loader
Foto

Исо алайҳиссалом давридаги Фаластин яҳудийлари

Закариё алайҳиссалом Қуддусда яшаганлар, у киши ҳам ризқ талабида ўз қўли билан меҳнат қилар эди, саҳиҳ ҳадисларда дурадгор бўлган,(Mуслим, 2379. Ибн Можа, 2150) дейилган.  Имрон алайҳиссалом қиз кўради, Исми Марям, у – Исонинг онасидир. Закариё алайҳисалом Исо алайҳиссаломнинг оналари Марям алайҳассаломни ўз кафиллигига олиб Байтул Мақдис ибодатхоналаридан бирида муҳофаза қилар эди. Чунки Марямнинг онаси бола кўрсам Аллоҳнинг уйида хизмат қилади, деган назр билан туққан эдики, қиз туғилди, лекин бари-бир назрига вафо қилиб қизи Марямни масжидда хизмат қилиб обида бўлиши учун кафиллик гарови билан Ақсога топширади: «Бас, уни унинг Раббиси чиройли қабул қилди ва уни чиройли

ниҳолдай етиштирди»,(Oли Имрон: 37) кафиллик эса Закариёга насиб этди: «ва унга Закариё кафиллик қилди».(Oли Имрон: 37) Аллоҳ таоло Марям алайҳиссаломни китобида алоҳида зикр қилди: «Марямни китобда ёдга олинг, қачонки ўз аҳлидан (алоҳида бўлиб) шарқий маконга чекинганда».(Марям: 16) Марям алайҳассалом камолатга етишган тўрт аёлнинг биридир.

Вақтики, у солиҳа ва покиза аёл бўлиб вояга етади, у доим ибодатда ва Аллоҳ йўлида хизматда эди, шунда Аллоҳ таоло унга Масиҳ Исо алайҳиссалом башоратини беради: «Ва ўз фаржини (номусини) сақлаган Имрон қизи Марям – унга Ўз руҳимиздан нафх қилдик ва у ўз Раббисининг сўзларини ва Унинг китобларини тасдиқ этди ва итоаткорлардан бўлди».(Taҳрим: 12)

Баъзилар айтишича Исо алайҳиссалом мил. ав. 4 йилда туғилган, лекин аниқ бир маълумотда бу ҳақида жазм билан келган гап йўқ. Аллоҳнинг қудрати билан Исо алайҳиссалом отасиз биргина онасидан – Марямдан дунёга келади: «У (Марям) айтди: Эй Рабб, менда қандай бола бўлади, ахир мени; менга бирор башар тегинмаган. Айтди-ки: Аллоҳ хоҳлаган нарсасини ана ўшандай яратади, агар бир ишга ҳукм қилса, бас унга фақатгина «бўл», дейди – бўлади».(Oли Имрон: 47) Бу сўзлар Марям алайҳиссаломнинг ўта ҳаёли эканидан дарак беради.

Мана шу ҳаёсидан Марям алайҳиссалом ҳомиладорлик вақтида жуда хижолатли ҳолатга тушган эди: «У (Марям) айтди: қанийди бундан олдин ўлиб – унутилиб эсга олинмасам эди».(Maрям: 23) Ҳатто Бани Исроилда Марям алайҳиссаламга нисбатан турли бўҳтон ва ёмон гаплар кўпайиб кетади: «Ва уларнинг Марямга бўлган куфри ва сўзлари катта бўҳтон эди».(Нисо: 156)

Қуддус подшоси Ҳерадосга пайғамбар келиши ҳақидаги хабар ёқмайди, Марям алайҳиссалом ўғли билан Ҳерадос зулм қилишидан қўрқиб Фаластин ташқарисига чиқиб кетади, айтишларича Мисрга кетади. Кейинчалик ўғли Исо билан Фаластиндаги Насоро шаҳрига қайтиб келишади.

Исо алайҳиссаломниниг улғайиши ўша шаҳарда бўлгани учун, у одамларга насоролик Исо, деб танила бошлайди.

