loader
Foto

Эзгуликка шошилмоқ

Вақтнинг қийматини қадрлайдиган, унга аҳамият берадиган инсон ўша вақтни имкон борича эзгу ишларга ишлатмоғи даркор. Лекин бу эзгуликни дангасалик билан, бир қилиб, бир қилмай, ёки кейинга суришлик билан бўлиши ярамайди. Шоир айтади:

Эриниб бугун ишни эртага сурмасман Чунки эрта фақат ожизлар куни

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига ҳар бир мусулмон кундузи ҳам тунда ҳам айтадиган дуо-зикрларни ўргатганлар: “Аллоҳим, Мен сендан ғам-қайғудан, ожизлик ва дангасаликдан паноҳ сўрайман”.

Шу сабабдан Қуръони Карим инсонни бекорчи машғулотлар билан машғул бўлиб, тўсиқлар билан тўсилиб қолмай туриб яхшиликлар қилишга, эзгуликларга шошилишга буюрган. Аллоҳ таоло айтади:

“Ҳар кимнинг ўз юзланадиган тарафи бор. Бас, яхши ишларга шошилингиз! Қаерда бўлманг, Аллоҳ сизларнинг барчаларингизни (ҳисоб-китоб учун) келтиради. Албатта Аллоҳ ҳар нарсага Қодирдир”. (Бақара сураси, 148-оят).

Яна У Зот аҳли китоб ва уларга нозил бўлган нарсалар ҳақида шарҳлаб айтган:

“...Агар Аллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир миллат қилиб қўйган бўлур эди. Лекин У Зот Ўзи ато этган нарсаларда сизларни имтиҳон қилиш учун (ҳар бир миллатга алоҳида шариат, йўл қилиб қўйди). Бас, яхши амалларга шошилингиз! Барчангиз Аллоҳга қайтишингиз бор...”. (Моида сураси, 48-оят).

У зот бандаларини Ўзининг мағфират ва жаннат сабабларига шошилишга буюради. Яъни, унинг сабаблари иймон, тақво, солиҳ амалдир. Мана шу нарсаларда мусобақа қилмоқ матлуб ва маҳмуддир.

“...Бас, баҳслашгувчи - мусобақа қилгувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар - мусобақа қилсинлар”. (Мутоффифун сураси, 26-оят).

Аллоҳ таоло Ўзининг танлаб олинган пай-ғамбарларини мақтаб айтади:

“...Дарҳақиқат, улар (яъни, мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилгувчи эдилар”. (Анбиё сураси, 90-оят).

Юсуф Қарзовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси