loader
Foto

Байрутнинг салибчилардан узил-кесил озод қилиниши

Шу тариқа Ўрта Ер денгизи қирғоғида жойлашган кичик лордлик вужудга келди. Аста-секинлик билан Байрут минтақада етарли даражада катта нуфузга ва таъсирга эга бўлди, бундай маҳаллий лордлар ҳатто ўз вассалларига эга бўлгани ҳам далолат беради.

Албатта, мусулмонлар Байрут устидан ҳукмронлик узоқ вақт давомида салибчилар қўлида бўлишига рози эмасди. 1182 йил август ойида Мисрнинг машҳур султони Салоҳиддин Айюбий томонидан шаҳарни озод этишга ҳаракат қилиб кўрилди. Бироқ у фақат Триполи графлигини Қуддус қироллигидан ажрата олди, холос.

Беш йил ўтгач, барибир Байрутни салибчилардан озод қилишга эришилди, бироқ мусулмонлар ҳукмронлиги узоққа чўзилмади. Ўн йилдан кейин, 1197 йилнинг сентябрида Кипр қироли Амори де Лузиньян қалъани босиб олди ва Қуддус тахти вориси – Изабелла Иерусалимскаяга уйланди. Шу тариқа Амори де Лузиньян Қуддус қироли Амори II га айланди. қарийб юз йил давомида унинг авлодлари Байрут ҳукмдори бўлиб келди.

Бироқ Миср султонлари ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий нуқтаи назардан Фаластин шаҳарлари ва вилоятлари устидан тўлиқ ҳукмронлик ўрнатиш учун қулай фурсат пойлаб келишди. Бундай фурсат 1290 йил Мисрни султон Халил ибн Калаун бошқара бошлаган пайт етиб келди. У салибчиларга қарши якуний зарба бериш мавриди келди деб қарор қилди. 1291 йил май ойининг охирида икки кун даво этган ҳужумдан сўнг Қуддус пойтахти – Акра фатҳ этилди.

Тажрибали саркарда Санжар Халабий қўмондонлиги остидаги қўшин Тирга қараб йўл олди. Шаҳар жангсиз қўлга киритилди, чунки бейлиф Адам де Кафран, вазиятнинг умидсиз эканлигини тушуниб, ҳаттоки қаршилик ҳам кўрсатишга уринмасдан Кипр оролига қочиб кетди.

Сидон қалъаси ҳам жангсиз олдинди. Тамплиерлар ордени буюк магистри Теобальд Години бор бойликларини йиғиб, Кипрга қочиб кетишни маъқул кўрди.

Байрут бекаси Эшива Ибелин олдинги султон Сайфуддин Калаун билан тузилган сулҳ шартномаси Қуддус қироллигининг бошқа шаҳарлари қисматидан қутулиб қолишга имкон беришига ишончи комил эди. Бироқ мисрлик ёш султон, айниқса, Акрадаги мусулмонлар яшайдиган даҳада франклар уюштирган қирғин ҳақида хабар топганидан сўнг, қатъий қарорга келганди ва бу салибчиларга қарши жанговар ҳаракатлар бошлашга сабаб бўлди.

Рицарлар, Эшива ва шаҳарнинг барча зодагонлари Байрутни тарк этди. Санжар Халабий қалъа деворларини ер билан битта қилиш ва саройни бузиб ташлашга буйруқ берди, кафедрал собор эса масжидга айлантирилди.

Абу Муслим таржимаси