loader
Foto

Туркия парламентида юрак хуружига учраган депутат вафот этди

Туркия парламентида Исроилни кескин танқид қилганидан кейин юрак хуружига учраган депутат Ҳасан Битмез икки кун ўтиб, касалхонада вафот этди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Саодат партиясидан бўлган 54 ёшли депутат парламент олдидаги минбарда турган чоғида юрак хуружига учраган ва полга йиқилган. У минбарда Исроилни қўллаб-қувватлаётганларни кескин танқид қилган.

“Қўлларингизда фаластинликлар қони бор. Сизлар Исроилнинг шеригисизлар. Исроил Ғазога ташлаётган ҳар бир бомбада ҳиссангиз бор. Тарих азобидан қутулсангиз ҳам, Аллоҳ азобидан қутула олмайсиз”, — деган Ҳасан Битмаз.

У президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг ҳукмрон партиясини (АКП) Ғазодаги урушга қарамай Туркиянинг Исроил билан савдосини давом эттираётгани учун танқид қилган.

“Сизлар Исроилга кемаларнинг боришига рухсат берасиз ва уялмасдан буни савдо деб атаяпсиз... Исроилнинг шерикларисизлар”, — деган Битмаз минбарда.

У минбарга “Қотил Исроил; АКП ҳамкори” деб ёзилган баннерни жойлаштирган. Депутат сўзини тугатгач, бирдан чалқанчасига йиқилган, бошқа депутатлар эса ўринларидан туриб унга ёрдам беришга шошилган.

“Битмез Анқара шаҳар касалхонасида вафот этди. Ангиограммада унинг юрагидаги иккита асосий томир тўлиқ ёпилиб қолгани маълум бўлди”, — деди Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Кожа.