loader
Foto

Бутун уммат олдига тушиб югурма

Бунга ўхшаш суҳбатлар, изоҳлар аллақачон ҳаётимизга кириб, мустаҳкам ўрнашиб қолди. Айниқса Интернетда бу нарса жуда кўп тарқалиб кетди. Ўзларини энг соф ислом тарафдорлари, деб атаган гуруҳлар ўзларининг заҳарли ханжарларини Исломга холис хизмат қилаётган Ислом уламоларига қаратди. Жуда камдан-кам одам бу нарсалардан ҳоли бўлмоқда. Оддий мусулмонлар, даъватчилар, замонавий олимлар ва ҳатто ўтмишдаги имомлар ҳам “ғайратли мутахассис”ларнинг нишонига айланди. Улар тириклар ва ўлганларнинг сўзлари, амаллари ва ҳатто ниятларига ҳам баҳо бера бошлашди.

У ёки бу олим ўқиш учун сарф қилган умри миқдорида яшаб улгурмаган баъзи ёшлар ўзларининг чекланган илмлари ва тор ақллари тарозисига уларнинг амалларини солиб, баҳолай бошлашди. Бундай ҳолатларда уларнинг аксари баъзи уламоларнинг баъзи уламоларга қарши айтган сўзларидан фойдаланиб, ўзларини гўёки, “собитқадам” ва “холис” қилиб кўрсатишга ҳам уринишади. Бу ишлари Ислом одобига мутлақо тўғри келмаслигини ўйлаб ҳам ўтирмайдилар. Хўп, уларнинг бундай мазаммат қилинган ишлардан қўрқмаслиги ва чўчимаслигининг асл сабаби нимада? Улар нега Аллоҳдан қўрқишмайди? Бунинг асосий сабабларидан бири, уларнинг ўз амалларини тўғри, деб билишларида бўлса керак. Яъни, нафслари бу қилаётган ишларини ўзларига тўғри ва чиройлик қилиб кўрсатиб туради.

Уламоларимиз тарихда ўтган олимлар ўртасида бўлиб ўтган баҳс мунозараларни бугунги кунга талқин қилмасликни, бир бирларини айблаган сабаблар ила бугунгиларни ва ўтганларни айбламасликни тавсия қилишади. Ҳамда улар бизларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ҳеч ким маъсум эмаслигини, ҳар ким хато қилиб қўйиш мумкин эканига ўргатишади. Ҳар ким ҳақни гапириши ва хато қилиши мумкин, ҳақиқатга яқини қабул қилиниб, унга қарши бўлгани эса рад қилиниши лозим. Яна, шахсларни эмас балки у ёки бу фикрнинг ҳақ ёки хато эканини ўрганишимиз кераклигини, ўргатишади. Улар яна бизларни ҳақни у ким тарафидан бўлмасин қабул қилишимизни, “айбланувчи” қандайдир масалада, хатто у катта масала бўлса ҳам хато қилгани учун унинг ўтмишдаги барча хайрли ишларини рад қилиб ташламаслигимизни уқтиришади.

Атрофимизда яшаётган мусулмонларни муҳокама қилиб, замонавий олимларни эса бир ёқлама қилиб ташлаб, ўтиб кетган уламоларнинг ҳам сўз ва амалларини ковлашга тушишди. Уларнинг сўзлари ва амалларида ўзлари учун тушунарсиз бўлган баъзи нарсаларни топиб, буларнинг барчаси хато, дея барчага кўрсатишни бошладилар. Шу йўл билан улар кўп асрлардан бери олим саналган ва ҳурматга лойиқ бўлган уламоларнинг “адашганлигини” фош қилиб, гўёки мусулмон умматини, уларнинг “адашишидан” огоҳлантирмоқчи бўлдилар.

Бундай одамларнинг сифатларидан фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг асҳоблари, Аллоҳ улардан рози бўлсин, омонда қолишди. Саҳобалар эшитган, кўрган ва билган нарсаларида дарров ҳукм чиқаришмас, балки ўзларидан кўра олимроқ кишига уни тақдим қилишарди. Уларни бунга ушбу оят ундарди: “Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш–хабар етса, уни таратадилар. Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда, озгинангиздан бошқангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз”. Нисо 83.