Айни замонда Закариё алайҳиссалом ҳам ўзидан кейин бир насл қолишидан умидвор эди, ўзи улғайган, хотини туғмас бўлишига қарамай Аллоҳ таолога дуо қилади: «Қачонки Раббисига махфий нидо қилиб нидо қилганда, айтди: Эй Рабб! Менинг суякларим мўртлашди, бошимда оқ (соч) кўпайди, эй Рабб Сенинг дуоинг билан бахтсиз бўлмаганман, ... Бас, менга Ўз ҳузурингдан бир ёрдамчи (фарзанд) туҳфа қил. Мендан ва Ëқуб оиласидан (пайғамбарликда) ворис бўлади, эй Рабб уни розилигингда қил»,(Maрям: 3-6) Аллоҳ у кишига фарзанд беради: «Эй Закариё, Биз сенга исми Яҳё бўлган бир ғулом-ўғил хушхабарини берамиз, илгари у учун бирор номдош қилган эмасмиз». (Maрям: 7)

Машҳур ривоятларга кўра Яҳё алайҳиссалом Исо алайҳиссалом билан ҳолавачча бўлади. Закариё ва Яҳё алайҳиссалом ҳақида Қуръон ва ҳадисда кўп хабарлар келган. Уч улуғ пайғамбарлар Аллоҳнинг йўлига; тавҳидга, Тавротга одамларни чақирган, хоссатан Бани Исроилни: «Тавротни Биз нозил қилдик, унда ҳидоят ва нур бор. У билан таслим бўлган пайғамбарлар – яҳудий бўлганлар учун у билан ҳукм қилади, (пайғамбарлардан кейин) Аллоҳнинг китобидан ёд олинган (сақлаб қолинган) нарсалар билан раббонийлар ва аҳборлар (ҳукм қилади).

Одамлардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар. Менинг оятларимни озгина қийматга сотманглар. Ким Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса, бас кофирлар улардир».(Moида: 44) Яҳё алайҳиссалом Исо алайҳиссалом келишини Бани Исроилга олдиндан хабар берган. Хуллас, улар Қуддусда Ақсо масжидида пайғамбарлик вазифаларини энг чиройли суратда бажарар эди: «Унга (Закариёга) ижобат қилдик ва унга Яҳёни туҳфа қилдик, унга ўз хотинини салоҳиятли қилдик. Аниқ-ки, улар яхшиликларда чаққон эдилар ва улар қизиқиш ва қўрқув билан Бизга даъват-дуолар қиларди ҳамда улар Биздан хушуъ-қўрққан ҳолатда бўлар эди».(Aнбиё: 90)

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ – Яҳё ибн Закариёга бешта калимага амал қилишга амр қилди ва Бани Исроилга уларга амал қилишга буюришини ҳам. У буни кечиктиргандай бўлди. Шунда Исо айтди: Аллоҳ сизга бешта калимага амр қилган; уларга амал қилиб ва Бани Исроилга ҳам уларга амал қилишга буюришингиз лозим. Ë уларга сиз буюрасиз, ёки мен уларга буюраман. Шунда Яҳё: Агар буни мендан олдин етказсангиз, мен хасф қилинишимдан (ҳайвонга айланиб қолишдан) ёки азобланишимдан қўрқаман, деб, кейин у одамларни «Байтул Мақдис»га жамлади, улар болахоналарга чиқиб ўтирди.

У айтди: Дарҳақиқат, Аллоҳ менга бешта калимага амал қилишимга ва сизлар ҳам унга амал қилишингиз учун буюришимга амр қилди:

1. Уларнинг энг биринчиси, сизлар Аллоҳга ибодат қилиб Унга бирор нарсани ширк қилмаслигингиз. Аллоҳга ширк келтирган кимсанинг мисоли, худди бир киши ўзининг молидан тилло ёки кумушга бир қул сотиб олиб, унга: мана бу менинг ҳовлим ва мана бу ишимдир, бас, сен ишлаб менга (ҳаққини) адо қилгин, деса-ю, лекин у ишлаб, ҳожасидан бошқасига (ҳаққини) адо қилиб берса! Сизлардан қайси бирингизнинг қули шундай бўлишига рози бўлар эдингиз?!

2. Аллоҳ сизларга намозни амр қилди. Агар намоз ўқисангизлар, алангламанглар, чунки Аллоҳ бандасининг юзига токи у алангламагунча Ўзининг юзини рўбаро қилиб туради. 3. Сизларга рўзани амр қиламан. Бунинг мисоли, ҳамёнида ўзи билан атири бор бўлган бир жамоат ичидаги кишига ўхшайди. Уларнинг барчаси унинг ифоридан ҳайрон қолади ёки уларни у ҳайрон қолдиради. Дарҳақиқат, рўзадорнинг ҳиди Аллоҳ наздида атирнинг ҳидидан ҳушбўйроқ.

4. Сизларни садақага-закотга амр қиламан. Бунинг мисоли эса, душманини асир қилиб олган кишига ўхшайди. Унинг қўлларини бўйнига боғлаб, бўйнига (қилич) уруш учун уни олиб келишди, шунда: сизлардан уни (тўловнинг) озига ҳам, кўпига ҳам (тўлаганларга) озод қиламан, деганда, у (садақа тўлаб) ўз нафсини улардан қутқариб олгандай.

5. Сизларга Аллоҳни кўп зикр қилишга буюраман. Бунинг мисоли душмани изидан етиб олаётган кишига ўхшайди, токи ўз жонини қўрғонлардан бирорта қўрғонга олиб кириб сақлагунча, худди шу каби банда шайтондан фақатгина Аллоҳнинг зикри билан нажот топади». (Ҳадис давоимда айтилади: «Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна шундай деди: Мен ҳам беш нарсага амр қиламан, уларни Аллоҳ менга амр қилди: қулоқ солиш, итоат қилиш, жиҳод, ҳиж- рат, жамоат. Дарҳақиқат, ким жамоатдан бир қарич миқдорида ажраса, демак бўйнидан ислом риқбасини-ҳаққини ечибди, магар қайта қайтишлик (ундан ислом ҳаққини ечмайди). Ким жоҳилият даъво- сини даъво қилса, бас, у жаҳаннам қоришмасидир.

Шунда бир киши туриб: Ë Расулаллоҳ! Намоз ва рўза қилсачи? – деди. Айтдилар: Намоз қилиб, рўза тутса ҳам. Сизлар – ўзларингизни Аллоҳ номлаб чақиргандай: «мусулмонлар», «мўминлар», деб чақиринглар, «Аллоҳнинг қуллари»». (Термизий, 2863, Аҳмад, 17170).)

Вақтики Яҳё алайҳиссалом Ҳерадоснинг ўз маҳрамига, яъни акасининг қизига уйланиш истагига қарши ҳақ фатво берганида; мазлум бўлиб ҳаёти билан ўтайди. Ҳерадос маҳрамга уйланиш жоиз эмаслигини билганидан кейин ҳам ёқтирган қизнинг жамоли ва ҳаракатларига фитна бўлиб у билан зино қилади, сўнгра бунинг эвазига у аёл; Яҳё алайҳиссаломнинг бошини истайди! Ҳерадоснинг буйруғи билан Яҳё алайҳиссалом намозда турганида унинг бошини танасидан жудо қилинади. Яҳё алайҳиссаломнинг бошини мис товоққа солиб Ҳерадос ва аёлга олиб келишди.

Ортидан Закариё алайҳиссалом ўғли Яҳё алайҳиссаломнинг фатвоси билан ва боласини дифо қилиб уларнинг никоҳи ношаръий эканини қайта билдиради. Ҳерадос Закарё алайҳиссаломни Ақсонинг бош ходими бўлишига ва ҳатто пайғамбар бўлишига қарамай уни ўлдиришга буйруқ беради ва натижада; у арраланиб ўлдирилади.

Ҳавои нафс, туғён ва ҳадсизликни асос қилган золимлар: «сиёсатда диндорларга қулоқ солмаслик ва умуман йўл бермаслигини бир қаранг, худди бугунги либералларга ўхшаган сиёсат: дин сиёсатга аралашмасин!

Умар Шоҳирнинг (ҳафизаҳуллоҳ)

"ФAЛAСТИН ўтмиш ва келажак" китобидан