Аммо шу билан бирга, бошқа соҳаларда бўлгани каби бу соҳада ҳам ўзига яраша муаммолар, мушкулотлар ва кўнгилсиз воқеалар пайдо бўлмоқда.
Масалан, бегоналарнинг бир-бирлари билан ушбу воситалар орқали олиб борган алоқалари натижаси ўлароқ никоҳга ваъда бериш, бировга туҳмат қилиш, кимнидир зинода айблаш, сўкиш каби шаръий ҳукм орқали жазога тортиш лозим бўлган ишлар келиб чиқмоқда. Шунингдек, эр-хотинларнинг ушбу воситалар орқали олиб борган алоқалари натижаси ўлароқ талоқ, бир-бирини зинода айблаш, насабни инкор қилиш каби ўта аҳамиятли ҳукмлар ҳам собит бўлмоқда.
Ушбу воситалар орқали бир неча тарафларнинг олиб борган мулоқотларидан сўнг бир-бирини оммавий равишда кофир, фосиқ, фожир дея ҳукм чиқариш, фаҳш ишларга чақириш, сеҳр ва фолбинликка чорлаш, пора ваъда қилиш, видео орқали авратларни намойиш қилиш, шахсий, диний, ижтимоий ҳолатларни масхара қилиш каби ўта жиддий ҳолатлар ҳам пайдо бўлмоқда.
Интернетдаги ушбу тармоқлар орқали вақтни зое қилувчи кўнгилхушликларга оид нарсалар, овозли ва суратли ёзувлар тарқатилмоқда. Турли ўйинлар ва мусобақалар, тарғиб-ташвиқ тадбирлари жорий қилинмоқда. Яна интернетдаги ушбу тармоқлар орқали илмий ва молиявий муомалалар ҳам кенг миқёсда олиб борилмоқда.
Афсуски, мазкур алоқаларнинг барчасида шариатга хилоф бўлган, қонунбузарлик ҳисобланган ишлар тўлибғтошиб ётибди. Турли ахлоқий, моддий, маънавий жиноятлар содир этилмоқда.
Буларнинг ҳаммасини тартибга солиш, кишиларни тўғри йўлга солиб, нотўғрисидан қайтариш лозим бўлмоқда. Бу борада ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва бошқалар етарли ишлар олиб боришмоқда. Шу билан бирга, мусулмонларга бу борадаги шаръий одобларни ҳам баён қилиб бориш заруриятга айланди. Қуйида интернетдаги алоқа одобларига доир айрим фикр-мулоҳазаларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз:
Бу борада олдин айтиб ўтилган ҳар бир амал-ишдаги каби яхши ният қилиш, Аллоҳ таолонинг исми ила иш бошлаш, умрни беҳуда зое қилмаслик каби нарсаларни такрорлаб ўтирмаймиз.
– Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда ўзига танлаган исмнинг гўзаллигига эътибор бериш лозим. Интернетдаги ўзаро алоқаларда ҳар бир киши ўзига маълум тахаллус қўйиб олиши одат тусига кирган. Аслида ўзининг асл исми бўлгани яхши. Лекин турли сабабларга кўра тахаллус танлаб олса ҳам бўлади. Фақат тахаллус танлашда ўзининг беодобона гап ва ишларига парда қилиш нияти бўлмаслиги шарт. Тахаллус танлаганда чиройли ва завқ бағишлайдиган исмларни танлаш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг исмлари умидбахш, эзгуликни ифода қиладиган бўлишига катта эътибор берганлар.
– Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда шариат рухсат берган нарсаларга амал қилиб, ман қилган нарсалардан четда бўлиш асосий қоида бўлиши зарур. Бу қоида мусулмон инсоннинг барча қиладиган ишларига ҳам татбиқ қилинади. Жумладан, интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишида ҳам шундай бўлиши талаб этилади. Баъзи кишилар муомала ҳолати бир оз ўзгаргани туфайли интернетдаги муомалаларга енгил-елпи қарашади, бу эса мутлақо нотўғридир.
– Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишдан яхшилик ва тақвода ҳамкорлик қилиш ҳамда ёмонлик ва душманликда ҳамкорлик қилмаслик шиор қилиб олиниши зарур. Зотан, мусулмон инсон ҳаётининг барча соҳаларида ушбу шиорга доимо амал қилиб яшашга интилади.
Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинглар. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманглар» (2-оят).
Ушбу мўъжазгина жумла дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида ҳисобланади. Исломда ҳамкорликнинг бош шарти яхшилик ва тақводир. Агар шу шарт вужудга келса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади. Аммо қаерда гуноҳ ва ёмонлик бўлса, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамкорлик қилинмайди.