Булар эса тарихни, салафи солиҳлар сийратини билишмайди. Саҳобалар ҳаёти ҳақида бирон нарса ўқиш, тинглаш, ўрганишда дангасалик қилишади. Билганлари эса тўғри тушунмайди, ушбу тушунмаганига кўра талқин қилаверади. Саҳобалар ҳаётини яхши тушунмасликлари, уларнинг саҳобаларга тош отмаётганига сабаб бўлса керак. Улар саҳобаларнинг ҳаётларини яхши ўрганишни бошлашса, ўзларининг ақлларига сиғмаган, тушуна олмаган нарсаларида саҳобаларга ҳам тош отиб кетишлари эҳтимолдан холи эмас. (Шиалар шундай қилишмаганмиди?)

Уларнинг бузуқ фикрлари ақл ва адолат олдига тушиб югуради. Ўз вақтида саҳобалар шундай ақлсизлардан жабр кўрган эмасмиди? Ахир Усмон ибн Аффон ва Алий розияллоҳу анҳумога қарата бир вақтлар катта айблар қўйилган эмасмиди? Ахир уларни жиноятчилар қатл қилган эмасмиди? Хавориж ва рофизийлар уларни кофирга чиқариб қўйишмаганмиди, ахир?

Одамлар ҳақида бадгумон бўлиш, матн ва хабарларни нотўғри тушуниш, зоҳир маънони қўйиб, мавҳумини олиш, нотўғри талқин қилишга ўхшаш нарсаларни баъзи одамлар ҳар ким ва ҳар нарсани рад қилиб ташлаш учун қурол сифатида қўллайдиган бўлиб қолишди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Ҳадис ва Ҳаёт” китобининг 22 жузида Имом Бухорий ва Имом Термизийдан ривоят қилинган бир ҳадисни келтирадилар: «Миср аҳлидан бир киши келди. Байтни ҳаж қилди. Мажлис қуриб ўтирган бир қавмни кўрди.

«Анави қавмлар ким?» деб сўради.

«Қурайшликлар», дейишди.

«Уларнинг ичидаги шайх ким?» деди.

«Абдуллоҳ ибн Умар», дейишди.

«Эй Ибн Умар, мен сендан бир нарсани сўрайман, менга айтиб бер. Усмоннинг Уҳуд куни қочганини биласанми?» деди.

«Ҳа», деди.

«Унинг Бадрда ғойиб бўлганини, ҳозир бўлмаганини биласанми?» деди.

«Ҳа», деди.

«Ризвон байъати»да ғойиб бўлганини, ҳозир бўлмаганини биласанми?» деди.

«Ҳа», деди.

«Аллоҳу акбар!» деди»

Бу воқеага яхшилаб назар қилинг. Ҳар замон ва маконнинг фитначилари ўз ишларини худди шу асосга қурадилар. Уларнинг барчаси худди шунга ўхшаш бўҳтонлар тўқийдилар. Ҳеч қандай кофир ва душман бунга ўхшаш зарарни қила олмайди.

Мазкур фитначи ана шундай эътиборли суҳбатда, Қурайш суҳбатида, Абдуллоҳ ибн Умардек улуғ саҳобийнинг суҳбатида ўз заҳарини сочди. У ўз мақсадига эришиб, ўша суҳбатда унинг гапларини қўлласалар айни муддао, агар у ердан бурни ерга ишқаланиб чиқса ҳам, ҳамма жойда «Мен бу гапни фалон ерда, фалончига ҳам айтганман», деб мақтаниб юришига сабаб бўлади.

Бу ҳадиснинг давоми ҳам бор. Ибн Умар у кишини эшитиб, унга дейди: «Бу ёққа кел! Сенга баён қилиб бераман. Уҳуд куни қочганига гувоҳлик бераманки, албатта, Аллоҳ уни авф этган ва мағфират қилган.

Бадрда ғойиб бўлганига келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари унинг қўлида эди. Ўша киши бемор бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сенга Бадрда ҳозир бўлган кишининг ажри ва улуши бўлади», дедилар.

«Ризвон байъати»да ғойиб бўлганига келсак, агар Макка водийсида Усмондан кўра азизроқ бирорта бўлганида, унинг ўрнига юборар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмонни юборган эдилар. Усмон Маккага кетганидан кейин «Ризвон байъати» бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнг қўлларини кўрсатиб, «Мана бу Усмоннинг қўли», дедилар ва у билан чап қўлларига уриб, «Бу Усмон учун», дедилар.

