Афсуски, унга тегишли бўлган ҳужжатларнинг катта қисми ўтган йиллар мобайнида йўқ бўлиб кетган, унинг қаламига мансуб ишларнинг айрим қисмларигина бизнинг кунларгача етиб келган. Бироқ, ҳатто унинг айрим сақланиб қолган ишлари – ер усти карталаш назарияси (унинг исмидан келиб чиқиб «Балхий мактаби» деб аталган) ва инсон руҳининг ҳолати ҳақидаги асари – бўйича ҳам унинг олим сифатидаги даражаси юқори бўлганлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин.
Ал-Балхий билим олишни эрта бошлаган – дастлаб ўз отасидан сабоқ олган, сўнгра ўша пайтлар маълум бўлган барча фан соҳалари бўйича билим олишга ҳаракат килган. Уни билган одамлар тортинчоқ ва мулоҳаза юритишга мойил шахс сифатида таърифлашган.
Тана ва руҳ учун фойда
Ал-Балхийнинг энг машҳур асари бу – «Тана ва руҳ учун фойда» (Масалих ал-абдан вал-анфус) ҳисобланади. Катта ҳажмли бу қўлёзмада Ал-Балхий дастлаб жисмоний саломатлик масалаларини кўриб чиққан, ишнинг иккинчи қисмида эса инсоннинг руҳий саломатлиги соҳасига бутунлай берилиб кетган. Таъкидлаш жоизки, инсон онги ёки руҳи у томонидан инсоннинг психологик ҳолати нуқтаи назаридан тавсифланган. Ушбу бўлим замонавий олимларда бир нечта сабабга кўра ва энг аввало, психология соҳасидаги заковати туфайли катта қизиқиш уйғотган.
Мисол учун, у ёзадики: «Агар нафс (инсон руҳияти) касал бўлиб қолса, унинг танаси ҳам қувонч топмайди, аксинча, азият чекади ва оғрийди».
Руҳий хасталиклар ва стресслар – бу инсон ҳаётининг табиий бир қисмидир
Ғарб дунёси психологик амалиётининг энг муҳим мақсадларидан бири касалликни нормаллаштириш (меъёр деб тан олиш) ҳисобланади. Ҳатто дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳам руҳий хасталиклар ёки депрессия ҳалигача қандайдир уятли бир нарса, психиатр ёки психологга мурожаат қилиш эса – эси пастлик ва ақлдан озиш белгиси ҳисобланади. Кўплаб одамлар билимсизлиги ёки нодонлиги оқибатида бундай ҳолатларга олдиндан тахмин қилиб янглиш равишда муносабатда бўладиган мусулмон дунёси ҳақида нима дейи мумкин. Руҳий хасталик гуноҳлар учун жазо, савдойилик, жин урганлик ёки одамда имон етишмаслиги аломати ҳисобланади.
Шу сабабли бундай касалликлардан муваффақиятли даволаниш учун инсонни унинг касаллигида ҳеч қандай қўрқинчли ва уятли нарса йўқлиги ҳақидаги фикр билан тинчлантириш муҳим аҳамият касб этади. Ал-Балхий эса бу касалликларни бундан минг йиллар олдин инсон ҳаётининг табиий бир қисми деб тушунтиришга ҳаракат қилган.
Тана ва руҳий ҳолат боғлиқлиги
Ал-Балхий замонавий тиббиётда табиий ва ўз-ўзидан тушуниладиган ҳолат деб саналадиган тана ва руҳий ҳолат ўртасидаги боғлиқлик мавжудлиги ҳақида мустақил равишда хулоса чиқарган. Унинг ёзишича:
«Тана оғриганда одамнинг ўқиши (ёки бошқа бир ақлий фаолият билан шуғулланиши) қийин ва аксинча, руҳ азият чекканда тана ҳузур олиш қобилиятидан маҳрум бўлади ҳамда азият чека бошлайди ва касал бўлиб қолади».
У, шунингдек, психосоматик касалликлар (яъни оғир руҳий ҳолат – безовталик, депрессия ва х.к. билан изоҳланадиган тана касалликлари) реаллигини тан олади: «руҳий оғриқ тана касалликларига олиб келиши мумкин». Бу кашфиётни ундан кейин форс шифокори Хали Аббос ривожлантирган бўлса-да, ғарб тиббиётида фақат XIX-XX асрда қабул қилинган.
Когнитив терапия
Ал-Балхий услубиятининг энг катта таассурот қолдирадиган жиҳати когнитив терапия (инсонни тўғри фикрлаш ва салбий фикрлардан халос этишга ўргатиши кўзда тутилган услубият – таржимон изоҳи) ҳисобланади. Ўз асарларида у инсон фикрларини ўзгартириш учун, демак, унинг ҳолати ва хулқ-атворини яхшилашга олиб келадиган суҳбат терапияси қўлланишини асослаб беради.
Уни депрессиядан даволаш замонавий психотерапия ғоялари билан мос бўлиб тушади, у «инсонга қувонч бахш этадиган юмшоқ ва умидлантирувчи суҳбатлардан» фойдаланишни тавсифлайди. Шунингдек, у мусиқий терапия ва инсонга ижобий таъсир этадиган бошқа таъсир турларидан фойдаланишга чақиради. Ҳаяжонга тушган ёки нимадандир қўрққан одамни даволаш учун Ал-Балхий унга ўз қўрқувини енгишга ёрдам берадиган ижобий таскин топишдан (замонавий аутотренинг каби) фойдаланишни тавсия этади.
Ал-Балхий шунингдек, бундай одамга ўз муаммоларини дўстлари ёки ўзи ишониши мумкин бўлган бошқа одамлар билан муҳокама қилишни маслаҳат беради. Гарчи муаллифнинг ўзи мияга ўрнашиб қоладиган фикрларни шайтон одамга сингдириши мумкин деган тахминга йўл қўйсада, унинг маслаҳатлари муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш усулларига йўналтирилади. Шуниси муҳимки, унинг фикрига кўра, ҳаттоки безовталик, депрессия ёки мияга ўрнашиб қоладиган бошқа ҳолат иблис билан боғлиқ бўлса ҳам, когнитив ечимга мурожаат қилиш зарур.
Ифодалар аниқлиги
Депрессия ҳолатининг ўзи қадимги юнон шифокорлари томонидан Ал-Балхийдан олдин тавсифланган. Лекин у, афтидан, ташқи омиллар ёки ҳолатлар (бахтсизлик, яқин кишининг касаллиги, йўқотиш ва ҳ.к.) билан изоҳланадиган депрессия ва ички биокимёвий омиллар (касаллик, организмда маълум бир моддалар ёки витаминлар етишмаслиги) натижаси бўлган депрессия – ҳозирги кунда органик депрессия деб аталадиган депрессияни бир-биридан ажратган биринчи муаллиф бўлган.
Ал-Балхий таърифлаган обсессив-компульсив касаллик ушбу мияга ўрнашиб қоладиган ҳолатнинг ҳозирги тавсифига тўлиқ мос келади. Замонавий психиатрия уни «инсон хавотир, мияга ўрнашиб қоладиган ва ёқимсиз фикрлар кўринишида ҳис қиладиган, инсонга норозилик ва дард-азоб етказадиган, доимий ёки такрорланувчи фикрлар, хоҳишлар ва импульслар» сифатида таърифлайди.
Бу Ал-Балхий берган таърифга жуда ўхшаб кетади:
«Ҳақиқатга мос келмайдиган, жаҳлни чиқарадиган фикрлар. Улар одамга ҳаётдан роҳатланиш ва ўзининг кундалик фаолияти билан шуғулланишга халақит беради. Унинг фикрни бир ерга жамлаш қобилиятига таъсир этади ва турли ҳаётий вазифаларни бажаришга халақит беради. Бу ҳолатга тушган одамлар доимо ёқимсиз ва уларни қўрқитадиган фикрлардан ташланади ва исталган пайт турли ёқимсизликларни кутади».
Одамнинг мияга ўрнашиб қолган фикрлардан халос бўлиш истагини тавсифлаб, Ал-Балхий одам «бундай фикрлар, хоҳишлар ёки образларни писанд қилмаслик ёки бостиришга ҳаракат қиладиган» бу ҳолатнинг замонавий тавсифини деярли сўзма-сўз такрорлайди. Ал-Балхий шунингдек, бу ҳолатдан азият чекадиган ҳолати ҳақида қуйидагича ёзади:
«яна нимадир ҳақида ўйлашга қодир эмас, ҳаётдан ҳузур-ҳаловат олиш ёки асосий эътиборни бошқалар унга нима дейишига қаратиш учун хаёлий кўнгилсизликлар билан ҳаддан ташқари банд. Бу фикрларни ҳайдашга ҳаракат қилган ҳар сафар ташвишли фикрлар уни тарк этмайди ва унинг ақл-ҳуши устидан назоратни ушлаб туради».
Хулоса
Ал-Балхийнинг асари, шак-шубҳасиз, ўз давридан агар минг йилларга бўлмаса ҳам, асрларга ўзиб кетган. Унинг мияга ўрнашиб қоладиган ҳолатини батафсил таърифлаш, бир неча хил депрессия турларини ажратиш, одамнинг жисмоний ва руҳий салматлиги ўртасидаги боғлиқликни тан олиш унда инсон психологиясини тушуниш ҳайратда қоларли даражада бўлганини кўрсатади.
Унинг ўқувчилари қайд этиши мумкинки, Ал-Балхий доимо моддият ва маънавият ўртасида мувозанатга риоя қилади, бу эса унинг замонаси учун хос эмасди: инсоннинг барча руҳий ва маънавий муаммоларини ёвуз жинлар, гуноҳлар, имони заифлиги таъсири оқибати билан баҳолаш ўрнига у фан тилига мурожаат қилади, лекин маънавий воқеликнинг инсон психологик ҳолатига таъсирини инкор қилмайди.
Афсуски, бу мувозанат кўпинча замонавий психологлар эътиборидан четда қолиб кетади, улар киноя билан айтганда, сувни бола билан бирга тўкиб юборади: илмий жиддийликка эришишга интилиб, маънавий ва ғайритабиий нарсаларни одам ҳаётидан тўлиқ чиқариб ташлайди.
Ал-Балхий асарларидан мусулмонлар олиши мумкин бўлган энг муҳим сабоқ: бу диний билимлар ва биз ҳозирда дунёвий фанлар деб атайдиган нарсалар ўртасидаги уйғунликдир. Ҳам диний, ҳам дунёвий билимларни эгаллаб олишга интилиб, улар ўртасида оқилона мувозанатга риоя қилади, гарчи кўплаб замонавий олимлар, фан ва дин ўртасидаги чегарани тушунмаслик оқибатида бунга эришиш мумкин эмас деб ҳисоблайди.