«Ислом.уз» портали танловининг ғолибларини тақдирлаш маросимида мазкур портал форуми иштирокчилари сўз сўрашди. Уларнинг вакили сўзга чиқиб, форумда ўзлари намоз ҳақида ички мусобақа ўтказганлари ва ғолиблар аниқлангани ҳақида хабар берди. Биринчи ва иккинчи ўринларни қизлар эгаллашибди. Бу нарса интернетнинг ижтимоий тармоқларида “яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик”нинг энг гўзал намунасидир.
– Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишдан фойдали мақсадни кўзлаш ва бефойда ишлардан четда бўлиш лозим. Мусулмон инсон ўзига берилган умр неъмати азиз эканини, ундан унумли фойдаланиш ўзининг муқаддас бурчи эканини, охиратда унинг ҳар бир лаҳзасидан сўралиш борлигини бир зум ҳам унутмаслиги даркор. Шу эътибордан интернетга кириб олиб, беҳуда нарсаларга соатлаб вақт сарфлаш қаттиқ қораланади.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, кишининг ўзи учун бефойда нарсаларни тарк қилиши Исломининг гўзаллигидандир», дедилар».
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.
Ҳаётимизга диққат билан назар соладиган бўлсак, кишиларнинг кўп вақти, зеҳн-заковати, ақл-идроки ва имкониятлари беҳуда нарсаларга сарф қилинаётганини кўрамиз. Беҳуда нарсалардан четда бўлган киши фақат фойдали иш билан машғул бўлаётганини яхши англаб етишимиз лозим. Бинобарин, бефойда ишлардан ўзимизни ҳамиша четда тутишимиз керак бўлади. Мусулмон инсондан вақти, кучи, ақли ва зеҳн- заковатини фақат фойдали нарсаларга сарфлаши талаб этилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сенга манфаат берадиган нарсага иштиёқманд бўл ва Аллоҳдан ёрдам сўра!».
Муслим ривоят қилган.
Интернетдаги ўзаро алоқалардан жуда кўп манфаат ва фойдалар олиш мумкин. Чунки кўпчиликнинг ичида турли нарсаларни биладиган, тажрибасидан ўтказган кишилар бўлиши мумкин. Масалан, яқинда овоз ёзиш студияси ташкил қилаётган йигитларда бир муаммо пайдо бўлди. Ҳамма шартлар жойига келтирилишига қарамай, овоз тиниқ ёзилмас эди. Бир неча мутахассис таклиф қилинди. Энг катта мутахассислар ҳам келиб, муаммони ҳал эта олишмади. Шундан рус тилидаги интернет тармоқларга кириб, муаммонинг ечимини излашга қарор қилинди. Бу ишни тажрибада кўрган бир киши маълум қўшимча жиҳозни қўйишни таклиф этди ва жиҳоз ҳақида маълумот берди. Ўша киши айтган нарса олиб келиб қўйилган эди, овоз ёзиш студияси кутилганидан ҳам яхши тарзда ишлай бошлади.
– Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда мусулмон инсоннинг ўзига тақвони, яхшиликни ва гўзал хулқни лозим тутиши талаб этилади.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида учта улкан ишни лозим тутишни насиҳат қилмоқдалар:
1. «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил». Банда қай маконда бўлса ҳам, қандай ҳолда бўлса ҳам доимо Аллоҳга тақво қилишни тарк этмаслиги лозим.
2. «Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради». Банда билмасдан бирор ёмонликни қилиб қўйса, дарҳол ўша ёмонлик кетидан яхшилик қилиб, мазкур ёмонликни ўчириб юбориши зарур.
3. «Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил». Мўмин-мусулмон банда барча одамлар билан ҳусни хулқ ила муомалада бўлиши керак.
– Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда номаҳрамлар масаласида жуда эҳтиёт бўлиш керак. Бу нарсада эҳтиёт бўлинмагани учун жуда кўп муаммолар келиб чиқмоқда. Айрим йигит-қизларнинг интернет орқали мулоқотда ношаръий алоқаларга ўтиб кетаётганлари кузатилмоқда. Шунингдек, интернет алоқасидаги тушунмовчиликлар ёки одобдан чекинишлар оқибатида оилали кишилар орасида ажралишгача етиб борилмоқда. Ушбу сатрлар соҳибига аёллардан келган мактубларда эри номаҳрам аёллар билан интернет орқали топишиб, бузилиб кетгани ҳақида шикоят қилинса, эркаклардан келган ёзувларда хотинининг худди шунга ўхшаш ишни қилганда қўлга тушгани баён этилган. Мусулмон кишиларга бу иш мутлақо тўғри келмайди.
Номаҳрамлар бир-бирлари билан шариат бўйича оддий ҳолатларда ўзларини қандай тутишса, интернетда ҳам шундай йўл тутишлари керак. Шариат қоидаларига амал қилган ҳолда илмий маълумотлар алмашишса, билмаган нарсалари сўраб жавоб олишса, шунга ўхшаш бошқа беғараз мақсадларини амалга оширишса, ҳечқиси йўқ, бундан фақат фойда бўлади. Аммо ўзаро “электрон муҳаббат” алоқаларини ўрнатишлари ҳаромдир. Мабодо бундай алоқа ўрнатиш нияти туғилиб қолса, аввал оила аъзолари билан маслаҳатлашиб, сўраб-суриштириб, шариат қоидалари асосида жиддий иш кўриш лозим бўлади. Бўлмаса, икки ёш интернет орқали бир-бирини алдаши, устароғи соддароғини йўлдан уриши ва оқибатда умр савдоси бўлмиш никоҳда умр бўйи армонга айланадиган ишлар содир бўлиши турган гап.
– Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда иш айнан интернет орқали никоҳланишгача етиб бормаслиги керак. Баъзи одамлар турли сабабларга кўра телефон ёки интернет орқали шаръий ақди никоҳ қилишни (биздаги никоҳ ўқитишни) ўзларига раво кўришмоқда. Баъзилар эса бу ишнинг шариатда жоиз ёки жоиз эмаслигини сўрашади. Яна бирлари бу ишни амалга оширганлари ҳақида хабар беришади. Ушбу масалада уламолар орасида ҳам бир оз ихтилоф бор. Аммо кўпчилик янги алоқа воситалари, жумладан, интернет орқали никоҳланишга рухсат бермайди. Улар бунда никоҳнинг шартлари, жумладан гувоҳлар мавжуд бўлмаслигини далил қилишади. Яна ҳам чуқурроқ кетганлар эса: “ҳамма шартлар мавжуд бўлса ҳам мазкур воситалар ила никоҳ ўқитиши дуруст эмас, чунки бу иш никоҳнинг муқаддаслигига путур етказади”, дейишади. Улар Аллоҳ таоло ийжоб ва қабулни, гувоҳлар ҳозир бўлишини ва бошқа шартларни бежизга жорий қилмаганини айтишади.
– Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда ёлғон ишлатмаслик, сохтакорлик ила уйдирма хабарлар, суратлар ва видеолавҳалар тарқатмаслик талаб этилади. Интернетдаги имкониятлар кўпайиб кетганини баъзилар суиистиъмол қилишга ўтган. Ёлғон хабарлар, суратлар ва видеолавҳалар тарқатишга одатланган. Бунда ўз мақсадига эришиш ҳам, одамларни майна қилиш ҳам, яхшиликка чақириш нияти ҳам бўлиши мумкин. Аммо нима бўлганда ҳам буни қилмаслик керак. Исломда бу каби ишлар қаттиқ қораланади.
Мисол учун, Қуръони каримни беҳурмат қилгани учун қиёфаси ўта жирканч ҳолатга ўзгариб қолди, дея бир қизнинг сурати эълон қилинди. Бунинг бўлиши мумкин эмас. Эҳтимол, бу нарса содда одамларга таъсир қилиши мумкин. Лекин Қуръони карим бу каби “ёрдам”ларга муҳтож эмас. Шунинг учун ҳам сохтакорлик ила тўқилган мазкур хабар уламолар томонидан қораланди. Қуръони каримни эҳтиром қилиш кераклигини ўз йўли билан тушунтириш лозим. Шунингдек, интернет орқали Каъабаи муаззама устида учиб юрган фаришталарнинг видеолавҳаси ҳам тарқатилди. Бу ҳам ёлғондан, сохтакорлик билан тўқилган нарса. Фаришталар доимо ҳамма ерда мавжудлигига барча мусулмон уммати иймон келтиради. Аммо уларни видеога олишга иймон келтиришмаган. Бу шарт ҳам эмас. Агар ушбу нарсанинг кераги ва фойдаси бўлганида аввалдан айтилган бўларди. Фаришталарга ғайбдан иймон келтиришнинг ўзига хос ҳикмати бўлгани учун Аллоҳ таоло бандаларидан айнан шуни талаб қилган. Учинчи мисол: АҚШнинг собиқ президенти Буш минбарда гапираётиб, Исломга ва мусулмонларга қарши гапини айта олмай тутилиб қолгани ҳақидаги видеолавҳа намойиш этилди. Бу ҳам кераги йўқ нарса. Аввало, бу нарса ҳақиқат бўлганида барча оммавий ахборот воситалари ҳаммаёққа тарқатган бўлар эди. Қолаверса, динимизда ҳар қанча душман бўлмасин, бирор кимсага нисбатан адолатсизлик қилиш, ёлғон тўқиш, одамларга сохта хабар тарқатишга рухсат йўқ.
– Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда худди кўз кўзга тушиб тургандек ўзини одоб ва ахлоқ ила тутиш лозим. Бу хилдаги алоқа кўпчилик билан бўлаётганини зинҳор унутмаслик керак. Мазкур алоқа ёзишма орқали бўлса, ёзув қоидаларига тўлиқ амал қилиб, ўзининг юксак маданиятини кўрсатиш керак. Ёзувларининг бехато эканини текшириб кўриши керак. Агар алоқа овозли ёки суратли бўлса, бунинг ҳам риоясини қилиш лозим. Мусулмон кишининг чиройли ва маданиятли бўлиб кўриниши ва сўзлаши талаб этилади.
– Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда нотаниш кишиларни “сиз”лаб, уларга алоҳида ҳурмат кўрсатиш керак. Воқеъликда ҳам шундай бўлади. Нотаниш киши билан алоқага киришганда ҳурматини жойига қўйиб, алоҳида аҳамият ва эътибор билан муомала қилинади.
– Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда баҳс-мунозара ҳар қанча қизиса ҳам бировга озор беришга бормаслик керак. Баъзи одамлар ҳаддидан ошса ҳам, мусулмон одам ўзини босиши ва ўзидан кетганларга эътибор бермаслиги ва уларга насиҳат қилиши лозим. Мингта бақир-чақирдан кўра битта ҳикматли сўз устун туришини бирор дақиқа ҳам унутмаслик зарур.
– Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда беҳуда тортишувларга йўл қўймаслик, беодобликларга қарши курашиш яхши ишдир. Баъзи одамлар беҳуда тортишишларга ўч бўлади. Тортишиш учунгина баҳс-мунозаралар қўзийди. Бошқаларнинг жиғига тегишни яхши кўради. Ана шундай кишилардан тоифасидан бўлмаслик ва уларга қарши курашиш лозим.
“Ислом.уз” форумида ҳам дастлаб шу қабилдаги ишлар содир бўлиб турди. Кейин ўзимга берилган саволларга жавоб бериш давомида форум нималигини, ундан кўзланган мақсадларни тушунтирдим. Форумдаги мулоқотларда ҳам одобга риоя қилиш кераклиги, агар бу нарсалар бўлмаса, форумни ёпиб қўйиш афзаллигини айтим. Аста-секин ҳолат яхшиланиб борди. Форум иштирокчилари бир-бирларига насиҳат қилишди. Бундай ҳолатни истамаганларнинг форумдан чиқишини талаб этишди ва бунга эришишди ҳам. Ҳозир, менимча, мазкур форумда жуда яхши руҳият, одобли муносабатлар ҳукм сурмоқда.
– Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда савдо ишлари олиб борилса, олдин бунинг тафсилотини яхши ўрганиб олиш шартдир. Интернет орқали савдо қилишда оддий ҳолатдаги савдонинг шаръий қоидалари билан бирга қўшимча қоидалар ҳам бор. Интернетда тилла ва кумушнинг, пулларнинг савдосини қилиб бўлмайди. Чунки бу хил савдоларда қўлма-қўл айрбошлаш шартдир. Интернет орқали эса бу ишларни амалга оширишнинг имкони йўқ.
Шу билан бирга интернет қаллоблари одамлари алдаш учун ўзига хос “интернет савдолари”ни ўйлаб топишган. Биргина мисол тариқасида “Куюс.нет.” номли интернет бозорини олишимиз мумкин. Сиртдан қараганда бу нарса одамларга қулайлик туғдириш, савдо молини арзонлаштириш учун тузилганга ўхшайди. Тармоқли савдо номини олган бу иш аслида қаллобликдан бошқа нарса эмас. Аммо содда одамларни алдашга жуда ҳам қулай. Қабулимга баъзи кишилар келиб, мазкур савдо ҳақида саволлар бера бошлашди. Кишиларнинг тақдим қилаётган маълумотлари узуқ- юлуқ эди. Аммо уларнинг барча ахборотларини қўшиб-умумлаштирганда тўлароқ тасаввур ҳосил бўлди. Шунинг эътиборидан, бу савдо жоиз эмас, деган жавоб берилди.
Бу гап одамлар орасида тарқалиб, сўровчилар яна кўпайди. Охири шу ишни юритаётганлар келиб, ўзлари тушунтириб бермоқчиликларини айтишди. Уларга ўхшаганларнинг кимлигини билганим учун ёзма равишда мурожаат қилишларини сўрадим. Анча вақт ўтганидан кейин ёзма тушунтириш ва мурожаат олиб келишди. Сўнгра уларга жавоб бердим. Улар эса бошқа шайхдан олган нарсасини кўрсатиб, одамларни алдашда давом этаверишди. Кишиларда иккиланиш пайдо бўлиб қолди. Баъзиларнинг ҳалиги “шайх”ни мен билан адаштирганлари маълум ҳам бўлди. Шунда биз интернетда бор ҳақиқатни эълон қилдик. Охири мазкур “Куюс.нет.” ташкилотчилари қаллобликда айбланиб, маҳкамага тортилди.
Шунинг учун бунга ўхшаш ишлардан жуда эҳтиёт бўлиш керак. Олдин ҳар бир нарсанинг, ишнинг ҳалол ёки ҳаромлигини, диндаги ҳукмини яхшилаб ўрганиб олиб, кейин унга қўл уриш керак.
Қуйида интернет тармоғида ақдномалар тузишга оид Ислом Ҳамкорлиги ташкилотининг Ислом Фиқҳи академияси томонидан қабул қилинган қарорнинг таржимасини эътиборингизга тақдим қиламиз:
“Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг Ислом фиқҳи академияси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ислом фиқҳи академиясининг кенгаши Саудия Арабистони подшоҳлигининг Жидда шаҳрида 1410 ҳижрий йилнинг 17-23 шаъбон – 1990 милодий йилнинг 14 – 20 мартида бўлиб ўтган анжуманида академияга янги алоқа воситалари орқали тузилган ақдномалар хусусида тақдим этилган илмий баҳсларни кўриб чиқди. Бунда алоқа воситаларида эришилган тараққиёт, улар орқали иш юритилганда молиявий муомалалар ва тасарруфотларни тезликда олиб бориш ва ақдномалар тузиш эътиборга олинди. Шунингдек, фақиҳлар гап-сўз, ёзишма, ишора ва хабарчи орқали ақднома тузиш ҳақида айтган гаплар, ҳозир бўлганлар орасида ақднома тузишда – васият, вакиллик ва васийликдан бошқаларда – мажлис бир бўлиши шартлиги, ийжоб ва қабул ўхшаш бўлиши, икки ақд тузувчидан бирининг ақдномадан юз ўгирмаган бўлиши, ийжоб ва қабулнинг урфга биноан кетма-кет бўлишини ёдда тутган ҳолда қуйидагиларга қарор қилди:
Биринчидан: бир жойда бўлмаган, бири иккинчисини кўзи билан кўрмайдиган ва сўзини эшитмайдиган икки ғойибнинг орасида ёзишма, хабар юбориш ёки элчи орқали ақднома тузиладиган бўлса (телеграмма, телекс, факс, компьтер экрани ҳам шунга киради), ушбу ҳолатда кимга ийжоб етиб борганда уни қабул қилса, ақднома тузилган бўлади.
Иккинчидан: бир-биридан узоқда турган икки тараф орасида бир вақтнинг ўзида телефон ёки телеграф орқали ақднома тузилса, икки ҳозир бўлган киши орасида тузилган каби бўлади. Ушбу ҳолатга дебочада ишора қилинган, фақиҳлар қилган асл қарорларнинг ҳукми ўтади.
Учинчидан: эътироз билдирувчи ушбу воситалар ила чегараланган муддатга ийжоб содир қилса, у ўша муддат асносида ийжобида қолиши лозимдир. Унинг бундан қайтишга ҳаққи йўқ.
Тўртинчидан: юқорида ўтган қоидалардан никоҳ – унда гувоҳлар шарт қилингани учун, саррофлик – қўлма- қўл бўлиши шартлиги учун, салам савдоси сармояни олдиндан бериш шартлиги учун мустаснодир.
Бешинчидан: сохтакорлик, алдамчилик ва хатога йўл қўйиш кабиларни исбот қилишда умумий қоидаларга амал қилинади (Аллоҳ билувчидир)”.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