loader
Foto

Ов ҳақида

“Ов” деганда икки нарса - овлаш амали ва овланадиган ҳайвон тушунилади. Қўлга ўргатилмаган ҳайвонни ҳийла билан тутиб олиш ов дейилади. Овланган нарса ҳалол бўлиши ҳам, ҳаром бўлиши ҳам мумкин.

Озиқ тиши билан ов қиладиган йиртқич ҳайвонлар (ит, қоплон, йўлбарс каби) ов қилишга ўргатилган бўлса, шунингдек, тирноғи билан ов қиладиган йиртқич қушлар - бургут, лочин кабилар ов қилишга ўргатилган бўлсалар, уларнинг овлагани ҳалол бўлади.

Овчи ҳайвон ёки қуш ўз ўлжасини яралаб ўлдирган бўлиши шарт. Йиртқич ҳайвон ўлжасини бўғиб ёки тагига босиб ўлдирса, овлаган ҳайвоннинг гўшти ҳалол бўлмайди. Чунки ҳалол ҳайвоннинг тирик ҳолидан гўштга айланиш жараёнида “Бисмиллаҳ...” айтилиши билан бирга ундан қон чиқиши ҳам шарт.

Овчи ҳайвонни ёки қушни ўлжани тутиш учун қўйиб юборишдан олдин мусулмон ёки аҳли китоб овчининг “Бисмиллаҳ, Аллоҳу акбар” дейиши шарт. Агар эсидан чиқиб қолган бўлса ҳам, ов ҳалол бўлаверади.

Овланаётган ўлжа қўлга ўргатилмаган, одамни кўрса қочадиган, еса бўладиган ҳайвон бўлиши шарт.

Шунингдек, ўргатилган овчи ҳайвонга ови ҳалол бўлмаган, яъни ўргатилмаган ҳайвон қўшилиб қолмаслиги, яъни битта ўлжани ҳам ўргатилган, ҳам ўргатилмаган ҳайвон овламаган бўлиши шарт.

Овчи ҳайвон ўлжани тутишга қўйиб юборилганидан кейин узоқ тўхтаб турмай чопиб кетиши зарур.

Ўлжани тутишга қўйиб юборилган ҳайвон ўлжани ушлаб, то эгаси (овчи) келгунча емай турса ва бу ҳолат уч марта такрорланса, овга ўргатилган ҳисобланади. Агар ушлаб, ундан еб қўйса, ўргатилган ҳисобланмайди ва у ушлаган ўлжанинг гўштини еб бўлмайди.

Овчи қушларнинг овга ўргатилгани қўйиб юборилганда ўлжанинг изидан тушиши ва эгаси чақирса қайтиб келиши билан аниқланади.

Камон отиб овланган ҳайвон ҳалол бўлиши учун, овчи отган пайтда “Бисмиллаҳ, Аллоҳу акбар” дейиши, отилган ўқ ўлжани жароҳатлаб, қон чиқиши ҳамда яраланган ўлжа қочадиган бўлса, овчи зудлик билан унинг изидан тушиши шарт.

Агар ўлжани ўқ ёки овчи ҳайвон билан овлаган одам уни қўлга киритганда ҳали тирик бўлса, дарҳол шариат қонун-қоидаларига мувофиқ сўйиб олиш керак. Сўйишни билиб туриб орқага сурса ва ўлжа ўлиб қолса, гўшти ҳаром бўлади.

Ўткирланмагани сабабли қон чиқармайдиган, балки оғирлиги билан босиб ўлдирадиган асбоблар, масалан, ўтмас ёғоч, катта тош кабилар воситасида уриб қулатилган ҳайвон гўшти ҳаромдир.

Овчи ўқ узса-ю, ўлжа сувга қуласа, овчи бориб олганда тирик бўлса, сўйиб ҳалоллаб олиши керак. Аммо овчи ўлжани сувдан олганда у жонсиз бўлса, еб бўлмайди. Чунки у овчининг ўқидан ўлдими ёки сувда димиқиб ўлдими, билиб бўлмайди.

Шунингдек, овни меърознинг кўндаланг тарафи ёки оғир ва учи бор бундуқа билан ўлдирилса ҳам, ҳаром бўлади.

Меъроз - уч тарафи ўткир қилинган кичик ов найзаси. Меъроз билан қилинган ов бошқа шартлари ўрнига қўйилган бўлса, яъни “Бисмиллаҳ”ни айтиб туриб, мусулмон ёки аҳли китоб томонидан отилган бўлса, икки хил натижа бериши мумкин экан:

1. Меъроз ов ҳайвонига ўткирланган томони билан тегиб ундан қон чиқарса, ов ҳалол бўлади.

