loader
Foto

Шом фатҳи: Саҳобалар...

Ҳижрий 13-16 йилларда мусулмонлар Шомдаги шарқий Рим - Визант императорлигини тўлиқ қулатади. Фатҳ асосан «Ярмук», деб ном олган жангдан бошланади. Жаҳон тарихида бу ҳодиса жуда катта шов-шувга эгадир, чунки қўй боқар бўлган араблар ислом динини ҳаётларида жонлантириб жорий қилиш ва «ўз халифасига итоат қилиш билан жиҳод ва сиёсат тизимлари» татбиқидан кейин мукофат эвазига; ер юзидаги икки улкан давлатни қулатади, мақсад эса динни холис ҳоким қилиш эди: «Уларга токи фитна бўлмай ва дин Аллоҳ учун бўлгунгача уруш қилинглар».(Бақара: 193)

Башорат қилинган ушбу муҳим тарихий фатҳлар Абу Бакр Сиддиқ даврида бошланиб то Умар ибнул Хаттоб розиаллоҳу анҳумо халифалик даврларигача давр суради... Кейин Усмон ибн Аффон розиаллоҳу анҳу давом этди...

Абу Бакр Сиддиқ 13 ҳиж. йилда катта қўшин йиғишга азм қилади.(Ибн Касир, «ал-Бидояту ван-ниҳоя», 4/3) Шомни фатҳ қилиш учун Усома билан қайтиб келган қўшинни бир неча гуруҳга тақсимлаб юборади.

Холид ибн Саъйид ибнул Осни бир қўшинга бош қилиб Шомга юборади, унга Тиймода мусулмонларга ёрдамчи куч бўлиб туришини амр қилади, у ер Шом атрофи билан Шом шаҳарлари орасидаги шаҳар эди. Шунинг-дек у ерни буйруқсиз тарк қилмасликни ва бирорта қавм уруш очмагунча уршмасликка ҳам буюрди. Бу хабар Рим императори Ҳероқлга етди. Ва у Римга тобе бўлган араб қабилаларидан қўшин ҳозирлади: Баҳроъ, Сулайҳ, Калб, Лахом, Жузом, Ғассон. Аммо, Холид ибн Саъйид улар тарафга юриб борар экан уларни учратиб қолади ва уларга юриш қилиб ўз ерларида бир-биридан ажратиб тарқатиб юборади.

Абу Бакр унга Рим ҳали сафларини ростламасидан олдин эртароқ етиб боришини буюрди, шу билан бирга келган йўлини муҳофаза қилиб душман ҳудудига кўп кириб кетмасликни ҳам.

Холиб ибн Саъйид Ўлик денгиз йўлидаги Қистолга борганида, денгизнинг шарқий тарафида римликлар ҳужумига учради, сўнгра изига қайтди, римликлар эса Тиймада жамланган қўшиндан кўпроғини йиғиб қувватланиб олган эди. Холид ибн Саъйид халифага ёрдам хатини ёзди, уларни келган еригача эргашиб келиб ёрдам беришини, айтади. Абу Бакр унга Икрима ибн Аби Жаҳл билан эпчил қўшин ва Валид ибн Уқба билан яна бир йиғин аскарлар юборди.

Қачонки бу куч Холид ибн Саъйидга етиб келганида уларни римликларга қарши ҳужм қилишга амр қилади, римлик аскарлар Марожус Сафрогача(Табарий денгизининг шарқий тарафидаги минтақа) айёрлик билан чекиниб боради. У ерда мусулмонларга маҳзунлик тушади, чунки Холид ибн Саъйиднинг ўғли Саъйид ибн Холид билан бирга олдинги сафда юриб бораётган жангчилари ҳам шаҳид қилинди. Ўғли ҳақидаги хабар келганида Холид қўшиндан баъзи одамлари билан отилиб чиқиб кетади,(Сийрат олимлари Холид ибн Саъйидни қаерда вафот қилгани ҳақида ихтилоф қилган, баъзи-лар Софрда, баъзилар Ажанийд жангида ҳам, дейишган экан) Икрима эса қолганларни тўхтатиб қолишга муваффақ бўлади, яъни Шом ҳудудида аскарларни урушдан тутиб туришга эришади, чунки Сиддиқ розиаллоҳу анҳу уларга ўша ерда қолишларини, кутишларини амр қилади, лекин бу қисқа жанг римликлар фойдасига бўлган эди.

