Хитой мусулмонлар сони катта ҳудудларда масжидлар сонини камайтирган ҳолда диний назоратни кучайтирмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро "Human Rights Watch" ташкилоти шундай мазмунда таҳлилнома тақдим этди.
22-ноябр куни чоп этилган ҳисоботда Шинжон-уйғур мухторияти ва бошқа вилоятларда мусулмонларнинг ибодатгоҳлари асталик билан ёпилаётгани, эскилари бузилиб, янгилари қурилмаётгани қайд этилган.
Расмийларга кўра, масжидларнинг янги тизими жорий этилмоқда, яъни айримлари бирлаштирилмоқда ва уларнинг фаолияти қайта кўриб чиқилмоқда. Муддао - янги масжидлар қуриш эмас, мавжудларини расмий талабга мослаш.
Уларнинг кўриниши ҳам ўзгариб бораётгани кузатилади. Янги масжидларда, масалан, қуббалар йўқ.
HRW эксперти Мая Ван таҳлилича, бу ишлар билан Пекин мамлакатда исломга қандай эътиқод қилиниши устидан контролни мустаҳкамламоқда.
“Гап фақат масжидларнинг кўриниши янгиланаётганида эмас. Мусулмонлар бемалол намозини ўқиши, динига риоя қилишига чекловлар қўйилмоқда”, - дейди Ван.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ва унинг элчихоналари бундай хулосаларни асоссиз деб ҳисоблаб, давлат эътиқод эркинлигини эъзозлайди, дея таъкидлайди.
“Турли этник келиб чиқишга эга мусулмонлар мамлакатимизда бемалол масжидларга боради ёки уйида эътиқодини қилади", - дейди Лиу Пенгю, Хитойнинг Вашингтондаги дипломатларидан бири.
Унингча, Пекин сиёсатини атайлаб бузиб талқин қиладиган ва ваҳима кўтарадиган томонлар бор. Хитой ҳукумати уни ҳуқуқбузар деб қораловчи ташкилотларга нисбатан одатда шундай танқидлар ёғдиради.
Мамлакат раҳбари Си 2016-йилдан бошлаб "исломни хитойлаштириш зарур", деб келади. Яъни, унга кўра, мусулмонларни ташқи таъсирлардан асраш лозим; барқарорлик ва толерантликни тарғиб қилиш учун мутаассибликнинг олдини олиш керак.
Президент Си мамлакат бўйлаб масжидларни ислоҳ қилишни буюрган. Ибодатхоналар ватанпарварликни, хитой маданияти ва урф-одатларини тарғиб қилиши шарт.
Уйғурлар ва бошқа туркий элатлар миллионлаб сонда яшовчи ўлкани Хитой Шинжон деб атайди, аммо мусулмон аҳоли учун бу ҳудуд Шарқий Туркистон. Буни очиқ айта олгани ва тузумни саволга тутгани учун бир миллиондан осиқ уйғурлар ва бошқалар меҳнат лагерларига ташланган. Пекин буни ҳам инкор этади.
Президент Си маслаҳатчиси Ван Ҳунинг Хитой Исломий уюшмасини эътиқодни мамлакат тамойилларига мослашга чақирган, яъни давлат равнақи учун мусулмонлар аввало хитойлик эканини англаши ва унутмаслиги зарур.
Матбуот ва ижтимоий тармоқларда бу борада ташвиқот олиб борилади. Ислом Хитой учун бегона дин эмас, бу заминда қадим тарихга эга, туб маданият билан қоришиб кетган, деган мазмундаги контент тарқатилади.
HRW ҳисобича, Шинжонда масжидларнинг учдан икки қисми энди йўқ.
Нинжа вилоятидаги икки қишлоқдаги етти масжиддан тўрттаси ҳозирда бузиб ташланган. Уларнинг ҳаммасининг қуббаси олиб ташланган. Нинжа Шинжондан кейин энг коп мусулмон яшайдиган минтақадир.
2014-йилгача Нинжада 4200 га яқин масжид бўлган. Эндиликда 400-500 таси ёпилган. Изланишлар кўрсатганки, 2020-йилдан бери Нинжада мусулмон ибодатхоналарининг учдан бир қисми йўқ қилинган.
Ўтган уч йилда масжидлардда бўлган ўзгаришлар, ҳозирда олиб борилаётган лойиҳалар ва кўрилаётган чоралар ҲРW ҳисоботидан ўрин олган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари тахминича, Пекин ислом ва мусулмонларга қарши сиёсатини кескинлаштириб бормоқда.
Хитойда ҳар бир фуқарони кенг ва чуқур тарзда хитойлаштириш сиёсати авжига чиқмоқда, дея кузатади мутахассислар.
Хитой ҳукуматига кўра эса мамлакат тараққий этмоқда ва манзара ҳам шунга яраша янгиланмоқда. Мусулмонлар олдин асосан қишлоқ хўжалиги каби иқтисодий жиҳатдан оғир соҳаларда меҳнат қилган бўлса, бугун уларнинг олдида бошқа имкониятлар бор, дейди расмийлар.
Жамоатчилик орасида норозилар борлигини ички ишлар ходимлари билан бўлиб турадиган тўқнашувлардан кўриш мумкин. Қарши чиқаётганлар кўп эмас, дейди экспертлар, чунки зулм даражаси юқори.
Пекин мусулмонлар давлатга содиқ бўлишини таъминлашга бел боғлаган.
Ма Жу исмли хитойлик мусулмон фаол "Америка Овози" билан мулоқотда бундай хулосага қўшилади. Унинг айтишича, ҳукумат масжидларга ким кириб-чиқишини ҳам назорат қилади.
"Болаларга йўл йўқ. Ёш авлод ҳозир исломни масжидга бориб ўрганаётгани йўқ", - дейди Ма.
Намозхонларнинг ҳужжатлари текширилади, ибодатлар видеога олинади ва масжид фаолияти мунтазам кузатувда.
“Мусулмонлар яшайдиган ҳудудларда бундай чекловлар анчадан бери мавжуд. Одамлар текширувдан безиб, масжидларга бормай қўяди, эътиқоди сусаяди. Ҳукумат шуни истайди ва бора-бора Хитойда ислом йўқола бошлайди", - дейди Ма.
Британиялик олим Дейвид Струп олиб борган тадқиқотлар ҳам шуни тасдиқлайди.
Пекин хитойлаштириш сиёсатининг катта қисмини айнан мусулмонларга қаратмоқда. Намозхонлар коммунизмга қарши эмаслигини, унга асосланган тизимга мухолиф эмаслигини исботлаб туриши зарур. Акс ҳолда улар экстремист деб кўрилади ва босим остида қолади.
“Исломий қадриятларни Хитой давлатини бошқарувчи партия тамойилларига мослаш жараёни бу", - дея тушунтиради Струп.
АФП ахборотига ҳам таянилди