loader
Foto

Пайғамбар ҳурмати ва сўз эркинлиги

Шундай бўлишига қарамай, ҳамма ҳам мусулмонлар қаби бундай қарашга эга эмаслар. Бундай одамларни шартли равишда уч гуруҳга ажратса бўлади:

Биринчи гуруҳга, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган, фақат одамлар тўқиб чиқарган қонунларни тан олгани билан унга доим ҳам амал қилмайдиган одамлар мансуб. Мадомики улар Аллоҳга ишонмас эканлар, пайғамбар ҳам улар учун қадрсиздир. Улар пайғамбарни, унинг рисолатларини тан олмас, ҳурмат қилмас экан, улар учун ҳақоратлаш ҳам жуда осондир.

Иккинчи гуруҳ, насроний ва яҳудийларга ўхшаган тоифaлар, улар охиратга ишонадилар, бироқ улар Қуръони карим, Ислом дини, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлари ва таълимотларини холис ўрганиб кўришга ҳаракат қилишмайди. Улар ҳам биринчи гуруҳга ўхшаб Исломга бўлган жоҳиллик ва душманликлари сабаб қарши ҳаракат қилишлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақоратлаш ва камситишгача боришлари мумкин. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши танимайдилар.

Учинчи гуруҳ ҳам шу икки гуруҳ орасидадир. Улар ҳам турли сабабларни рўкач қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақорат қилишлари мумкин.

Умуман олганда Исломга бўлган ҳар қандай душманлик фақат жоҳилликдан келиб чиқади.

Маълумки, 2001 йили 11 сентябр фожеасидан сўнг минглаб одамлар Исломни қабул қила бошладилар. Террор хуружларидан ғазабланиб, улар “зўравонликни тарғиб қилувчи” дин билан қизиқа бошлашди. Яқиндан танишгач эса, Ислом ОАВлари ва шунга ўхшаш нарсалар билан тақдим қилинаётгандан умуман бошқача дин эканига амин бўлдилар. Бу тинчлик, ҳикмат, Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга юборган энг сўнги ваҳийси асосидаги дин эканини билишди. Иймон келтира бошлашди...

Ўша пайтларда Америка савдо расталари ҳамда кутубхоналар қизиқувчиларга Ислом ҳақидаги адабиётларни етказиб беришдан ожиз қолишди. Чунки, Қуръони карим ва Исломга оид китоблар дарҳол сотилиб, тугаб қолар эди.

СЎЗ ЭРКИНЛИГИ ВА ҲУРМАТ

Ғарблик аксар одамлар бошқа дин ва маданиятга нисбатан бағрикенг (толерант) ва ҳурмат маданиятида тарбияланган бўлишади. Демак савол туғилади: сўнгги вақтларда Ислом пайғамбарига нисбатан феномен даражасига чиққан ҳақорат ва туҳматлар тўлқини қаердан келмоқда? Буларни қандай изоҳлаш мумкин?

Одам эканмиз ён атрофимиздагиларнинг таъсирига тушиб қолишимиз ҳам турган гап. Тушунарлики, йиллар давомида мусулмонлар хақида янглиш фикрларни тиқиштириш жоҳил омманинг фикри ва ҳатти-ҳаракатларига бетаъсир қолмаган. Ахир улар узоқ муддат давомида Исломдан қўрқитиш (исломофобия) мақсадида тарқатилган тутуруқсиз маълумотлар ҳужуми ичида эдилар.

АҚШда эса бу кўриниш “сўз эркинлиги хақидаги қонун” баҳонасида мусулмонларни ёмон кўрсатиш, Исломни қоралаш ва унга ҳужум қилиш учун яхши замин яратди. Бу ишларда баъзи шахсларга тегишли ОАВларнинг хизматлари катта бўлди. Эҳтимол, террор ҳақидаги гап-сўзлар жамиятнинг маълум бир фикр-қарашларини шакллантириш учун фойдаланилгандир.

Ислом пайғамбарини ҳақоратлашга қарор қилган одам, бу жирканч амали мусулмонларнинг ғазабини келтириб чиқаришини жуда яхши билади. Афсус, шундай ҳам бўлмоқда. Бироқ, уларнинг жирканч амаллари туфайли “домино эффекти” ишга тушса ҳам, уларнинг бундан виждонлари қийналмайди. Бундай манфур кимсаларнинг вижонлари борми ўзи? Диний ҳиссиётлар билан ўйнашиб бўладими, ахир!?

Тарихий шахсларни ёмонлаш, таҳқирлашдан қайтарадиган қандайдир қонун мавжудми? Умуман айтганда, том маънода бундай қонун йўқ. Қачонгача бизлар сўз эркинлигини баҳона қилиб одамлар орасида тартибсизликни келтириб чиқариш учун, улар орасида нафрат ва зўравонлик оловини ёқишларига қўйиб берамиз? Эҳтимол, ҳаммаси исталган ва керакли натижа учун бўлаётгандир.

Сўнги вақтларда гувоҳ бўлиб турганимиздек, бунга ўхшаш нафратни қўзғайдиган нашрлар ва кинолар жуда кўп бегуноҳ одамларнинг, хусусан турли мамлакатлардаги ғайридинларнинг ҳам ҳаётларига якун ясади.

Нютоннинг учинчи қонунига кўра, ҳаракат кучи - қарши ҳаракат кучига тенгдир. Шундай қилиб, биз бузуқ ҳалқа ичида қолмоқдамиз: ҳаракат қарши ҳаракатни юзага келишига сабаб бўлмоқда ва ҳоказо. Ўйлаб кўрайликчи, қанчалик чуқур кетиш мумкин экан-а?

Яна бир ҳақли савол: сўз эркинлиги АҚШда уйғун ҳолда яшаётган турли хил миллат, маданият вакилларини янада хавфсиз ва яшаш учун янада қулай маконга айлантирдими?

Бирга тинч ва осуда ҳаёт кечириш бор нарса, бироқ булар сўз эркинлиги бўлгани учун эмас-ку, балки одамлар қўшинларининг дини ва маданиятини ҳурмат қила олгани ҳисобидан эмасми, ахир. Бу нарса америкаликлар бошига мактаб ва ундан олдинги даврларданоқ сингдириб келинади.

Сўз эркинлиги озодлик ва демократия ерида яшовчи одамлар учун жуда кўп фойда келтирмоқда. Бироқ шундай бўлсада, бу эркинликни суиистеъмол қилаётган одамлар топилмоқда. Улар ўнлаб одамларнинг ҳаёти эвазига бўлса ҳам ўзларининг жирканч нафсларини қондириш билан овора. Албатта, бундай ҳолатни нафақат АҚШда балки бошқа ғарб мамлакатларида ҳам кузатиш мумкин.

Келинглар сўз эркинлиги шароитида бундай иғволарга мусулмонлар қандай жавоб қилиши кераклиги ҳақида фикр қилиб кўрайлик. Масалан, қон тўкилишларга сабаб бўлган интернетга қўйилган Исломга қарши кино ҳақида нима десак бўлади?

Сўз эркинлиги билан ҳурмат ўртасида қандайдир мувозанат ўрнатиш иложиси йўқми? Албатта, ният бўлса шунга кўра имкониятлар ҳам топилади. Истаган натижаларга эриши учун маълум бир ҳаракатларни қилиши инсонга хосдир. Демак, кимдир атайин нафрат, тартибсизлик ва саросима уруғларини сочмоқдами?

Дунё бўйлаб жуда кўп мусулмон уламолари ҳар қандай зўравонликни мутлоқ тарзда ва ҳар қандай жоҳил одамлар тўдасининг сержаҳл ниятларини қайтаришди. Бироқ, миллион-миллион оддий мусулмонларнинг ҳиссиётларини назорат қилиш ўта мушкулдир. Айниқса, жондан ҳам азиз бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кимдир ҳақорат қилиб турган бўлса. Хўш, бундай вазиятда нима қилиш керак?

Баъзи мамлакатларда мусулмонлар элчихона ва у ерда хизмат қилаётганларга қарши ҳужумлар уюштираётган бўлса, АҚШ мусулмонлари учун янги-янги маломатларнинг ёғилиши ва диний нафрат асосидаги камситишларга дучор бўлишмоқда. Янги мусулмонлар учун эса, бу ўзига хос янги синовлардир.

