Вақти-вақти билан Ислом тарихининг турли даврларида мусулмонларнинг анъанавий қарашлардан фарқли бўлган ҳамда динга янгича радикал талқин берадиган янги гуруҳлари чиқиб турган.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу даврида пайдо бўлган гуруҳлардан бири хаворижлар фирқасидир. 656 йилдан 661 йилгача улар жуда қаттиқ хуруж қилиб, ҳаттоки ҳарбий-сиёсий тартибсизликларни келтириб чиқарди.
Мазкур диний-сиёсий фирқа радикал сиёсий позицияларда анча ғулувга кетиб, ўзлари ва аксар мусулмонлар ўртасида келишиб бўлмайдиган ихтилофларни юзага келтирди. Хаворижлар мусулмон оламида ҳеч қачон йирик сиёсий ёки диний кучга қодир бўлмаса ҳам, ўз вақтида айрим таъсирларини юзага чиқариб турди. Ислом оламининг бир ярим асрлик тарихи давомида уларнинг мафкуралари янги чиққан бошқа экстремистик гуруҳлар тарафидан нусха қилиб олиниши кузатилмоқда.
Ташкил топиши
Ҳижратдан 35 йил ўтиб, 656 йили мусулмонлар халифаси ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид бўлди. Қотиллар мисрлик аскарлардан бўлиб, улар Миср амири билан ўрталаридаги келишмовчиликдаги Усмон розияллоҳу анҳу чиқарган ажримдан норози эдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўзидан олдинги халифалар каби ўзидан кейин ким халифа бўлиши ҳақида ҳеч қандай кўрсатма бериб кетмади (Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзидан кейин Умар розияллоҳу анҳуни, Умар розияллоҳу анҳу эса ўзидан кейин бу ишни олти номзод ўзлари ҳал қилиши ҳақида тайинлаб кетган эди).
Мадинани эгаллаган қотиллар янги халифа этиб Алий розияллоҳу анҳуни сайламоқчи бўлишди. Табиийки, ҳазрати Алий розиллоҳу анҳу қотиллар қўлидан "мансабни" эгаллашни истамади. Чунки халифаликни қотиллар қўлидан қабул қилиб олиши қотилларни қўллаб-қувватлаш дея талқин этилиши мумкин эди. Бу албатта ҳақиқатдан жуда йироқ эди, чунки исёнчилар Усмон розияллоҳу анҳунинг уйларини қамал қилганларида Алий розиллоҳу анҳу ўзининг ўғилларини Усмон розияллоҳу анҳуни ҳимоя қилишга юборган эдилар. Бироқ Мадинанинг эътиборли кишилари Алий розияллоҳу анҳу умматни бошқариш учун энг яхши номзод эканини айтганидан сўнг Алий розияллоҳу анҳу ўзлари истмаган ҳолда бу оғир маъсулиятли ишни бўйинларига олиб, Ислом мамлакатининг тўртинчи рошид халифаси бўлди.
Бу қарорга қарши чиққанлар ҳам бўлди. Шом вилоятининг амири Муовия розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг қариндоши эди. У агар Усмон розиллоҳу анҳуни шаҳид қилган фитначиларни жазоласа, Алий розияллоҳу анҳуга байъат қилажагини айтди. Бироқ ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу, бундай қилишни уммат манфаати учун хизмат қилмаслиги мумкин деб ҳисоблади. Албатта, Алий розияллоҳу анҳу фитначиларни қўллаб-қувватламаган, бироқ уларни жазоласа янада катта фитна чиқиб, мусулмонлар ўртасида қон тўкилиши ҳамда ёш давлат қийин аҳволга тушиб қолиши мумкинлигининг мулоҳазасини қилган.