Шундан кейин Абу Бакр Сиддиқ: «барча мусулмонлар жиҳодга чиқсин», деб амр қилди, Яманга жиҳодга амр қилиб хат юборди, яманликлар лаббай, деб омматан жиҳодга қўшилдилар. Шу онда Билол ибн Рабоҳга ҳам амр қилади ва у нидо қилиб чақиради: «Жиҳодга чиқинглар, душманингиз Шомдаги Рим», деб.(Али Соллабий, «Сийрату Аби Бакр Сиддиқ», 341-342)

- Мана шундан кейин Шом диёрларига юриш қилиш учун Абу Бакр Сиддиқ жуда катта қўшин тўплайди, уларни тўрт қисмга бўлади:

1.    Қўшинга Язид ибн Абу Суфён қўмондон бўлади у билан жуда кўпчилик одамлар чиқади, шунингдек Макка аҳлидан бўлган Суҳайл ибн Амрга ўхшаган ёши катта кишилар чиққан. Улар Дамашқ тарафга йўл олади. Уларга унинг укаси Мовия ибн Абу Суфён бошчилигидаги қўшин ҳам қўшилади. Табиийки улар билан Холид ибн Саъйид билан бирга қайтган Зу Марводаги аскарлар ҳам бўлади. Улар Шом шаҳарларига юрган биринчи 7000 кишилик қўшин эди.

2.    Уч кундан кейин Табук, Балқоъ сўнгра Бусро тарафга юриш қилиш учун яна бошқа тайин қилинган қўшин йўл олади, қўмондони Шураҳбил ибн Ҳасана эди. Қўшин адади 4000 гача эди. Улар Абу Убайданинг сўл тарафида, Амр ибнул Оснинг ўнг тарафида Урдунга қараб юриб борар эди.

3.    Абу Убайда Омир ибнул Жарроҳ эса яна бир бошқа қўшинга қўмондон бўлиб Ҳумсга қараб юради. Улар ҳам 3000 дан кўп бўлган мужоҳидлар билан эди. Абу Убайда қўшин билан Жобиядан ўтиб боради. Улар Язиднинг сўл тарафида эди. Шураҳбилнинг ўнг тарафида эди.

4.    Яна бир қўшин Амр ибнул Ос бошчилигида Фаластинга қараб юзланган эди.(Ибн Касир, «ал-Бидояту ван-ниҳоя», 4/4.) Уларнинг адади 7000 гача бўлган. Улар Қизил денгиз бўйлаб Ўлик денгиздаги Уърба водийсигача борадилар. Сиддиқ розиаллоҳу анҳу Амрга васият қилиб шундай деган: «Агар аскарларинг билан йўлга чиқсанг, Язид ва Шураҳбил юрган йўлга юрмагин, балки Илиё (яъни Қуддус) йўлига юргин, токи Фаластин ери тугагунча юриб бор. Одамларингни Абу Убайдадан хабар олиб келиш учун юбориб тургин, агар у душманлари устидан зафар қучган бўлсалар, сен Фаластиндагилар билан уруш қил, мабодо у: «аскар лозим», деса, у ҳолда сен унга аскар ортидан асклар юбориб тургин».(Воқидий, «Фатҳуш Шом», 1/8)

Қўшинлар турли йўллардан боришдан мақсад Шомга ҳар тарафдан кириб боришлари мақсад қилинган. Лекин кейинроқ римликларга йўлиққанда Ироқдан Холид ибнул Валид келганда барчаси бирлашиб олишади.

