loader
Foto

Мусулмонлар учун тузоқ

Бугун Шом «қора туйнук»ка айланиб қолди. Бу «қора туйнук» аввало дунёнинг турли бурчакларидан бу ерга отланаётган юзлаб, минглаб мусулмон ёшларни ўз домига тортиб кетяпти. Шомда юз бераётган воқеаларга қараб, Ғарбнинг Россия билан ва Суриянинг ўзи билан биргаликда келишиб олинган, жуда пухта режалаштирилган бир саҳна ўйинимикан, деган хулоса чиқиб қоляпти. Бир неча йилдан бери у ерда давом этаётган бемаъни урушда инсоният бугунги кунда дуч келиб қолган муаммоларга тик қараётган шижоатли мусулмон ёшлар нобуд бўляпти. Бир қарасанг, уларга гўё Ғарб ёрдам бераётгандек, уларни маблағ ва қурол билан таъминлаб, қўллаб-қувватлаётгандек туюлади. Лекин масалага чуқурроқ назар солинса, буларнинг ҳаммаси сароб экани маълум бўлади.

Аслида у ерда қуруқ, сирти ялтироқ сўзлардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Бундан ташқари, шунча йилдан бери Сурия режими билан қарама-қаршиликка борган «салафий»ларга НАТОнинг, сўнгги пайтларда эса сионизмнинг қўлидаги қуроли ва агентлари деган тавқи лаънат ҳам осила бошланди. Қаёққа қарасанг, Ғарб радикал «исломчи»ларни манипуляция қилишнинг самарали усулини топгани ҳақидаги гап-сўзлар. Эҳтимол, буни муайян манфаатларнинг қисқа тарихий муддат мобайнида мос келиб қолиши дейиш ҳам мумкиндир. Лекин бундай фикрлар бугунги кунда Шомдаги урушга мухолифлар томондан жалб қилинган кучлар стратегик методологияга эга эмаслигини инкор қила олмайди. Бошқача қилиб айтганда, бу кучлар қандайдир мавҳум ўйинга аралашган бўлиб, улар бу машъум ўйиннинг сирли мурват ва механизмларини тушуниш ва таҳлил қилишдан ожиздир.

Умуман, мусумонларнинг кўпчилигида сиёсий дискурс (мантиқий фикрлаш) йўқ. Бунинг устига аксар мусулмонлар сиёсий дискурс нима эканини билмайди ҳам, билишни истамайди ҳам! Аслида эса дискурс – маълум фундаментал тамойилдан келиб чиққан ҳолда нима яхшию, нима ёмон эканини фарқлаш, бир масалага ёндашишда устувор омилларни танлай олиш қобилиятидир. Оддийроқ қилиб айтсак, дискурс – қилиниши керак бўлган бир неча ишларни уларнинг қайси бири энг муҳимлигига қараб саралай олиш қобилиятидир. Ҳаётимизнинг ҳар қадамида бир тушунча ёки вазиятга оид бир қанча тушунча ёки ҳаракатларга дуч келиб, уларнинг ичидан энг муҳимини, энг зарурини танлашга мажбур бўламиз.

Буни бир мисол билан тушунтиришга ҳаракат қиламан. Қуръони каримда: «Худди шунга ўхшаш ҳар бир шаҳарда катта жиноятчиларни унда макр қилиш учун қўйиб юбордик», деган маънодаги оят бор (Анъом, 123).

Бу ерда биз «жиноятчилар» деб ўгирган сўз аксар ҳолатда «гуноҳкорлар» деб ҳам таржима қилинади. Агар арабчасига қарайдиган бўлсак, “Ва казалика жаъална фи кулли қарйатин акабира мужримиҳа” деб ўқилади. Ҳақиқатдан ҳам “мужрим” сўзи икки хил маъно беради: “жиноятчи” ва “гуноҳкор”.

