loader
Foto

Хорватиянинг мусулмонларга қарши яширин ҳаракати

Босниялик йигит 18 ёшга тўлганида Хорватия Хавфсизлик ва разведка агентлиги  (SOA) назар доирасига тушиб қолади. "Хавфсизлик ходими уни турли хил ресторанларда яширин сўроқ қилиш учун чақирди. SOA ходими талабадан Загреб масжидига кимлар кириб-чиқиши ва у ерда муҳокама қилинган нарсалар ҳақида мунтазам равишда маълумот беришни талаб қилган. Бундан ташқари, Ҳалимович Босния шимолидаги мусулмонлар анклави бўлган Горняа Маоча қишлоғига бориб, диний фанатикларнинг фаолияти ҳақида маълумот тўплаши керак эди", - хабар беради журналист.

"Ҳаётда мен уни бошқа исм билан атайдиган Ален Халимович ҳамкорликдан бош тортди. "Мен на хорват хавфсизлик хизмати билан, на соқол қўйган фанатиклар билан алоқада бўлишни истамадим", - дейди у. Хавфсизлик хизмати ходими уни агар айғоқчилик қилишдон бош тортса, уни ва оиласини қандай қийинчиликлар кутиши ҳақида огоҳлантиради ва қўрқитади. Жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлган Халимович миллий хавфсизликка таҳдид соладиган шахслар рўйхатига киритилди ва мамлакатдан чиқариб юборилди. Унинг отаси, оддий қурувчи, ишини йўқотди", - дейилади мақолада.

"Ален Халимович воқеаси – камдан-кам учрайдиган ҳолат эмас. Сўнгги йилларда Авдо Авдичга босниялик бир нечта мусулмон мурожаат қилди. Уларнинг ҳаммаси хорват махсус хизматларининг ифлос иш усулларидан шикоят қилдилар". Авдич – Болқон махсус хизматлари билан боғлиқ энг йирик можароларни фош қилган машҳур журналист. "Бугунги кунда мавжуд бўлган ахборотларга кўра, хорват махсус хизматлари Хорватия ва Словенияда яшайдиган босниялик фуқароларни рискли операцияларда иштирок этиш учун  ёллашга ҳаракат қилган", - деб ёзади нашр.

Босниялик мусулмонларни ёмон қилиб кўрсатиш учун уларнинг айримлари Босния ва Герцеговина масжидларида қурол-аслаҳа ва портловчи моддалар ўрнатишга мажбур қилинган ва бунинг эвазига маълум бир имтиёзлар ваъда қилинган. Ҳамкорлик қилишга рози бўлмаганлар Хорватияни тарк этиши лозим бўлган.

"Агар Босния полицияси Загреб шаҳридан бир неча масжидда қурол топса, ғарбда қанчалик шов-шув кўтарилишини тасаввур қилиш мумкин", -дейди журналист Авдич. "Босния ИИВ сўзларига кўра, бу ҳаракатлардан мақсад ислом терроризми ўчоғи сифатида Босния номини булғаш бўлган. Сараево қўшни мамлакатнинг бу яширин операциясидан қаттиқ ғазабланди. Бироқ 2013 йилдан бошлаб Европа Иттифоқи аъзоси саналадиган Хорватия бундай фитналар уюштириши республиканинг ташқи сиёсатига мос келади", - дейди Робелли.

"Биринчи навбатда Хорватия президенти Колинда Грабар-Китарович босниялик исломчилар хавфи ҳақида бонг уриш имкониятини қўлдан чиқармайди. Боснияда Хорватия ва бутун Европага қарши душманлик кайфиятидаги 10 мингта жиҳодчи мавжуд деб айтган эди 2017 йил. Лекин ҳеч қандай далил-исбот келтирмаган".

"Хорватия охирги пайтларда Боснияга қарши қўллаётган ҳаракатлар – ўзига хос уруш эълон қилинишидир", - ҳисоблайди публицист Фарук Феле. – У хорват автократи Франьо Туджман серб диктатори Слободан Милошевич билан қўлни-қўлга берган ҳолда Боснияни бўлиб ташлаш ғоясини илгари сурганлигини эслатиб ўтади", - деб ёзади нашр.

"Хорватия расман Босниянинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди, лекин хорват агентларининг яқинда амалга оширган ҳийла-найранглари икки қўшни давлат ўртасидаги сиёсий муҳитни заҳарламоқда, - дейди Робелли. - Загребнинг етакчи сиёсатчилари бу айбловларни рад этиб, уларни "беъманилик" ва "Хорватияга қарши васваса" деб атади.

"Шу аснода Сараево тергов-текширув ишларини бошлади. Бироқ ундан кўп нарса кутмаслик керак. Босния адлияси коррупцияга ботган саналади, судья ва прокурорлар эса сиёсатчилар билан боғланган. (...) Журналист Авдо Авдичга махсус хизматлар билан боғлиқ можаролар авжига чиққан бир пайтда Босния бош прокурори Сараевода Россия элчиси билан учрашишининг ўзи ғалати бўлиб кўринади", - дейилади мақолада.

"Авдичнинг ўзи исломчилар билан боғлиқ муаммони кичрайтириб кўрсатиш истагида бўлган мусулмонларга мансуб эмас. Ўзининг мобил телефонида у Сурия ва Ироқдаги Ислом давлати ҳудудида ўлдирилган 76 нафар Босния фуқаросининг фотосуратини кўрсатди (...) Радикал оқимлар анъанавий равишда Босния исломи диний бағрикенг, либерал ва очиқ дунёсига қарши чиқмоқда", - қайд этади Tages-Anzeiger.

Манба: Tages anzeiger

Абу Муслим таржимаси