Бироқ Муовия розияллоҳу анҳунинг Алий розияллоҳу анҳуни тан олмаслиги халифаликнинг энг ривожланиб, гуллаб-яшнаган вилоятидан маҳрум қилар эди. Муовия розияллоҳу анҳу Шомда катта обрўга эга бўлиб, бу вилоятни Умар розияллоҳу анҳу давридан бери бошқариб келаётган эди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу эса Ироқ, хусусан, Куфада катта обрўга эга эди. Унинг тарафдорлари Муовия розияллоҳу анҳунинг байъат қилмаганидан ҳайратга тушди.
Мусулмонлар бир-бирлари билан урушиб кетмаслиги учун Муовия розияллоҳу анҳу ва Алий розияллоҳу анҳу тарафдорлари ҳакамлар ёрдамида муаммони ҳал қилмоқчи бўлишди.
Бироқ Алий розияллоҳу анҳунинг баъзи тарафдорлари Усмон розияллоҳу анҳунинг қотилларига жазо бермасликка ҳаққи бор деб қаттиқ ишонгани билан, Алий розияллоҳу анҳунинг Муовия розияллоҳу анҳу билан ўрталаридаги муаммоларини ҳакамлар воситасида ҳал қилмоқчи бўлганидан ғазабга келдилар. Уларга кўра, Алий розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳу билан келишмоқчи бўлгани билан катта гуноҳ содир этган. Улар Алий розияллоҳу анҳу қароргоҳини тарк қилишди, сўнг улар ўзларини хаворижлар - сафдан чиққанлар ёки чиқариб олинганлар, деб ном берилган алоҳида гуруҳ ташкил қилди.
Алий розияллоҳу анҳу ва Муовия розияллоҳу анҳу ҳакамлар ҳукмига рози бўлишга келишганида хаворижлар буни инкор этди. Улар "Ҳукм ёлғиз Аллоҳникидир", деб туриб олиб, мусулмонлар жамоатидан ажралиб чиқди. Алий розияллоҳу анҳу уларга Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни юборди. Ибн Аббоснинг хаворижлар билан қилган мунозарасидан сўнг уларнинг ярми қайтди, қолганлари эса одамларнинг чорваларига босқин қилди ва уларнинг қонини тўкди. Улар Ибн Хаббоб розияллоҳу анҳуни ўлдириб: "Уни ҳаммамиз ўлдирдик", - деб жавоб беришди. Шундан сўнг Алий розияллоҳу анҳу уларга қарши уришди. Улар маслагининг асоси Қуръонни улуғлаш ва унга эргашишни талаб қилиш эди. Лекин улар суннат ва жамоатдан ташқарига чиқишди. (Бу исломда энг биринчи пайдо бўлган бидъатдир. Бу гуруҳ аҳли мусулмонларни кофирга чиқариб, уларнинг моллари ва қонларини ўзларига ҳалол деб билди. Бу тоифанинг ёмонлиги ва уларга қарши урушнинг кераклиги ҳақида Пайғамбар алайҳиссаломдан саҳиҳ ҳадислар собит бўлган. Имом Аҳмад ибн Ханбал айтади: "Ҳадиснинг айнан улар ҳақида эканлиги 10 жиҳатдан исботланган". Шунинг учун ҳам Муслим уларни ўз саҳиҳида келтирди. Бухорий уларнинг бир қисмини ривоят қилди. Улар Қуръонга эргашишни мақсад қилганликлари ҳолда шунчалик ёмон дейилган экан, бидъати Қуръонга қарши чиқиш, ундан юз ўгириш бўлган кимсалар ҳақида нима деб ўйлайсиз?!)
Хаворижларнинг мафкураси
Хаворижлар мафкурасининг ривож топиши сиёсий қарашларнинг динда фирқачиликни келтириб чиқариши мумкинлигининг ёрқин мисолидир (худди шунга ўхшаш жараён оқибатида, яъни сиёсатга динни аралаштириш ҳам шиаларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди). Хаворижларнинг Алий розияллоҳу анҳу ҳақларидаги қатъий сиёсий қарашлари турли хил бузуқ эътиқодларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Бироқ бу билан уларнинг ғулувлари якун топмади.
Алалоқибат, хаворижлар ҳар қандай гуноҳ куфрдир дейишгача боришди. Уларнинг тасаввурларига кўра, гуноҳ қилган одам кофир бўлади, демак у ким бўлишидан қатъи назар, саҳобами, халифами, у билан урушиш, уни ўлдириш ҳалол бўлар эмиш. Бундан ташқари, ким ушбу қарашга қўшилмаса, улар ҳам кофир бўлиб, уларнинг ҳам моллари ва жонлари ҳалол бўлар эмиш.
Ислом ақидасининг таълимотларида уларнинг қарашлари кескин танқид остига олинди. Такфир (инсонни кофир деб эълон қилиш) анъанавий исломда нозик масала ҳисобланади. Жумҳур фикрига кўра, Аллоҳ таолога ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканига ишонмаслигини очиқ айтиши билан одам диндан чиқади.
Хаворижларнинг аксари илмсиз жоҳил одамлардан иборат бўлиб, улар Қуръон ва Суннат таълимотларидан узоқ бўлишган. Уларнинг аксари бадавийлар бўлиб, аксари илмсиз, жоҳил бўлишган. Бироқ ўзлари Исломни оз тушунишларига қарамай жоҳилликларида "ғайратли" эди.
Хаворижларнинг ғоялари ҳеч қачон кенг аҳоли ўртасида оммалашмаган. Бундан ташқари, хаворижларнинг таълимотлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам таълимотларини бузиб талқин қилишдан иборат бўлгани учун ҳам халқ орасида кенг тарқалмади. Аммо хаворижлар бузуқ эътиқодлари мусулмон оламига таъсир қилмай қўймади.
Ўз эътиқодларига содиқ қолган хаворижлар ўзларининг юзага келишига ҳамда низога сабаб бўлган барча сиёсий раҳбарларни ўлдиришга ҳаракат қилишди. Улар Муовия розияллоҳу анҳу ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ўлдира олишмади. Бироқ 661 йили улар Алий розияллоҳу анҳуни шаҳид қилди. Бу Куфада содир бўлди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг шаҳид бўлиши рошидин халифалар даврига якун ясаб, Муовия розияллоҳу анҳу асос солган Уммавийлар халифалиги даври бошланиб кетди.
Хаворижлар асрлар давомида уммавий ва аббосий халифаларга қарши бош кўтариб келишди. Улар кўтарган жуда кўп исёнларда унчалик катта бўлмаган баъзи ҳудудларни ўз назоратига олган халос. Бироқ чўлларни яхши билгани боис, мусулмон дунёснинг турли бурчакларига кириб бориб, ўз ғояларини қабул қилмаган аҳолини қирғин қилиб келган. Хусусан, Шимолий Африка туб аҳолиларидан бўлган барбарларнинг ҳукмрон сулола билан ўрталаридаги зиддиятларидан фойдаланган ҳолда, уларни ўз таъсирига олган.
Вақт ўтиши билан хаворижлар ҳаракати аста-секин йўққа чиқа бошлаган. Унинг ҳалокатига сабаб фирқаларининг экстремистик моҳияти ҳамда мусулмонларнинг бу ёт ғояларни қабул қилмаганида эди. Ушбу бузғунчи фирқанинг баъзи тоифалари аста-секинлик билан мўътадиллашиб, ибодийлар сектасига айланди.
Хаворижларнинг ҳаракати узоқ умр кўрмаган бўлса ҳам, уларнинг гуноҳкорларга такфир эълон қилиш концепцияси турли даврларда ҳар хил экстремистик гуруҳлар ҳатто баъзи замонавий сиёсий ҳаракатларда топилиб турибди.
Lost Islamic History материаллари асосида
Абу Муслим тайёрлади