Демак, нафрат олови янада кучли ёниши сўз эркинлиги туфайли бўлмоқдами? Албатта, сўз эркинлигининг икки юзи бор. Бу ерда сўз ким ва кимга қарши ишлатилганига боғлиқдир. Сиёсатга аралашмасдан ҳам бу қонун учун икки хил стандарт борлигини кўриш мумкин. (Бу қонун АҚШ конституциясида қайд қилинган бўлиб, адолат ва озодликни ҳимоя қилиш мақсад қилинган бўлса ҳам)

Хўш, амеркалик мусулмонлар бундай қийин вазиятда нима қилишлари керак?

Америкалик илоҳиётчи Рейнголд Нибур қуйидагича дуо қилар экан: “Парвардигор, нимани ўзгартириш мумкин бўлса, ўзгартиришни насиб қил. Ўзгариши мумкин бўлмаган нарсани қабул қилишимни ва фарқларни тушунишимни насиб айла”.

Мусулмонлар қўлидан келган барча ишни қилиши керак. Бунда қонуний воситалар, матбуот ва ҳукуматнинг керакли идоралари билан алоқаларни ишга солиш, журналистлар билан учрашувлар ташкил қилиш керак. Асосий мақсад Ислом ва мусулмонлар ҳақида кенг маълумотларни жамоатчиликка етказа олишдир.

Улар янги мусулмон бўлганларни қўллаб-қувватлаш тизимини йўлга қўйиши керак. Динни янги қабул қилганлар билан мукаммал таълимот, тушунтириш ишлари олиб борилса ва уларда янги динларига ишонч мустаҳкамланса, уларнинг иймони хар қандай ғийбату бўҳтонларга қарши туриб бера олади.

Ислом ҳақида тўғри маълумотларни шакллантириш учун барча чораларни кўриш керак. Америкалик мусулмонлар эса тарих такрорланаётганини асло унутмасликлари керак. “Қизил хавф” вақтлари эсингиздами, ўшанда ОАВлар америкаликларни ўрислар билан қўрқитишар эди. Энди ўша ҳолат яна такрорланмоқда, фақат улар ўзларига бошқа “душман” топиб олишди.

Шунинг учун ҳозир сабр қилиш, ёнимизда яшаётган америкалик дўстларимиз билан тотувликда яшаш, Аллоҳ таолога таваккал қилиш керак. У учун зарра миқдоридаги нарса ҳам махфий қолмайди. Адолат тантана қилади.

“На ер юзида ва на осмонларда зарра миқдоридаги, ундан кичикроқ ёки каттароқ нарса Роббингдан махфий бўла олмас, балки очиқ-ойдин китобдадир.” (Қуръони карим, 10:61)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсий ўрнаклари

Одамлар Исломни тўғри тушунишлари учун барча чораларни кўриб, мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга зулм қилганларга қай тарзда жавоб берганларни билишлари керак. У зот ҳатто бунга имкониятлари бўлган вақтларда ҳам уларга нафрат ва зўравонлик билан жавоб қилган эмаслар. У киши ўзи учун қасос олган эмасдилар.

У пайғамбарлигига амин эди; пайғамбарлар эса ўз халқлари томонидан зулмга ва нохақсизликка дучор бўлганлар. Шунинг учун ҳам у зот доим хотиржам ва душманлари билан ҳам ҳурмат оҳангида гаплашар эдилар.

Бироқ, Аллоҳ ва Исломга таъна тошлари отилганида у жим турмас эди ва хар қандай воситалар билан бунга жавоб қилар эдилар. Албатта, бу Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин ва маълум маънода ёрдамга эга бўлганидан кейингина мумкин бўлди.

Маккадаги 13 йиллик даъват даврида, унга эргашганлар жуда кўп ҳақорат ва йўқчиликларни бошидан кечирганлар. Улар имкон борича сабр қилган эдилар, сўнг эса Мадинага ҳижрат қилдилар ва исломий давлат қура бошладилар.

У ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтариш янада катта ёмонликни келтириб чиқаришини жуда яхши билган эди. Ислом эса ўзига эргашганларга аввал ёмонликни қайтар, сўнг эса фойда келтиришни ўйла, деб таълим беради.

