loader
Foto

Анадолу агентлиги: Жаҳон ҳалол бозори 5 триллион доллардан ошди

Сертификатланган ҳалол маҳсулот ва хизматларга талаб ортиб бормоқда. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) 9-Жаҳон ҳалол саммити ва 10-ҳалол кўргазмаси иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида айтиб ўтди.

Эрдўған, саммит давомидаги муҳокамалар тобора кучайиб бораётган ҳалол секторида компаниялар, муассасалар ва истеъмолчилар учун янги уфқлар очаётганини таъкидлади. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, саммит ва кўргазма турк ширкатларининг ҳалол саноатида каттароқ бозор улушини қўлга киритишига йўл очади.

“Биз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўйилган, Россия ва Украина ўртасидаги зиддият, шунингдек, пандемия муносабати билан аҳамияти яққол намоён бўлган ҳар бир қадамни стратегик аҳамиятга эга деб биламиз. Ҳалол саммити ислом давлатларининг озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашига ишонаман. Бу маҳсулотлар тоза ва соғлом бўлгани учун сертификатланган ҳалол маҳсулот ва хизматларга талаб ортиб бормоқда. Бундан ташқари, мусулмонлар томонидан афзал кўрилади. Бугунги кунда жаҳон ҳалол бозори, асосан, озиқ-овқат, туризм, косметика ва молия каби соҳаларда 5 триллион доллардан ошиб кетди”, — деди президент.

Туркия раҳбари бу кўрсаткич ҳар куни пайдо бўлаётган эҳтиёж ва умидларга мувофиқ ортиб бораётганини таъкидлади. Шу билан бирга, Эрдўған ҳалол маҳсулотларни сертификатлаш ва Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти (СМИИC) фаолияти муҳимлигини таъкидлади.