loader
Foto

Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг миҳна ҳаракатида ўзига етган қийноқларда ҳам мустаҳкам туриши

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳақда собит турди, у собитлик туфайли халқнинг муҳаббати ва Ҳақ таборака ва таолонинг ёрдами келди. У зот роҳимаҳуллоҳ “Қуръон махлуқлиги” масаласидаги миҳна ҳаракатларида ушланиб, ҳибсга олинди ва оёқларига кишан урилди. У ҳибсга ҳам, қилич билан ўлдирилишига ҳам парво қилмади. Лекин у ўз жисми қамчи зарбидан бўлган азобни кўтара олмай, ҳақиқатга бўлган сабри заифлашишидан қўрқди. Унга ҳақ узра собит туриш, Аллоҳ таоло йўлида бало ва азобга сабр қилиш ҳақида ҳеч ким ўйламаган кишилар тарафидан қўллаб-қувватлаш ҳақида сўзлар келди.

Унинг олдига жазоланиш учун ўғрилар, жиноятчилар ва саҳройи одамлар олиб келинди. Шу тариқа унинг нафси азобга сабр қилишда кучли бўлди. Ўшанда имомнинг ёши 57 да эди. У қарилик ёшига етиб, заифлашиб қолган эди. Икки елкаси яланғоч қилиниб, дарра урилар эди. Дарра кучли урилгани учун ҳушидан кетиб қолар ва у сабр қилар эди. Ҳақиқат ҳам, Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам ғолиб бўлди. Уларнинг қилаётган ишлари асоссиз бўлиб чиқди. Унинг сабри ва шижоати туфайли аҳли сунна вал жамоатдан бўлган мусулмонларнинг кўзи қувончга тўлди, Қиёматга қадар қалблари унинг муҳаббати ҳамда меҳри билан боғланди.

Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳнинг “Маноқиб ал-имом Аҳмад” китоби, Ибн Абу Яъло роҳимаҳуллоҳнинг “Табақот ал-ҳанобила” китоби ва бошқа асарлардан мазмуни қуйидагича ривоят келти-рилган:

“Аҳмад ибн Ҳанбал Бағдоддан олингач, Маъмуннинг жойи бўлган Раққа шаҳрига у билан сафар қиладилар. Ўша ерда ҳибсга олинди. Унинг олдига баъзи уламолар кириб тақияга(Тақия - ўз эътиқодини яшириш ҳақидаги шиаларнинг таълимоти.) амал қилиш ҳақида ривоят қилинган ҳадисларни у билан музокара қилишди. Имом Аҳмад тақия йўлидан боришдан бош тортди. Уларга: “Сизлар Хаббоб розияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисига қандай (амал) қиласизлар: “Сизлардан олдингиларнинг бири арралар билан арраланар, шундан сўнг ҳам уни динидан қайтара олмас эди”, деди. Упар тақияга амал қилишидан умид уздилар.

У ҳибсда калтак ва ўлим билан таҳдид қилинган ҳолда ҳам: “Агар жоҳил нодонлиги билан сукут қилса ва олим тақия билан жавоб берса, Аллоҳ учун қачон ҳужжат қоим бўлади?” деган.

Абу Саид Ҳаддод Воситий (Аҳмад ибн Довуд) айтади: “Калтакланишидан олдин Аҳмад-нинг олдига ҳибсхонага кирдим ва унга баъзи сўзларимни айтдим: “Эй Абу Абдуллоҳ. Сизнинг зиммангизда хотин, бола-чақаларингиз бор. Сиз - узрлисиз”. (Бу гапларим билан) гўё унга жавобни енгиллатмоқчи бўлдим. Шунда менга Аҳмад: “Агар бу сенинг ақлинг бўлса, эй Абу Саид, роҳат топибсан”, деди. Уларга: “Мен ҳибсга парво қилмайман. У ҳам, уйим ҳам бир. Яна қилич билан қатл қилинишга ҳам (эътибор бермайман). Албатта, мен қамчидаги фитнадан қўрқаман, сабр қила олмасликдан қўрқаман”, деди. Ҳибсдаги баъзилар гўё уни юпатиб: “Сизга эмас, эй Абу Абдуллоҳ. У фақат иккита қамчидир, қолгани қаердалигини билмайсиз”, дейишди.

Ҳорис Муҳосибийнинг

"Рисолатул мустаршидийн" китобидан