loader
Foto

Умрачиларга 10 маслаҳат

1. Уйга вазифа

Макка и Мадина ҳақида кўпроқ нарса билиб олинг. Умра ҳақида кўпроқ нарса билиб олинг. Мен сафарга тайёргарлик кўрганимда, Ҳаж ва уни амалга ошириш афзалликлари ҳақида турли китобларга дуч келдим. Лекин шунга қарамай, Умра ҳақида маълумот топишим осон бўлмади. Албатта, Ҳаж ҳақидаги китобларда Умра ҳақида кичик матнли парчалар бор эди, лекин бу менинг кўпроқ билиб олиш истагимни қондирмасди. Якуний ҳисобда менинг қўлимга «Умрага асосий гид» номли яхши бир китоб тушиб қолди. Сизларга бир китоб орқасидан бошқасини реклама қилиш ниятим йўқ, фақат сиз нималарни бошдан кечириш арафасида эканингиз билан танишиб чиқишни маслаҳат берган бўлардим.

Шунингдек, паспорт ва бошқа муҳим ҳужжатлардан нусха олиб қўйинг ва уларнинг электрон нусхаларини электрон почта орқали яқинларингизга юборинг. Шунда бирон-бир кутилмаган вазиятлар учун сизда ҳужжатлар нусхаси бўлади.



2. Дўстинг ким эканлигини айт ва мен сенинг ким эканингни айтаман

Агар сиз гуруҳ таркибида сафарга чиқмоқчи бўлсангиз, уларнинг яхши одам эканликларига ишонч ҳосил қилинг. «Дўстинг ким эканлигини айт ва мен сенинг ким эканингни айтаман». Бу ҳақиқатдан ҳам муҳим, айниқса, сиз муқаддас жойларда бўладиган пайтда. Яхши компания зиёратингиз қандай ўтишига кучли таъсир кўрсатиши мумкин.

Агар сизнинг компания ал-Харам масжидида Таҳажжуд намозини ўқиш ва қўшимча Тавоф қилишга ундасачи? Ёки бўлмасам, улар кечаси соат 2 да сизни Макдоналдсда 4000 калория истеъмол қилишга ундаши ва шу тариқа сизни «овқат шоки»га ва фажрга кўтарилишда қийинчиликка учратиши мумкин.



3. Эҳром қоидаларини ўрганиб олинг

Одамлар ўзлари билмаган ҳолда бузиб қўйиши мумкин бўлган айрим қоидалар бор. Масалан, шуни билиб қўйган яхшики, эҳром ҳолатида хушбўй совундан фойдаланишингиз мумкин эмас, шу сабабли сафарга чиқиш олдидан хушбўй ҳидсиз совун топишга ҳаракат қилинг. Яна бир қоида: бошингизни эҳромингиз билан ёпманг (эркаклар учун). Шунинг учун, ҳаттоки жуда иссиқ бўлган тақдирда ҳам, қуёшдан пана қилиш учун сочиқ ёпинманг. Яна бир савол: эҳром ҳолатида авратни ёпиш жуда муҳим. Эҳромдалигингизда ҳеч қаерингиз очилиб кетмасин, иншаллоҳ, эҳтиёт бўласиз.



4. Сартарошхонада гигиена

Умра якунланганидан сўнг эркаклар ва аёллар учун сочини кестириш мажбурий ҳисобланади. Эркаклар сочини бутунлай қирдириб ташлашни истамаса, уни калта қилиб қисқалатиши мумкин.

Агар сочингизни тўлиқ қирдириб ташлашга қарор қилган бўлсангиз (бу тавсия ҳам қилинади), сартарош сиз учун янги устара ишлатаётганига ишонч ҳосил қилинг. Бу Саудия Арабистони ҳукуматининг талаби бўлиб, кўпчилик сартарошлар унга риоя қилади, лекин шунда ҳам, эътиборлироқ бўлиш ва сартарош устарага янги тиғни сизнинг кўз ўнгингизда қўйганига ишонч ҳосил қилган маъқул. Ахир сиз қон орқали юқадиган касалликлар, масалан, гепатит С юқтириб олишни истамайсиз.

Аёллар Каъба ёнида сочларини кестирмасликлари лозим. Меҳмонхонага қайтишгача сабр килинг, фақат шу ердагина ҳижобни ечиб, соч олдиришингиз мумкин. Умрани тезроқ тугатиш учун камтарликни қурбон қилманг.



5. Ўзингиз билан вазелин олинг

Бу эркаклар учун маслаҳат. Эҳром ҳолатида бўлганингизда, ичкийим киймайсиз. Тез-тез ҳаракат килиб юрганда оёқларингиз ишқаланиб кетади, вазелин эса бу ҳолатда вазиятни юмшатиши мумкин.



6. Ар-Раудага ташриф буюриш

Мадинада ар-Раудага ташриф буюриш учун энг яхши вақт – тунги пайтдир. Ар-Рауда Мадинадаги Расулуллоҳ (с.а.в.) масжидида Жаннатнинг бир парчаси саналади. Уни тўшалган яшил рангли гиламлар бўйича аниқлаш осон, лекин фойдаланиш осон эмас. Бу ерда намоз ўқишни ният қилган кўпчилик ар-Раудада кичик бир жой учун талашади.

Мадина аҳли билан суҳбатдан кейин мен ар-Раудада ибодат қилиш учун энг яхши вақт (эркаклар учун) тунги вақтдир, деб топдим. Агар сиз хуфтон намозидан кейин бир неча соат ёки бомдодгача бир неча соат кутиб турсангиз, бу вақтда ар-Раудада беҳаловатлик камаяди ва сиз осонгина намоз ўқиб олишингиз мумкин бўлади, бошқа исталган пайт кузатиладиган шовқин-суронсиз, хотиржамликда фикрлаш учун етарлича вақт бўлади.



7. Мадинада тарихий жойларга ташриф буюриш

Менинг фикримча, тарихий жойларга ташриф буюриш учун энг яхши вақт тонгги пайт, кун чиқиши ва пешин намоз оралиғидаги вақт ҳисобланади. Сиз Ухуд жанги бўлиб ўтган жой ёки биринчи масжид ҳисобланган, Расулуллоҳ (с.а.в.) қурдирган Куба масжиди каби жойларга ташриф буюришингиз мумкин.

У ерда бўлганингизда, Куба масжидида 2 ракаат намоз ўқиш ва битта Умрага тенг мукофот олишни ёддан чиқарманг.



8. Қариндошлар билан алоқа

Агар сизда смартфон бўлса, унга WhatsApp, Viber ёки MagicJack ўрнатинг, шунда сиз деярли барча меҳмонхоналарда тақдим этиладиган бепул WiFi орқали уйга бемалол қўнғироқ қилишингиз мумкин. телефонни парвоз режимига ўтказинг ва WiFi ёқинг, шунда сиздан роуминг учун тўлов олинмайди.



9. Одамлар билан мулоқот килинг

Одамлардан уларнинг қаерлик эканликларини сўранг. Мен ўзим умуман кутмаган мамлакатлардан келган одамларни учратганман. Макка ва Мадина дунёнинг исталган бурчагидан одамлар келадиган муқаддас жойлар ҳисобланади. Сиз қачондир Озарбайжон ёки Мавританиялик одамларни учратганмисиз? Сиз, албатта, ажойиб динимизнинг ажойиб биродарлигидан илҳомланасиз.



10. Дуо қилинг

Айтиш осон, қилиш анча қийинроқ. Ўзингиз учун, бошқалар учун, бутун уммат учун дуо қилинг. Сизга улуғ неъмат тақдим этилди – муқаддас ерларга ташриф буюриш, шундай экан, бу ажойиб имкониятдан фойдаланиб қолинг ва кўпдан-кўп дуо қилинг, иншаллоҳ.

 Аллоҳ таоло зиёратингизни қабул қилсин, омин!

Абу Муслим таржимаси