loader
Foto

Генри Киссинжер ўлди

АҚШ собиқ давлат котиби, сиёсий арбоби, 20 дан зиёд таҳлилий ва тарихий китоблар муаллифи Генри Киссинжер 100 ёшида Коннектикут штатидаги уйида оламдан ўтди.

Киссинжер Никсон ва Жералд Форд президентлиги даврида Американинг бош дипломати бўлган, уларга ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалаларида яқиндан маслаҳат берган.

Вашингтоннинг 1970-йиллардаги халқаро позициялари ортида тургани учун ҳам улуғланган ҳам танқид қилинган Киссинжер ўз назария ва ўгитлари билан келаси ўн йилликлардаги глобал жараёнларга кучли таъсир ўтказган.

Киссинжер аввало олим эди. Гарвард университети профессори. Тинчлик йўлидаги хизматлари учун у 1973-йилда Нобел мукофотига ҳам лойиқ топилган.

Киссинжерни танитган ишлар, хусусан, Америка ва Хитойни яқинлаштириши, Совет Иттифоқи ва АҚШ алоқаларини юмшатиши ҳамда Ветнамдаги қонли урушнинг барҳам топишидаги роли.

Киссинжер 1975-йилда Миср ва Исроилни орасида воситачилик қилиб, томонларни барқарорлик томон қадам ташлашга кўндира олган. Яҳудий давлат ва араб дунёси тил топишсин дея у фаол дипломатия олиб борган.

Глобал майдонда у қатор талофатларда айбланган, жумладан Камбоджада янгича бомбалар қўллашга ундаганликда, Покистоннинг Бангладешга қонли ҳужумларини ёқлаганликда ва Аргентинаа мухолифатнинг қирилишини қувватлаганликда.

Анголадаги фуқаро уруши кескинлашишида ва Чилида ҳукуматнинг ағдарилишида ҳам қўли бор, дея Киссинжер йиллар давомида лаънатланган.

Президент Никсон 1974-йилда Демократик партиянинг ички мулоқотларини зимдан тинглагани ошкор этилганида, Киссинжер ҳам ўхшаш усуллар билан Миллий хавфсизлик кенгаши аъзоларини кузатгани аён бўлган. Никсон қилмишлари учун Оқ уйдан кетган, Киссинжер эса кейинги президент Форд қўли остида ҳам давлат котиби сифатида ишини давом эттирган.

1923-йилда Германиянинг Фурт шаҳрида яҳудий оиласида туғилган болага Ҳайнз деб исм қўйишади. Мамлакатда яҳудийлар учун вазият оғирлашар экан, 1938-йилда оила Америкадан паноҳ топади, қочқин сифатида. Ҳайнз Ҳенрй (Генри) га айланади ва кейинчалик АҚШ фуқаролигини олади.

Киссинжер Иккинчи жаҳон урушида америкалик аскарлар сафида хизмат қилган.

"У даврим билан фахрланаман", - дер эди Киссинжер.

"Иккинчи жаҳон уруши яхшилик ва ёмонлик орасидаги яққол кураш бўлган".

Урушдан кейин Киссинжер Гарвардга ўқишга кириб, бакалавр, магистр ва докторлик даражаларини олган.

Киссинжер унинг дунёқараши ва сиёсий назари натсистлар Германиясидан чиққанига, адолатсизлик ва зулм остида эсини таниганига бориб тақалишини тан олар эди.

У “реалполитик” ёндашуви билан ном қозонган. Киссинжер учун дипломатия манфаатлар учун кураш эди. Дипломатия уруш эмас, музокара, дер эди у, ва унда ҳар доим ҳам виждонан иш тутилмайди.

"The New York Times" газетасига 1974-йилда берган интервюсида Киссинжер ўзини давлат арбоби эмас, тарихчи деб атаган.

"Тарихни ўрганган одам биладики, ҳар бир сивилизация барибир қачондир қулаган. Тарих самара бермаган ҳаракатлар, рўёбга чиқмаган орзулар, шу билан бирга амалга ошган ниятларнинг кўзланмаган натижаларидан иборат", - дея қайд этган Киссинжер бу интервюда.

Оқ уйдаги хизматлар

Киссинжер Дуайт Айзенхауер, Жон Кеннеди ва Линдон Жонсон президентлик даврида ҳукуматга маслаҳатчилик қилган.

1969-йилда эса Президент Никсон унга Оқ уйда иш таклиф қилган. Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ва давлат котиби лавозимларида хизмат қилган.

Киссинжер Президент Никсон унга қанчалик таянгани ҳақида 2009-йилдаги интервюда шундай деган:

“Президентни ҳар куни кўрардим. Мен учун биз барча масалаларда якдил бўлишимиз муҳим эди. Омадим бор экан. Мен ишлаган ҳар икки президент, Никсон ва Форд билан яқиндан тил топиша олганман".

Киссинжер сай-ҳаракатлари билан Пекин ва Вашингтон 23 йиллик совуқликдан кейин ярашган. Никсон Хитойга ташриф буюриб, узоқ пайт музлаб қолган алоқаларни юмшатган.

Никсон маъмурияти СССР билан атом қуроллари назорати юзасидан икки муҳим келишувларга эришган.

Оқ уй ва Давлат департаментидан кейинги фаолият

Ҳукуматдаги хизматларидан кейин Киссинжер сиёсий маслаҳатчилик қилган, дарс берган, маърузалар ўқиган ва китоблар ёзган. Охирги китоби ўтган йили, 99 ёшида, нашрдан чиққан. "Лидерлик" деб аталади.

Киссинжер 2022-йилда Давосда халқаро форумда сўзлар экан, Украина Россия билан тинчликка эришиши учун айрим ҳудудларидан воз кечиши керак бўлади, деган эди.

Унинг фикрича, дунё, айниқса Европа бу урушда Россия ва унинг раҳбари Владимир Путиннинг мағлуб бўлишидан наф кўрмайди, узоқ муддатда бунинг зарари катта бўлади. Бу фикрлари учун арбоб Украина ва унинг тарафдорлари томонидан қаттиқ танқид остида қолган.

Киссинжер икки бор уйланган. Иккинчи рафиқаси, 50 йиллик умр йўлдоши Ненси ҳали ҳаёт. Биринчи хотини Энн Флейшердан икки фарзанди бор ва беш набираси.