loader
Foto

Руҳларнинг дунёда учрашиши ҳақида

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мўминларнинг руҳлари бир кунлик масофадан мулоқотда бўлади. Соҳибини ҳеч кўрмаган бўлса ҳам», дедилар».(Аҳмад ва бошқалар бошқа лафз ва санад билан ривоят қилган.) Абу Абдуллоҳ деди: Руҳларнинг иши ажойибдир. Улар енгилдир, самовийдир. Қачон нафс ўзининг шаҳватлари зулмати ила уни қамраб олсагина оғирлашади. Қачон нафсга риёзат чектирилса ва руҳ ундан халос бўлса, хиралигидан мусаффо бўлади ва яна енгилига ва поклигига қайтади ва аҳамиятли бўлади. Бунга фақатгина қалби Аллоҳ ила хотиржам бўлган мўминларгина иймон келтирадилар.

Шунинг учун ҳам Абу Муслим Хавлоний оловга ташланганидан сўнг Мадинага келганида, Умар розияллоҳу анҳу уни учратиб қолганда: «Аллоҳнинг номи ила сўрайман, сен Санъонинг соҳиби каззоб оловга солган Абдуллоҳ ибн Тусиймисан?» деганлар. У эса: «Аллоҳумма, ҳа», деган. Умар розияллоҳу анҳу уни қучоқлаган.

Шунга ўхшаш ривоятлардан бирида Ҳорис ибн Умайра Салмон розияллоҳу анҳунинг эшиги олдига келганида у томон чиқиб: «Эй Абу Абдуллоҳ, мени танидингми?» деган. Шунда у киши: «Ҳа, сени танишимдан олдин руҳим руҳингни таниган», деган.

Ҳарам Увайсга: «Ассалому алайка, ё Увайс», деганида у: «Ва алайкассаламу ё Ҳарам ибн Ҳайён», деган. «Аллоҳ сенга раҳм қилсин, Ҳарам ибн Ҳайён эканимни қаердан билдинг?» деганида, «Руҳим руҳингни таниди», деган.

Руҳлар жасадлардан икки минг йил олдин яратилгандир. Отлар ҳидлашгани каби ҳидлашганлар. Бундай бўлиши руҳнинг кўриши инсоннинг кўзи орқали ақлнинг кўриши билан боғлиқдир. Кўз аъзодир. Кўриш рухдадир. Рангларни идрок қилиш иккиси ила бўлади. Қачон ақл ва руҳ нафснинг машғулотидан фориғ бўлса, руҳ кўради ва ақл идрок қилади ҳамда илм ҳосил бўлади. Авомларнинг бундан ожиз бўлишлари эса руҳларнинг нафслар билан машғул бўлгани ва шаҳватлар уларга аралашиб кетганидандир. Шунинг учун ҳам руҳнинг кўриши ушбу нарсаларни идрок қилиш-дан машғул бўлиб қолади.

Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ушбу тор кўчадан ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши чиқади», деганларида Жарир чиққан.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мўминларнинг руҳлари мулоқотда бўлади», деганларида мўминлик ҳақиқатларини камолга етгазган ва Аллоҳ кўксини Исломга кенг очиб қўйган мўминни ирода қилганлар. У Роббидан бўлган нурда бўлур. Шаҳватларига берилган, бандалигини унутиб қўйган, ишларини аралаш-қуралаш қилган, қалби асрга тушган, руҳи машғул бўлган ва нафси фитнага учраган муваҳҳид эмас. Ундай одам қандай қилиб кўриши ва ақл юритиши мумкин?!

Ҳаким Термизийнинг

"Нодир асллар" китобидан