loader
Foto

Атом ва молекулаларнинг спектрлари (излари) худди одам бармоқ изларидек бир-бирига ўхшамайди

Бармоқ териси тўқималари кичик ҳужайралардан ташкил топган, ҳужайралар эса мураккаб кимёвий бирикмалардан (оқсиллар ва бошқа кўплаб бирикмалардан) ташкил топган. Биз оддий кўз билан кўришимиз мумкин бўлган терининг тузилиши одамларда бир-бирига ўхшамайди.

Одам организмида турли мураккаб органик ва ноорганик моддалар мавжуд. Сув, РНК, ДНК, гемоглобин, инсулин, турли витаминлар, калцийли тузлар, ош тузи ва бошқа кўплаб моддаларни келтириш мумкин. Ушбу мураккаб бирикмаларни ташкил этган элементларнинг асосийлари: углерод, кислород, водород, азот, фосфор, натрий, калций, темир, хлор ва бошқа кимёвий элементлардир.



Ушбу элементларнинг ўлчами жуда кичик (Å-ангстрем 10−10 метр яъни 1/10 млрд, 1 Å=0,1 нм тенг ва нм-нанометрларда 1/1 млрд). Ҳозирги замонавий асбоб ускуналарда атомларнинг ўлчами бир-биридан фарқ қилиши аниқланган. Бу элемент атомларининг ўлчами электрон микроскопда ҳам кўринмайди. Бармоқ изларини эса оддий кўз билан кўриш мумкин.

Илм-фанда аниқланишича ҳар бир атомнинг спектри (қоғозга ёки шунга ўхшаш турли пластинкаларга ёзиб олинган изи) бир-бирига ўхшамас экан. Бунга сабаб эса, моддалар ташкил қилган атомларнинг таркибидаги кичик заррачалар (протон, нейтрон, электрон ва бошқа заррачалар) сони хар хил эканлиги, турли хил атомлараро боғларнинг ҳосил бўлиши, бу боғларнинг табиатига ва бошқа нарсаларга боғлиқ. Буни янада осон тушуниш учун расмга (нуқталар) қаранг!

Баъзи элементларнинг ядроси атрофидаги электронлар (нуқталар билан белгиланган) сонининг турличалиги

Сув молекуласи ҳосил бўлиши

Водород (hydrogen-Н2) ва кислород (oxygen-О2) таъсирлашувидан сув молекуласининг ҳосил бўлиши.Водород (кўк ранг), кислород (қизил ранг) молекулалари.Кислородда 8 та, водородда 1 та электрон бор. Шунинг учун сув (water) молекуласидаги водород ва кислород атомларининг шакли турлича. Сув молекуласида водород ва кислород атомларининг ҳажми бир-биридан фарқ қилиши кўриниб турибди.

Илм-фан баъзт элементларнинг фақат битта кўриниши (изотопи) эмас, балки бир нечта кўриниши (изотопи) мавжуд эканлигини аниқлади. Одамларнинг эгизаклари (1, 2, 3, 4 та) бўлгани каби, бир кимёвий элементнинг табиатда учрайдиган турли (1, 2, 3, 4, 5, 6, 7 та)кўриниши (изотоплари, яъни буни соддароқ тушуниш учун эгизаклари деб олайлик) мавжуд.

Масалан: кислородда 3 та 16О, 17О, 18О массали изотоплари бор. Худди шундай хлорда (Cl) 2 та, углеродда (C) 2 та,темирда (Fe) 4 та, калцийда (Са) 5 та табиий изотоплар бор. Лекин баъзи элементлар фақат ягона изотопга эга! Масалан: фтор (F), фосфор (P), олтин (Au) ягона тури (изотопи) табиатда мавжуд.Энг ҳайратланарлиси битта элементнинг табиатда учрайдиган изотоплари ҳам ҳар хилизларни қолдириши маълум бўлди. Оддий ва биринчи кимёвий элемент водород. Бу элементнинг табиатда учта кўриниши (изотопи) бор. Массаси билан фарқ қилувчи 1H, 2H, 3H бўлган изотоплари. Буларнинг спектрини (қоғозга туширилган изини) замонавий асбоб-ускуналарда ёзиб олинганида, бир-бирини такрорламаслиги кузатилган.

Бу илм инсониятга ҳозирги кунда юксак натижаларга эришиш имконини бермоқда. Оддий мисол, ер усти ва ер ости табиий бойликлардан эҳтиёжимиз учун зарур моддаларни олаётганимизда, моддалар ва уларни ташкил қилган атомларнинг қоғизда ёзиб олинган изи турличалигига асосланади. Масалан: Янги метал кони топилганда, коннинг таркибидаги моддалар ўргнилади. Уларнинг қоғозда ёзиб олинган излари ҳар хиллигига қараб, кондаги металлар ва бошқа моддаларга ажратилади. Аниқланган моддаларнинг табиатидан келиб чиқиб заводларда тоза ҳолда ажратиб олинади.

 

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, нафақат одамларнинг бармоқ излари балки одам танасидаги жуда кичик нано ўлчамли заррачаларнинг (атомлар ва молекулаларнинг) спектрлари (излари) ҳам бир-бирига ўхшамас экан.

Шунинг учун бу илмга боғлиқ фанларни янада ривожлантириш, юксак натижаларга эришишимизга олиб келади.

 Шаҳобиддин Муҳаммад ўғли