loader
Foto

Ислом ва аёл

Ислом дини бундан ўн беш аср муқаддам аёлни олий мартабага кўтарган. У бутун инсоният Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом тиллари билан «Жаннат оналар оёғи остидадир», «Ўз хотинига меҳр-шафқатли бўлган кишилар энг яхшиларингиздир»...,  дея эълон қилганлар. Исломда эркакларга ўз аёлларига яхши, хуш муомалада бўлиш, уларни урмаслик, илм олишларига ва динини ўрганишларига шароит яратиб бериш, таом, кийим, уй-жой ва рўзғор ашёлари билан таъминлаш, никоҳда маҳрини бериш каби кўплаб мажбуриятлар юкланган. Динимиз ҳатто уруш пайтида ҳам аёллар ва болаларни  ўлдиришни ман этган.

Ваҳоланки, Исломгача бўлган даврларда ва Ислом таълимоти етиб бормаган ўлкаларда яқин-яқингача аёлни инсон сифатида кўришмаган. Ийсо алайҳиссаломга Инжил нозил бўлган даврда ҳам аёллар ҳақ-ҳуқуқи камситилган. Ер юзида аёлга адолат билан қарайдиган бирорта жамият йўқ эди.

Масалан, қадим Ҳиндистонда аёл турмуш қуриш, мерос олиш ва бошқа ҳақлардан  маҳрум эди, эри ўлганда у марҳум эри билан тириклайин гулханда куйдириларди. Будда ўз эътиқодига эргашувчиларни аёлга қарамасликка, у билан суҳбатлашмасликка мажбур қилган. Месопотамиядаги шумерларда эридан ажрашмоқчи бўлган аёлни тириклайин дарёга отишган. Қадимги Юнонистонда ҳам аёл хор ва ҳақир саналарди, у бозорда олиб-сотиладиган мол каби бўлган. Юнон маданияти  чўққисига чиққани сайин аёлнинг аҳволи оғирлашган. Аёллар завқ воситаси ва  шаҳватларни қондирадиган бир эрмак ҳолига келган. Фарзанд кўриш мақсади йўқолган. Аёлларни эридан бошқа эркакларга қўшиш авжга чиққан. Юнон маданияти бундай ахлоқсизлик ва бузуқликлар туфайли тарих саҳнасидан тушиб кетган.

Қадимги Римда ҳам аёл ночор ва бахтсиз бўлган. Янги туғилган бола қиз бўлса, умумий  майдонга ташлаб келишар, уни ҳеч ким олмай очлик, ташналик, иссиқ ёки совуқдан ҳалок бўларди. Қизнинг мулк тутиш ҳаққи йўқ эди. Ўша даврдаги Рим аёли қаторасига бир неча бор никоҳланиб, эрлар ўртасида қўлма-қўл қилинарди. Никоҳсиз муносабатлар одатий ҳолга айланганди. Катта ахлоқ муаллимлари зинони оддий иш,  деб аташарди. Фаҳш ва эркин зино шунчалик тарқалгандики, бунинг оқибатида Рим империяси ахлоқий ва маънавий таназзулга учраб, барбод бўлди.

Аввалги яҳудийлар ҳайз кўрган аёлдан жирканишар, бирга ўтирмас, овқатланмас, бир хонада бўлишмасди.

Чин – Хитойда аёл инсон саналмас, ҳатто исм қўйишга орлари келиб, «Бир, икки, уч» каби рақамлар билан чақириларди.

Насронийлик дини аёлни «ифлос», «йўлдан оздирувчи», «иблиснинг қуроли» деган сифатлар билан «улуғларди». Айни насронийликдаги роҳиблик эътиқоди, яъни бўйдоқ ўтиш фикри аёл ҳақидаги манфий қарашларнинг натижаси эди.

Милодий 586 йили Франсияда ўтказилган бир анжуманда «Аёл инсонми ёки инсон эмасми?» деган масала муҳокама қилинган. Ўн саккизинчи аср поёнида Франсия инқилоби қулликни бекор қилиш ҳақида қонунни қабул қилар экан, «Бундан гўдаклар, телбалар, аёллар мустасно», деб қўшимча киритган.

Англияда аёллар Инжилга қўл теккиза олмасдилар. Фақат еттинчи асрга келиб, аёллар Инжил ўқий бошлашди. Инглиз қонунида аёл фуқаро саналмас, мулкдорлик ҳаққидан маҳрум эди. 

Аёлнинг мустақил мулкдорлиги ҳуқуқини Оврупа Исломдан ўн уч аср кейин тан олди.

Ислом келмасидан олдинги жоҳилият замонида Араб жазирасида ҳам аёлнинг ҳеч қандай  ҳақ-ҳуқуқи бўлмаган. Эркаклар беҳисоб уйланишар, жорияларини фоҳишалик қилиб пул топишга мажбурлашар, аёл зоти билан бир хонада ўтиришмас эди. Ўша пайтда Қурайш, Ҳинд каби қабилаларда қиз бола туғилса, тириклайин кўмиб юборишдек қабиҳ бир одат бор эди. Қиз туфайли йўқсиллик келиши ёки унинг оилага доғ тушириши, урушда асир тушиб номуси булғанишини ўйлаб шундай йўл тутишарди. Никоҳ, мулк тасарруфи, ахлоқ соҳасида уларнинг ҳуқуқлари поймол этиларди, иззат-нафслари камситиларди,  инсон сифатида хўрланарди.

