loader
Foto

Сийратни ўрганиш фойдалари

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таржимаи ҳолини ўрганиш ҳар бир мусулмон учун жуда ҳам муҳимдир. Бунда жуда кўп фойда мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўлини, шунингдек, унинг сўзлари, ишлари, унинг атрофидаги кишиларнинг баъзи ҳаракатларини индамай маъқуллаши ва шу билан бирга унинг аҳлоқини билиш бизга унга тақлид қилиш ва ундан ибрат олишимизга имкон беради.

Бундан ташқари, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида қанчалик кўп билсак, уни шунчалик яхши кўрамиз ва унинг ноёб шахсиятидан бениҳоя завқланамиз.

Унинг ҳаётини таниб борар эканмиз, айни дамда биз Аллоҳ таоло йўлида у билан бирга меҳнат қилган ва Унинг динини ёйишга хизмат қилган саҳобаларнинг ҳаёти ҳақида билиб борамиз. Саҳобаларнинг ҳаёти билан танишув бизни улар билан яқинлаштиради ва бизга уларнинг изидан бориш имкониятини беради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таржимаи ҳолини ўқиган инсон сўзсиз истаганини топади, мисол учун:

- Ваъз қилувчи Яратганнинг динига чақиришнинг турли услублари ва босқичларининг таърифини топади ва у ёки бу босқичда қайси манбалардан фойдаланиш яхшироқ эканлиги билан танишади.

- Тарбиячи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таржимаи ҳолидан тарбиялаш ва инсонларга ижобий таъсир этиш бўйича гўзал дарслар топади. У Пайғамбаримиз ўз саҳобаларини уларга тинмай ғамхўрлик қилиш орқали қандай тарбиялаганлигини, унинг қуръоний қадриятлар ва фазилатларнинг тимсоли бўлган нодир авлодни бунёд этгани ҳақида маълумотга эга бўлади. 

- Олим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт йўлларидан Муқаддас Қуръонни яхшироқ англаш учун ёрдам берадиган жойларини топади, ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламҳаёти Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларини амалда қўллашдан иборат бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётини ўргана туриб, олим Қуръондаги жуда кўплаб оятларнинг тафсирини топади, шунингдек, у ёки бу оят ёки суранинг нозил бўлишига сабаб бўлган воқеа – ҳодисалар ҳақида маълумотга эга бўлади. Шундай қилиб, олимлар турли ислом таълимотлари ҳақида ишончли билимга эга бўладилар.

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таржимаи ҳолини ўрганган мусулмонлар унинг аҳли китобларга (насроний ва яхудийлар) қандай муносабатда бўлгани, улар билан қандай гаплашгани ва қай тарзда муомала қилгани ҳақида билиб оладилар.

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таржимаи ҳоли мусулмон жамоасига софдиллик, самимийлик, яхши ҳулқ – одоб ва мақтовга лойиқ феъл – атворга доир қимматбаҳо дарс беради. У Аллоҳ таолога тўғри ибодат қилиш, Унинг динини яхши кўриш ва ҳимоя қилиш, Унинг йўлида ҳалокатга учрашдан қўрқишни ўргатади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётий ўрнаги бизга ҳамма нарсани, биринчи навбатда, ўзимизни, кейин эса бутун жамиятни яхшилаш имконини беради. Бунга биз фақатгина расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) таржимаи ҳолини ўрганиб эришишимиз мумкин. Ўрганиш эса – аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам итоат қилишнинг ўзидир. 

Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай дейди: “Аллоҳга ва Расулига итоат этинг. Шоядки раҳм қилинсангиз» (Оли Имрон сураси, 132).

Аллоҳ таоло бизни мағфират қилсин ва тўғри йўлдан адаштирмасин!

Абу Муслим таржимаси