loader
Foto

Ҳаловат

Секин – асталик билан сен нимжон боладан навқирон ўспиринга айландинг, кучга тўлиб улғайганингдан кейин эса, куч – қувватинг сени яна тарк эта бошлади. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизни заифликда яратган, сўнгра заифликдан кейин қувватли қилган, сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қарилик ориз қилган зотдир. У хоҳлаганини яратур. У ўта илмли ва ўта қудратлидир” (Рум сураси, 54).

Бу айланма даврнинг интиҳоси ўлимдир.

Мана шу кучсизлик босқичларини ўзингнинг ҳаётинг давомида яшаб ўтар экансан, сен агарда Яратган сенга куч, билим ва восита бермаса, ўзингдан ёмонликни кетказиб, яхшиликни орттира олмаслигингни англа.

Инсон ўзи истаган ҳамма нарсага эга бўлган ҳолат имконсиз. Ҳаттоки энг таъминланган инсоннинг ҳам нимагадир эҳтиёжи бор. Барчамиз ўзимизни бахтсизликлардан ҳимоя қилишга, истаганимизни қўлга киритишга, мусибатлардан қутилишга уринамиз...

Бошқача айтганда, барчамизнинг Аллоҳ таолога муҳтожлигимиз бор – Унинг ҳимоясига, мададига, кўмагига, яхшилигига, инъомига ва яна кўплаб бошқа нарсаларга. Аллоҳ таоло Қуръонда ҳақиқатни айтган: “Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ эса, Ўзи беҳожат ва мақталган зотдир” (Фотир сураси, 15).

Кўз илғамас, фақатгина микроскопда кўриш мумкин бўлган қандайдир вирус сени йиқитиши мумкин, сен эса ўзинг сингари кучсиз мавжудотдан нажот кутиб олдига борасан ва сени даволашини сўрайсан. Баъзида шифокор сенга ёрдам бериши мумкин. Баъзида эса йўқ!

Эй инсон, сен нақадар ожизсан! Ҳаттоки, митти пашша сендан олиб қўйган нарсасини қайтара олмайсан. Қуръонда ушбу сўзларни айтган Аллоҳ таоло қанчалар ҳақ: "Эй одамлар! Бир масал айтилмиш, бас, унга қулоқ солинг! Албатта, сизлар Аллоҳни қўйиб, топинаётган нарсаларингиз, агар барчалари бирлашсалар ҳам, битта пашша ярата олмаслар. Ва агар пашша улардан бирон нарсани тортиб олса, ундан ўшани қутқариб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди" (Ҳаж сураси, 73).

Ундай бўлса, сен ўзи нимага қодирсан? Ўзингга қандай ёрдам бера оласан? Сенинг келажагинг Аллоҳ таолога боғлиқ, сенинг ҳаётинг – Яратганнинг измида, Одам боласининг қалби Раҳмон бармоқларидан икки бармоқ орасида бўлади ва У ўз истагига кўра уни ўзгартириб юбориши мумкин... Ўлим сенга Аллоҳ буюрган пайтда келади. Сенинг бахтинг ва ғам – ғуссанг тўлалигича Унга боғлиқдир. Сенинг ҳар бир ҳаракатинг, сўзлаётган сўзинг фақатгина Унинг изни ила юз бермоқда. Агарда Аллоҳ таоло сени Ўз мададидан маҳрум қилиб, ўз ҳолингга ташлаб қўйса, сенда қоладигани фақат – кучсизлик, ночорлик, гуноҳ ва ҳатолар... Агар Аллоҳ сени Ўзидан ўзгага топширадиган бўлса, у сенга на яхшилик келтиради, на мусибатлардан ҳоли қилади, на ҳаётлик даврингда, на ўлимингда, на маҳшаргоҳда ҳам ёрдам бера олади... Шундай экан инсон Аллоҳ таолосиз бир сония ҳам яшай олмайди. У Яратганнинг ғамхўрлиги ва марҳаматига охирги нафасига қадар муҳтож. Лекин У инсонга ҳаётнинг барча эзгуликларини инъом этган бир вақтда, кўпчилик ўз гуноҳлари ва худога ишонмасликлари сабаб, Унга қайтишини ва Унинг олдида ҳисоб беришини унутган ҳолда, Ундан узоқлашадилар.

Эй инсон! Сенинг хато ва камчиликларингга қарамасдан Яратган сендан марҳаматини аямаяпти. Қуръонда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳ сиздан (юкингизни) енгиллатмоқни хоҳлайдир. Ва инсон заиф яратилгандир (Нисо сураси, 28). Шунинг учун Аллоҳ инсонларга пайғамбарларни юборди, улар орқали Ўзининг Китобларини берди, инсонларга тўғри йўлни тушунтирди ва Ўзининг динини исботлайдиган ва қўллаб – қувватлайдиган кўплаб далиллар келтирди. Ҳар бир нарсада Аллоҳ таолонинг мавжудлигига, Унинг чексиз Қудратига ва ибодат қилинадиган ягона ҳақдор эканлигига кўрсатма бор. Лекин шунга қарамай, жуда кўп инсонлар бунга кўз юмиб, ўзларининг аниқ душмани бўлган, уларни Аллоҳнинг йўлидан оздиришга уринувчи – Шайтонга эргашишда давом этадилар. Унинг ножўя таъсиридан улар илоҳий ҳақиқатга қарши чиқиб, шайтонга мақбул бўлган тартибни ўрнатадилар. Бу ҳақда Аллоҳ шундай дейди: “...Инсон ўзи кўп тортишувчи бўлган эди (Каҳф сураси, 54).  Эй инсон, наҳотки сен биргина томчидан яратилганимизни ва ўлимдан кейин бизнинг қисматимиз – қабр, ундан сўнг эса Жаннат ёки Жаҳаннам эканлигини унутсанг?! Қуръонда Аллоҳ таоло: “Инсон Биз уни нутфадан яратганимизни билмасми?! Энди эса, у очиқ-ойдин хусуматчи бўлиб турибди?! У Бизга мисол келтирди ва ўз яратилишини унутди. «Суякларни ким тирилтиради? Ҳолбуки, улар титилиб кетган-ку?!» деди. Сен: «Уларни илк марта йўқдан бор қилган зот тирилтирур ва у ҳар бир яратилган нарсани яхши билгувчидир», деб айт (Йасин сураси, 77-79). Шунингдек, У яна бундай марҳамат қилади: "У сени тўла-тўкис ва мўътадил қилиб яратган зотдир. Ўзи хоҳлаган суратда сени таркиб қилди (Инфитор сураси, 7-8).

Эй инсон! Ўзингни ибодат қилувчилар қаторида бўлиш бахтидан жудо қилма. Намозда сен ўзингга касалликлардан шифо сўраб, мушкулотлардан халос қилишини, гуноҳларингни мағфират қилишини, муаммолардан чиқиб кетишингни, давлатманд бўлишингни, хавфдан ҳимоя қилишини, муҳофаза қилишини, қисматингни хайрли қилишини сўраб Аллоҳга мурожаат қилишинг мумкин...

Эй инсон! Аллоҳ Таоло бизни тафаккур билан сийлади, бу эса жуда катта ҳадядир. Айнан унинг ёрдамида биз фойдалини зарарлисидан фарқлаймиз, Аллоҳнинг кўрсатмаларини ва Унинг таъқиқларини тушунамиз, шунингдек, бу дунёда мавжудлигимизнинг мақсадини англаймиз – Унга ҳеч кимни шерик қилмаган ҳолда Аллоҳ Таолога ибодат қилиш. Қуръонда таъкидланганидек: “Сизда қайсики неъмат бўлса, Аллоҳдандир. Сўнгра қачонки сизга ёмонлик етса, Унгагина ёлборурсиз. Сўнгра У сиздан ёмонликни кушойиш қилган чоғда, кўрибсизки, сиздан бир гуруҳ ўз Роббларига ширк келтирурлар” (Наҳл сураси, 53-54).

Эй инсон! Ҳаммамиз тафаккур эгасимиз, оқил инсонлар эса доим эзгуликка интиладилар ва ёмонликдан қочадилар. Инсон тарихининг энг яхши вакиллари пайғамбар ва тақводорлардир. Шундай экан, келинг, уларга эргашайлик. Аллоҳ Таолонинг ўзи бизни росулуллоҳ Муҳаммад (соллоллоҳу алайҳи васаллам)га эргашишга чақирган, бу ҳақда Қуръонда шундай дейилган: "Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади», деб айт" (Оли Имрон сураси, 31). Росулуллоҳдан ҳақиқатда ўрнак олган инсон, Қуръонда таъкидланганидек ўлимидан кейин энг яхши инсонлар билан бирга тирилтирилади: "Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!" (Нисо сураси, 69).

Эй инсон! Ёлғиз қолган пайтингда, Ислом фойдасига келтирилган далиллар ҳақида фикр юритишингни ҳоҳлайман. Агарда сен Аллоҳнинг марҳамати билан, бу – Ҳақиқат эканлигини кўра олсанг, ҳеч ҳам кечиктирма ва Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини ва Муҳаммад - Унинг элчиси эканлигини айтишга шошил.

Сени ўраб турган муҳитнинг асири бўлма. Яқинларинг ва сени атрофингдаги инсонлар тўғри қарор қабул қилишингга ҳалақит беришмасин. Билки, сенинг тақдиринг атроф муҳитингдан, аждодларингдан ва ота – боболаринг меросидан муҳимроқдир... Яратган Аллоҳ муқаддас Қуръонда ғайридинларга айнан шундай чақириқ билан мурожаат қилган: "Сен: «Мен сизга биргина насиҳат қиламан: Аллоҳ учун холис, якка-якка ва тўп-тўп туриб бир фикр юритиб кўринглар. Соҳибингизда жинга оид ҳеч нарса йўқ. У сизларга шиддатли азобдан олдинги огоҳлантиргувчи, холос», деб айт" (Сабаъ сураси, 46).

