Аллоҳ халқ қилган ва бандалари учун яратиб қўйган ҳайвон ва набототлардаги зийнат ҳаром эмас, мубоҳ экан, улар билан зийнатланиш ҳам ҳеч бир ҳолда маън этилмагандир. Фақат бунда манмансираш, такаббурлик ва исрофгарчиликка сабаб бўлмаслиги шарт қилинади. Қуртубий тафсирининг 7-жуз, 97-бетида шундай дейилади: Нафснинг ҳамма истаги ҳам мазаммат қилинмайди. Инсонлар зийнатланадиган барча нарса ҳам макруҳ эмас. Бундай нарсалардан қайтарилиши ё шариат наҳий қилгани учун, ё риё юзасидан бўлади. Чунки инсон чиройли кўринишни севади. Бу нафснинг ҳаққи, бунингчун маломат қилинмайди. Инсон шу сабабдан сочини тарайди, ойнага қарайди, салласини тўғирлайди, кийимининг хунук қисмини ичига қилиб, чиройли тарафини кўрсатиб кияди. Бу ишларнинг ёмон томони ҳам, ҳаромлиги ҳам йўқ.
Макҳул Оиша (р.а.)дан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бир қанча саҳобалари ул зотни эшик олдида кутиб туришарди. Чиқиб улар томон юрдилар. Ҳовлида сувли идиш турганди. Расулуллоҳ (с.а.в.) сувга қараб соқоллари ва сочларини текислай бошладилар. Шунда мен: “Ё Расулуллоҳ, сиз шундай қиляпсизми?!”, дедим. “Ҳа. Агар киши биродарлари олдига чиқса ўзига қарасин. Зеро Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни севади!”, дедилар.
Қисқа бу муқаддимадан маълум бўляптики, зийнат аслида ҳалол. Ислом ўзининг одил кўрсатмаларида инсоният фитратига эътиборсиз эмас. Уни тўғри томонга буради ва тозалайди. Демак, зийнатни тайёрлаш, ишлатиш ва савдо қилиш ўз зотида мубоҳдир. Қушлар ва балиқлар ҳам зийнат ҳисобланади. Шундан уларни сақлаш ва сотиш шариат доирасида бўлса жоиздир. Шариат эса бу хусусда қуйидагиларни шарт қилади:
1. Дабдабага берилганларнинг одатига кўра, улар билан мақтаниш ва такаббурлик мақсад қилмаслик. Амаллар ниятларга қараб бўлади.
2. Улар билан ўйнашиб чалғимаслик ёки қараш ва фойда кўришга машғуллик диний вожиблардан тўсмаслиги.
3. Озуқалантиришда бепарволик қилмаслик.
4. Уларга торлик қиладиган қафас, бино ва аквариумларда боқмаслик.
Валлоҳу аълам.
Мубашшир Аҳмад