Дажжолнинг, Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши (пайдо бўлиши), қуёшнинг мағрибдан чиқиши, Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари ва саҳиҳ хабарларда келган қиёматнинг бошқа белгилари ҳақдир, бўлажакдир. Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасини тўғри йўлга бошлайди.
Шарҳ: Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:
«Биз ҳалок қилган қишлоқ (аҳли қиёматда) (ҳаётга) қайтмаслиги мумкин эмасдир. То Яъжуж ва Маъжуж (тўғони) очилиб, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келадиган, ҳаққоний ваъда (қиёмат) яқин бўладиган вақтда бехос кофир бўлганларнинг кўзлари қотиб: «Эй ҳолимизга вой! Бизлар бундан ғафлатда эканмиз. (Йўқ), балки бизлар золим эканмиз» (дейдилар)» (Анбиё сураси, 95~97-оятлар).
“Улар фақат (жон олувчи) фаришталар келишини ё Раббингиз (азоби) келишини ёки Раббингиз белгилари (қиёмат аломатлари)дан баъзиси келишинигина кутмоқдалар. Раббингиз белгиларидан баъзиси келган куни эса, олдин имон келтирмаган ёки имонида яхшилик орттирмаган жонга (бу) ИМОНИ фойда бермайди” (Анъом сураси, 158-оят).
Яъни, қуёш мағрибдан чиққан вақтда кофирларга имон келтиришлари фойда бермайди, тавба қилмаган гуноҳкорларнинг ҳам тавбалари қабул бўлмайди. Исо алайҳиссалом ҳақларида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Албатта, (Исо) қиёмат учун аломатдир” (Зухруф сураси, 61-оят).
“Ҳар бир аҳли Китоб ўлими олдидан (Исога) албатта, имон келтирур. Қиёмат кунида эса у буларнинг зарарига гувоҳ бўлур” (Нисо сураси, 159-оят).
Исо алайҳиссалом осмондан тушишларидан олдин ҳазрат Маҳдий Макка ва Мадина ҳарамларида (масжидларида) бўладилар, сўнг Қуддусга борадилар. Дажжол келиб уни қуршаб олади, шунда Исо алайҳиссалом Дамашқдаги шарқий минорага осмондан тушадилар ва Дажжолни бир зарб билан уриб ўлдирадилар.
Таялисий “Муснад”ида ривоят этади: Исо алайҳиссалом осмондан тушганларидан сўнг қирқ йил ерда яшайдилар, сўнг вафот этадилар. Мусулмонлар у зотнинг жанозасини ўқиб дафн этишади. Бир ривоятда бундай дейилган: Исо алайҳиссалом Пайғамбаримиз (с.а.в.) билан ҳазрат Абу Бакр ораларига ёки ҳазрат Умар ва Абу Бакр Сиддиқ ораларига дафн этиладилар. Икки пайғамбар қучоғида бўлган ҳазрат Абу Бакр ва ҳазрат Умарга саодат бўлсин!
Бир ривоятга кўра, Исо алайҳиссалом ерда етти йил қоладилар. Шу тўғридир. Биринчи ривоятда айтилган қирқ йил осмонга кўтарилмасларидан олдинги ва ерга тушганларидан кейинги йиллар жамланишидир. Зеро, Исо алайҳиссалом ўттиз уч ёшларида осмонга кўтарилгандирлар. Етти йилни унга қўшсак, қирқ бўлади. “Шарҳул ақоид”да бундай дейилади: “Исо алайҳиссалом мусулмонлар билан намоз ўқийдилар, уларга имомлик қиладилар ва Маҳдий ҳам унга иқтидо қиладилар. Чунки Исо алайҳиссалом Ҳазрат Маҳдийдан афзалдир, шунинг учун имомликка ундан лойиқдирлар. Шу тўғридир” (Иқтибос тугади).
Сўнг Яъжуж ва Маъжуж чиқади. Аллоҳ таоло уларнинг ҳам-масини Исо алайҳиссалом дуолари барокати билан ҳалок қилади. Сўнг ҳамма мўминлар ўлади ва қуёш мағрибдан чиқади. Қуръон кўкка кўтарилади.
Ибн Можа Ҳузайфадан бундай ривоят қилади: “Либос эскириб адо бўлганидай, Ислом ҳам йўқ бўлади. Намоз, рўза, қурбонлик, садақа унутилади. Аллоҳ таолонинг Китоби бир кечада кўтарилади ва ер юзида ундан бир оят (белги) ҳам қолмайди” (Ибн Можа, Фитан/26).
Байҳақий Ибн Маъсуд (р.а.)дан ривоят этади: «“Қуръонни, у ер юзидан кўтарилмасдан олдин ўқинглар. Чунки Қуръон ер юзидан кўтарилмагунча Қиёмат қоим бўлмайди”. Ундан сўрашди: “Бу мусҳафлар кўтарилади. Аммо қалбларда ёд бўлганлар-чи?”. “Кечаси Қуръон қалбларидан кўтарилиб кетади. Тонгда турганларида: “Биз бир нарса билардик” дея шеърга берилишади”» (Байуаций, Сунан).
Қуртубий айтади: “Бу ҳолатлар Исо алайҳиссалом вафот этганларидан ва ҳабашлар Каъбани қулатганларидан сўнг бўлади. Китобимизда улар ҳақида шу қадар билан кифояландик. Зеро, улар ҳақида батафсил сўзлаш китобимиз мавзуси эмасдир”.
Қиёмат кунининг саҳиҳ хабарда келган бошқа барча белгилари ҳақдир, бўлажакдир. “Аллоҳ (одамларни) тинчлик диёри (жаннат)га чорлайди” (Юнус сураси, 25-оят). Аллоҳтаоло адли билан барча бандаларини Доруссаломга, жаннатга чорлайди.
Имом Аъзам “Ал-Фиқҳул-акбар”ни холис ва хос ҳидоят истаги билан якунлаганлар.
Биз ҳам у кишига иқтидо қилиб, Аллоҳ таолодан бизни тўғри эътиқоддан оғдирмай, шариатда собит қилиб, ҳаётимизнинг ҳусни оқибат билан, имон билан тугашини сўраб дуо қиламиз. Аллоҳ таолодан афв ва офият, паноҳида асрашини сўраймиз. (“Ал-Фиқҳ ул-акбар” китобининг шаруи шу ерда тугади).
Имом Абу Ҳанифанинг
"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан