loader
Foto

Суннат – СПИДга қарши курашнинг ягона воситаси

Ислом дини ўз никоҳидан ташқаридагилар билан жинсий алоқа қилишни таъқиқлаш орқали ВИЧ-инфекцияси тарқалишининг ҳамда жинсий йўллар билан ўтувчи бошқа турли хил хавфли касалликларнинг олдини олади.  ВИЧ-инфекциясини эмлаш(укол қилиш) орқали тўхтатиш борасида олиб борилган 25 йиллик ҳаракатлар деярли мева бергани йўқ. Шунинг учун, етакчи тиббиёт олимлари иммунодефицит вирусининг ўтишини олдини олувчи восита сифатида фаол равишда хатна қилдиришга чорламоқда. Кения ва Угандада ўтказилган тажрибанинг дастлабки натижалари хатна қилиш ВИЧ-инфекциясини 65% га қисқартиришини кўрсатди. Шу йўл орқали хатна қилиш ВИЧ-инфекциясини тўхтатиши мумкинлиги исботлаб берилди. Бу тадқиқотнинг тўла ҳисоботи АҚШ соғлиқни сақлаш миллий институтининг “Ланцет” (The Lancet) журналида чоп этилган.

Олимлар таъкидлашмоқдаки, агар табиблар хатна қилишни жорий қилсалар яқин келажакда 2.5 млн. одамни ВИЧ-инфекциясидан, 300 минг одамни эса ўлимдан қутқариб қолиш мумкин экан. Маълумотларга қараганда, сўнгги йиллар ичида Африка Сахарасининг 2.8 млн. аҳолиси ВИЧ билан зарарланган, 2.1 млн. одам эса ҳаётдан кўз юмган. Экспертлар тиббиётдаги бу янги кашфиётни СПИДга қарши курашнинг энг самарали йўли деб ҳисоблашмоқда.

АҚШлик вирусолог олим, Аллергия ва инфекция касалликлари институти раҳбари доктор Энтони Фаучининг тажрибадан олинган натижалар борасида берган интервьюсида шундай дейди: “Бу янги усулга ўхшаб эмлаш ҳам самара берганида эди, бутун дунё гапириб юрган бўларди”. Олимларнинг фикрига кўра, хатна қилишнинг самара бериши шундаки, авратнинг четки тана тўқималари учун бефойда бўлган шиллиқ қоплама инфекция таъсирига тушиши, жумладан, СПИД вируси таъсирига тушиши жуда осон экан. Шунинг учун, ўша жойнинг олиб ташланиши жинсий алоқа пайтида зарарланиш эҳтимоллигини камайтириб юбораркан. Хатна қилиш умуман жуда фойдали ҳолат бўлиб, фимоза ва парафимоза каби жарроҳлик усуллари билан даъволанадиган касалликлар ривожланишини ҳамда кўплаб саратон касалликларининг олдини олади. Яна тадқиқотлар шуни кўрсатдики, эркак кишининг хатна қилиниши аёлидаги бачадон бўйинининг саратон касали билан зарарланиш хавфини камайтиради.

Хатнани ҳар қандай ёшда қилиш мумкин. Лекин тажриба бўйича, бу жараён бола 3 ёшга етгунга қадар амалга оширилса, анча енгил кечади. Ёши ўтган сайин эса оғриқ шунга яраша бўлади. АҚШда 70-йилларгача гигиена мақсадларида туғилишдан сўнг чақалоқ авратининг четки юпқа терисини олиб ташлаш (хатна қилиш) амалда бўлган, аммо бугунги кунда бу жараённи амалга ошириш учун ота-оналарнинг розилиги керак. Шунинг учун 1980 йилдан 1990 йилларгача АҚШда хатна қилинган эркалар сони 90% дан 60% га тушиб кетди.

Шу билан бирга, Германия ва бошқа қатор мамлакатларда хатна қилиш фаол суратда тарғиб қилинмоқда. ОАВда ҳам янги туғилган ўғил болаларни хатна қилиш ёки қилмаслик юзасидан баҳслар бўлиб туради. Бундан ташқари, 3 ёшдан катта болаларни хатна қилиш уларнинг руҳий касалликка чалинишига олиб келиши мумкин, шу сабабдан болани бунга тайёрлаш ҳам керак бўлади.

Инсон табиатига мувофиқ келадиган жараён

Тажрибаларда исботланган чақалоқлик вақтидаги хатна қилиш афзаллиги муқаддас китобларда келган кўрсатмаларга мос келади. Мисол учун, Ислом динида бола туғилганидан 7 кун ичида унинг хатна қилиниши ҳақида сўз юритилади. Кўпчилик ислом олимларининг фикрларига кўра, ўғил болани хатна қилиш балоғатга етгунича амалга оширилиши керак. Бироқ, ушбу суннатни туғилгандан сўнг дастлабки кунларда амалга оширган маъқулдир. Жобирдан (р.а.) ривоят қилинадики: “Расулуллоҳга (с.а.в.) Хасан ва Хусан (р.а.) номларидан қурбонлик олиб келишди ва ул зот улар туғилганиидан етти кун ўтгач, уларни хатна қилдилар”.

Ўғил болаларни хатна қилиш удуми қадимдан мавжуд бўлиб, Иброҳимнинг (а.с.) тавҳид тарғиботи билан боғлиқдир. Ҳар бир мусулмон фарзандини Пайғамбар (с.а.в.) суннатларига амал қилиш ниятида хатна қилиш одатдир. Худди соч ва тирноқларни қисқартириш, қўлтиқлар остидан юнгларни олиш ва аврат ҳудудидаги юнгларни тозалаш каби хатна қилиш ҳам инсон табиатига мос келадиган ҳолат ҳисобланади.

Ислом уламолари хатна қилиш лозимлигини турлича таърифлайдилар. Хасан Басрий, Абу Ҳанифа ва Ҳанбалий мактабининг бир неча олимлари хатна қилишни муъаккад (таъкидланган) суннат деб ҳисоблашган. Бироқ, имом Шофеий, имом Молик, имом Аҳмад ҳамда ал-Авзоий ва бошқалар уни вожиб деб айтишган. Бу борада имом Молик шундай дейди: “Ким хатна қилинмаган бўлса, унга намозда имомлик қилиш йўқдир”.

Хатна қилишнинг шартлиги

Ким исломни катта бўлгач қабул қилса, хатна қилиш лозимми?

Хатна қилиш исломнинг муҳим бурчларидан ҳисоблансада, исломни қабул қилишнинг шартларидан ҳисобланмайди ёки қатъий буйруқ ҳам эмас.

Сингапур Ислом кенгаши фатволаридан бирида дейиладики “хатна қилиш ҳар бир эркак мусулмон учун лозим, лекин исломни қабул қилишнинг шартларидан ҳисобланмайди”. Инсон исломни хатна қилинмаган ҳолда ҳам қабул қилиши мумкин. Исломни қабул қилгач, у ўз иймонини намоз ва бошқа диний вазифалар билан мукаммаллаштириши, Қуръон ҳамда диний адабиётлар ўқиш каби йўллар орқали исломий билимларини мустаҳкамлаб бориши керак. Шундан сўнг у ўзини хатна қилишга тайёр ҳис қилса, уни амалга ошириши мумкин.

Одатда, сийдик қолдиқлари авратнинг четки тана тўқималари остида йиғилиб қолади. Хатна қилиш эса жинсий орган тозалигини енгиллаштиради. Шундай экан, хатна қилинмаган мусулмон ҳар бир намозидан олдин ўз аврати тозалигини текшириб туриши, авратининг четки гўшт қисмларининг ички томонларини тозалаб туриши керак. Бизнинг замонимизда хатна қилишни тезкор ва оғриқсиз амалга ошириш имкониятлари мавжуд. Оғриқ фақат оғриқни билдирмайдиган укол урилаётганда сезилади. Агар бу жараён лазерли жарроҳлик услуби орқали амалга оширилса, яранинг битиши учун бир неча кун ҳам кифоя қилади.

Аёлларни хатна қилиш масаласи

Авваламбор, Қуръонда аёлларнинг хатна қилиниши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Бу ҳолат асосан Африкада тарқалган бўлиб, мажусийларнинг удумлари орқали ўтиб келгандир. Маълумотларга кўра, аёларни хатна қилиш фиръавнлар давридан бери мавжуд. Ёш қизларни хатна қилиш билан ота-оналари уларни келажакда динсизлик ахлоқларини амалга оширишнинг олдини олади, деб умид қилишаркан.

ЮНИСЕФ маълумотларига қараганда, сўнгги йилларда 130 млн.дан ошиқ қизлар ва қизалоқлар хатна қилинган. Аёлларни хатна қилиш, одатда, Африканинг 28 дан ортиқ мамлакатларида, шу жумладан қатор Жануби-Шарқий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларида ҳам учрайди. Бу ҳолат АҚШ, Канада, Австралия ва Европа Иттифоқи мамлакатларида ҳам қайд этилган, бироқ, уни кўчиб борганларгина амалга оширишмаган экан. Аёллар клиторининг қисман ёки бутунлай олиб ташланиши ҳатто АҚШда 1996 йилгача қонуний кўринишга эги бўлган. “Халқаро амнистия” ташкилотининг маълумотларига кўра, Африканинг 56 мамлакатидан атиги 14 таси аёлларни хатна қилишни таъқиқлайдиган қонун қабул қилган.

Фақат Ислом уламолари қуйидагича таъкидлашади: “мусулмон мамлакатларда аёлларнинг хатна қилиниш ҳолатлари билан Ислом дини ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. Бу ҳолат на Қуръонда, на Пайғамбар (с.а.в.) суннатларида собит бўлган”. Бу жараёнга қарши ўлароқ мусулмон жамиятларида кўплаб учрашувлар ва конфренциялар ташкиллаштирилган. Олимлар ёш қизларга шикаст етказадиган бу ҳолатни таъқиқлаш борасида қонун қабул қилиш ҳамда бу каби мажусийлик одатларидан воз кечиш бўйича махсус давлат дастурларини ишлаб чиқишга чақирганлар.

2005 йил ноябр ойида Қоҳирада бўлиб ўтган конференцияда машҳур Ислом олими, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши раиси Юсуф ал-Қарзовий дейдики: “Хатна қилинишда фақат эркак мусулмонларгина назарда тутилган. Бунинг ҳам тиббий, ҳам диний асослари бор”. Миср муфтийси Али Жомаа ва конференцияда чиқиш қилган бошқалар Пайғамбар (с.а.в.) ўзларининг 4 та қизларини ҳам хатна қилдирмаганларини айтиб ўтишган.  

Абу Муслим тайёрлаган (2014 йил)