loader
Foto

...Катталаримизга итоат қилдик

Албатта, бу дунёда Аллоҳ таолога ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмаганидан кейин турли бошлиқларга ва «катта»ларга итоат қилган бўлади. Бу дунёда Аллоҳнинг айтган йўлидан юрмаганидан кейин, бошлиқларнинг йўлига юрган бўлади. Бу дунёда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларини қилмаганидан кейин, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олмаганидан кейин, турли «катта»ларнинг кўрсатганини қилган, ўшалардан ўрнак олган бўлади. Бу дунёда бошлиқлари ва «катта»лари унга ризқи рўз, обрў-мартаба ва бошқа керакли нарсаларни бераётган бўлиб кўринади. Ана ўша дунё матоҳлари илинжида уларга эргашади. Бу дунёда ўзига ўхшаган бандага-бошлиқ ва «катта»га банда бўлиб, расвои олам бўлиб ўтгани етмаганидек, охиратда иши яна ҳам чатоқ бўлади. Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди. Дўзахга тушади. Оловда юзлари айлантирилиб, куйдирилади. Аллоҳга ва Расулига итоат қилмаганга пушаймон бўлади. Яна бошлиқларига ва «катта»ларига итоат қилганига ҳам пушаймон бўлади. Бу пушаймонлари шунчалик кучлики, уни ичларида яшира олмай, нидо қилиб, Аллоҳ таолога айтмоқдалар:

«Эй Роббимиз, албатта, биз бошлиқларимизга ва катталаримизга итоат қилдик».

Қизиқ, бўлар иш бўлганидан кейин Аллоҳ таоло Роббилари экани ёдларига тушиб қолибди! Ҳам «албатта», деб сўзларини, эътирофларини таъкидлаб айтмоқдалар, қилган гуноҳларида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ эканини бўйинларига олмоқдалар.

«...биз бошлиқларимизга ва катталаримизга итоат қилдик».

Ўзимизча, уларга итоат этсак, мақсадга эришамиз, саодат соҳиби бўламиз, деб гумон қилган эдик.

«Бас, улар бизни йўлдан оздирдилар».

Улар ҳам бизга ўхшаган хом сут эмган банда экан. Ўз ҳавою нафслари, шаҳватлари тақозоси билан иш кўрар эканлар. Ўзлари адашгани етмаганидек, бизни ҳам йўлдан адаштирдилар. Ҳамма бало ўша бошлиқларимиз ва «катта»ларимизда. Шунинг учун:

«Эй Роббимиз, сен уларга азобдан икки ҳисса бергин...»

Ўзлари залолатда бўлганлари учун бир ҳисса, бизни ҳам залолатга кетгазганлари учун бир ҳисса.

«...ва уларни катта лаънатлаш ила лаънатлагин!» дедилар.

Эй Роббимиз, бизни ўзингга ва Расулингга итоат қилмаганимиз учун лаънатладинг, бу кичик лаънатлаш бўлсин, бизни йўлдан оздирган бошлиқларимиз ва «катта»ларимизни катта лаънатлаш ила лаънатла!

Кофирларнинг охират кунидаги ҳоллари шу. Мўминлар уларнинг бу ҳолатидан ибрат олишлари керак. Кофирларнинг бу дунёда қилган хатоларини улар қилмасликлари лозим.

"Тафсири Ҳилол"дан