Шунинг учун ҳам Ислом дунёсида бундай нарсаларга мусулмонлар зўравонлик билан жавоб бериши керакми ёки йўқми, тарозига солиб кўришлари керак. Чунки, ҳаракатларидан ўзининг ёки бошқа мамлакатлардаги биродарларининг ҳаёти таҳликага учраши мумкин эканини тушунади.

Тинч нарозилик намойишлари ҳақиқатдан ҳам зўравонликдан кўра кўпроқ фойда келтириши мумкин.

Ҳақиқатдан ҳам, жуда кўп мусулмонлар ўз пайғамбари шонлари учун жонларини ҳам аямайдилар. Бироқ бундай вазиятларда ақл билан иш кўриш керак-да.

Хабарларга кўра, Миср президенти Мурсий Берлинда: “Биз учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ҳурмат, ҳаётларимиздан ҳам устундир”, деб айтган экан.

Бир мусулмон олими Facebook саҳифасининг бошида шундай ёзувларни қолдирган экан: “Мен барча нарсаларим, ҳатто оилам ва ўз ҳаётимни ҳам ҳабиб пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг иззати ҳимояси учун қурбон қилишга тайёрман”.

Жонларини беришга тайёр бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсиятлари билан мусулмон мамлакатларини қўзғалишига сабаб бўлган маъшум кинони тасвирга олган одам билан қиёс қилиб кўрайлик-чи. Биринчисининг ортида ер юзининг бешдан бир қисми турибди, иккинчиси эса, Christian Monitor 2012 йили 15 сентябр сонида хабар беришича, банк соҳасидаги фирибгарлиги ва шартли равишда озод қилиниш шартларини бузганлиги учун турмада ўтирибди. Расмда бу одам ҳеч ким уни таниб қолмаслиги учун боши ва юзини ёпиб олган. Ҳақиқатдан ҳам шу одам ва унинг шармандали киноси эътибор қилишимизга арзийдими?

Таваккал қилиш

Мусулмонлар бу ҳаёт синов эканини яхши билишади. Ҳар хил вазиятларни бошидан ўтказган мусулмон буларнинг ҳаммаси имтиҳон экан, деб билади. Айнан шундай вазиятларда у ўз иймони, содиқлиги ва унга ҳаёт ва бошқа кўп неъматларни ато этган Аллоҳ таолога бўлган яқинлигини исботлайди.

Шунинг учун ҳам мусулмон одам жоҳил бўлган рақиблари даражасигача тушмаслиги, ўзи ва бошқалар зарарига ҳаракат қилмаслиги керак. У шундай ҳаракат қилиш керакки, унинг ҳаракатида зарардан кўра фойда кўп бўлсин. У Аллоҳ адолатли эканини жуда яхши билади:

“Биз қиёмат куни учун адолат тарозуларини қўюрмиз. Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас. Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирурмиз. Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз.” (Қуръони карим, 21:47).

Аллоҳ сабр қилувчиларни яхши кўради, бироқ одамлар баъзан сабр қилгилари келмайди, ўзларича чиройли ва тўғри иш қиляпмиз, деб шошилади ва шундан кўп хатолар қилиб қўяди. Бироқ, Аллоҳ таоло бизларга ҳар қандай ҳолатда ҳам фикр қилишимизни айтади:

“...Шоядки ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз билмайсиз.“ (Қуръони карим, 2:216)

Ким соғлом ақлга эга бўлса, у ўзининг ҳар бир қарорини Қуръон нури, Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатлари билан ўлчайди, Ислом мезонига солади. У вазият қанчалик оғир бўлиб кўринмасин барибир ҳаммасида яхшилик борлигини билади. Душманлар қанча кўп ҳаракат қилмасинлар Аллоҳ таоло албатта Ўзи динини ҳимоя қилишини ҳам жуда яхши билади. Охир оқибат Аллоҳ таоло мадади ила Ислом ғолиб бўлади.

“Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам ёрдам берар эди. Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар.” (Қуръони карим, 3:160)

“OnIslam” мақоласи асосида

Абу Муслим тайёрлади