Ислом қўшинлари Рим императори юборган улкан қўшинга йўлиқади, уларнинг адади ва қуввати мусулмонларга нисбатан ниҳоятда кўп эди. Римнинг Шомда асосан иккита қўшини бўлган, бири Фаластинда, иккинчиси Антокиёда.

Римликлар ҳам мусулмонлар Шомга тўрт тарафдан юриш қилишини билди ва Ҳероқл ҳам уларга қарши рим қўмондонлари ва бошлиқлари суҳбатида бўлган жуда ҳам катта қўшин юборди. Ҳар бир мусулмон қўшини қаршисида уларни йўқ қилиш учун Рим алоҳида-алоҳида улкан қўшинларни солди.

Мусулмонлар қўмондонлари Абу Бакрга ушбу хабарни етказади, шунда Абу Бакр уларга яхши қуролланган ёрдамчи куч юборади:

1.    Ҳошим ибн Утба ибн Абу Ваққос билан мингта жангчини Абу Убайдага йўллайди.

2.    Саъйид ибн Омир ибн Ҳузаймни етти юз киши билан Язид ибн Абу Суфёнга йўллайди.

Сўнгра қўмондонлар римга қарши бир ерда бирлашишга қарор олдилар, баъзилар бу қарорни олишга Абу Бакр буйруқ берган, деган, нима бўлган тақдирда ҳам шу билан римликларнинг режасини бузишни мақсад қилишган эди, яъни мусулмонлар римликлар ўйлагандай тўрт эмас бир катта қўшин бўлиб, барчалари Ярмукда тўпланишга келишдилар. Табиийки буни душман тараф сезмаслиги ва билмаслиги учун имкон қадар тез ва махфий ҳаракатга тушадилар:

1.    Абу Убайда Ҳумсдан келар эди.

2.    Шураҳбил ибн Ҳасана Урдундан.

3.    Язид ибн Абу Суфён Дамашқ тарафдан.

4.    Амр ибнул Ос эса Фаластин тарафдан.

Сўнгра Абу Бакр шундай қарор олади: «Аллоҳга қасам! Насороларни Шайтоннинг васвасасидан Холид ибнул Валид билан чалғитамиз», деб Сиддиқ розиаллоҳу анҳу Холид ибнул Валид розиаллоҳу анҳуга: «Ироққа ноибингни тайин қилиб ўзинг билан бирга бўлганларни олиб Шомга қўшил», деб чақиради.

Холид ибнул Валид Ироққа ўрнига Мусанна ибн Ҳорисани ноиб қилиб қолдиради. Ва тезлик билан Рофеъ ибн Умайро Тоий йўл бошчилигида беш кун ичида Бусро чегарасига ўн мингга яқин мужоҳидлар билан етиб келади, Холид ибнул Валид Бусро аҳлига жизя тўлашни зиммаларига қўйиб Шом диёрида илк фатҳни очиб беради. Бу - Абу Бакр Сиддиқ хилофатидаги илк фатҳ эди:

Холид саҳрони кесиб ўтади, Шомга келганда Адак, деган ерни сулҳ билан фатҳ қилади, кейин Тадаммурга бориб у ерни олади, ундан кейин яна иккита қишлоқ билан жанг қилиб уларни енгиб Ҳаворийн тарафга йўл олади, у ерни ҳам фатҳ қилиб ҳатто у ернинг номи Сания деган номга ўзгаради, ўша ерда Иъқоб байроғини ўрнатади, у ер «Санийятул Иъқоб», деб номланган. У ердан кейин Бусрога келиб саҳобалар бошчилик қилиб турган қўшинни учратади, уларга қўшилиб байроқни топширади, ҳамд бўлсин!