2. Меъроз овга ёни ёки бошқа учи билан тегиб, уни жароҳатлаган ёки жароҳатламаган бўлса ҳам, ов ҳаром бўлади.

Бундуқа - лой ёки бошқа нарсадан думалоқ қилиб ясалган, ўқ ўрнига отиладиган оғир нарса. Уни ҳайвонга отганда жароҳат етказмай, оғирлик зарбаси билан ўлдирса, ҳаром бўлади. Аммо бир тарафи учли ва ўзи енгил бўлса ҳамда учи билан овга жароҳат етказса, ҳалол бўлади.

Баъзи уламоларимиз милтиқ билан овлашни ҳам шунга қиёслаб, қон чиқаришини эътиборга олиб жоиз деганлар. Баъзилари эса ўқ тиғ эмаслиги сабабли жоиз эмас, деганлар.

Ов баъзида тезкорликни талаб қилишини, овчи шошиб қолиб, “Бисмиллаҳ”ни айтиш эсидан чиқишини эътиборга олиб, уни ўқни тайёрлаётганда, ов асбобини ўқлаётганда айтиб қўйса бўлади. Овда «басмала» ов қуролига айтилади, шунинг учун ов қуроли ёки овчи ит қасд қилинган ҳайвондан бошқасига тегса ёки овласа, ҳалол бўлади. Аммо қассоб бирор ҳайвонни сўяётганда «басмала»ни ҳайвон учун айтади, шунинг учун бир ҳайвонга «басмала» айтган вақтда бошқа бир ҳайвонни сўйишга тўғри келса, иккинчи маротаба яна “басмала” айтиш керак бўлади.

Овчинингўқи текканидан кейин ўлжа тўғри ерга қулаши шарт. Агар аввал тоққа, дарахтга ёки бирор нарсанинг устига қулаб туриб кейин ерга тушса, ҳалол бўлмайди.

Ўлжа томон қўйиб юборилмаган овчи ҳайвон, ўлжа томон ўз хоҳиши билан югурганда, унинг шижоатини ошириш учун кимдир тарафидан “бос!”, “ол!” каби ундаш сўзлари айтилса ва овчи ҳайвон ушбу сўзлардан шижоатланиб янада тезроқ югурса, бу сўзларни ким айтганига эътибор берилади. Агар мусулмон ёки аҳли китоб одам айтган бўлса, овланган нарса ҳалол бўлади.Улардан бошқа оташпараст ёки бутпараст кабилар айтган бўлса, ҳаром бўлади.

Агар мусулмон киши овчи ҳайвонни ўлжа томон қўйиб юборса ва бир оташпараст одам уни “бос!”, “ол!” деб овга ундаса, овчи ҳайвонни ўлжа томон қўйиб юборувчи одам эътиборга олинади. Ушбу ҳолатда овчи ҳайвонни мусулмон киши овга қўйгани учун, унинг овлагани ҳа-лол бўлади.

Аксинча бўлган ҳолатда, яъни овчи ҳайвонни оташпараст қўйиб юбориб, мусулмон одам “бос!”, “ол!” деса, овланган ҳайвон ҳаром бўлади.

Отилган ҳайвондан узилиб тушган аъзо ҳаромдир. Овчи ўлжани отганда ўлжа катта-кичик уч бўлакка бўлиниб кетса ва бош томондаги бўлаги бутун тананинг учдан биридан ошмаса, бу ўлжанинг ҳамма бўлагини ейиш мумкин. Чунки калла томондаги бўлак сўйганда калласи олинганнинг ҳукмида бўлади.

Шунингдек, ўлжа калласининг ярми ёки ярмидан кўпроғи кесилса ҳам, тенг иккига бўлиниб кетса ҳам, бу ўлжани ейиш мумкин.

Бир овчи учолмайдиган ёки юролмайдиган даражада яралаган ўлжани иккинчи овчи отиб ўлдирса, ўлжа биринчи овчиникидир. Лекин ярадорлигида сўйиб олинмагани учун ейиш ҳаром бўлади. Иккинчи овчи биринчи овчига ўлжанинг яраланган ҳолатидаги баҳосини тўлайди. Агар биринчи овчи ўлжани учолмайдиган ёки юролмайдиган даражада ярадор қилмаган бўлса, ўлжа иккинчи овчиники бўлади. Уни ейиш ҳам ҳалол бўлади. Гўшти ейилмайдиган ҳайвонларни ҳам териси, жуни ва пати учун овланади.

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан