдик. Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг. Албатта, ғанимингиз ўзининг орти кесик".
Исломга ашаддий душманлардан бирининг ўғли сифатида Амр ҳам Исломга ғаним бўлиб ўсди. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Пайғамбар бўлганларида Амр ибн Осс ўттиз олти ёшда эди. У Макка мушриклари зулмидан қочиб, Ҳабашистонга борган мусулмонларни Ҳабашистон пошоҳига ёмонлаб, қайтариб келиш учун юборилган икки Қурайш элчисининг бири бўлди. Амр ибн Осс кейин ҳам ўз ишлари билан тез-тез Ҳабашистонга бориб турди. У ҳар борганида Нажоший билан кўришиб, суҳбат қурар эди. Охирги боришида улар суҳбати Му¬ҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бориб та¬қалди. Шунда Ҳабашистон подшоҳи Амрдан нега Аллоҳнинг ҳақ Расулига эргашмай юргани ҳақида сўради. Бунга Амр: "У шундай эргашиладиган кишими?" деган савол билан жавоб берди. Подшоҳ: "Ҳа, Амр, сен унга итоат қил, эргаш! Аллоҳга қасам, у ҳақ устидадир! Албатта, у ўзига қаршилик қилганлардан устун келади!" деди.
Бу гаплар Амрга қаттиқ таъсир қилди. У шошиб юртига жўнади. Аллоҳ таоло Амр қалбига Ислом муҳаббатини солиб қўйган эди. У тўғри Мадинаи мунавварага йўл олди. Йўлда ўзига ўхшаш яна бир араб улуғи Холид ибн Валидга дуч келди. У ҳам мусулмон бўлиш учун Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кетаётган экан. Уларга Усмон ибн Талҳа ҳам қўшилди. Учовининг Мадинага келаётганини эшитган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ниҳоятда хурсанд бўлдилар.
Имом Муслим Амр ибн Осснинг (розияллоҳу анҳу) мусулмон бўлиши ҳақида унинг ўзидан қуйидагиларни ривоят қилади: «Мендан кўра Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ёмон кўрадиган, агар қўлимга тушсалар ўлдирмай қўймайдиган одам бўлмаса керак, деб ўйлардим. Аллоҳ таоло қалбимга Исломни солиб қўйганида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олдиларига бориб: "Қўлингизни беринг, аҳд-паймон қилай", дедим. У зот қўлларини узатдилар, шунда қўлимни тортиб олдим. У зот: "Сенга нима бўлди, эй Амр?!" дедилар. "Шарт қўймоқчи бўлдим", дедим. "Нимани шарт қўясан?" дедилар. "Мағфират қилинишимни", дедим. "Ислом ўзидан олдинги нарсани ювиб юборишини, кўчиш ўзидан олдинги нарсани ювиб юборишини ва ҳаж ўзидан олдинги нарсани ювиб юборишини билмасмидинг?" дедилар. Шу соатдан бошлаб менга Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) севимлироқ одам бўлмай қолди. Мен учун у зотдан улуғроқ бирор одам йўқ эди. У зотни шунчалар улуғлаганимдан юзларига тик қарашга ботинмас, шунинг учун таҳрифларини қилиб бера олмас эдим». Амр ибн Осснинг мусулмон бўлиши саккизинчи ҳижрий санада, Ҳудайбия сулҳидан ке¬йин, яна ҳам аниқроғи, Хайбар воқеасидан сўнг бўлди.
Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу) Исломга кирганидан бошлаб доимо Пайғамбар соллалоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлишга ҳаракат қиларди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам Маккани фатҳ қилишга отланганларида Амр ибн Осс ҳам у зот билан бирга эди. Оламлар сарвари Байтуллоҳдаги машҳур бутлардан Сувоъни бузишни унга топширдилар. У буни қойиллатиб бажарди. Амр ибн Осс Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида борган сари юқори мартабага кўтарила борди. Расули акрам Уммон подшоҳини Исломга тарғиб қилиб, мактуб юбормоқчи бўлганларида бу ўта муҳим вазифани ҳам айнан Амр ибн Оссга ишониб топширдилар. Уммонга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) элчиси бўлиб келган Амр ибн Осс у зотнинг Уммон диёридаги волийлари (ҳоким) бўлиб қолди. Кейин у Ярмук жангида, румликлар мағлуб бўлган Ажнодайн воқеасида, Миср фатҳида катта жасорат ва тадбиркорлик кўрсатди.
Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу) Исломга кеч кирган ва мусулмон ҳолида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга атиги уч йилча бирга юрган бўлса ҳам, у зотнинг таҳсинларига сазовор эди. Йигирма йил давомида Исломнинг ашаддий душмани бўлиб юрган одамнинг бирданига Ислом фидокорига айланиши ва охирзамон Пайғамбаридан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мақтовлар эшитиши ҳақиқатда Ислом мўъжизаси эди. Бунга бир неча ҳадиси шарифлар далилдир:
Уқба ибн Омирдан (розияллоҳу анҳу) Имом Термизий ривоят қилади: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Одамлар мусулмон бўлишди, Амр эса мўмин бўлди», дедилар». Чунки ўшанда кўпчилик Ислом устун келганидан сўнг қўрқиб, ноиложликдан Исломга киргани ҳолда, Амр ибн Осс бутун вужуди билан ҳақиқатни англаб етиб, чин қалбдан имон келтирган эди. Талҳа ибн Убайдуллоҳдан (розияллоҳу анҳу) Имом Термизий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: "Албатта Амр ибн Осс Қурайшнинг солиҳларидандир", деганлар. Ибн Адий келтирган ривоятда Жобир (р.а.) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Эй Аллоҳим, Амр ибн Оссни мағфират қил», дея уч марта айта туриб, "Мен уни садақа келтиришга ча¬қирсам, олиб келар эди", деганларини эшитганман", дейди. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) Амр ибн Оссни Шом фатҳига юбораётиб, унинг улови ёнида юриб бораркан, унга бундай насиҳат қилган эди: "Эй Амр, ичингда ҳам, ташингда ҳам Аллоҳдан қўрқ! У Зотдан ҳаё қил! Чунки У Зот сени ҳам, амалингни ҳам кўриб турувчидир. Мен сени сендан кўра пешқадам кишилардан ҳам, сендан кўра ҳақлироқлардан ҳам устун қўйганимни кўриб турибсан. Сен охират учун амал қилувчилардан бўл ва амалинг билан Аллоҳ розилигини истовчилардан бўл. Ўзинг билан бирга кетаётганларга худди отадек бўл. Одамларнинг ички сирини очма, уларнинг таши билан кифоялан. Ишингда жиддий бўл. Агар душман билан тўқнашсанг, собит тур, қўрқма. Ҳаддан ошадиганлардан эҳтиёт бўл ва улардан ҳимоялан. Шерикларингга ваъз қиладиган бўлсанг, қисқа қил. Агар ўзинг солиҳ бўлсанг, одамларинг ҳам солиҳ бўлишади".
Миср фатҳи чоғидаги воқеа ҳозиргача тарихчиларни ва умуман инсонларни ҳайратга солиб келади. Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу) бошлиқ лашкарлар Мисрга кириб боргач, у Миср халқига сулҳ таклиф қилиб, қуйидаги аҳдномани ёзиб берган: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Ушбу Амр ибн Осснинг Миср аҳли жонлари, моллари, миллат (дин)лари, черковлари, хочлари, қуруқликлари ва сувлари учун берган омонлигидир. Уларнинг мазкур нарсаларига бирор аралашув бўлмайди, камситилмайди ва улар билан нубийлар (Нуба водийидаги қоратанли қавм) билан бирга яшамайди”.
Миср аҳли, агар ушбу сулҳга биноан жизя (солиқ) беришга келишса, дарёлари тўла бўлиб турганида эллик минг дирҳам тўлашади. Ўғрилари қилган жиноят ҳам улар зиммасида бўлур. Агар улардан кимлардир буни қабул қилишдан бош тортадиган бўлса, жизядан ўшалар миқдорича камайтирилади. Ким бош тортса, у биздан соқит бўлади. Агар дарёлари суви озаядиган бўлса, ўшанинг миқдорича улардан (жизя) камайтирилади. Румликлардан ва нубийлардан ким ушбу сулҳга кирса, унга ҳам ушбу имтиёз ва мажбуриятлар жорий бўлур. Ким сулҳдан бош тортиб, бошқа томонга кетишни ирода қилса ёки салтанатимиздан чиқмоқчи бўлса, у хавфсиз жойга етиб олгунича бизнинг омонликдадир. Уларга (мисрликларга) вожиб бўлган нарсанинг учдан бири ўшаларга ҳам вожиб бўлур. Ушбу ёзилганларга Аллоҳ аҳди ва зиммаси, Унинг Расули зиммаси, мўминлар амири зиммаси ва мўминлар зиммаси бордир. Ёрдам беришга рози бўлган нубийликларга жанг қилмасликлари, ички ва ташқи тижоратдан ман қилинмасликлари шарти ила бир неча бош от ва чорва моллари берилади. Бунга Зубайр ва унинг икки ўғли Абдуллоҳ ва Му¬ҳаммад гувоҳ бўлишди. Вурдон ёзди".
Ушбу ҳужжатдаги жизяни ҳисоблаб чиққан уламолар унинг миқдори ҳар бир одамга йилига бир динорнинг ўндан бирича тўғри келганини таъкидлашади. Шунда мусулмонлар Амрнинг фустоти, яъни, чодири атрофига ўз фустотларини ўрната бошлашади. Шу тариқа ҳозиргача номи сақланиб келаётган Қоҳиранинг Фустот тумани пайдо бўлади. Амр ибн Осс кўп йиллар Миср волийи бўлиб турди.
Ибн Абдул Ҳакам Лайс ибн Саъддан ривоят қилади: "Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу раҳбарлиги даврида Мадинада қаттиқ очарчилик бўлди. Шунда Ҳазрати Умар Мисрдаги Амр ибн Оссга бундай мактуб ёзди: "Аллоҳ бандаси, мўминлар амири Умардан Осий ибн Осийга. Салом! Аммо баъд, умрим ила қасам, эй Амр, ўзинг ва сен билан бўлганлар тўқ юришсаю, мен ва мен билан бўлганлар ҳалокатга учраса ҳам ишинг йўқми?! Ёрдам! Ёрдам!"
Амр ибн Осс унга бундай мактуб ёзди: "Аллоҳ бандаси, мўминлар амири Умарга Амр ибн Оссдан. Аммо баъд, лаббайка! Яна лаббайка! Сизга бир карвон юбордим. Унинг боши сизнинг ҳузурингизда, охири менинг ҳузуримда. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу".
Амр катта карвон юборди. Унинг боши Ма¬динага етиб борганида охири Мисрда эди. Туялар бир-бирига уланган эди. Умар Мадинадаги ҳар бир уй аҳлига бир туяни ва устидаги таомини берди. Волий Абдурраҳмон ибн Афв, Зубайр ибн Аввом ва Саъд ибн Абу Ваққосни (розияллоҳу анҳум) карвондаги нарсаларни одамларга тақсимлаб бериш учун юборганди. Улар ҳар бир хонадонга бир туяни устидаги таоми билан беришди. Очарчиликка учраган мадиналиклар овқатни ейишди, туяларни сўйиб гўштидан фойдаланишди, ёғини эритиб олишди, терисини пойабзал қилишди, ҳатто таом тугилган матоларни ҳам рўзғорда ишлатишди. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло одамларга кенгчилик ато қилди". Шу тариқа Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу) Ислом тарихида биринчи бўлиб инсонпарварлик ёрдами уюштирган эди. У киши ташкил қилган бу мислсиз ёрдам мусулмонларни катта машаққат ва тангликдан қутқарган эди.
Амр ибн Осснинг фазилатлари кўп эди. Амр ибн Оссни машҳур қилган хислатларидан бири унинг сермаъно, ҳикматли сўзларни кўп айтганидир. Бунга мисол тарзида Муовия ибн Абу Суфённинг (розияллоҳу анҳу) балоғат, сабр, сахийлик ва шижоат ҳақидаги саволларига у киши берган жавобларни келтириш кифоя: Муовия Амр ибн Оссга: “Балоғат нимадир?” деди. “Ортиқча гапни тарк қилиб, қисқаси билан кифояланиш”, деди Амр. “Одамлар ичида сабрлиси ким?” “Ҳамиша фикран ҳавои нафсига қарши бўлгани”. “Одамларнинг сахийи ким?” “Дини фойдаси учун дунёсини сарф қилгани”. “Одамларнинг шижоатлиси ким?” “Жаҳлини ҳилми билан қайтаргани”.
Амр ибн Осс ўғли Абдуллоҳга (розияллоҳу анҳу) бундай деган экан: "Эй ўғлим, одил султон баракали ёмғирдан яхшидир. Жиловланган шер золим султондан яхшидир. Бешафқат, золим султон бардавом фитнадан яхшидир". Амр ибн Осс яхши шоир ҳам бўлган. Тарих ва сийрат китобларида у кишининг маънодор, ҳикматли шеърларидан кўплаб намуна келтирилган.
Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу) саксон ёшдан ошиб, 43 ҳижрий йили Рамазон ҳайити куни вафот қилди. Ҳайит намозига келган жамоат унинг жанозасида иштирок этди. Жанозасини ўғли Абдуллоҳ ўқиди ва Муқаттам қабристонига дафн этилди. Аллоҳ таоло Амр ибн Оссдан рози бўлсин!
Аҳмад Муҳаммад