loader
Foto

Ал-иффа (иффат): рухсат этилганни севиш ва гуноҳдан нафратланиш

Олимлар изоҳ беради: «Бу одамлар неъматлардан ҳузур-ҳаловат олган, улар ҳам. Бироқ улар бу ишни турлича қилганлар. Кимдир рухсат этилган тарзда фойдаланган, бу дунёда ҳам, боқий дунёда ҳам ҳузур-ҳаловат топишга муяссар бўлганлар. Бошқалар эса рухсат этилган ва рухсат этилмаган нарсаларга қарамасдан, қизиқиш ва эҳтирослар ундаган тарзда ҳузурланган – уларнинг ҳузур-ҳаловатлари бу дунёда якун топади ва боқий дунёда бундан маҳрум бўладилар».

Ҳузур-ҳаловатларга ва бу ҳузур-ҳаловатлар доимийлигига интилган мўминлар бу дунёдаги ҳузур-ҳаловатларни абадий дунёдаги ҳузур-ҳаловатлар учун кўприк қилиши мумкин. Бунда унинг қалби Аллоҳ таолога, унга бўлган интилиш ва унга ибодат қилиш учун озод қилинади. Ҳамда бу ҳузур-ҳаловатларни мақсадга эришишга хизмат қиладиган ёрдам ва куч сифатида бошдан кечиради, ўз эҳтиросларини ва истакларини ўйламасдан қондирибгина қолмайди.

Бу дунё неъматлари ва ҳузур-ҳаловатлари ким учундир оғир синов бўлиши мумкин бўлиб, унинг ёрдамида одам ёки нажот топиши, ёки боқий дунёни йўқотиб, тубанлашиши мумкин.

Эҳтиросларга қаршилик кўрсатиш ва бу дунё неъматларидан тўғри фойдаланиш учун одам ўзида араб тилида ал-иффа (иффат) деб аталмиш жиҳатни тарбиялаши керак. Рус тилида бу олийжаноб хислатнинг тўлиқ маъносини етказиб берадиган аниқ сўз йўқ, унга фақат таъриф бериш мумкин, холос. Ал-иффа (иффат) бу – муҳаббат, соф ва эзгу амалларга интилиш, гуноҳлардан жирканишдир. Бундай хислат эгаси учун гуноҳ қилиш жирканчли ва қўрқинчли иш ҳисобланади. Бундай ахлоқли диндор ўзини нафақат гуноҳдан, балки шубҳали амаллардан ҳам тийиб туради.

Маълумки, илгари бошпанаси бўлмаган энг қашшоқ одамлар масжидларда яшаган. Абу Хурайра жуда қашшоқ бўлган ва у ҳам масжидда яшаган. Унинг айтишича: «Аллоҳ номи билан қасам-ки, баъзида мен очдан ўлаёзган пайтимда ва масжидда хурмо топиб олардим. Уни қўлимга олиб, емоқчи бўлардим, лекин бирдан «Балки бу хурмо мусулмонлар мулкидандир» деган фикр хаёлимга келиб қоларди ва уни емасдим».

Юсуф алайҳиссаломни эсга олайлик, у яқинларидан узоқда асир бўлиб қолган, лекин уйланмаганди. «У уйида бўлган аёл ундан нафсини хоҳлади. Эшикларни беркитиб: «Бу ёққа кел!» деди. У: «Аллоҳ сақласин! Ахир, у жойимни яхшилаб берган хўжам-ку! Албатта, золимлар нажот топмаслар», деди» (Юсуф сураси, 23).

Юсуф алайҳиссаломга зиндонга солиш билан таҳдид солганда эса: «Эй Роббим, улар мени чорлаётган нарсадан кўра мен учун қамоқ маҳбуброқдир, бу(аёл)ларнинг макрини мендан Ўзинг нари қилмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қоламан», деди (Юсуф сураси, 33).

Бундай мураккаб васваса ҳолатида Юсуф алайҳиссаломга ал-иффа (иффат) каби хислатга эгалик ёрдам берди. У гуноҳ ва ифлос нарсани истамади, Аллоҳ таоло кўрсатадиган тоза ва рухсат этилган усул билан эришиш йўлини танлади: «Никоҳ (имкони)ни топа олмаганлар, то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунича иффатларини сақласинлар...» (Нур сураси, 33).

Ҳар бир мусулмон уни гуноҳ ишлардан тийиб турадиган олийжаноб хислатларни ўзида тарбиялаши лозим. Бунга фақат бу дунёнинг неъматларидан ҳузур-ҳаловат олиш қанчалик ҳақир эканлиги ва боқий дунёда ҳузур-ҳаловатлар инъом этадиган Аллоҳ қанчалик сахий эканлигини англаб етиш орқали эришиш мумкин. Буни англаб етган ҳолда мўминлар асло уларни алмаштирмайди.

Қандай қилиб одам ўзида ал-иффа (иффат) тарбиялаши мумкин

1) Иймон устунларини фақат назария сифатида қабул қилманг – уларни амалиётга айлантиринг.

Сиз учун энг устувор бўлиши лозим бўлган асосий муносабатлар бу – сизнинг Яратувчи, Ҳар нарсани кўрувчи, Ҳар нарсани эшитувчи ва Ҳар нарсани билувчи Аллоҳ билан муносабатларингиздир.

«Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор. Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари қаттиқдир. Зулм қилганлар азобни кўрган чоғларида, албатта, барча қувват Аллоҳга хослигини ва, албатта, Аллоҳнинг азоби шиддатли эканини билсалар эди!» (Бақара сураси, 165).

Қуръони каримда амр қилинган нарса тоза ва тақиқланган нарса - жирканчдир. Пайғамбарлар мўминлар учун энг яхши намунадир. Қиёмат кунида сиз Раббийнинг олдида барча ишларингиз учун жавоб беришингиз керак.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, биз ўз танловимиз учун жавоб берамиз. Бир киши ўзига озиқ-овқат учун ишлаб топишни танлайди, бошқаси эса – ўғирликни. Уларнинг ҳар бири озиқ-овқат олади, лекин биринчиси уни ҳалол этилган тарзда, иккинчиси эса ҳаром тарзда.

2) Сажда қилиш маросимларини уларнинг моҳиятини тушуниш билан самимий ва тўғри бажаринг.

Барча диний маросимлар умумий мақсадларга эга: Аллоҳ билан муносабатларни мустаҳкамлаш ва тузатиш, ўз-ўзини тарбиялаш, одамлар билан муносабатларни мустаҳкамлаш ва тузатиш.

3) Ўзингизда Худодан қўрқиш, сабр-тоқат, ўзини тута билиш, уятчанлик, рашк ва камтарлик каби хислатларни ривожлантиринг.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам олдига бир киши келиб, зино учун рухсат сўраганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шунчаки бу гуноҳ эканлигини айтмадилар – бу кишида зинога нисбатан нафрат уйғотдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унда ал-иффа (иффат) тарбияламоқчи бўлдилар ва бунинг учун рашкдан фойдаландилар, шу сабабли савол бердилар:

— Сен буни (зинони – таҳр.) онанг учун истаган бўлармидинг?

— Аллоҳга қасам-ки, йўқ! Аллоҳ жонимни сенга қурбон қилсин!

— Худди шу тарзда бошқа одамлар ҳам буни ўз оналари учун истамайди.

 — Сен буни қизинг учун истаган бўлармидинг?

— Аллоҳга қасам-ки, йўқ! Аллоҳ жонимни сенга қурбон қилсин!

— Худди шу тарзда бошқа одамлар ҳам буни ўз қизлари учун истамайди.

— Сен буни синглинг учун истаган бўлармидинг?

— Аллоҳга қасам-ки, йўқ! Аллоҳ жонимни сенга қурбон қилсин!

— Худди шу тарзда бошқа одамлар ҳам буни ўз сингиллари учун истамайди.

— Сен буни отангнинг синглиси учун истаган бўлармидинг?

— Аллоҳга қасам-ки, йўқ! Аллоҳ жонимни сенга қурбон қилсин!

— Худди шу тарзда бошқа одамлар ҳам буни отасининг сингиллари учун истамайди.

— Сен буни онангнинг синглиси учун истаган бўлармидинг?

— Аллоҳга қасам-ки, йўқ! Аллоҳ жонимни сенга қурбон қилсин!

— Худди шу тарзда бошқа одамлар ҳам буни онасининг сингиллари учун истамайди

Сўнгра Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам қўлларини бу йигитнинг кўксига қўйиб, дедилар:

— Эй Аллоҳ, уни кечир! Эй, Аллоҳ, унинг қалбини тозала ва унинг аъзоларини асра!

Йигит гуноҳ ҳақида бошқа умуман ўйламай қўйди.

Бу йигитда рашк негизида зинога нисбатан жирканиш ҳисси уйғонди. Кимдадир Худодан қўрқиш, уятчанлик, сабр-тоқат ёки босиқлик негизида зинога нисбатан жирканиш уйғониши мумкин.

4) Ислом қоидаларига мувофиқ фикрингизни ўзгартиринг.

Яъни мунтазам равишда Қуръон ва Суннатга билим олиш учун мурожаат қилинг.

5) яхши ва хушахлоқ одамлар билан дўстлашинг ва мулоқот қилинг.

6) гуноҳларнинг оқибатлари ва гуноҳдан тийилиш учун мукофот борлиги ҳақида доимо ёдда тутинг.

7) чин дилдан ўзгаришни истанг ҳамда Аллоҳ таолога ёрдам сўраб мурожаат қилинг.

«Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар» (Бақара сураси, 186).

Аллоҳ бизга ахлоқий бўлишга ва ал-иффа (иффат) каби ажойиб сифатни тарбиялашга ёрдам берсин.

Абу Муслим таржимаси