Сўнгра Холид ибнул Валид, Абу Убайда, Мурсад, Шураҳбил розиаллоҳу анҳум - барчаси Амр ибнул Ос тарафга боришади, римликлар эса Амрга қарши қасд қилиб келаётган эди,(Ибн Касир, «ал-Бидояту ван-ниҳоя», 7/6-7.) саҳоблар Аъруба деган ерга Амр иб-нул Осга ёрдам беришга юриб қасд қилади ва ёрдамга улгурадилар, Аллоҳнинг изни билан айни ўз вақтида етишадилар. Амрни ҳам сафларига қўшиб оладилар.

Кейин улар Ажнодийнда римликларни мағлуб қилади, рим қўмондони Қийқилон қатл қилинади, қўшини тор мор этилади, мусулмонлардан ҳам кўп саҳобалар, мужоҳидлар шаҳид бўлади, баъзи тарихшунослар фикрига кўра(баъзилар Ажнодийн жангини Ярмукдан кейин Қуддус фатҳидан олдин бўлган, деган фикрга ҳам борган) бу ғалаба 13 ҳиж. й. жумодул уло тугашига икки кеча қолганда содир бўлди, 636 мил. й. 30 июлга тўғри келади.

Лекин римликлар жуда кўп эди, улар мусулмонларни бутунлай йўқ қи-лиш учун улкан қўшин ҳозирлаб Шом тарафга йўлга чиққан эди, адади 240,000 га етарди. Мадинадан Шомга чиққан тўрт бўлим қўшин эса 21,000 атрофида эди. Токи Холид ибнул Валид, Абу Убайда, Язид, Шу-раҳбил қўшинлари билан Шом атрофида қўшин ушлаб турган Икрима ҳам қўшилганда, саҳобалар қўшининг адади 36,000 дан то 40,000 гача жамланади. Ҳатто уларга Амр ибнул Ос билан бирга бўлган қўшини қўшилган бўлса ҳам.

Холид ибнул Валид ҳолатни пайқаб, биродарларига таклиф ва насиҳат қилади, кейин саҳобалар розилигини олиб Шомда - Ярмук жангида мусулмон қўмондонларининг амири бўлишга муваффақ бўлади.

Жумодул охирнинг 1 куни, Холид ибнул Валид атрофида аскарлар йиғилиб турганида, у киши туриб уларга хутба қилади: Аллоҳга - ҳамд, мақтов, сано айтади. Мужоҳидларга жиҳодни холис Аллоҳ учун қилишни эслатади, сўнгра маъракалар катта бўлгани учун аскарларни ўз тажрибасига кўра тақсимлайди. Минг кишилик аскарлардан тайин бўлган ўттиз олтита ё қирқта жамоат бўлади, яъни ҳар бир гуруҳда минг киши, ҳар бирининг устида эса бир амир тайин қилиб тақсимлайди.

Римликлар Ярмук дарёсининг сўл тарафидаги кенг водийга келиб тўҳтайди, дабдабали қўшин бақир-чақир, фахру-риё билан келади, аскар адади 40,200 та эди. Роҳиблари Инжилни тиловат қилиб уларни урушга руҳан шайлар эди. Лекин улар билишмас эди-ки «Ярмук маъракаси» Шом диёрларини мусулмонлар фатҳ қилиши учун очилган дарвоза эди...

Бир киши: римликлар жуда кўп экан, мусулмонлар жуда оз экан, деб юборди. Шунда Холиднинг ачиғи чиқиб: «Балки мусулмонлар жуда кўп, римликлар эса жуда оздир, ғалаба билан қўшинлар кўпаяди, мағлубият билан озаяди», - деб қаттиқ қичқириқ билан тафоъул қилиб айтди.

Амр ибнул Ос розиаллоҳу анҳу одамларга римликлар қуршовда қолишини башорат бериб янада шижоат беради. Мусулмонлар дарёнинг ўнг тарафига кечиб ўтиб қароргоҳларини қуради. У ердан рим қўшинига тўғри кўндаланг тушган кенг йўл бор эди. Ўша ерга жойлашиш натижасида римликларнинг йўлини тўсиб олишади, римликлар у ердан қочолмас эди, чунки йўлни мусулмонлар тўсиб қўйган эди, қочишга бундан бошқа қулайроқ йўллари деярли йўқ эди. Хуллас Аллоҳ таоло мусулмонларнинг ишини ўша куни тўғрилаган эди.

