loader
Foto

Эрон билан ядровий битим бекор қилинди

Бомба ёки санкциялар



Ғарб мамлакатлари икки мингинчи йиллар бошидан Теҳроннинг маҳфий равишда ҳарбий ядровий дастурини ишлаб чиқараётгани ҳақида шубҳалана бошладилар. Ўшандан бери Теҳрон ва халқаро воситачилар олтилиги (АҚШ, Буюк Британия, Россия, Хитой ва Германия) ўртасида 2015 йилда битим тузилганига қадар Эрон расмийлари атом дастури мутлақо тинчлик характерига эга, деб таъкидлаш билан бирга МАГАТЭ инспекторларига ўзининг ядровий объектларига киришига тўсқинлик қилиб келганлар.

БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари бу таъкидларга ишонмай Эрон Ислом Республикасига нисбатан бир неча санкциялар пакетини жорий этдилар. Эронга нисбатан киритилган нефт эмбаргоси айниқса таъсирли бўлди. Эрон ва воситачилар олтилиги ўртасидаги битим барча санкцияларни босқичма-босқич бекор қилишни кўзда тутган. Бунинг эвазига Теҳрон инспекторларнинг барча ядровий объектларига йўлни 25 йил давомида очиб қўйишлари ҳамда юқори бойитилган уран ва қурол плутонийсини ишлаб чиқаришдан, ядровий объектларни қайта жиҳозлашдан воз кечиши керак бўлган. Битим тузилган пайтдан бошлаб беш йил давомида қурол эмбаргоси амал қилиниши кўзда тутилган. Эронга беш йил давомида баллистика ракеталари технологияларини етказиб бериш тақиқланган. Шартномани аср келишуви, деб атадилар, олдинги президент Барак Обама бу битимни ташқи сиёсатдаги ўзининг энг катта ютуғи деб ҳисоблаб келган. Санкцияларнинг бекор қилиниши Теҳроннинг минтақадаги таъсирини кучайтириб, ядровий бомбани махфий равишда ишлаб чиқариш имкониятини бериши мумкин, дея таъкидлаб келган Исроил давлати ушбу битимга қарши чиққан.



Битимларнинг энг ёмони



Доналд Трамп президент лавозимини эгаллаганидан сўнг бир неча бор 2015 йилда тузилган битимни бекор қилиши мумкинлиги тўғрисида билдириб келган. Унга кўра, битим Эронга ядровий бомбага эгалик қилишни абадий тақиқланмагани ҳамда баллистика ракеталари ишлаб чиқариш бўйича Эрон дастури муаммоларини ҳал қилинмагани учун бу барча имкониятли келишувларнинг “энг ёмони” бўлиб қолган.

Собиқ давлат котиби Жон Керри ва Эрон ТИВ Жавад Зариф ядровий масала минтақавий ва геополитик масалалардан алоҳида муҳокама қилиниши тўғрисида келишиб олишганди. Бу Эрон учун амалий чорадан кўра кўпроқ мураккабликларни олдини олишга имконият беруви шартга ўхшаб туради. Афтидан, Зарифга музокаралар давомида Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг минтақадаги фаоллигини муҳокама қилиниши ваколати доирасига киритилмаганга ўхшайди. Обама Сурияда Эрон билан қарши тўғридан-тўғри тўқнаш келишни истамагани учун бу масалаларни қавсдан ташқарида қолдиришга рози бўлди. Бостондаги Флетчер номли Ҳуқуқ ва дипломатия мактабининг эксперти Надим Шеҳадийга кўра, Обама битим имзоланиши учун кўп нарсага тайёр бўлган. – Натижада Эрон ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ироқ, Ливан, Сурия ва Яманда анча салмоқли ютуқларга эришди. Ушбу муҳим омилларнинг ҳаммаси Эронни иложи борича жиловда ушлашни истаган Исроил ва Доналд Трампни қониқтирмайди.

Гарчи МАГАТЭ инспекторлари 16 марта ўтказилган текширувлар натижасида Эрон битимнинг барча шартларини бажараётганини тасдиқлаётган бўлсаларда, Трамп икки бора Конгрессда Эроннинг ядровий келишув бўйича мажбуриятларини бажарётганига гувоҳлик беришдан бош тортди.  



Энди нима бўлиши мумкинлиги ҳақида



Германия канцлери Ангела Меркел, Британия бош вазири Тереза Мэй, Франция президенти Эммануэл Макрон ўн йилдан зиёд вақт давомида амалга оширилган ҳаракатларнинг натижасини йўққа чиқармасликни Трампдан илтимос қилишди. Россияга кўра, битимнинг бекор қилиниши Яқин Шарқдаги вазиятни янада таранглаштириб юбориши мумкин.

Экспертларнинг таъкидлашича, бу ҳолат Эроннинг ўзидаги барқарорликни ҳам издан чиқаиб қўйиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, бу мамлакатда яқиндагина оммавий норозлик акциялари бўлиб ўтганди. Эрон аҳолиси  Ҳасан Роухонийнинг президентликка сайланиши ва олтилик билан келишувга эришилишини мамлакат иқтисодиётини ёмон аҳволга солиб қўйган санкцияларнинг бекор қилинишига умид каби қабул қилган бўлиб, санкцияларнинг қайтарилиши жамиятни жунбушга келтириб юбориши мумкин.

Назарий жиҳатдан Эрон билан келишув АҚШ иштирокисиз ҳам амал қилиши мумкин (Келишувда агар иштирокчилардан бирортаси Эрон ўз мажбуриятларига амал қилмаётганини аниқласа, шартнома бекор қилиниши мумкин деган банд бор, бироқ Теҳрон бу борада ҳеч қандай баҳонага ўрин бермаяпти). Европа иттифоқи ташқи сиёсий маҳкамасининг раҳбари Федерика Могерини билдиришича, БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан қўллаб-қувватланган кўп томонлама келишув бир томонлама тартибда бекор қилиниш мумкин эмас. Агар Теҳрон келишув шартларига риоя қиладиган бўлса, Европа Американинг санкцияларида иштирок этмаслиги мумкинлиги тўғрисида хабарлар келиб турибди.  Европа мамлакатлари, Россия, Хитойнинг Эрон билан савдо келишувлари АҚШга қараганда анча ривожланган, бу эса Теҳронга бериладиган зарбани анча юмшатади.

Бироқ европаликларнинг америкага издошлик қилмаслиги оғир масала. “АҚШ иттифоқчиларининг сиёсий суверенитети жуда чекланган, шунинг учун улар ҳам битимдан чиқиб кетишлари мумкин, - дейди МГИМО қошидаги Ҳарбий-сиёсий тадқиқотлар марказининг директори Алексей Подберезкин. – Бундан ташқари, АҚШ иштирокисиз шартноманинг маъноси қолмайди. Теҳроннинг шартномага риоя қилмаслигига талайгина баҳоналар топилади, у ракета технологияларини етказиб бериш ва бошқа нарсаларни муҳокама қилишни бошлаши мумкин. Эрон ҳатто ядровий қуролни синаб кўришни истаб қолиши ҳам мумкин. Ана ўшанда оқибатлар жуда жиддий бўлади, можаро авжига чиқиб, уруш бошланиб кетиши мумкин”.

Экспертга кўра, “Исроил Эроннинг ядровий объектларига ҳужум қилиши, Эрон эса бунга жавобан Ормуз кўрфазида ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юбориши ва урушга Саудия Арабистонини тортиши мумкин”.

Интернет маълумотлари асосида

Абу Муслим тайёрлади

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Савдо битимининг бекор қилиниши