Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мўъжизалари жуда кўп бўлиб, бу китобда самовий мўъжизалари - Исро ва Меърождан бошлаймиз.
Молик ибн Саъсаъа (розияллоҳу анҳу) Исро воқеасини Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Мен Ҳатимда(Каъба ёнидаги ярим ой шаклидаги девор.) ётганимда келгувчи(Фаришта.) келиб кўксимни ёрди ва қалбимни чиқариб олди. Сўнг имон билан тўлдирилган тиллодан бўлган бир идиш келтирилди ва унда қалбимни ювди. Сўнг идишдан чиқариб, яна жойига қайтариб қўйди. Сўнг менга хачирдан пастроқ ва эшакдан баландроқ оппоқ бир улов келтирилди(Анас (розияллоҳу анҳу) у уловнинг Буроқ эканини тасдиқлаганлар.).
У кўзи етган жойга қадамини қўярди. Унга мингач Жаброил билан бирга кетдик ва дунё осмонига етиб бордик. У (осмон эшигини) очишларини сўради. “Сен билан турган бу киши ким?” дейилди. Жаброил: “Муҳаммад”, деди. “У жўнатилдими?” дейилди. “Ҳа”, деди. “Хуш келибсиз! Қандай ҳам яхши келувчи келди”, дейилди ва эшик очилди. У ердан ўтгач, Одамни кўрдим. “Бу отанг Одам, унга салом бер”, деди. Салом бердим, у алик олгач: “Хуш келибсан, солиҳўғил (фарзанд) ва солиҳ пайғамбар”, деди. Сўнг (Жаброил) мен билан бирга иккинчи осмонга кўтарилди, етиб келганимизда очишларини талаб қилди. “Сен билан турган бу киши ким?” дейилди. Жаброил: “Муҳаммад”, деди. “У жўнатилдими?” дейилди. “Ҳа”, деди. “Хуш келибсиз! Қандай ҳам яхши келувчи келди”, дейилди ва эшик очилди. У ердан ўтгач, Яҳё ва Исони кўрдим. Улар холаваччадирлар.
“Булар Яҳё ва Исо, уларга салом бер”, деди. Уларга салом бердим, алик олишгач: “Хуш келибсан, солиҳ биродар ва солиҳ пайғамбар”, дедилар.
Сўнг (Жаброил) мен билан бирга учинчи осмонга кўтарилди, етиб келганимизда (эшикни) очишларини сўради. “Сен билан турган бу киши ким?” дейилди. Жаброил: “Муҳаммад”, деди. “У жўнатилдими?” дейилди. “Ҳа”, деди. “Хуш келибсиз! Қандай ҳам яхши келувчи келди”, дейилди ва эшик очилди. У ердан ўтгач, Юсуфни кўрдим. “Бу Юсуф, унга салом бер”, деди. Унга салом бердим, алик олгач: “Хуш келибсан, солиҳ биродар ва солиҳ пайғамбар”, деди.
Сўнг (Жаброил) мен билан бирга кўтарилди ва тўртинчи осмонга етиб келганимизда (эшикни) очишларини сўради. “Сен билан турган бу киши ким?” дейилди. “Муҳаммад”, деди. “У жўнатилдими?” дейилди. “Ҳа”, деди. “Хуш ке-либсиз! Қандай ҳам яхши келувчи келди”, дейилди ва эшик очилди. У ердан ўтгач, Идрисни кўрдим. “Бу Идрис, унга салом бер”, деди. Унга салом бердим, алик олгач: “Хуш келибсан, солиҳ биродар ва солиҳ пайғамбар”, деди.
Сўнг (Жаброил) мен билан бирга кўтарилди ва бешинчи осмонга етиб келганимизда (эшикни) очишларини талаб қилди. “Сен билан турган бу киши ким?” дейилди. Жаброил: “Муҳаммад”, деди. “У жўнатилдими?” дейилди. “Ҳа”, деди. “Хуш келибсиз! Қандай ҳам яхши келувчи келди”, дейилди ва эшик очилди. У ердан ўтгач, Ҳорунни кўрдим. “Бу Ҳорун, унга салом бер”, деди. Унга салом бердим, алик олгач: “Хуш келибсан, солиҳ биродар ва солиҳ пайғамбар”, деди.
Сўнг (Жаброил) мен билан бирга кўтарилди ва олтинчи осмонга етиб келганимизда (эшикни) очишларини талаб қилди. “Сен билан турган бу киши ким?” дейилди. Жаброил: “Муҳаммад”, деди. “У жўнатилдими?” дейилди. “Ҳа”, деди. “Хуш келибсиз! Қандай ҳам яхши келувчи келди”, дейилди ва эшик очилди. У ердан ўтгач, Мусони кўрдим. “Бу Мусо, унга салом бер”, деди. Унга салом бердим, алик олгач: “Хуш келибсан, солиҳ биродар ва солиҳ пайғамбар”, деди. Унинг олдидан ўтаётганимизда йиғлади. “Нега йиғлаяпсан?” дейилди. “Йиғлаганимнинг сабаби шуки, мендан кейин юборилган йигитнингжаннатга кирадиган умматларининг сони, менинг жаннатга кирадиган умматларимнинг сонидан кўп бўлади”, деди.