Саф тортилиб икки тараф урушга шайланганида Абу Убайда мусулмонларга ваъз қилди, сўнгра Муоз ибн Жабал ҳам эслатмалар берди, ортидан душман тарафдаги роҳиблар товушини эштиб Амр ибнул Ос, Абу Суфён, Абу Ҳурайралар ҳам нутқ сўзладилар. Ҳар бир жамоат байроқлари остида собит бўлди, кўзлари кўп душмандан қўрқмади.

Сўнгра римликлар ҳам ҳаракатга тушди, Ярмук илгари бундай ваҳималийроқ тўполонни кўрмаган эди. Уруш бошланиш арафасида икки тараф қуролларини қўлда тутар экан, бирдан Ҳижоздан хабар келди, хат Холидга топширилди, унда: «Абу Бакр Сиддиқ розиаллоҳу анҳу вафот этганлиги ва ўрнига Умар ибнул Хаттоб халифа бўлгани» ҳақида ёзилган эди. Шунингдек «Холид ибн Валид ўрнига мусулмонлар қўшинига Абу Убайда амир бўлиши» - ҳақида буйруқ бор эди. Холид ибнул Валид хатни ҳеч кимга билдирмади, чунки буни очиқласа уруш бошланмай ёки жанг асносида мужоҳидларни заифлик ушлаши ёки хавотир пайдо бўлишидан; сусткашлик қилишларидан қўрқди.

Уруш бошланди... жангдан олдин римлик бир қўмондан Холид билан сафдан чиқиб алоҳида музокара қилади, бу машҳур қиссадир, қўмондоннинг исми Жоржаҳ эди, суҳбатлашиш натижасида Холид унинг исломга киришига сабабчи бўлади ва у шаҳодат келтириб, ўша ердан туриб римликларга қарши жанг қилиб шаҳид бўлган.

Жанга авж олар экан илк палладаёқ римликлар чекина бошлади, Холид ва унинг одамлари; оёқда қочаётган римликларни қувиб бордилар токи уларнинг аввалдан тайёрлаб қўйган ўз хандақларидан бирига етиб олиб ўша ерда улар билан тонгача жанг қилишади. Римликлар у ердан ҳам қочиб кетишади, мусулмонлар учун ғалаба яқин эди; римликлар эса аввал Ярмукдан Дамашққа, кейин Дамашқдан Ҳумсга қараб қочади, мусулмонлар эса уларни тинмай қувиб борар эди.

Рим императори Ҳероқл эса Ҳумусда эди, у - мусулмонлар Ҳумсга қадам қўйганини эшитгач, изига тушмасликлари учун ортидан аскарларидан жонли девор-тўсиқ қолдириб Ҳумсдан жўнаб кетади. Мусулмонларга зафар қучиши аниқ бўлгач Холид хатни дарҳол очиқлайди, амирликни буйруққа таслим бўлиб Абу Убайдага топширади.

Мусулмонлар Дамашқ ва Ҳумс тинчлигига кафолат бериб, салоҳиятли ҳолатга келтиради, жамоатда ҳам мувозанатни мукаммал даражада сақлайдилар ҳамда улар катта миқдордаги ғанималарни суннатга мувофиқ ўлароқ тақсимлайидилар.

Ярмукда бошланган ушбу воқеъа ҳижрий 13 й. жумодул охир ойида бўлган, мил. 634 йилга тўғри келади. Ушбу жангдан кейин улкан Византия - Рим шавкати Шом диёрларида синади, унинг олдинги ҳайбати ва буюклиги мусулмонлар ҳовучида қолади, Шом шаҳарлари бирин-кетин мусулмонлар қўлида ислом диёрларига айланади, Дамашқ, Фиҳл, Ҳумс, Фаластин шаҳарлари ҳам: Набилус, Рафаҳ, Луд, Аъмвос, Ажнодийн, Ғазза ва бошқалари. Ваниҳоят мусулмонлар Байтул Мақдисга етиб келишади... Аллоҳ Буюкдир!(Др.Роғиб Сиржоний, «ал-Мавсуъатул муяссароту фит-тарихил ислам», (Хулофои Рошидин), 86-101саҳифалардан қисқартирилди)



Қуддус фатҳи: Башорат...