Аёларни шундай оғир аҳволга солган ғайриисломий ўлкалар бугунга келиб ўз тўрваларини Ислом елкасига ортишга уринишади. Исломда аёллар ҳуқуқи  қайси соҳаларда поймол этилаётгани ҳақида соатлаб жўшиб-қайнаб баҳс юритишади. Эмишки, Исломда кўп хотинлик, аёлнинг тўрт девор ичига қамаб қўйилиши, «мажбуран» ҳижоб ўратиш, унга оилада қулдай қаралиши, эрига сўзсиз бўйсуниши, меросда улар эркаклар улушининг ярмини олиши кабилар аёлларнинг ҳуқуқи бузилаётганидан дарак берармиш. Бу даъволарни эшитган мусулмонлар ё мийиғларида жилмайиб қўйишади ёки Ғарбнинг «аёл ҳуқуқи» деган масалада нақадар саёз, бирёқлама ва калтабинларча фикр юритаётганидан афсусланишади.

Ислом мухолифлари кўп маломат қиладиган «кўп хотинлилик масаласи» ҳам қум устига қурилган уйдай таги бўш, асоссиз гаплардир. Ислом кўп хотинлиликни тарғиб этмайди, аксинча турли ижтимоий-сиёсий ҳолатлардан келиб чиқиб тўрттагача уйланишга  рухсат беради, холос. Қуръони карим улар ўртасида адолат қила олишга кўзи етмаганларни битта хотин билан кифояланишга буюради. «Энди агар (улар орасида) адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг)» (Нисо, 3).

Инсоният тарихидан маълумки, кўп хотинлилик Исломдан аввалда, жоҳилият замонида ҳам кенг урф бўлган. Ўнтагача уйланиш одатий ҳол эди. Масалан, ўрис подшоҳи Иван Грознийнинг тўққизта расмий хотини бўлган, ўнлаб канизаклар бунга кирмайди. Оврўпадаги ҳукмдорлар, аслзода ва бадавлат кишилар ҳам Иван Грознийдан қолишмаган.

Исломдаги эркакларнинг тўрттагача уйланиш ҳуқуқи эса бу – йўл берилган имконият, асло мажбурият  эмас. Статистикадан озгина хабари бор одам бу имкониятнинг асл моҳиятини осонликча илғаб олади. Эркаклар урушлар, бахтсиз ҳодисалар, оғир жисмоний меҳнат, касалликларга дош беролмаслик  каби омиллар туфайли оз умр кўрган, жамиятда сон жиҳатидан аёлларга қараганда ҳамиша кам бўлган. Шундай бўлгач, жуфтини топа олмаган аёл бир умр оналик бахтидан, севимли аёллик бахтидан мосуво ўтиши керакми? Бу унинг ҳуқуқи поймол бўлаётгани эмасми? Ёки аёллари «ҳурлик»ка эришган Оврўпадаги каби ахлоқсизлик, фаҳш, мунофиқликни жорий қилиш масаланинг ечими саналадими?  Эркаклари расман битта аёл билан никоҳда туриб, амалда ўнлаб аёл билан бемалол зино қилиб юрган Ғарб ўлкаларида аёлларнинг аҳволи мусулмонларникидан яхшироқми? Аёл учун оилали бир эркакнинг ҳуқуқсиз чўриси, пинҳона ўйнаши ёки атрофидагиларнинг нафратига учраган маъшуқаси бўлганидан кўра эрининг иккинчи, тўла ҳуқуқли хотини бўлгани яхши эмасмикин? Тимоти Ж. Уинтер ёзганидай: «Айрим парламент аъзоларининг котибалари иккинчи хотинларидир... Илгари ҳеч қачон жамиятда эркак ва аёл ҳар куни аралашиб ишламаган ҳамда  шайтон йўлдан уриши ва хиёнат учун имкониятлар шу даражада кўпайиб кетмаган эди, бу ҳолни ахлоқсизлик тарафдори  бўлган  журналист ҳам, сиёсатчи ҳам ва ижтимоий стратег ҳам кўрмаслиги мумкин».

Ғарбда аёллар тенг ҳуқуқлилиги (феминизм) учун олиб борилган узоқ курашлар аёлларга бахт-саодат, ҳуррият, оилавий фароғат ўрнига чексиз кулфат, бахтиқаролик, оналик саодатидан мосуволик ва хўрлик олиб келганини ҳеч ким инкор эта олмайди. Бир вақтлар асосий вазифаси уй-рўзғор ишлари-ю фарзанд тарбияси ва эрларини бахтиёр қилишдан иборат бўлган аёллар ҳозирги замонда жамиятнинг, оиланинг барча ташвиш ва муаммоларига эрлари билан баравар масъул, жавобгар бўлиб қолишди.

Улар ҳам эрлари каби ишхонада маълум вақт меҳнат қилишади. Кечқурун ҳориб-чарчаб, асабий ҳолда  қайтган аёлни энди уйда рўзғор юмушлари, эри ва болаларининг таоми, кийими, ўрнини ҳозирлаш каби ишлар кутади. Топган  пулини оиласига сарфласа ҳам майли эди.  У пуллар ўзининг тез тўзиётган, кун сайин «модаси» ўзгараётган кийим-бошидан, йўл кирасидан, тушлигидан, бошқа кам-кўстидан ортмайди. Хотинларининг ишлаётганини кўриб айрим танбалроқ эрларнинг «дангаса томирлари» тобора шиддатлироқ ура бошлайди. Ёки оилага бир йўлдан оқиб келаётган ризқ ариғи иккига бўлиниб, баракаси ўчади. Бундан ҳам даҳшатлироғи: оғир меҳнат билан банд бўлган бундай оналарнинг фарзандларини суюб-эркалашга, тарбияси билан шуғулланишга, оналик қилишга вақтлари бўлмайди.

Жамиятнинг тамал тоши она қўлидадир. Илк тарбия мактаби оила бўлса, унинг муаллимаси ва мураббияси онадир. Ҳуррият излаган, эркаклар билан ҳуқуқ талашаётган, турли намойиш ва мажлисларда, мода ва гўзаллик салонларида, қаҳвахона ва ресторанларда  ҳаётини совураётган  аёлнинг фарзандига тарбия қилиб берадиган, ўрнак бўла оладиган бирор фазилати бўлармикин?

Шарқ аёлининг «оғир қисмати», «фожеали ҳаёти», «тўрт девор ичида  қолиб  кетаётгани» ҳақида зўр бериб айюҳаннос солаётган Оврўподан, Ғарбнинг бошқа ўлкаларидан «Сизлар ҳурриятга эриштирган аёлларингизнинг аҳволи қалай?» деб сўрайдиган марднинг ўзи йўқ. Франсиянинг 1789 йилги инқилобида аёллар  ҳурриятини  талаб қилганлар аёл ва эркак тенг бўлсин, аёллар иқтисодий мустақил бўлсин ва эркин ҳаёт кечирсин, деган масалаларни ўртага қўйишган эди. Ўтган давр мобайнида Ғарб аёллари ана шу ҳуқуқларнинг ҳаммасига эришишди. Аммо оналик ва оила фароғатига мослашган аёллик фитратига хилоф бу мажҳул эркинликлар уларни бахтиёр қилолмади. Саодат ва ором-осойишталикка элтувчи фитрий вазифаларидан узоқлаштириб юборди. Ғарб аёллари жамоат ишларида қатнашиш, уй-оилада, фабрикада ишлаш, жамият кўнгилхушликларига берилиш, қаҳвахона ва базмларда қўшиқ айтиш ва рақс тушиш, эркаклар олқишини олиш учун гўзаллик танловлари ва бошқа кўнгилочар  тадбирларда қатнашиш билан аёллигидан ажради, ўзлигини йўқотди.

Масалан, биргина аёл хиёнати масаласини олиб кўрайлик: бу қабиҳ бузуқлик ҳамма жойда ҳам қораланмайди. Журналист Муҳайё Исмоилова ёзганидай, «шундай давлатлар борки, у ердаги эркаклар аёлининг хиёнатини билиб туриб ҳам яшайверади. Улар бу қилмиш сабабини ўзларининг иш билан жуда бандлиги, хотинига етарли эътибор бера олмагани, аёли рўзғор ташвишлари билан ўралашиб сиқилиб қолганида кўришади. Айби тушунилган ва кечирилган аёл ҳеч нарса бўлмагандай эри билан яшаб кетаверади, фарзанд кўриб, бирга тарбиялашади. Ҳозирча (худога шукр) асосан Ғарбга хос бундай тузум илдизи оила қуришдан асл мақсад нималигига бориб тақалади. Ғарб оила асосида муҳаббатнигина кўради. Эридан совигани учун ажрашмоқчи бўлаётган аёлни бир неча йиллик ҳамкорликдаги умр, ўртадаги болалар ҳам тўхтатиб қололмайди. Ва жамият ҳам аёлни оқлайди - севмаган кишинг билан яшашга не ҳожат. Болаларга сабаби тушунтирилади. Бирга ўтган умр учун ажрим вақтида аёлга суд эридан салмоқли маблағ ундириб беради. Шарқ дунёси эса хоин аёлга шафқатсиз муносабатда бўлади. Боиси – Шарқ кишиси насл давомийлигини таъминлаш учун оила қуради. У бўлажак аёлини севмаса ҳам яхши оиладан чиққани, тақводорлиги, солиҳалиги, тарбиялилиги, хуллас, ички ва ташқи гўзаллиги ўз талабларига уйғун келгани учун уйланади». 

«Эркин дунё» аёлларни хўрлаш, ҳаққини поймол қилишнинг янги-янги усулларини ўйлаб топди. Бора-бора аёллар ҳатто эрлар ишлашга кўнмайдиган оғир, зарарли ишларга жалб қилинадиган бўлди. Асфалт ётқизаётган, ҳайдовчилик қилаётган, қурилишда бетон қораётган ёки ғишт ташиётган, далада офтоб тиғида кетмон чопаётган, бокс тушиб футбол ўйнаётган замонамиз аёлларини кўриб, «бунақа эркинлик ва ютуқларга эришиш учун инқилоб қилиш шартмиди?» деб савол бергингиз келади. Ҳозирга  келиб аёл шахсияти шунчалик ерга урилдики, энди сармоядорлар ва заводчи бойлар бозори касод молларини ўтказиш, овоза (реклама) ва ташвиқ қилиш учун аёлларнинг юзидан, фақат эрлари кўришга ҳақли бўлган қоматидан ва пинҳона гўзалликларидан кенг фойдаланишмоқда.