Сўнг (Жаброил) мен билан бирга кўтарилди ва еттинчи осмонга етиб келганимизда (эшикни) очишларини талаб қилди. “Сен билан турган бу киши ким?” дейилди. Жаброил: “Муҳаммад”, деди. “У юборилдими?” дейилди. “Ҳа”, деди. “Хуш келибсиз! Қандай ҳам яхши келувчи келди” дейилди ва эшик очилди. У ердан ўтгач, Иброҳимни кўрдим. “Бу отанг, унга салом бер”, деди. Унга салом бердим, алик олгач: “Хуш келибсан солиҳўғил (фарзанд) ва солиҳ пайғамбар”, деди.
Сўнг мени “Сидратул мунтаҳо”га кўтаришди (олиб боришди). Қарасам, унинг мевалари кўзадек ва барглари эса филнинг қулоғидек келар экан. “Бу - “Сидратул мунтаҳо”, дейилди. Унда тўртта - иккита ботиний ва иккита зоҳирий анҳорларни кўрдим, Жаброилдан улар ҳақида сўрадим. Жаброил: “Ботиний анҳорлар жаннат анҳорларидир. Зоҳирий анҳорлар эса Нил ва Фуротдир”, деди.
Сўнг мени “Байтул маъмур”га кўтаришди (олиб боришди). Сўнг менга бир идишда хамр(Маст қиладиган ичимлик) ва яна бир идишда сут ва яна бирида эса асал келтиришди. Мен сутни олдим. “Бу сен ва умматларингни фитратидир”, деди.
Сўнг менгга ҳар куни эллик вақт намоз ўқиш фарз қилинди ва мен қайтдим. Мусонинг олдидан ўтаётганимда: “Нимага буюрилдинг?” деди. “Ҳар куни эллик вақт намоз ўқишга”, дедим. “Умматларингнинг ҳар куни эллик вақт намоз ўқишга кучлари етмайди. Аллоҳга қасам, мен буни сендан олдин инсонларда тажриба қилиб кўрганман. Раббингга қайт ва умматларинг учун енгиллатишини сўра”, деди. Мен қайтдим ва мендан ўнини енгиллатди(Кўп ривоятларда беш вақт келтирилган.).
Мусога қайтиб келдим, у олдинги сингари сўзларни айтди. Мен қайтдим ва мендан ўнини енгиллатди. Мусога қайтиб келдим, у олдинги сингари сўзларни айтди. Мен қайтдим ва мендан ўнини енгиллатди. Мусога қайтиб келдим, у олдинги сингари сўзларни айтди. Қайтдим ва ҳар куни ўн вақт намоз ўқишга буюрилдим. Қайтиб келдим, ў олдинги сингари сўзларни айтди. Яна қайтдим ва ҳар куни беш вақт намоз ўқишга буюрилдим. Мусога қайтиб келдим, у: “Нимага буюрилдинг?” деди. Мен: “Ҳар куни беш вақт намоз ўқишга буюрилдим”, дедим. “Умматларингнинг ҳар куни беш вақт намоз ўқишга кучлари етмайди. Мен буни сендан олдин инсонларда тажриба қилиб кўрганман ва Бани Исроил билан бу борада қаттиқ шуғулланганман. Раббингга қайт ва умматларинг учун енгиллатишини сўра”, деди. “Раббимдан сўрадим. Энди сўрашга ҳаё қиламан. Мен бунга рози ва таслимман”, дедим. Унинг ҳузуридан ўтганимда нидо қилгувчи: “Фарзимни қабул қилдинг ва Мен бандаларимдан енгиллатдим”, деб нидо қилди»(Саҳиҳ ҳадис. Бухорий ривояти. "Маноқибул ансор” китоби. Меърож боби. 3885-ҳадис.).
Изоҳ: Бу ҳадис қисқача келтирилган бўлиб, бошқа ривоятларда баъзи сўзлар зиёда қилинган ва бунда зикр этилмаган айрим мўъжизалар келтирилган. Жумладан:
1. Кўксиларининг ёрилиши.
2. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйларининг шифти ёрилиши.
3. Бир неча минг йиллик масофанинг қисқа вақтда босиб ўтилиши.
4. Буроқнинг Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)-дан қочмасдан, у зотга итоат қилиши.
5. Осмоннинг очилиши.
6. Бу сафар давомида осий-гуноҳкорларнинг азобла-нишини ва итоатли бандаларнинг неъматлар ила баҳра-манд эканини кўришлари.
7. Аллоҳ таоло билан сўзлашганлари.
8. Пайғамбар (алайҳимуссалом)лар билан учрашиб, улар билан сўзлашганлари.
9. Малакул мавт каби баъзи фаришталар билан гап-лашганлари.
10. Самовий оламда кўрган нарсалари.
Усмонхон Алимовнинг
"Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари" китобидан