Жиноятчи деб ўқисангиз, бир маъно чиқади. Гуноҳкор деб ўқисангиз, бошқа маъно чиқади. Шу тариқа Қуръони каримни қандай ўқилишига қараб бир оят турли хил маъно бериши мумкин. Аллоҳ таоло катталарни гуноҳкор қилиб қўйиши билан уларнинг ҳаммасини гуноҳкор деб эълон қилиши бошқа-бошқа нарсадир. Зоҳиран икки хил тушунчани ҳам олса бўлади. Бироқ, қайси вазиятда қайси маънони олишни биз айтаётган дискурс белгилайди. Бу дискурс ҳар бир ҳолатда маълум бир принципиал услубдан фойдаланиш имконини беради. Энг аввало, ким дўст, ким душманлигини аниқлашда,  қанчалик ва қайси муддатда дўст ёки душманлигини аниқлашда ана шу дискурс керак бўлади.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломда бу истеъдод мукаммал мақомда эди. У зот ана шу истеъдодга биноан бир қабила билан қачон жанг қилишни, қачон сулҳ тузишни ҳал қилардилар, баъзан Исломни қабул қилишни шарт қилиб қўйсалар, бошқа пайт ҳали Исломни қабул қилмаганлар билан иттифоқ тузиб, улардан ҳам хатарли душманга қарши биргаликда қарши туриш учун аҳдномалар тузардилар. У зотнинг бундай мисли кўрилмаган стратегик манёвр қобилияти ҳар бир ишнинг кўзини билишда, муаммонинг энг долзарб ва муҳимларини ажрата олишда, бирламчи масалани иккиламчи масаладан устун қўя олишда намоён бўлар эди.

Бироқ, бугун бундай дискурс деярли йўқотилган. Бунинг оқибатида мусулмонлар замоннинг талабларига тўғридан-тўғри, бевосита реакция қиладиган ҳолатда яшашяпти. Улар вазият издан чиқарилган, уруш бошланаётган, қайноқ нуқталар сунъий равишда ташкил қилинаётган жойларга қандайдир саудиялик уламоларнинг «фатво»сига лаббай деб бирпасда етиб келишяпти. Бу «фатво»лар эса уларнинг келгусидаги хатти-ҳаракатларини, онгини керакли томонга йўналтиряпти, вазиятни баҳолашда Қуръон ва ҳадисларни керакли маънода талқин қилиб беряпти. (Айнан шу жойда кўп ёшлар алданиб қолади)

Ҳақиқатдан ҳам, бундай шароитда дунёдаги кучлар векторини назорат қилаётган кучлар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолмасликнинг ҳеч иложиси йўқ. Айнан шу нарса, Шомдаги давом этаётган урушнинг мусулмонлар учун азобли, аламли, чуқур изтиробли жойидир.

Кўриниб турибдики, бу урушда мусулмонлар тараф яқин орада ғолиб бўлиши мумкин эмас. Бу жуда кўп фаол мўминлар нобуд бўлаётган тузоқдир. Бошқа тарафдан эса, бу урушни умуман тўхтатишнинг иложиси йўқ, ҳаммасини шундай ташлаб ўйиндан чиқиб бўлмайди. Бундай қилиш исломий инқилоб менталитетига янада оғир, қаттиқ зарба бўлади. Шунинг учун Шом бугун гўё чангютгич каби Исломнинг келажаги учун ўта муҳим бўлган (алданган) ёшларни ўзига сўриб олмоқда.

Юзага келган вазиятда мусулмонлар нима қилиши керак? Ягона жавоб шуки, мусулмонлар барча қадриятларни қайта кўриб чиқиши ва янгича интеллектуал макон яратиш ҳақида ўйлашлари керак. Бу макон Ғарб ва сионизм мусулмонларга қарши қўллаётган услубдан-да мослашувчан ва стратегик жиҳатдан оптималлиги билан ажралиб туриши керак. Бунинг учун имкониятлар бор, аммо маънавий интеллектуал ирода ҳам керак.

Энг аввал мазкур маънавий интеллектуал ирода Иймон ҳақидаги тушунчани қайта кўриб чиқишдан бошланади. Иймон масаласи мусулмон дискурсида устун тушунчадир. Иймон - бу ишончдир. Бугунги кунда мусулмонларнинг иймони “болаларча” ишонч, катталарга “болаларча” ишонч шаклида турибди. Катталар боланинг наздида шубҳасиз ишончли, идеал инсонлар бўлиб кўринади. Ёш бола катталарнинг янги йил кечаси қорбобо келиб, ёстиғинг остига совға қўйиб кетади, деганига сўзсиз ишонади. Бола катталарга ишонади, чунки уларга ўзини, “тақдирини” ишониб топширган бўлади. У катталарга қарам, шунинг учун катталарнинг айтганига қарши чиқа олмайди. Исломда бундай ишонч эгалари мусулмонлар деб аталади. Аммо бу ишонч мусулмонларнинг иймони бўлиб, мўминларнинг иймони эмас.

Мўминларнинг иймони мутлақо бошқа нарса. Бу энди катталарнинг иймонидир. Улар нимага ишонишни билишади ва шунга кўра нима қилиш ҳақида қарор қабул қилишади. Саҳобалар шундай эдилар. Улар Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга қулоқ тутиб, ўз иродалари билан у зотга ишонишларини айтишган. Уларнинг ўзлари бу қарорни қабул қилгач эса охиригача боришган. Бироқ улар бу йўлни онгли равишда, қатъий ишонч асосида танлашган. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг уларга муносабати гўё ўз ихтиёрини катталарнинг ихтиёрига тўла ҳолда топшириб қўйган, қўлида ҳеч қандай дастаклари йўқ болаларга нисбатан каби оталарча муносабат эмас эди.  Йўқ. Улар онгли равишда қарор қабул қилиб, бунинг учун ҳаётларини ҳам тикишган.  Бу нафақат интеллектуал танлаш, балки реал воқеликдан келиб чиққан экзистенциал танлов ҳамдир. Бунда инсон ўзини бу улуғ ишга бутунлай бағишлайди, ҳатто жонини қурбон қилиб юбориш даражасигача боради. Аммо бу зинҳор кўр-кўрона, ҳиссиётлар, эҳтирослар босими остидаги қарор бўлмайди. Балки вазиятни холис баҳолаган ҳолда, масаланинг туб моҳиятини, унинг сабаблари ва юзага келиши мумкин бўлган оқибатларини чуқур, атрофлича таҳлил қилгандан кейингина қабул қилинадиган қарор бўлиши керак. Катталарнинг ана шундай қарорига асосланган иймонни интеллектуал дискурс буза олмайди. Интеллектуал дискурс фақат болалар ишончинигина йўқ қилиши мумкин, чунки бола катталарга ишонмай қўйгач, улғайиб, ялмағиз кампирга, совға олиб келадиган қорбобога ишонмай қўйади. Катталардан бундай шафқатсиз ёлғонни кутмаган бола ўзининг болаларча ишончни йўқотиб, мунофиқ, даҳрий ва муттаҳам кимсага айланади. Ўзини қарам ва заиф деб билган инсоннинг тақдири ана шундай аянчли бўлади.

Шунинг учун мусулмонлар ёки ҳеч бўлмаганда ўзини салафийман деб юрганлар бу борада қандай йўл тутишни саҳобалардан ўрганиши керак. Саҳобалар ҳеч қачон ўзларини заифлар қаторига қўймаган. Улар онгли равишда қарор қабул қилиб, сўнг охиригача боришган. Айнан шундай ёндашув туфайли улар бир авлод ҳаёти давомида жуда катта худудларни ислом байроғи остида бирлаштира олган.

Бугун эса бир ярим миллиард мусулмон бир неча миллионлик жазавага тушган, ўз ичидан чиққан мутаассиб душманини уддалай олишмаяпти. Бир ярим миллиард мусулмон жаҳон оммасини умуминсоний қадриятларни ва бу қадриятлар доирасида ўз “ҳуқуқларини” ҳурмат қилишга чақириб, беҳуда уринябди. Ваҳоланки, 14 аср олдин Ҳижоздан чиққан бир неча минг одам ўша даврнинг энг йирик иккита империясини тиз чўктирган эди. Бу ерда яна нима ҳақида гапириш мумкин? Ким иймон келтираман деб, интеллектуал иродавий танловдан воз кечса, онгли равишда, кўнгилли равишда ўзини болалар форматига солган бўлади. Бу Қуръони каримни нотўғри талқин қилишдир.

Ҳайдар Жамол (2013 йил)

Абу Муслим, эркин таржима