loader
Foto

Яъжуж ва маъжуж: улар Қуддусга келади...

Исо алайҳиссалом мусулмонлар билан мана шундай ғалаба ва ислом шариатида турган замонда ҳам улар яна бир улкан имтиҳон, қиёмат аломатларининг катталаридан бирига гувоҳ бўладилар, яъни яъжуж ва маъжужлар чиқади: «сабр қилинглар, токи Аллоҳга ва Унинг Расулига йўлиққунингизча – мен ҳовуз бошидаман»,(Бухорий, 7441. 1524 Муслим, 2937.) деб бежизга айтмаганлигини тушуниб етамиз.

Муслимдаги саҳиҳ ҳадисда бунинг тафсилотлари келади: «У (яъни Исо алайҳиссалом) шу ҳолатда экан Аллоҳ Исога ваҳий қилди: Аниқ-ки, Мен Ўзимга тегишли бандаларимни чиқардим, уларга [қарши] уруш қилиш бирортасининг қўлидан келмас, Менинг бандаларимни эса турга-тоққа етаклаб сақлагин. Бас, Аллоҳ яъжуж ва маъжужни юборади, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келгандай келадилар, уларнинг аввалгилари Табари кўлидан ўтиб ундаги барча нарсани ичадилар, уларнинг охиргилари эса ўтаётиб айтади: бу ерда бир вақт сув бўлган экан!».1524

Яна бир ривоятда Қуддусгача келиши айтилган: «Сўнгра улар юриб бориб (Қуддусдаги) Хамар тоғигача келиб тўхтайдилар ва айтадилар: Дарҳақиқат, ерда ким бўлса ўлдирдик, қани энди осмонда ким бўлса ўлдирамиз, деб найзаларидан осмонга отадилар; Аллоҳ уларнинг найзаларини қондай қизартириб ўзларига қайтаради».(Саҳиҳ Термизий, 2240) Яъжуж ва маъжуж чиққандан кейин қоладиган муддатлари ҳақида саҳиҳ ҳадис келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтади: «Мусулмонлар – яъжуж ва маъжужнинг қисуви, найзалари, камонлари ва қалқонларидан (сақланиб) етти йил олов ёқадилар».(Ибн Можа, 4076) Яъни улардан сақланиб таом пишириш ва исиниш учун Турда қуршовда қолганларида олов ёқишга мажбур бўладилар. Уларнинг ўқ-қуролларининг зикр қилиниши эса уларнинг адади кўплигига ишорадир, Одамнинг ўндан тўққиз фоиз болалалари яъжуж ва маъжужлар, қолган ўндан бири қолган одамлар ададидир. Аллоҳ таоло айтади: «Аниқ-ки, яъжуж ва маъжуж ердаги бузғунчилардир».(Каҳф: 94)

Муслимдаги ҳадиснинг давомида айтилади: «Аллоҳнинг пайғамбари Исо ва унинг асҳоблари муҳосорада қолади, ҳаттоки хўкизнинг боши сизлар учун бугунги кунингиздай юз динордан кўра улар учун яхшироқ бўлади. Аллоҳнинг пайғамбари Исо алайҳиссалом ва асҳоблари Аллоҳга ёлворади. Шунда Аллоҳ уларнинг бўйинлари устига нағоф(Ҳадисдаги нағоф: мияздир, бу ХIХ асрда тиб кашф қилган номидир, у бўйин ва кўз атрофига яна бурун ва қулоқ ичига тушадиган паразит майда қуртлар. (А.К.Грир, «Age-old therapy gets new approval».

Advances in Skin & Wound Care. 18 (1): 12-5). ) юборади; улар ўликка айланади, худди бир жон ўлгандай».(Муслим, 2937)



---------

Яъжуж ва маъжуж: бу исмлар аъжамий исмлардир. Яна айтишларича арабча дейилган, шунга кўра унинг иштиқоқи ажжа феълидан олинган, яъни ўт аланга олди, ловиллаб ёнди, маъносида. Яъжуж ва маъжуж аслида башар бўлиб Одам ва Ҳавво алайҳимассаламнинг зурриётидан. Яъжуж ва маъжуж туркларнинг отаси бўлмиш Ëфиснинг наслидан тарқаган. Ëфис Нуҳ алайҳисаломнинг фарзанди бўлган. Уларнинг адади бошқа одамларга нисбатан минг баравар кўпдир, ҳадис: «Қиёмат куни энг биринчи чақириладиган Одамдир. Уни зурриётига кўрсатиб: бу сизларнинг отангиз Одам, дейилади.

Айтади: Лаббай Сенга, Сени рози қилишга шайман. Айтади: Зурриётингдан жаҳаннам аҳлини чиқар.

Айтади: Эй Раббим! Қанча чиқараман? Айтади: Ҳар юзтадан тўқсон тўққистасини... [иккинчи ривоятда: ҳар мингтадан тўққиз юз тўқсон тўққистасини. Шунда айтдилар: Ë Расулаллоҳ! Қайси бирмиз ўша биттасимиз? Айтдики: Хушхабар олинглар, сизлардан бир киши, яъжуж ва маъжуждан мингта...». (Бухорий, 6529, 3348. Муслим, 222).