loader
Foto

Мухторжон Абдуллаев (1928-2002)

Мухторжон Абдуллаев (Мухторжон домла) 1928 йили Қўқон шаҳрида туғилган. Болалигида унинг оиласи Бухорога кўчиб ўтишган. Мухторжон домла 1936-1946 йилларда Бухоро шаҳридаги 6-ўрта мактабда ўқиган. Сўнгра Мир Араб мадрасасига ўқишга киради (1951 й.). Бундан аввалроқ, 1946-1947 йилларда, ҳали ўн саккиз-ўн тўққиз яшар ўспирин бўлган Мухторжон Абдуллаев Мир Араб мадрасаси мудири Ҳожи Акбархон Муҳиддиновнинг хизматида бўлган. Бир куни у: “Ҳой йигитча орзуларингдан гапир, келажакда ким бўлмоқчисан?” - деб сўраб қолади. Шунда Мухторжон домла:“Мен ҳам ана шу мадрасада таълим олишни истайман”,- деб орзусини баён этади.Ҳожи Акбархон Муҳиддинов унингўқишга киришига Тошкентдан рухсат олиб беради. Кейинчалик ушбу мадрасада мударрис, мудир бўлган,ЎМИ раиси, муфтий даражасига етган Мухторжон домла доим: “Нимагаки эришган бўлсам, Ҳожи Акбархон домланинг ёрдами ва дуолари баракатидандир”, - деб хотирлар эди.

У мадрасада ўқиган кезлари ўта тиришқоқ талаба бўлиб, дарсдан кейин ҳам устозлардан қўшимча сабоқ олади. “Мухтасар ул-виқоя”, “Кофия” китобларини тўлиқ ёд олади. Бир муддатТошкентдаги Бароқхон мадрасасида Минҳожиддин қори Абдуллаев, Абутуроб Юнусов,Увайс Алоутдинов билан ҳамсабоқ бўлишган. 1958 йилда мадрасани аъло баҳолар билан тамомлаб, диний назорат раҳбариятининг тавсияси билан мударрис сифатида ишда олиб қолинади. 1961-1963 йилларда Суриянинг Дамашқ университетида ўқиб қайтади.

Мухторжон домла 1962-1965 йилларда Мир Араб мадрасаси бош мударриси ва мудири бўлиб ишлайди. У талабаларга нисбатан қаттиққўл ва талабчан устоз бўлиб, дарс жараёнида сарф ва наҳв қоидаларини тўла ёд олишни талаб этарди. Россиянинг Нижний Новгород шаҳри муфтийси Умар Идрисов “Бухоро хотиралари” китобида буни шундай хотирлайди: “Ўзбекистоннинг улуғ кишиси, бутун Иттифоқолими, кейинчалик муфтий бўлган устозимиз Мухторжон домлани эсламасликнинг иложи йўқ. Мир Араб мадрасасига ўқишга кирганимизда у бизга араб тили грамматикаси - сарфу наҳвдан дарс берарди. Унинг араб тилининг моҳир билимдони эканини кейинроқ билдик. Устоз бизга феълларнинг тусланишини ёд олдирар ва буни қаттиқталаб қиларди. Аммо ҳеч кимга икки баҳо қўймасди”.108

Мухторжон домла 1984-1988 йилларда ТИИда хорижлик талабаларга дарс беради. Ҳозирда унинг қўлида ўқиган талабалар хориж мамлакатларида масъул вазифаларда ишламоқдалар. У 1988-1991 йилларда яна Мир Араб мадрасасида мудир бўлиб ишлайди. Таълим соҳасида ўттиз йилдан ортиқтажрибага эга бўлган Мухторжон домла бу пайтга келиб, талабаларга таълим ва тарбияни уйғунликда олиб бориш кераклигини яхши англаб етган эди. Бу фазилатлари шогирдлари олдида унинг улуғ инсон сифатида эътибор топишига сабаб бўлди.

Мухторжон домла, шунингдек, 1991-1993 йилларда Бухорода жойлашган Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд масжидида имом-хатиблик қилади. Инчунин, унинг ўзи ҳам нақшбандия тариқати вакили эди.

1993 йили диний назоратнинг навбатдаги қурултойида Мухторжон Абдуллаев Мовароуннаҳр мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий этиб сайланади. У бу вазифада 1997 йилгача ишлади. 1997 йилдан умрининг охиригача Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд масжидида имомлик қилади. Бу вақтда масжид ва зиёратгоҳда ободонлаштириш ишларига бош бўлди.

Мухторжон Абдуллаев 2002 йил 25 майда оламдан ўтган. Жанозасини шогирди Абдуғафур Раззоқов ўқиган. Бухоро шаҳридаги Ҳазрати Имом қабристонига дафн этилган.

"Ўзбекистон Уламолари" китобидан