[Ҳижрий 15 й. шаввол ойидан то 16 й. робиъул аввал ойигача].

Мусулмонлар Шомга омматан ҳукмронлик қила бошлади, Фалсатинда фатҳ бўлмаган фақат Байтул Мақдис ва Қийсория қолган эди...

Шомдан қўшин амири Амирул Умаро, деб лақаб олган Абу Убайда розиаллоҳу анҳу мўминлар амири Умар ибнул Хаттобга маслаҳат солиб: Қийсорияга(кейинчалик Қуддус фатҳидан кейин Язид ибн Абу Суфён Қийсорияга юриш қилади, бир марта шаҳарнинг соҳил тарафидан ўраб олинади, лекин бир-неча йилдан кейин мил. 640 йилда фатҳ қилинган)ёки Байтул Мақдисга юриш қилиш учун хат ёзади. Умар ибнул Хаттоб хатни ўқигач у киши ҳам саҳобаларга маслаҳат солади, шунда Али розиаллоҳу анҳу айтади: «Эй мўминлар амири, биродарингизга Байтул Мақдисга юришга амр қилинг, уни қуршаб олишсин, аҳолисига қарши уруш қилишсин. Мана шу энг яхши ва олий фикрдир. Агар Байтул Мақдис фатҳ қилинса кейинги қўшинни Қийсорияга юборинг, чунки у шундан кейин фатҳ бўлади, иншаоллоҳ!». Ва улар шундай қилади...

-    Бас, Абу Убайда розиаллоҳу анҳу Байтул Мақдисга одам юборади, уларни Аллоҳга даъват қилади, исломга чақиради, бўлмаса жизя ёки уруш, дейди... Улар бунга ижобат қилмайди, рад жавоб қилади!

Ҳижрий 15 й. шаввол ойининг ўрталарида / мил. 636 й. ноябр ойида, Абу Убайда уларга қўмондонлар билан аскарлар юборади, улар Байтул Мақдис атрофини ўраб олади. Қуршовга дош беролмаган аҳоли олти ойлик муҳосорадан кейин сулҳга шарт билан ижобат қилишларини билдириб, таслим бўлади, черков ходими Софрониус:(Табиийки Халифа келгунча Софрониус ўзларининг диний обида ва осорларини аллақачон Қонстонтинияга махфий равишда йўллаб қўйган эди, мусулмонлар эса энди Арийҳага келган эди) «фақатгина, мўминлар амири Умар ибнул Хаттоб шахсан ўзлари Байтул Мақдисга келишини шарт қилишади». Табиийки Абу Убайда буни Умар ибнул Хаттобга хат орқали дарҳол билдиради.

Ҳиж. 16 й. робиъул аввал ойи / 637 мил. й. апрел ойида, мўминлар амири Умар ибнул Хаттоб Шомга келади, мусулмон аскарлари то Жобиягача(Қуддусга яқин бир кичик шаҳар)у кишини кузатиб боришади, улар барча чора-тадбирларини кўришган эди, албатта. Жобияда мўминлар амири Умарнинг қўмондонлари Абу Убайда билан Холид ибнул Валид кутиб олади, сўнгра улар Қуддусга киришади, Амр ибнул Ос қуршовга бир нойибини тайин қилиб улар билан бирга келади, ноиб билан Шураҳбил Байтул Мақдис атрофида туради.

