loader
Foto

Илмнинг саккиз қоидаси

Исломда илм олиш имон масаласидан кейинги ўринда туради. Бунга сабаб илм туфайли имонимизни, ақидамизни, амалларимизни тўғрилаймиз. Инсон, аввало, Аллоҳ таолога имон келтиришга шошилмоғи, сўнгра имонини илм билан мустаҳкамламоғи зарур. Илм олишда, асосан, 2 та йўл бор:

1. Устозлар ҳузурида ўтириб илм олиш.

2. Билмаганини сўраб ўрганиш.

Саҳобалар илм олишнинг ҳар икки усулидан фойдаланишган. Уларнинг баъзилари ҳар куни Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида бўлиб, у зотдан илм олишга ҳаракат қилсалар, баъзилари бундай имкониятга эга бўлмаганлари сабабли баъзида у зотнинг олдиларига келиб, ўзларини қизиқтирган масалалар ҳақида сўрашарди. Одамлар динни ўрганиш, илм олиш учун узоқ жойлардан, чўлу саҳролардан Расулуллоҳнинг олдига келишар, уларнинг келишидан мадиналик саҳобалар қувонишарди.

Айниқса, аёл саҳобаларнинг илм олишга иш-тиёқи таҳсинга сазовор эди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзларига муайян кунни белгилаб, ўша куни динни ўргатишларини сўрашар, дарс жараёнида пайдо бўлган саволларни гоҳ Расулуллоҳнинг аёллари орқали сўраттирсалар гоҳида бевосита Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларидан сўраб билиб олардилар.

Қуръони каримнинг Мужодала сураси ана шундай савол-жавобларнинг бири билан бошланади. Бунга яна бир қанча мисоллар келтириш мумкин. Хулоса шуки, илм олиш ҳар бир мўмин-мусулмонга фарз. Шундай экан, илм олишга интилиш кундалик вазифамизга айлансин. Зеро, амалларнинг шариатга мувофиқ бўлиши илмга боғлиқ.

Қуйида илм талаб қилиш бўйича 8 қоида ҳақида қисқача тўхталмоқчимиз.

Биринчи қоида: ниятни тўтрилаш

Илм ўрганиш - улуғ ибодат. Илмсиз ҳеч бир амал мукаммал бўлмайди. Шу боис улуғларимиз: «Илм - сўз ва амалдан олдин» деганлар. Демак, илм ибодат, ибодат эса ниятсиз бўлмайди. Ният эса соф, ихлос билан бўлиши зарур. Холис ниятга эришиш йўлида 2 та ғов бор:

1. Илмни дунё топиш учун ўрганиш.

2. Илмни обрў топиш воситасига айлантириш.

Бу иллатларни қандай аниқлаш мумкин? Уларни қандай бартараф этиш лозим? Аввало, ҳар бир инсон ўз ҳолини ўзи яхши билади. Қолаверса, унинг хатти-ҳаракати ҳам кўп нарсани аниқлашга ёрдам беради. Агар шогирд бошқалардан эшитиб олган нарсалари билан фатво беришга, дарс беришга, 2-даражали ишлар билан машғул бўлишга, ўрганганига амал қилишдан кўра гапиришга кўпроқ мойил бўлса, билингки, унинг нияти холис бўлмаган. Аллоҳнинг ҳикмати туфайли бундайларнинг илмида барака, сўзида таъсир, юзида нур бўлмайди. Бундай ҳолатдан Аллоҳ асрасин.

Иккинчи коида: ақида ва фиқҳ

Умр - қисқа. Шу боис талаба, аввало, асосий илмларга эътибор қаратмоғи лозим. Бу илмларнинг асосини ақида, тавҳид илми ташкил этади. Бу билан жаннатга киришнинг бош шарти - имон тўғриланади. Кейинги ўринда фиқҳ илми туради. Бу билан эса яна бир шарт - амаллар ўнгланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

«Ким Аллоҳга имон келтирса ва яхши амал қилса, (Аллоҳ) уни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадул-абад қоладиган жаннатларга киритур» деб марҳамат қилади (Талоқ сураси, 11 -оят).

Пайғамбар алайҳиссалом Муоз ибн Жабални Яманга жўнатаётиб, у ердагиларни, аввало, Аллоҳнинг бирлиги (тавҳид)га, буни қабул қилишгач, намозга (фиқҳга) чақиришни буюрган эдилар (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).

Учинчи қоида: аввалгилар йўли

Илм эгаллашда, хусусан, ақида мавзуларини ўрганишда аввалгилар, яъни тарихда, илм ўрганиш ва унга амал қилишда ибрат бўлган саҳобалар ва уларнинг шогирдлари йўлидан бориш. Уларнинг илмлари, фикр ва тасаввурларига таяниш.

Исломнинг асл манбаи Қуръон, ундан кейин суннатдир. Ҳар кимнинг ёзган китоби, фикри манба ҳисобланавермайди. Шундай бўлгач, тўғри йўлдан тоймаслик учун Қуръон оятлари тушишига гувоҳ бўлган, ҳадислар айтилаётганда ҳозиру нозир бўлган, Қуръон маъноларини бевосита Пайғамбар алайҳиссаломдан ўрганган саҳобалар ва уларнинг издошлари йўлидан борсак, ақида мавзуларини улар тушунгандек тушунсак, адашмаймиз, иншоаллоҳ.

Тўртинчи қоида: мазҳаб

Мазҳаб “йўл” демак. Ислом Қуръон ва суннат асосига бино қилинган. Бу асосларни тўғри ўрганиш, идрок этиш эса шарҳга, тушунтиришга муҳтож. Тушунтиришлар эса турли-туман. Турфа фикрлар орасида гангиб қолмаслик учун эса, илм толиби маълум йўлни, яъни мазҳабни тутиши лозим. Бундай усул ҳали йўл бошида турган, илми оз шогирднинг ҳар хил боши берк кўчаларга кириб қолмасдан, фикрлар гирдобида ботиб қолмасдан, Фиқҳ илмини осонлик билан эгаллаб олишига кафилдир. Диёримизда ишончли тўрт мазҳабдан бири - Ҳанафий мазҳабига амал қилинади.

Бешинчи қоида: холислиқ

Аллоҳ таолонинг наздида холис бўлмаган амалларнинг қиймати йўқ. Шу боис инсон ҳар доим холислик сари интилмоғи лозим. “Холислик” деганда, инсоннинг ҳар бир амалга ихлос билан, ҳар бир масалага эса адолат билан ёндашуви, ҳақиқатни доимо қабул қилишга тайёр туриши тушунилади. Аксинча, кишининг бирор масалага адолатсиз ёндашуви, ҳужжат-далилларга менсимай қараши, ўз фикрига кўр-кўрона ёпишиб олиши ёки ўзининг асоссиз фикрини, асосли фикрдан устун қўйишга оёқ тираб олиши унинг нохолислигидан дарак беради. Бу ўта хавфли, хатарли ҳолат бўлиб, илм толиби бундан сақланиши лозим.

Олтинчи қоида: амалиёт

Илм - Аллоҳ розилигига элтувчи йўл. Лекин у амалий бўлгандагина кўзланган мақсадга эришилади. Урганилаётган илмнинг самараси ҳаётда кўриниши, инсонларга нафи тегиши керак. Чунки илм бу - мияга жамлаб олинадиган, ҳаётда ҳеч қандай аҳамият касб этмайдиган, киши турмушига таъсирсиз фикрлар жамланмаси эмас. Шубҳасиз, ҳар қандай илмнинг назарий ва амалий томонлари бор ва булар бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Бироқ илмнинг барчасини назариядан, кераксиз майда-чуйдалардан иборат қилиб қўйиш мумкин эмас. Дарвоқе, умр қисқа, шунинг учун ҳам ўрганаётган илмимизнинг амалий қисмига, яъни ҳаёт учун зарур қисмига асосий эътиборимизни қаратишимиз керак.

Еттинчи қоида: босқичма-босқичлик

Бу энг муҳим қоидалардан бири. Илм бир сакраб етиладиган нарса эмас. Илм нарвонларидан аста-аста кўтарилиш ўрнига, сакрашга тушган шогирд оёғини синдириб олиши турган гап.

Ҳар бир уйнинг ўз эшиги бор. Уйларга эшигидан келсангизгина ичкарига кира оласиз. Дунёнинг ишлари ҳам ана шундай. Илм уйига эшикдан эмас, тешикдан келганлар ўзларидан ўпкаласинлар.

Ҳар бир юртнинг илм ўргатиш ва ўрганишда риоя қилинадиган ўз кетма-кетлиги бор. Бунда ўша жойдаги ижтимоий ҳолат, ўқувчининг савияси, китоб-дарсликларнинг оддийдан мураккаблик сари кўтарилиши ҳисобга олинади. Буни, албатта, ўз динидан етарли даражада хабардор, замонасини яхши билган олимларгина белгилайдилар.

Саккизинчи қоида: устозлар этагидан тутиш

Ҳар бир соҳанинг ўз билимдони ва мутахассиси бўлади. Илм талаб қилиш йўлига кирган киши ана шундай билимдон устозлар этагидан тутиши лозим. Биз устоз деганда, умрини илмга бағишлаган, ҳаёт тажрибаси катта инсонларни назарда тутамиз. Ҳар доим дарс беришга ишқибоз, олимлик даъвоси билан чиқувчилар учраб туради. Қўлингиздан келса, бундай кишилардан ўзингизни тортиб, юқорида сифати келтирилган устозлардан илм олинг. Бу йўлда вақтингиз ва маблағингизни аяманг. Бу билан сиз уларнинг ҳам илмларидан, ҳам одобларидан фойдаланасиз ва икки дунё саодатига эришасиз, иншоаллоҳ.

Акмал Мираваз ўғлининг

"Мусулмон учун зарур билимлар" китобидан