loader
Foto

Ихтилоф ҳақидаги ҳадис

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир куни жуда иссиқ вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир оят устида тортишаётган икки кишининг овозини эшитиб, олдимизга чиқиб келдилар. У зотнинг юзларида ғазаб билиниб турарди. Шунда у зот: «Сизлардан олдингилар айнан Китобда ихтилоф қилганлари сабабли ҳалок бўлишган эди» (Имом Муслим ривоят қилган).

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига иссиқ вақтда борганларини айтмокдалар.

Савол: Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига борганини феъли билан айтди. Бунинг ўрнига деса бўлмасмиди? Айнан феълини ишлатишдан мақсад нима?

Жавоб: Бундан мақсад, шу даражада иссиқ бўлишига қарамай, илмдан фойда олиш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига борганларини ва илмга шу даражада ҳарис эканларини билдириш учун эди.

У киши борган вақтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ташқарига чиқдилар ва у ерда икки киши бир оят борасида тортишаётганини эшитдилар. У икки кишининг бу тортишувлари борасида уламолар бир неча эҳтимолларни баён қилишган:

Биринчиси: Қайсидир оят борасида, у оят Қуръонданми ёки ундан эмасми, деб тортишаётган эди.

Иккинчиси: Ушбу тортишув қайсидир оятнинг қироати борасида эди.

Учинчиси: Қайсидир оятнинг маъноси борасида ихтилоф қилаётган эдилар.

Аслида улар бу оят Қуръондан экани ёки эмаслиги борасида тортишмаётган эдилар. Улар тортишаётган нарса оятнинг қироати ёки унинг мақсади борасида эди. «Бу тортишув оятнинг мақсади борасида бўлаётган бўлса, тортишув муҳкам оят устида эдими ёки муташобиҳ оят устида эдими» дейилса, бу саволга «муҳкам оят устида тортишув бўлса, бунда эътироз йўқ», деб жавоб берилади. Аммо улар муташобиҳ оят борасида ихтилоф қилиб, бири унга қатъий қарор бериб, иккинчиси эса эҳтимолий тарафини айтаётган бўлиши мумкин. Хуллас, у ердаги ихтилоф мана шу масалада бўлган. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига келиб, ўз эътирозларини билдирдилар.

Савол: Мужтаҳид уламолар оятлардан турли масалаларни истинбот (чиқариб олиш) қилишади. Ҳар бир мужтаҳид ўз мазҳабига мувофиқ бир оятдан турли масалаларни чиқаради. Ҳолбуки, бу ҳам аслида ихтилофку. Чунки бир оятдан икки хил масала чиқариляпти. Буни қандай тушуниш мумкин?

Жавоб: Мужтаҳидлар ўртасида бўладиган ихтилоф ҳалокатга сабаб бўладиган ихтилоф эмас.

Оят борасида ихтилоф қилиш икки қисмга бўлинади. Биринчиси, ҳалокатга сабаб бўладиган ихтилоф бўлиб, бу ихтилоф инсонлар ўртасида дин борасида шак ва шубҳаларни пайдо қиладиган ихтилофдир. Иккинчиси, турли шак-шубҳалар ва зиддиятларга барҳам бериш учун қилинадиган ихтилофдир. Мужтаҳид имомларнинг ихтилофи мана шу шак-шубҳаларни кўтариш учун қилинадиган ихтилофлардир.

"Мишкот ал-масобиҳ шарҳи" китобидан