loader
Foto

Ўзингдан кейин нима қолдирасан?

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Инсон дунёдан ўтганида унинг барча амаллари тўхтайди, аммо уч амали борки, улар ҳаргиз тўхтамайди. Бу амаллар – садақаи жория, манфаатли илм, ҳамда солиҳ фарзанд (Имом Бухорий).

Яқин вақтларгача, ҳаётда нима излаётгани ҳақида ўйланиб қолмагунча, мен бу сўзларнинг нақадар муҳим эканлигини англаб етмаган эдим. Буюк ишлар? Эътироф, шон-шуҳрат? Жамият томонидан маъқулланиш ва муваффақиятларим тасдиқланишими?

Лекин бу кейинчалик мени улар учун хотирлайдиган нарсалар эмас менга улар ўлимимдан кейин хизмат қиладиган нарсалар ҳам эмас.

Атрофдагилар билан бу мавзуда қанчалик кўп гаплашсам, ўша ҳадис ҳаёлимга келаверади. Эҳтимол, менимча, у ҳаётимиз меваларини қандай қилиб етиштириш ҳақидаги саволга энг тўғри жавоб бериши учундир.

Ҳар кунги меҳнатларинг мақсади нима?

Барчамиз у ёки бу шаклда муваффақиятга интиламиз. Кўпчиликнинг ҳисоблашича, бир куни келиб муваффақиятга эришган раҳбар, бизнес эгаси бўлиш, ипотекадан қутилиш, миллионер бўлиш ёки оддийгина қулайликда ҳаёт кечириш учун етарли бўлган миқдорда пул ишлаб топиш учун карьера пиллапояси бўйлаб тирмашиб, юқорига кўтарилиш лозим.

Туну-кун ишлайсиз, ўша ёлғондакам қадриятларга интилиб, фаол ҳаётнинг ярмидан ортиғини (ҳар ҳолда, кунига 8-9 соат) сарфлайсиз. Лекин у мақсадларга эришгач, бошқа интиладиган нарса қолмаганлигини ҳис қилиб етасиз, қўлдан чиқаёзган мақсаднинг ортидан қувиб ўтказиб юборган ҳаётдан ҳафсалангиз пир бўлади. Ахир нафақага чиқишингиз билан, ишлардан узоқлашасиз ва у билан боғлиқ ҳамма нарсадан маҳрум бўласиз. Боз устига, буларнинг биронтасини ўзингиз билан қабрга олиб кета олмайсиз.

Кимдир сизнинг бизнесни муваффақиятли юритганингиздан чин дилан миннатдор бўлиши эҳтимоли жуда паст. Ишдан кетишингиз билан бир неча ой ўтгач, сизни эсдан чиқариб юборишлари, ўрнингизни нафсонияти кучли бир раҳбар эгаллаши эҳтимоли катта. Агар сизни нима учундир ёдга олишса ҳам, бу қандайдир ютуқлар учун эмас, балки кимнингдир қалбига етиб борган эзугликлар, инсонпарварлик ҳаракатлар учундир.

Шундай қилиб, ноқулай бир саволдан қочиб қутулиб бўлмайди: мен ҳаётимнинг катта қимини нимага сарфлаяпман? Буларнинг ҳаммаси нима учун?

Мен бу саволни ўзимга бир неча марта берганман ва ҳар сафар юқорида келтирилган ҳадисни ёдга олганман.

Ҳар кунги меҳнатларингиздан нима қолади?

Ҳадисга кўра, инсон ўзидан кейин фақат уч нарса қолдириши мумкин: солиҳ фарзанд, манфаатли илм, ёки ўлимидан кейин ҳам узоқ вақт фойда келтирадиган нарсалар.

Ҳар бир киши фарзанд ҳақидаги сўзларни ички ҳис билан тушунади. Кўпчилик фарзанд кўрган ёки энди фарзанд кўриш истагида. Болалар сизни ёдда сақлайди, сиз учун дуо қилади, сизнинг хотирангизга қандайдир эзгу ишлар қилади, ва ўз навбатида, фарзанд кўради: шундай қилиб, сиз ҳақингизда хотира кейинги авлодларда қолади.

Лекин ҳатто одамнинг фарзанди бўлмаса ҳам, у ўзи ҳақида ҳали узоқ хотирлашларига сабабчи бўладиган ишлар қилиши мумкин. Юқорида келтирилган ҳадис бу ҳақида оддий ва тушунарли сўзлар билан ҳикоя қилади. Боз устига, у фарзанддан ташқари, инсонни ўзидан кейин ҳам яшашда давом эттирадиган икки нарса мавжудлиги ҳақида маълум қилади: бу билимлар ва одамларга фойда келтирадиган нарсалардир.