Бугунга келиб, Ғарбда аёл бир кўнгил хушига, бир ҳовуч пулдор бузуқиларнинг эрмагига, ўтмас молни харидоргир қилиш воситасига айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Ана шу Ғарб бугун «гендер», «аёллар ҳуррияти», «оилани режалаш», «феминизм» деган сохта шиорлар, бузуқ мафкуралар ёрдамида ҳали булғанмаган, хорлик ва разолат ботқоқларига ботмаган Шарқ аёлини ҳижобидан, хонадонидан, оиласидан тортиб олишга уринмоқда. Бу йўлда барча имкониятларни ишга солмоқда. Асрлар бўйи эрларига итоат ва вафодорликни, ҳаё ва оилапарварликни ибодат даражасига кўтарган аёлларимиз – оналар, опа-сингиллар ва қизларимизни умр йўлдошларига  бўйсунмасликка, фарзанд тарбияси, оила, рўзғор деган «ортиқча даҳмазалар» билан ўралашиб қолмасликка, ҳамма соҳада эрлар билан тенг ҳуқуқли бўлишга тобора қаттиқроқ даъват қилмоқда. Улар ҳатто аёлларимизнинг қанча туғишларигача аралашмоқда. Оилани режалаш баҳонасида туғишни кескин камайтиришга чорламоқда, ҳаттоки ҳомиладорликни тўхтатишга керакли сунъий воситаларни текинга тарқатмоқда. Чунки дунёда мусулмон нуфузининг ортиб бораётгани, айни пайтда Ғарбнинг ўзида туғилиш тобора камайиб, кучлар нисбати Ислом фойдасига ўзгараётгани уларнинг пайтавасига қурт тушириб қўйган.

Бундай бузғунчилик ва фитналар самарасиз кетмади. Ҳатто иккинчи жаҳон урушининг машаққатларига, қаҳатчилигига чидаган айрим ўзбек аёллари бугун бозор иқтисоди қийинчиликларини рўкач қилиб, кўчага чиқиб кетишди. Ўз юрти қолиб, ҳатто хорижий ўлкаларда танфурушлик қилишмоқда. «Аёллар мардикорлиги» деган гапларга ўрганиб ҳам бўлдик. Фарзанд тарбияси, рўзғор, оила масъулиятини елкадан қўймаган айрим ўзбек аёллари бугун тонгдан оқшомгача бозордалар. Ҳаё, иффат, эрларга итоатда дунёга машҳур бўлган аёлларимиз бугун кўча-кўйда айниқса, бозорларда шалоқланиб сўкинишдан, беҳаёларча кийинишдан, тамаки чекишдан, ичкилик ичишдан, номаҳрам эркаклар даврасида базм-ишрат қилишдан асло уялмайдиган, ор қилмайдиган бўлиб қолишди.

Иқтисодий жиҳатдан мустақилликка эришган аёл ҳам негадир бахтиёр бўла олмаяпти. Аёл пул топа бошлагач, молиявий жиҳатдан эркакка қарамлиликдан «қутилди», эрига боғлаб турган битта ришта узилди.  Энди жинсий ҳаётдан ўзга уларни яқинлаштириб турадиган нарса қолмади. Айримлари эса ана шу сўнгги нажот арқонларини  ҳам шартта кесиб ташлаб,  ўзини «тўла ҳуррият» - фаҳш, зино ва кўча эҳтирослари қучоғига отди.

Бугун Ғарб дунёсида милионлаб ёш қизлар, аёллар турмуш қурмаслик фикридалар. Оила, эр, фарзанд уларнинг «бахтли» ҳаётига тўсиқ, даҳмаза эмиш. Эр-хотин ҳар хусусда бир-бирига эҳтиёжсиз бўлганидан кейин оила, никоҳ деган гапларнинг моҳияти қолармиди?! Бир Ғарб олими  таъкидлаганидай, «Зиёли аёллар бола боқиш учун «четга чиқиб қолиш»дан ҳазар қилмасалар-да, ҳақиқий зарар етказиб бўлинди. Оталарни бола боқиш ва уй беклигига қайтариш зафар қозонаётганга  ўхшайди».

Қуръони каримда: «(Эй аёллар), ўз уйларингда барқарор бўлинглар (яъни, бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар!» (Аҳзоб сураси, 33-оят), деб марҳамат қилинган. Бу аёл  учун энг шарафли жой –унинг  уйи, оила давраси дегани. Аёл учун оиланинг чароғбони, рўзғорнинг ишбошиси, фарзандлар тарбиячиси бўлишдан кўра фазилатли, савобли иш йўқ. Аёл жамоат  ишлари билан банд бўлиб, ўзгалар ишини қойиллатсаю ўз болалари бегона  энагалар ва боғча тарбиячилари қўлида, она меҳрига, эркалашига  зор-ташна улғайса, бундан кимга фойдаю, кимга зарар?!

Олимларнинг тадқиқотларига кўра, ўз онаси тарбиясини олган, унинг ғамхўрлиги, шафқатини ҳар қадамда ҳис этиб  турган болалар оналари бутунлай (!) ўзларини жамоат ишига бахшида қилиб, фарзандларидан узилиб қолган оналарнинг болаларига қараганда соғлом, ақлли, тарбияли ва кўнгилчан  бўлиб улғайишар экан. АҚШда қамалганларнинг ярмидан кўпи  она меҳрига тўймаган ёшлар бўлган.  Бугунги оналар учун бола тарбияси жамият ва рўзғор юмушлари олдида аҳамиятсиз нарса бўлиб қолмоқда. Аёлларга ҳар қанча ҳуқуқ  берилмасин, улар қанчалик юксак мақомларга эришмасинлар, агар болаларига яхши тарбия бермасалар, уларга ўзини, миллатини, динини, ватанини танитмасалар ва севдирмасалар, оналик, аёллик ҳаққини адо этмаган бўлишади. Зеро, Ислом олимларидан бири айтганидай, «Авлодларни вояга етказиш ва муносиб инсон қилиб тарбиялаш мақсад қилиб олинмаган никоҳ шунчаки бир айш-ишрат ва маишатдан бўлак нарса эмас. Бу никоҳдан келган болалар ҳам оний ўткинчи ҳирснинг қурбони бўлган бечоралардир».

