loader
Foto

Черковда мусулмоннинг ишлаши

Жавоб: Бу масала хусусида ҳанафий фиқҳимизда шундай дейилади: Агар инсон черков биноси ёки унинг иморатига тааллуқли бирор ишга ёлланса унинг шартномаси саҳиҳдир. Чунки бу мубоҳ ишлардан саналади. “Фатовои Қозийхон”да: “Шунингдек ҳақ эвазига яҳудийлар ибодатхонаси ёки насронийлар черковини қурса, олган ҳаққи ҳалолдир”, дейилади. Черковни тозалайдиган фаррошнинг ҳам иши ҳалол. Фақат ибодатларига қўнғироқ чалиш жоиз бўлмайди. Агар кўрсатадиган хизматлари ичида ароқ ташиш ҳам бўлса, уни ичиш билан бирор муслимнинг гуноҳкор бўлиш нияти  қилинмаса, бу келишув ҳам саҳиҳдир. “Бадаиъу сонаиъ”нинг 4-жуз, 190-бетида шундай дейилади: “Ким бир ҳаммолни ароқ кўтаришга ёлласа имом Абу Ҳанифага кўра ҳаммолга ҳақ ҳалол. Икки имом Абу Юсуф ва Муҳаммадларга кўра иш ҳақи макруҳдир. Икковиларининг далиллари шуки, бу ёллаш гуноҳ ишга бўлган. Чунки бу маъсиятга ёрдам беришдир. Аллоҳ азза ва жалла: “Гуноҳ ва душманликда ўзаро ёрдамлашманг”, дейди. Шу сабабли ҳам Аллоҳ ароқ хусусида ўн кишини лаънатлаган. Лаънатланганлар қаторида уни ташувчи ва ташитган ҳам бор. Имом Абу Ҳанифанинг далиллари эса қуйидагичадир: Ташишнинг ўзи гуноҳ эмасдир. Бунга тўкиб ташлаш ёки сиркага айлантириш учун ташишнинг мубоҳ эканлиги далолат қилади. Шунингдек бу ўринда гуноҳ бўлмиш – ичиш учун ташилаётгани йўқ. Чунки бу гуноҳ ихтиёрли кишининг феъли билан содир бўлади. Ташишлик айни сабаб бўлиши учун ичишнинг заруратиданмасдир. Шунинг учун ташиш ҳам узумни сиқиш ёки узиш каби гуноҳкорлик ҳукми йўқ масала саналади. Лаънатланганлар тўғрисидаги ҳадис эса уни ичиш ниятида бўлганликка ҳамл қилинади. Ана шу ҳолда бу гуноҳ ва ҳақ олиш макруҳ, деймиз.

Юқоридагилардан шундай ҳукм олинади: Черковга ёлланган ишчи улар билан фаррошликка қўшиб қўнғироқни чалишга ҳам келишган бўлса бу келишув фосиддир. Чунки у қўнғироқ чалиш каби маъсият ишни ҳам қўшиб битим тузди. Шунинг учун бу ишни қўйиб бошқасини қидириш керак бўлади. Бу фатво Азҳар уламоларидан шайх Атийя Сақрники.

Замонамиз мўътабар олимларидан Муҳаммад Тақий Усмоний черковнинг тархи мусулмон муҳандис томонидан чизиб берилиши ҳукмини сўралганда, бу ишнинг жоиз эмаслигини Аллоҳ таолонинг: “Яхшилик ва тақвога ўзаро ёрдамлашинглар, гуноҳ ва душманликка ўзаро ёрдамлашманг”, оятини далил қилиб айтганлар.

Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад