Ғарбий Африкада, худди Жанубий-Шарқий Осийда бўлгани каби, Ислом айнан савдогарлар туфайли тарқалган; қоидага кўра, Исломни дастлаб ҳукмдорлар, сўнгра оддий фуқаролар қабул қилган. X асрга келиб, Ислом савдогарлар воситасида Африканинг бутун шарқий қирғоғи бўйлаб тарқалди, сўнгра қитъа ичкарисига қараб йўл олди. Бунда ҳалол савдо нафақат исломни тарғиб қилишда муҳим рол ўйнаган – у аҳолининг янги динга ишончини ҳам таъминлаган.
Лекин савдо ишларида ким энг ҳалол киши бўлган? Шак-шубҳасиз, қачонлардир савдо билан шуғулланган инсонлар орасида энг ишончлиси инсон зотининг тожи саналган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, «Хатамул Анбиё» (саллаллоҳу алайҳи вассалам) бўлганлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳеч ким тенг келолмайдиган ҳалолликларининг сабаби шундаки, улар кичиклик пайтларидан мустақил бўлишга мажбур бўлганлар. Уларнинг оталари ҳаттоки ўзлари дунёга келмасликларидан олдин вафот этган, оналари эса олти ёшда эканликларида вафот этган. Улар бироз муддат боболарининг уйида яшаганлар, сўнгра амакилари Абу Толибнинг оиласига кўчиб ўтганлар.
Кўп ўтмасдан улар ишга киришдилар. Олийжаноб пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам тадбиркорлик борасида нафақат ўзларининг ақл-идроклари туфайли, балки ҳамма ишда ҳар қандай устунлик ва эҳсонга эга эканликлари туфайли ҳам муваффақиятга эришганлар. «Эҳсон – Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек ибодат қилмоғингдир, гарчи сен Уни кўрмасанг ҳам, албатта У сени кўриб турибди» (Бухорий, Муслим). Кейинги ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалардан бирининг ўртасидаги савдо битим ҳақида ҳикоя қилинади.
Ал-Адо ибн Холид ривоят қиладилар:
«Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам «Бу Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайхи ва салламнинг Ал-Адо ибн Холиддан харид қилган (сотиб олган) нарсаси бўлиб, муслим бирлан муслим ўртасидаги савдо-сотиқдур. Унда на бирор зоҳирий ва на бирор ботиний айб ва на бирор камомат бор» деб ёзиб бердилар». (Бухорий).
Омонатни топшириш ҳақида «Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қиладир. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир» (Нисо сураси, 58)
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам Макка аҳолиси орасида мукаммал обрўга эга бўлганлар. Агар бирон киши қандайдир қимматбаҳо нарсасини йўқотиб ёки ўғирлатиб қўйишдан қўрқадиган бўлса, у хотиржам қалб билан Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга ишониб сақлаш учун қолдирарди ва биринчи талаб билан унинг мулки қайтарилишига ишонч ҳосил қилиши мумкин эди. Макка мушрикларининг қувғинлари оқибатида Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг аҳволлари чидаб бўлмас даражага етди, Аллоҳ таоло уларга Мадинага ҳижрат қилишга изн берди. Бу пайт пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам қўлларида уларни қувғин қилаётган кишиларнинг кўплаб нарсалари сақлаш учун олиб қолинганди, бироқ, виждони пок инсон бўлганликлари учун пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам фақат шу нарсаларни эгаларига топшириш учун амакиларининг ўғли Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга топширганларидан кейингина ҳижрат қилдилар, унгача эса Маккани тарк этмадилар. Али розияллоҳу анҳу бу топшириқни аъло даражада бажарди.
Шундай қилиб, кўриб турганимиздек, пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам токи ҳамма нарса ўз эгасига топширилмагунга қадар тинчимаганлар, гарчи бу одамлар уларни таъқиб қилаётган ва ҳаттоки ўлдиришга чоғланган бўлсада. Ислом Жанубий-Шарқий Осиёга кириб келгач, Исломни кенг тарқатишда мусулмон савдогарларнинг роли янги дин оммалаштирилаётган ҳудудларнинг катта қисмида куч ишлатиш ва босиб олишдан кўра кўпроқ тинч йўл билан ва кўнгилли равишда амалга оширилган. Оролларда яшайдиган аҳоли орасида янги динни қабул қилиш маҳаллий аҳолини Ислом динининг тамойиллари ва расм-русумлари билан таништирган мусулмон денгизчилар ва савдогарлар билан қалин савдо алоқалари билан биргаликда кузатилган.
«Ишлар сўзларга қараганда баландроқ гапиради» мақоли мусулмонлар тарихида, хусусан, кўп жиҳатдан маҳаллий аҳоли билан битимлар тузган мусулмон савдогарларнинг ҳалоллиги ва виждонлилиги туфайли рўй берган Осиё, Африка ва Европанинг мусулмон бўлмаган мамлакатларида исломни кенгайтириш давомида яққол тасдиғини топган. 1500 йил мусулмонлар таъсири Суматра, Ява ва Малайзияда ҳис қилинарди. Маҳаллий аҳоли Ҳиндистон ва Арабистон ярим оролидан келган мусулмон савдогарлар билан тўғридан-тўғри алоқага киришарди. Малайзия ва Индонезияга келган араб олимлари эса янги дин ҳақида сўзлаб берардилар.
Мусулмонлар орасида тадбиркорлик ҳалоллиги ҳозирги кунда ҳам ишбилармонлик соҳасида муҳим тамойил бўлиб қолавермоқда ва бундай ҳалолликка жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Келиб чиқиши фаластинлик бўлган бир америкалик ўғирлаб кетилган қимматбаҳо ноутбукни яҳудийлар оиласига қайтариб бериб, ҳалолликка намуна сифатида ёдга олина бошлади.
2008 йил дунёга машҳур скрипкачи унга баҳоси 4 млн доллар бўлган скрипкани қайтариб берган ҳалол мусулмон-таксичига миннатдорчилик белгиси сифатида Нью-Йорк аэропортида таксичилар турадиган жойда бепул концерт берди. 2014 йил ноябрда Сан-Хосе шаҳрида жойлашган «Бургер Кинг» ресторани хўжайини, мусулмон киши, 100 000 доллар пул бўлган топиб олинган сумкани полицияга топширди. Германиянинг Минден шаҳрида суриялик бир қочқин инсонпарварлик ёрдами сифатида унга берилган костюмнинг чўнтагидан чиққан 50 000 еврони ҳукуматга топширди. Мусулмон таксичи фирибгарлар қурбонига айланган бир пенсионерга 12 000 фунт стерлингни қайтариб берди. Яқинда Дубайда бир покистонлик банкомат ёнида топиб олган 50 000 дирхамни қайтарди.
Дарҳақиқат, инсониятнинг нажот топиши унинг пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам таълимотига қайта олишига боғлиқ. Шундай экан, келажак уммат учун суннатга риоя қилайлик, ҳаётда ҳалоллик ва виждонлилик тамойилларига амал қилайлик, ёлғон ва мунофиқликдан узоқлашайлик ва эҳсон барча сўзларимиз ва амалларимизнинг мезонига айлансин.
Абу Муслим таржимаси