Сўнгра Ибн Умар унга:

«Энди буларни ўзинг билан олиб кет!» деди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келсак, бундай одамлардан пайғамбарлик мақоми у зотни ҳимоя қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имзо чеккан Ҳудайбия сулҳининг шартномасига ўхшаш шартномаларга рози бўлишимиз, ҳозирги замонавий “соф ислом” тарафдорлари ва “иймон жонкуярлари” наздида бизларни кофирга чиқариб қўйишига кифоядир.

Агар бугунги кунимизда мусулмон олим, амир ёки арбоб ёки фоал бир мусулмон кофирлар олдида қандайдир масалада мусулмонлар учун катта фойдани кўзлаб муроса қилса, масалан “Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси” сўзи ўрнига оддий қилиб “Муҳаммад” деса, ҳимоя истаб, қочган муҳожир мусулмонни аҳдга (шартномага) кўра душман қўлига топширишга рози бўлса... Атрофидагилар унга қандай ҳукм чиқаришар эди? У дарҳол кофирга ва сотқинга чиқарилиб, унинг олдинги барча хайрли ишлари инкор қилинмасмиди!? Бироқ, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларида мазкур ҳукмга таслим бўлганлар, нусрат ва ғалабани кўришмадими?

Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам, у зотни адолатсизликда айблаб, ўзларини мусулмон санаган одамлар топилган [1]. Шунинг учун мусулмонларнинг айбини излаб юрадиган ва ўзини уламоларга қарама-қарши қиладиган ҳар ким ўзидан ўзи сўраб кўриши керак: “Бундай “ғайратим” билан мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига қарши бориб қолсам-чи ва менинг бу қаршилигим ўзимнинг тушуна олмаяпганимдан бўлсачи?”

Мусулмон одамга Қуръон ва Суннат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг меросхўрлари ҳисобланган уммат уламолари олдига тушиб олишлари тўғри келмайди.

Аллоҳ таоло бизларга ҳикмат ва илм ато қилсин. Омин.

Интернет маълумотлари асосида

Абу Муслим тайёрлади



----------------



[1] «Биз Набий алайҳиссалом билан бирга эдик. У зот мол тақсимлаётган эдилар. У зотнинг ҳузурларига Зулхувайсира келди. У Бани Тамимлик бир одам эди. Бас, у:

«Эй Аллоҳнинг расули Адолат қилинг!» деди.

Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Шўринг қурсин! Мен адолат қилмасам, ким адолат қилади?! Агар адолат қилмасам, ноумид бўлибман, хусронга учрабман!» дедилар.

Бас, Умар ибн Хаттоб: «Эй Аллоҳнинг расули Менга изн беринг. Унинг бўйнига зарба берай!» деди.

«Уни тек қўй. Албатта, унинг шериклари бордир. Сизлардан бирингиз уларнинг намози олдида ўзининг намозини, рўзаси олдида ўзининг рўзасини ҳақир санайди. Улар Қуръон қироат қилурлар. Аммо бўғизларидан нарига ўтмас. Исломдан камондан ўқ чиққандек чиқурлар. Ўқнинг учига назар қилинса, ундан ҳеч нарса топилмас. Сўнгра ўқ учи қадаладиган жойга назар солинса, ундан ҳам ҳеч нарса топилмас. Кейин ўқнинг ўзига назар қилинса, ундан ҳам ҳеч нарса топилмас. Сўнг унинг патига назар қилинса, ундан ҳам ҳеч нарса топилмас. Ҳолбуки, у гўнгдан ҳам, қондан ҳам ўтганди. Уларнинг белгиси бир қора одам бўлиб унинг билакларидан бирида аёлнинг мамасига ўхшаш ёки парча гўштга ўхшаш нарса бўлиб ликкиллаб туради. Улар одамлар тафриқага тушганда чиқурлар», дедилар.

Абу Саъид айтади: «Шоҳидлик берурманки, мен буни Набий алайҳиссаломдан эшитдим. Шоҳидлик берурманки, Али Розияллоҳу анҳу уларга қарши уруш қилди. Мен у билан бирга эдим. У ўша одамни топишга амр қилди. Уни олиб келинди. Бас, назар солсам, у худди Расулуллоҳ алайҳиссалом васф қилганларидек экан». Бухорий, Муслим ва Термизийлар ривоят қилишган. («Васатия–ҳаёт йўли» Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф)

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Ҳудайбия сулҳи

Ҳудайбия сулҳи ҳақида