Ўн тўққизинчи асрнинг машҳур олмон файласуфи Артур Шопенгауэрнинг қуйидаги надоматлари бугун ҳам долзарблигини йўқотмаган: «Табиат инсон зотини икки жинсга бўлиб, улар орасидаги чегара чизиғини қоқ ўртадан олмаган. Қадимгилар ва шарқликлар аёлларга айнан мана шу нуқтаи назардан қараганлар ва тўғри қилганлар. Ва аёлларга ўзининг ҳақиқий  жойини кўрсатганлар. Бизда эса кўҳна фаранглардай бачканалик билан, аёл қошида кулгили тарзда ўзимизни йўқотиб қўйишдек хусусиятларимиз билан  аёлларни шу даражада олифта ва безбет қилиб юбордикки, энди улар баъзан-баъзан ўзларининг авлиёсифатлигига ва ҳеч ким қўл теккизолмаслигига ишонч ҳосил қилган Бенареснинг эркатой табаррук маймунларини эслатадиган бўлиб қолишди». («Ёшлик» журнали, 1994 йил, 2-сон).

Ғарб мутахассислари ва аёллар ҳуррияти тарафдорлари таъна қилаётганидай, Ислом аёлларни  ижтимоий ҳаётда иштирок этишдан ҳеч қачон чекламаган. Ҳудайбия сулҳида мўминлар онаси, Расулуллоҳнинг завжаи мутоҳҳаралари Умму Салама давлат бошлиғининг бош маслаҳатчисига тенг вазифани бажарганлар. Мусулмон ўлкаларида муслималарнинг жамиятда юқори ўринларни эгаллаб, ҳатто давлат ва ҳукуматга бошчилик қилганлари ва қилаётганлари (масалан, Бангладеш, Индонезия, Покистон, Туркия, Ҳиндистонда) ҳақида мисоллар кўп. Аёллардан машҳур олималар, саркардалар, сиёсатдонлар, бошқарув идоралари раҳбарлари етишиб чиқмоқда. Шарқшунос Голдзихернинг ёзишича, ўрта асрлардаги муҳаддисларнинг ўн беш фоизи  аёллар бўлган, улар масжидларда дарс берган. Қоҳирадаги Сақлатуния  мадрасасида фақат аёллар  фаолият юритган ва мадрасани ўзлари маблағ билан таъминлашган.

Ислом аёлларнинг билим олишларига тўғаноқ бўлади, деган туҳматларнинг ҳам умри қисқа бўлиб чиқди. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) покиза завжалари  Ҳазрати Оишанинг (р.а. ) Ислом оламидаги энг улуғ фиқҳ ва ҳадис олимаси бўлганларининг  ўзиёқ ана шу иғво-уйдирмаларни пардай тўзғитиб юборади.  Мўминлар онаси Оиша Расулуллоҳдан (с.а.в.) жами 2610 ҳадис  ривоят қилиб, бу борада олдингилардан бўлганлар. Шогирдлари Урва ибн Зубайрнинг эътирофича,  Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ҳалол-ҳаром, араб тарихи ва насабшунослик, адабиёт каби соҳаларда бу зотга тенг келадиган олим бўлмаган. Ҳазрати Оишанинг аёллардан саксон саккиз шогирдлари бўлган. Расули акрамнинг яна бир завжалари Умму Салама эса ўттиз икки нафар машҳур муҳаддис аёлни етиштирганлар.

Машҳур фақиҳа ва муҳаддисалардан Робиъа бинти Муаввад, Умму Атиййа, Умра бинти Абдураҳмон, Умму Саламанинг қизлари  Зайнаб, Умму Абуд-Дардо, Фотима бинти Қайс каби ўнлаб олималарнинг номлари Ислом оламида маълуму машҳур бўлган. Саййида Нафиса Имом Шофеъийдек улуғ олим ва мазҳаббошига устозлик қилган.

«Булар аввалда бўлишган, ҳозирда Исломнинг аёллар таълимига муносабати қандай?» деган саволларга жавобан биргина маълумотни келтириб ўтиш  кифоя: Бугунги кунда Эрон Ислом Республикасида  олий ўқув юртлари  муаллималарининг  35 фоизи аёллардир, талабаларнинг 45 фоизини эса қизлар ташкил этади. Бу рақамлар Амриқо ва Оврупадаги айрим олий билимгоҳлардаги кўрсаткичлардан анча юқори, демакдир.

Ислом дини оғир, сермеҳнат ишларни эркакларга фарз қилган. Лекин мактаб, шифохона, туғруқхона, чеварлик корхоналарида  аёлларга тегишли баъзи ишлар борки, уларда ишлаш билан аёллар эрлар қатори  савобга эришишади. Ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан Ибн Обидин шундай деган: «Шуни билиш фойдалики, қайси бир иш аёлни эрнинг ҳаққини адо этишдан чекласа, бу хил ишлар ман қилиниши керак. Аммо зарар келтирмайдиган ишни ман этишда маъно йўқ. Шунингдек, бу иш доялик, тикувчилик, муаллималик, тарбиячилик каби фарзи кифоялардан бўлса, буни ҳам ман этиш тўғри эмас».  (Фотима Сулаймон қизи, «Аёлларга хос масалалар», Тошкент, «Мовароуннаҳр», 2003, 91-бет).

Ҳозирги давр шундайки, аёл киши кўчага чиқмай уйда ўтириб ҳам фарзандларига етарли, яхши тарбия  бера олмаяпти. Саккиз-ўн соат ишлаб келган аёл эса тарбия бериш  у ёқда турсин, кўпинча  фарзанди билан ўтириб  тузукроқ  гаплашишга  ҳам вақт ва тоқат топа олмайди. Муслима аёл ибодатларини ҳам ўринлатсин, фойдали меҳнат билан ҳам шуғуллансин, фарзандлари  ва эрига ҳам вақт топсин, оила фароғатини таъминласин. Эрлар эса, ҳозир урф бўлаётганидай завжаларини бозорларга, кўчаларга  чиқиб кетишига сабабчи бўлмай, ҳар қандай қийин шароитда ҳам  аёлини кийинтириш, таомлантириш, бошпана билан таъминлаш каби нафақа ва бошқа моддий эҳтиёжларини  қондиришни  зиммага олишлари керак. Динимизнинг талаби шундай! 

Тасаттур, яъни ўраниш муслималарга Қуръони карим ҳукми билан фарз бўлган. Аллоҳ таоло буюрадики: «Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар! (Нур, 31); «Эй Пайғамбар (алайҳиссалом), жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир)». (Аҳзоб, 59). 

Мусулмон аёлларга ўраниш амри ҳижратнинг тўртинчи йилида Мадинаи мунавварада нозил бўлди. Тасаттур ояти тушиши билан Пайғамбар алайҳиссалом уни асҳобга етказдилар. Саҳобийлар эса буни аёлларига хабар қилишди. Аёллар дарров газламалардан, ҳатто устки кийимларини қирқиб ёпинчиқ тайёрлаб олишди.

Бу ояти карима, илоҳий амр нозил бўлгунига қадар бутун Араб жазирасида ҳам, дунёнинг бошқа ўлкаларида ҳам аёл шаънини, оналик виқорини сақлайдиган тасаттур (ўраниш) йўқ ҳисоби эди. Аёллар кўкраклари, сон-болдирларини намойиш қилиб юришарди. У пайтда эркакдан чекиниш, тортиниш деган нарса йўқ эди. Аёллар уйларидан ясан-тусан билан безаниб чиқишар, яхши-ёмон эркаклар билан аралаш ўтириб суҳбатлашишар, беҳаёлик ва шилқимликлар одатга айланган эди. Тўғри, Исломдан аввал араб аёллари бошга рўмол ёпиниб олишарди. Аммо икки учини елкадан орқага ташлашгани учун гардан ва кўксилари очиқ қоларди.

Юқоридаги ояти карималар нозил бўлганидан сўнг балоғатга етган муслима аёлга ўраниш, эркакларга эса уларга шаҳвоний назардан йироқ туриш фарз бўлди. Буни инкор этган  кофир бўлади, иймонидан ажрайди. «Бир кун ўрарман», деган аёл кофир бўлмайди, гуноҳкорга айланади.

Аёллар нима учун ўранишлари керак? Энг аввало, Аллоҳнинг амр-фармонига бўйсуниб, унга бандалик қилиш, розилигини топиш ва эвазига охират мукофотига сазовор бўлиш учун! Чунки инсоннинг дунёга келиши ва яшашидан асосий мурод ҳам Аллоҳнинг ризосига эришишдир. Намоз, рўза, закот, ҳаж каби ибодатларимизни ҳам Аллоҳ ризосидан ташқари фойдасини кўзлаб қилсак, улар мақбул бўлмайди.

Бундан ташқари ўранишнинг бир қанча фойдалари, аёлларга қулайликлари борки, бу ҳақда батафсилроқ тўхталишга тўғри келади.

Тасаттур, ўраниш баъзи «замонавий» кишилар ўйлаганидек, аёлларни асиралик, қулликка солувчи тушов эмас. У аёлнинг манфаатига, ўз ҳаққига, ҳуқуқига,  ҳурриятига  тааллуқли нарса. Ҳижоб аёлни эрларнинг ёмон манфий, шаҳват аралаш назарларидан, ҳайвоний ҳирсларидан ҳимоя қилади. Ўранган аёл ўз жозибасини, иффатини, ҳаёсини ёмон назарлардан асраган бўлади. Ҳижоб билан у ёлғиз ўзигагина тегишли ҳуқуқини ҳимоялаган бўлади. Амриқолик бир шифокор Ғарб аёллари устида тадқиқот ўтказиб, улар ёш бўлишларига қарамай жозибаларини эрта йўқотганлари, ажинлари барвақт кўпайгани, гўзаллашиш ўрнига чиройлари бузилганини аниқлади ва буларга асосан эрларнинг шахвоний назарлари, яъни уларнинг назар орқали аёлга таъсир ўтказадиган манфий қувватлари сабаб бўлганини тасдиқлади.

Америкалик бошқа бир тери мутахассиси эса етмиш ёшли мусулмон аёлнинг териси 35-40 ёшли Ғарб аёлникидан гўзаллиги, ажин тушмагани, юзи ниҳоятда нурли эканидан таажжубга тушган. Тадқиқотларга кўра, Ғарб аёлларида кўп учрайдиган тери саратони (раки) хасталиги муслималарда деярли учрамайди. Мусулмон аёллари пардозда сунъий бўёқлардан фойдаланишмагани, зўриқиш (стресс)га дуч келиши ниҳоятда камлиги, қуёшнинг зарарли ултрабинафша нурларидан ва эрларнинг бузуқ назарларидан яхши ҳимояланишгани учун ёшлари кексайганига қарамай, чирой ва жозибаларини йўқотишмаган, хасталикка чалинишмаган. Ўша тери тадқиқотчиси шундай ёзади: «Машина чироқларидан таралган нурлар ҳашарот ва қуённи қанчалик беҳузур қилса, эркаклар назаридаги электромагнит тўлқинлар (алфа, бетта, гамма нурлари) аёлларнинг баданига ҳам шунчалик салбий таъсир кўрсатади». (Фотима Темур, «Тарихда хотин ва жилбоб», Истанбул, 1998, 112-бет).

Тасаввур қилингки, бир аёл мажлис ёки маъракага бормоқчи бўлса, қандай йўл тутади? Топдингиз: ясан-тусан, пардоз-андоз қилади. Энг яхши кийимларини кияди. Сочларини урфга кўра турмаклайди. Атир-упани мўл сепиб кўчага чиқади. Бу ишларни ўз уйида, эри учун камдан-кам қилади. У кўча учун ясанади. Мажлис аҳли эътиборини қозониш, бегона эрларга ёқиш, уларнинг ҳирсини қўзғаш, жалб этиш учун ўзига оро беради. Унинг бу қилиғи чорбозорчининг ўз молини кўз-кўз қилиб бозорга солганига ўхшайди. Унинг бу ҳатти-ҳаракати «Ҳой одамлар, мана бу ҳусну-жамолимга қарамайсизларми? Висол онларидан баҳраманд бўлишга рағбат кўрсатмайсизларми?» деб нафсларни васвасага солувчи, харидорини кўпайтиришга интилувчи беҳаёларнинг сатанглигига ўхшайди.

Бу ҳолатни мисрлик мутафаккир Сафиназ Козим чиройли таърифлаган: «Ўзининг назокатини жамоатчиликка намойиш қиладиган аёл «кўз билан ўғирлаш» деб аталувчи нарсадан (яъни кўз зиносидан–муаллиф эскартиши) зарар кўради. Нотаниш эркаклар унинг рухсатисиз рухсоридан баҳра олиши мумкин. Аёл жисмоний мавжудот сифатида юзини тўсиш орқали фақат оиласи ёки аёллар жамиятидагина ўз малоҳатини намойиш қилиш шарафига муяссар бўлади». Демак, ҳижобга замонавий ҳаётнинг ноқулай иқлим шароитида қўл келадиган ахлоқ ёмғирпўши деб қараш тўғрироқ бўлади. Аёл киши «умумжамиятнинг мулки» эмас, балки ўз эрининг ёри ва ҳамдамидир. Шунинг учун унинг чиройи, зийнатлари, нозу-карашмаси ва ясаниши фақат эрига тегишли бўлиши керак.

Аёлнинг гавдаси ва авратини яшириб, ўраниб юриши эрининг унга бўлган эҳтироси ва муҳаббатини орттиради. У ардоқли ва сирли, жозибадор ва мафтункор бир хилқатга айланади. Масалан, ёввойи қабилаларда аёллар қип-яланғоч юрганига қарамай, эрларида эҳтирос ва қизиқиш уйғотмайди. Улардаги эрлар ойига бир марта, баъзан ярим, бир йилда хотинлари билан тўшакни баҳам кўришади. Ҳомиладор ва янги туққан рафиқаларига эса икки йилгача умуман яқинлашишмайди.

Ёки курортлардаги қумлоқларда юрган яланғоч баданлар жалб қилувчилик кучини йўқотади. Қизиқиш уйғотмайди. Яланғочлик оддий нарсага айланиб, ҳеч қандай завқ-шавқ қўзғамайди. Шунинг учун ўранишни аёллар ҳаққига тажовуз, эркини бўғиш деб дод солаётган Ғарбда оилалар муҳаббат, шавқ-завқ, эҳтиросга ташна. Уларнинг бузилиб кетаётгани, эр-хотин ўртасидаги илоҳий никоҳ ўрнини ақлга сиғмайдиган муносабатлар –эркакнинг эркак билан, аёлнинг аёл билан қовушишлари тобора кўпроқ эгаллаётгани тасаттур инкор этилганининг аччиқ меваси эмасми? Шундай экан, аёл киши ўраниб-чирманиб, сирли, мафтункор ва суюмли бўлиб юргани маъқул эмасми?

Ғарб дунёси, қолаверса кўпгина мусулмон ўлкаларида ҳам ҳижобга қарши ҳар томонлама кураш олиб борилиши сабабларини ўрганиш ғаройиб хулосаларга олиб боради. Масалан, Туркияда ҳижоб масаласида бошланиб кетган можаролар айниқса кўп нарсани фош қилиб қўйди. Ислом душманлари учун ҳижоб Исломга қарши курашнинг бир шохобчаси, холос. Улар зарурат туғилганда сайловолди ташвиқотларида ҳижобли аёл суратидан бемалол фойдаланишади, нутқларини «аёл иффати ва назокати» ҳақидаги жимжимадор сўзлар билан безатишади. Аммо асл мақсадга келинганида эса ҳижоб улар учун атом бомбасида ҳам даҳшатли нарсага айланади. Бунинг сабаби оддий: ҳижоб мусулмон аёлларни оиласидан, динидан, боласи тарбиясидан, эрига итоатдан узиб олишда энг катта тўсиқ ҳисобланади. Ҳаёли, иффатли аёлни кўчага чиқариш, унинг бегоналар назаридан пинҳон сақланадиган жозибасидан ўтмас молини сотишда фойдаланиш, бузуқларнинг фаҳшга тўла эҳтиросларини қондиришга сафарбар қилиш каби режалар ҳижоб туфайли амалга ошмай қолиши мумкин.

Мусулмон аёлининг диндорлиги, ахлоқи, иффати ҳақидаги тушунчалар ёқаси очиқ ёки енги йўқ кўйлаклар, тор, калта, баданини кўз-кўз қилишга мўлжалланган либослар, очиқ-сочиқ, ҳаёсизларча кийинишлар билан асло келиша олмайди. Исломда кийим одам танасини намойиш қилиш, аёл гўзаллиги ва рухсорини бегона суқ назарларга хомталашга ташлаш учун эмас, ўраниш, авратини яшириш, жозибасини, чиройини фақат эри ва яқинлари билангина баҳам кўриш учун кийилади. Кийим жинсий майлни кучайтириш, шаҳватни қўзғатиш, фитна чиқариш учун эмас, аксинча нафсни тинчлантирмоқ, инсонни маънавий юксалтирмоқ учун ишлатилади.

Жамиятда таннозлик, сатанглик, кийинишда беҳаёлик, ўзгаларга жозиба улашиш авжга минар экан, у шармандаликка учрайди. Инқирозга юз тутади. Сўзак, заҳм каби расво хасталиклар кўпаяди. Аллоҳ бундай бузуқлар орасига СПИД каби бедаво ваболарни ёки Помпей, Садум ва Ғоморра ўлкаларининг аҳолиси бошига келгани каби улкан фалокатларни юборади. Замонавий тиббиёт киндигини мунтазам очиб юрган қизлар келажакда оналик бахтидан маҳрум бўлиши ҳақида ташвишланиб ёзмоқда. Бу кўргилик ҳам Аллоҳ томонидан уларга юборилган илоҳий жазонинг ўзгинасидир.

Бузуқлик жинини кўзасидан чиқариб юбориб, жойига қандай киритиш йўлини тополмай боши қотган Ғарб энди мусулмон оламини ҳам бу балога гирифтор қилиш учун бор ҳийла-найрангини ишга солмоқда. Бу худди оғир тузалмас дардга учраган одамнинг ўз касалини ғанимларига ҳам юқтириш учун уринишига ўхшаб кетади. Ана шу фитна ва разилликларни аниқ кўра-била туриб туриб ҳам Ғарбнинг ноғорасига ўйнашимиз, «аёллар хуррияти» ниқоби остида аёлларимизни очиқ-сочиқ қилишларига томошабин бўлиб туришимиз, маънавий хасталикка чалинган Ғарбнинг андозаларига ўзимизни мослашимиз керакми? Ваҳоланки, Ғарбнинг ўзида минглаб аёллар Исломни танлаб, ҳижобга киришаётгани маълум-ку.

Биргина мисол: Афғонистонда асир тушиб, Исломни қабул қилган британиялик журналист аёл Ивонка Ридлей «Стар» газетаси мухбири билан суҳбатда бундай дейди: «Ислом менга ҳижоб ўраш, ёвуз ва беҳаё назарлардан ҳимояланиш бахтини берди. Ислом ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди. Тобора куч тўплаётган «Respect» (Эҳтиром) партиясидан номзодимни Британия парламенти депутатлигига қўймоқчиман. Агар сайлансам, нафақат мамлакат парламентидаги ягона муслима, айни пайтда биринчи ҳижобли аёл бўламан»  («Ислам. Ру» сайти, 2005 йил).

Исломий тарбиядан чекиниш, ҳатто Ғарбнинг ўзи юз ўгираётган, беҳаёлик, бузуқликни тарғиб қилаётган «маданият» га эргашиш, «аёллар ҳуррияти» деган сохта назарияга маҳлиё бўлиб, аёлларимизни очиқ-сочиқ кўчага ҳайдаш миллатимизга қимматга тушмасмикин? Шу ўринда атоқли турк донишмандларидан бирининг қуйидаги огоҳлантиришини келтириш ортиқчалик қилмаса керак: «Эй ватанимиз ёшлари! Оврупаликларга тақлид қилмангиз. Чунки сизларга беҳад зулм ва душманлик қилганларнинг бемаъни ва пуч ғояларига асир бўлиб қолманг. Бундай қилсангиз, ўзингизни ва қардошларингизни  ўлдирасиз. Огоҳ бўлинг! Агар сиз уларнинг ахлоқсизлигига тақлид қилсангиз, ҳамият ва диёнат даъвосида ҳамиша ёлғончи бўлиб қолаверасиз. Чунки бу кўр-кўрона тақлидингиз миллатга нисбатан бир ҳурматсизлик ва миллатни менсимасликдир!...»

Аҳмад Муҳаммад