Улар Жобиядан Қуддусга жумодул охир ойида кириб мақдийсийликлар билан сулҳ битими тузади, уларга тинчлик ва келишув ёзилади, жизя тайин қилинади ва бир қанча шартлар шарт қилинади. Сулҳга Холид ибнул Валид, Амр ибнул Ос, Абдураҳмон ибн Авф шоҳид бўладилар, котиб Муовия эди - розиаллоҳу анҳум.(Табарий, «Тарихул умам вал мулук», 3/159. Ибн Касир, «ал-Бидояту ван-ниҳоя», 4/58)



Умар сулҳи: «Умария битими», деб номланган тарихий ҳужжат...



Сулҳ васиқаси: «Умар битими», деб номланган, у Насоролар билан битилган келишув эди. Сулҳда қуйидаги бандлар ёзилган:

«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бу - Аллоҳнинг қули, мўминлар амири Умардан Илиё аҳлига берган омонликдир:

- Уларнинг жонларига, молларига, черковларига, ҳочларига, заиф-касалларига, соғломларига ва бошқа одамларга омонлик бор.

- Уларнинг черковлари яшаш учун жой қилиб эгалланмайди, бузилмайди ҳам, ерларидан камайтирилмайди ва бўш турган ерлари атрофларидан олинмайди ҳам, ҳочлари турган ерлари ҳамда мол-мулкларидан бирор нарса тортиб олинмайди.

- Динлари сабаб ўзлари ҳам ёмон кўрилмайди, улардан бирортасига зарар берилмайди.

- «Яҳудийлардан бирор кимса Илиёда - Қуддусда улар билан бирга яшамайди».

- Илиё аҳли бошқа шаҳарлар жизя тўлагани каби тўлайди.

- Уларнинг зиммасида яна римликларни ва ўгриларни чиқариб таш-лаш бор. Улардан ким чиқиб кетса омонликда борадиган еригача жони ва моли тегилмайди. Улардан ким бу ерда яшаб қоладиган бўлса Илиё аҳлига белгиланган жизяни у ҳам тўлайди ва у омонликда бўлади.

- Илиё аҳлидан ким римликлар билан жони ва молини олиб кетиб -черков, ҳочларини холи ташлаб кетса, улар ҳам омонликка етиб олгунча жонлари ва черкови, ҳочлари омонликда бўлади. Улардан ким қолишни истаса Илиё аҳли берган жизяни бериш зиммасида бўлади, истаганлар римликлар билан кетсин, ким истаса аҳлига қайтсин, улардан ҳеч нарса олинмайди токи экинларини йигиштириб олгунча.

- Мана шу ёзилган нарсада - агарда улар зиммасидаги жизяни берсалар; улар учун Аллоҳниниг аҳди, Расулининг, хулофоларнинг, мўминларнинг ҳимояси бор!».

- «Эй Илиё аҳли, сизларга бўлган нарса бизгадир, бизга бўлган нарса сизгадир». (Табарий, «Тарихул умам вал мулук», 3/159. Сулҳдаги сийғалар турли ифодада бўлиб келган, масалан буни ал-Ёқубий, Ибнул Жавзий, Ибн Асокир, Табарий, Мужириддин Мақдисий ва бошқалар қисқа ва кенг шаклда келтирган, кўпроқ маълумот олиш учун Муҳаммад ибн Абу Бакрнинг «Аҳкому аҳли зимма» китобига қаралсин.)

Умар ибнул Хаттоб

Сулҳ ёзилган вақтда намоз вақти бўлиб қолади, черков ходими Софрониус Умарни Қиёмат канисасида намоз ўқишни таклиф қилади, лекин Умар бунга унамайди, зотан Умар каниса ичида эди: «Қўрқаман-ки, агар мен унда намоз қилсам, мусулмонлар сизлардан бу ерга ғолиб келиб: мўминлар амири бу ерда намоз қилган, деб [канисангизга] масжид қуриб олишади», дейди,(Др.Роғиб Сиржоний, «ал-Мавсуъатул муяссароту фит-тарихил ислам», (Хулофои Рошидин), 101) яъни Умар розиаллоҳу анҳу мусулмонлар канисани эгаллаб олиб масжид қилиб олишидан қўрқди. Кейин Умар розиаллоҳу анҳу канисадан чиқиб сал узоқроққа бориб намоз қилади.