1. Манфаатли илм

Бир қарашда, одамлар билан ўлимингдан кейин ҳам фойда келтирадиган нарсаларни баҳам кўриш қийин бўлиб кўринади. Лекин аслида бундай эмас.

Бу инсон эзгу ният билан бўлишадиган ҳар қандай фойдали билим бўлиши мумкин. Бу бошқа бир киши учун яроқли бўлган шахсий ҳаёт тамойили ёки Қуръон ва Суннат сабоқларини қандай тушунишни бошқаларга тушунтириш ва шу тариқа анъаналарни тиклаш ва бошқаларни ҳам худди шу ишни бажаришга ундаш бўлиши мумкин. Бу бошқа бир инсон ўзига қурол қилиб оладиган хушфеъллик ва хушмуомалалик бўлиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, бу ҳар қандай – катта ёки кичик – фойда келтирадиган ва эзгу ниятларда ўртоқлашилган билим бўлиши мумкин.

Сиз китоб ёзишингиз, у ёки бу предметга нисбатан янгича қараш ёки янги бир ғоя билан ўртоқлашишингиз мумкин – булар ҳам атрофдагиларга яхши хизмат кўрсатадиган нарсалардир.

Агар янада кўпроқ нарсалар истайдиган бўлсангиз, маълум бир соҳада илмий тадқиқот ҳақида бош қотиринг. Айрим олимлар бутун ҳаётини одамларга уларнинг саволларига жавоб бериш учун сарфлайди.

Маслаҳат: тартибсиз равишда ахборот ўзлаштириш ва бошқалар билан баҳам кўришга киришишдан олдин, нима учун бундай қилишингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Ўйлаб кўринг, сиздан ҳар куни одамларга нималар тарқалади ва бу сизни ўлимингиздан кейин ҳам яхши сўзлар билан эслашларига хизмат қиладими?



2. Cадақаи жория

Узлуксиз садақа, яъни узлуксиз фойда нима? Ҳадиснинг араб тилидаги асл нусхасида бу «саадақа жария» деб аталади.

Инсон ҳаётидан анча узоқ муддат давомида фойда тарқатилишига хизмат қиладиган яна кўплаб муҳим фаолият турлари мавжуд.

Масалан, биронта ижтимоий аҳамиятга молик функцияни бажарадиган платформалар ёки институтлар. Ҳозирги пайтда бу ижтимоий корхоналар: белгиланган ижтимоий мақсадга хизмат қиладиган, бир вақтнинг ўзида фойда кўрадиган ва самарали компаниялар.

Улар фаолияти одамлар ҳаётига таъсир этадиган, тиббиёт ёки маълум бир технология билан боғлиқ бўлиши ёки бу ўзини оқлайдиган, фойда келтирадиган ва шу билан бир пайтда кам таъминланган шахсларга хизмат қиладиган оддий мактаб бўлиши мумкин.

Бироқ бу нотижорат ташкилоти бўлиши шарт эмас. Бу асосчиси кетганидан кейин ҳам фойда келтиришда давом этадиган муваффақиятли стартап бўлиши мумкин.



3. Ижтимоий-йўналтирилган институтларни ишга тушириш

Тўғри ташкил қилинган ва бошқариладиган институтлар биздан ҳам кўпроқ умр кўриши мумкин.

Агар мен шифокор бўлсам, пенсияга чиққанимдан сўнг ҳам муваффақиятли ишлай оладиган шифохонани ташкил этиш ҳақида ўйлашим мумкин.

Агар маълум бир соҳада кенг қамровли тадқиқотлар ўтказган бўлсам, тижорат фойдаси олиб келадиган стартап ҳақида ўйлашим ва тадқиқотларим натижаларини кенг оммага етказа олишим мумкин.

Агар ҳуқуқшунос бўлсам, камбағаллар ва бошқа ҳеч кимга мурожаат қила олмайдиган кишилар учун маслаҳатлар бериши мумкин.

Агар мен тадбиркор бўлсам ва эҳтиёжларнинг қамраб олинмаган аниқ бир жойини кўрсам, бу эҳтиёжни қондирадиган компанияни ишга тушираман.

Шахсий ҳиссангиз доирасидан чиқиш ва институт яратиш мақсадига эришилганда, унинг фаолияти сиз кетганингиздан сўнг ҳам давом этадиган ташкилотни яратишга имкон берувчи имкониятлар ҳам топилади.

