Ўтган пайшанба куни Қирғизистон парламенти прокуратурага собиқ президент Атамбаевга махсус депутатлар комиссияси томонидан тайёрланган ва қонун чиқарувчиларнинг кўпчилик овози билан маъқулланган айбловлар рўйхатини тақдим этди. Парламентар аъзоларининг фикрига кўра, у Бишкек ИЭМ модернизация қилишда коррупцияга, ерларни ноқонуний трансформация қилишга, қалбаки тиббий маълумотнома бўйича жиноятчи «авторитет» Азиз Батукаевни озод қилишга, ҳукуматни узурпация қилиш ва бошқа ғайриқонуний ҳаракатларга алоқадор. Сешанба куни бош прокуратура парламент комиссиясининг айбловларини қисман қўллаб-қувватлади.
Назорат органи Атамбаев ҳукуматни узурпация қилиш, журналистлар ва сиёсий мухолифларни таъқиб қилишга бевосита алоқадор эканига исбот топа олмади. Бироқ, бош прокуратуранинг фикрига кўра, депутатларнинг қолган айбловлари асоссиз эмас ва президент ҳаракатларида ҳақиқатда жиноят аломатлари бўлган.
Собиқ президентларни дахлсизликдан маҳрум қилишга имкон берадиган қонун 2019 йилнинг май ойидан кучга кирди. 12 июнь куни Жогорку кенеш Атамбаевга нисбатан бу жараённи бошлади.
Шу аснода, Атамбаевнинг Кой-Таш қишлоғидаги уйи яқинида унинг 400 га яқин тарафдорлари тўпланди. Уй олдига катта тошлар олиб келинган – айтишларича, қурилиш учун. Норозилик намойиши қатнашчилари парламент мажлисидан тўғридан-тўғри намойишни томоша қилишмоқда. Муайян режалар ҳақида тўпланганлардан бирон киши журналистларга хабар бера олмади, лекин айрим депутатлар «ҳамма нарса»га тайёр эканлигини билдирди. Прокурор Джамшитов одамлар тўпланганлиги жиноятлар ва ҳаракатлар Ягона реестрида қайд қилинганини айтди. Прокуратура баҳоларига кўра, собиқ президент тарафдорларининг ҳаракатлари жамоат тартиби учун хавф уйғотиши мумкин.
Атамбаевнинг ўзи парламент аъзоларининг айбловларини «бемаъни, тутуруқсиз» деб атади ва халқнинг олдида қалби тоза эканлигини, давлат раҳбари лавозимида бўлган пайти ҳар бир ҳаракати учун жавоб беришга тайёр эканлигини маълум қилди. Лекин шунга қарамай, бир неча кун аввалроқ у амалдаги президент Сооронбай Жээнбеков ташаббуси билан бошланган жараёнда судланувчи ролида ўтиришни истамаслигини айтганди. Шу билан бир пайтда, унинг маслаҳатчиси собиқ президент мамлакатни тарк этиш ниятида эмаслигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамизки, Атамбаев 2017 йил мустақил Қирғизистон тарихида ўз лавозимини кўнгилли равишда тарк этган биринчи президент бўлганди. Тергов Атамбаевнинг депутатлар қуйган айбловларда айбдор эканлигини исботлайдиган, суд эса уни айбдор деб топадиган бўлса, унга умрбод қамоқ жазоси таҳдид солади.