Эй инсон! Исломни қабул қилиб, сен ҳеч нарса йўқотмайсан. Қуръонда Аллоҳ таоло: "Агар Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирсалар, Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган нарсадан нафақа қилсалар, уларга нима зарар бўлади? Аллоҳ уларни яхши билувчи зотдир!" (Нисо сураси, 39). Машҳур муфассир ибн Касир ўзининг тафсирида ушбу оятга қуйидагича изоҳ ёзади: “Ҳақиқатда, инсонлар Аллоҳ таолога ибодат қилсалар ва У белгилаб берган йўлдан юрсалар нимани йўқотишлари мумкин? Тақводорликлари учун У ваъда қилган мукофотга интилсаларчи? Аллоҳ инъом қилиб берган мулкдан эзгулик мақсадларида сарфласаларчи?..”

Шубҳасиз, Аллоҳ томонидан руҳсат этилган доирада ниманидир қилиш истагингга ва таомга нимадандир фойдаланишингга Исломни қабул қилишинг тўсиқ бўла олмайди. Шунингдек, Яратган сени бу қилмишинг Унинг розилиги учун бажарилган бўлса, бу сенинг дунёвий ишларинг ўнгланишига, моддий аҳволинг яхшиланишига, ҳурматинг ва обрў – эътиборинг ошишига олиб келган бўлсада, сени мукофотлайди! Шу билан бирга, сен шариат томонидан рухсат берилган қандайдир ишни қилмоқчи бўлган вақтингда, қалбинг истагига кўра уни таъқиқланган эмас, рухсат этилган йўл билан амалга оширсанг, бу савобли иш саналади ва Яратган бунинг учун сенга мукофот беради.

Бу ҳақда росулуллоҳ (соллоллоҳу алайҳи васаллам) ўз хадисида шундай хабар беради: "...Улар: “Эй Расулуллоҳ, агар биронтамиз шаҳватини қондирса ҳам, бунинг эвазига ажр оладими?!” дейишди. У зот: “Қаранглар, агар у шаҳватини ҳаром йўл билан қондирса, унга гуноҳ бўлармиди? Худди шунингдек, агар ҳалол йўл билан қондирса, бунинг учун ажр олади”, дедилар (Имом Бухорий, имом Муслим, имом Аҳмад ва имом Табароний ривояти).

Эй инсон! Аллоҳнинг элчилари Яратганнинг ҳақиқати билан келишган. Улар Унинг иродасини инсонларга етказишган. Ахир инсон ўз ҳаётини Аллоҳнинг ўгитларига монанд ўтказиб, шунинг натижасида кейинги ҳаётида мукофотланиш учун бунга муҳтождир. Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади: "Эй одамлар! Батаҳқиқ, сизларга Роббингиздан ҳақ ила Пайғамбар келди. Бас, иймон келтиринг, ўзингизга яхши бўладир. Агар куфр келтирсангиз, зотан осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир" (Нисо сураси, 170).

Шунингдек, Роббимиз яна шундай дейди: "Сен:«Эй одамлар, сизга Роббингиздан ҳақ келди. Бас, ким ҳидоятга юрса, ўзи учун ҳидоят топади. Ким залолатга кетса, ўз зарарига залолат топади. Мен сизларнинг устингиздан қўриқчи эмасман», деб айт" (Юнус сураси, 108).

Эй инсон! Аллоҳ таоло бизнинг ибодатларимизга, сиғинишларимизга муҳтож эмас. Унга ибодат қилувчи, сиғинувчи махлуқлар беҳисоб. Агар истаганида инсонларни ҳам фаришталар каби итоаткор ва бегуноҳ қилиб яратган бўлур эди. Аксинча Унга юкунишга, Унинг раҳмат ва марҳаматига бизлар кўпроқ муҳтожмиз. Аллоҳ таоло шунчалик меҳрибонки, хоҳлаган пайтимизда, ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз Ўзининг ҳузурига киришга, ҳузурида истаганча туришга ижозат бериб қўйган. Жойнамоз устида қўлларимизни кўтариб, «Аллоҳ акбар» дейишимиз билан Аллоҳнинг олий ҳузурига кирамиз ва хоҳлаганимизни сўрай оламиз. Бандалик саодати ва иймон ҳаловати қанчалар улкан неъмат эканини намозда кашф бўлади…



Ва якунида, келинг, оламларнинг Роббиси Аллоҳ таолога ҳамдлар айтамиз. Унинг элчиси ва пайғамбари Муҳаммадга, унинг аҳли оиласига ва барча саҳобаларига саловату саломларимизни йўллаймиз!

Абу Муслим