Мен 2014 йил шундай онгли равишда қарор қабул қилдим. Бироқ халқаро муассасаларга ишлашнинг ўзи бир нарса, лекин агар уларни назорат қилмасангиз, натижаларингиз ҳавога учади. Мен уларни ушлаб туришнинг ягона йўли бу натижаларни сақлаб турадиган институтлар яратиш эканлигини тушундим. Ўша пайтда мени молиявий фаолиятга масъулиятли ёндашувни тарқатиш қизиқтирарди.

Натижада мен тадбирларни ташкил этиш, ҳамкорликни йўлга қўйиш ва маслаҳат бериш йўли билан масъулиятли молиялаштириш, ахлоқий инвестициялар ва исломий молиянинг турли шаклларини бирлаштирадиган «Масъулиятли молиялаштириш ва инвестициялар фонди» (RFI Foundation) ташкил этилишида иштирок этдим..

Кейинчалик мен ижтимоий йўналтирилган стартапларни қўллаб-қувватлаш орқали янада кўпроқ нарсани амалга оширишим мумкинлигини тушуниб этдим – шу тариқа бу каби стараплар инкубатори яратган ўхшаш фикрловчи кишилар гуруҳи пайдо бўлди. Умид қиламанки, у ўзининг ҳаётийлигини исбот қилади ва биз тўғри йўналишда ҳаракат қиляпмиз.

Маслаҳат: ихтисослигингиз ҳақида, қобилиятларингиз ва ресурсларингиз ҳақида ўйланг, сиздан ҳам кўпроқ умр кўрадиган институтларни яратиш учун уларни қандай қилиб қўллаш мумкинлиги ҳақида ўйланг. Лойиҳанинг миқёси ҳақида эмас, балки унга узоқ умрни таъминлайдиган барака борлиги ҳақида, сизнинг ишингиз ҳалол, мўмин, Аллоҳга маъқул келадиган бўлиш, яъни бу дунёда ва абадийда фаровонлик берадиган бўлиши ҳақида ўйланг.

Агар мен узоқ муддатли фойда келтирадиган ўз стартапимни ярата олмасамчи?

Бундай ташаббуслар - ўз ҳиссасини қўшиш ва ўзидан кейин хотира қолдиришнинг ягона йўли, деб айтмайман. Буни амалга ошириш учун зарур имконият ва ресурслар ҳаммада ҳам мавжуд эмас.

Мисол учун, мен яқинда ажойиб бир аёлга Бангладешда кам таъминланган болалар учун бепул мактаб очишга ёрдам бердим. Ҳозир мактаб хайр-эҳсонлар ҳисобига фаолият кўрсатмоқда. Мен ўзимга: «Менда фойда келтириши мумкин бўлган тажриба, билим ва имкониятларим бор», - дедим ва бирон бир ёрдам беришни таклиф қилдим. Мен қилган биринчи нарса, бу болаларни қўллаб-қувватлашни давом эттирадиган доимий ҳомийларни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали 80 нафар болани тарбиялаш ва боқишга ёрдам беришни фикран мақсад қилиб қўйдим. Умид қиламанки, янада кўпроқ иш қила оламан ва бу болаларнинг келажагига кўпроқ таъсир этишга кўмаклаша оламан. Кейинчалик, вақт ўтиши билан уларнинг олий маълумот олиши ва ўз навбатида, жамоаларининг ҳаётига таъсир кўрсатиши истардим.

Маслаҳат: Лойиҳани мустақил равишда бошқариш шарт эмас. Ким бошқараётгани ва бу кимнинг ташаббуси эканлигидан қатъий назар, унинг келажагига ҳисса қўшишингиз муҳим. Эзгу амалларингизни ҳеч қачон кичрайтириб кўрсатманг. Ҳар қандай ишда сиз абадий ҳаёт ҳақида тасаввурга эга бўлишингиз жуда яхши: ахир миқдорий ҳисса ҳақида эмас, балки унинг қанчалик узоқ муддатли бўлиши ҳақида жавоб беришингиз керак бўлади.

Сиздан кейин нима қолади?

Ҳар бир киши ўзидан кейин яхшигина мерос қолдириш учун бир талай имкониятларга эга. Бироқ бунинг учун дастлаб тез натижа олиш ҳақида ўйламаслик ва сиздан кейин ҳам умр кўрадиган нарсалар яратишга эътибор қаратиш лозим.

Иккинчидан, имкониятлар учун доим очиқ бўлиш лозим ва бунинг энг яхши усули – имкон қадар кўп сонли одамларга шундай имкониятлар излаётганингиз ҳақида гапиришдир. Бундан кейин эса фақат ҳаракат қилиш қолади – ишончим комилки, ҳар биримизда бунинг учун куч ва билим топилади.

Манба: Productive Muslim

Абу Муслим таржимаси