Аҳмад ибн Абдулҳалим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Умар ибнул Хаттоб Шомга келганда аҳли зиммага шарт қилган шартларни «муҳожир ва ансорлар» ҳузурида шарт қилган эди. Мана шу ишга мусулмонлар имомлари наздида амал қилиш лозим бўлган. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзларига кўрадир: «Сизлар менинг суннатимни лозим тутинглар. Мендан кейин Рошид халифалар суннатини ҳам; уни маҳкам тутинглар. Уни озиқ тишлар билан тишлаб олинглар. Ишларнинг янгиларидан огоҳ бўлинглар, дарҳақиқат ҳар бир янгилик бидъатдир, ҳар бир бидъат залолатдир». Шунингдек ушбу сўзлари: «Мендан кейин мана бу иккаласига иқтидо қилинглар: Абу Бакр ва Умарга». Чунки булар -нақл қилган нарсалари билан Аллоҳнинг китобидан ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларидан тушунган нарсаларида залолатда жамланмайдиган бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари тарафидан ижмоъга айлангандир».(Аҳмад ибн Абдулҳалим, «Фатаво», 28/651)

Халифанинг кўрсатмаси билан Қийсорияни фатҳ қилиш учун Язид ибн Абу Суфён қўшин тортиб юриш қилади. Бошқа тарафдан Амр ибнул Ос ва Шураҳбил эса Фаластин ва Урдун ерларини тўлиқ фатҳ қилиш учун юриш қиладилар ва ўша йилнинг охирида бунинг уддасидан чиқдилар. Абу Убайда ва Холид эса Қуддусдан чиқиб Суриянинг шимол тарафига юриш қилиб ҳиж. 18 й. / мил. 637 й. охирларида Антокиёни фатҳ қилади. Аммо, Қийсория сал кейинроқ 640 м.йилда фатҳ бўлади. Ундан кейин мусулмонлар Миср ерларини фатҳ қилади.

Мусулмонлар Қуддусга Умар ибнул Хаттоб фатҳ қилганидан кейин то мил. 1099 йилдаги «Биринчи Салиб» юришигача 400 йил ҳукм қилган. Улардан кейин 1187 й. Салоҳиддин Айюбий Қуддусни қайтаради ва то Усмонийлар даври тугагунча ислом хилофатига дохил шаҳарлардан бири эди. Бугун эса ХХ асрга келиб Фаластин еридаги ғариб бир шаҳарга айланди, афсус. Лекин яна бир бор бизга қайтажак яқинда!

- «Аллоҳ таоло агар хоҳласа эди; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Масжидул Ақсодан эмас, балки Маккадан меърожга кўтарар эди. Ва лекин, Аллоҳ таоло сайр қилдиришни Макка билан Қуддус орасида бўлишини хоҳлади, меърожни эса Қуддусдан бўлишини хоҳлади. Мана шу ишда Қуддус билан Макканинг бевосита боғлиқлиги бор. Дарҳақиқат, Расулуллоҳнинг саҳобалари бу ҳақиқатни англадилар ва улар Шом диёрларини фатҳ қилишга чопдилар ва Ақсони римлик васанийлардан покладилар.

Аллоҳ таолонинг душманлари бир неча маротаба Қуддусни ишғол қилишга ҳаракат қилишди, лекин уларнинг бу ҳаракатлари мусулмонларнинг ботирлари берган қаттиқ зарбаларига дош беролмай синиб кетишди».(Муҳаммад Сурур Зайнулобидин, «Манҳажул Анбиё фи даъвати ила Аллоҳ», 179)

Умар Шоҳирнинг

"ФAЛAСТИН ўтмиш ва келажак" китобидан